Яҳова Таоло фиғонларимизни эшитади
Худованднинг кўзлари солиҳлардадир, солиҳлар фиғонига У қулоқ солар. ЗАБ. 33:16
1, 2. а) Бугунги кунда одамлар нимани бошдан кечиришмоқда? б) Нега биз учун бу янгилик эмас?
МУАММОЛАР сизни ҳар томондан қисаётгандек туюлаяптими? Бордию шундай бўлса, унда ёлғиз эмассиз. Миллионлаб инсонлар ҳар куни қийинчиликлар ва бу дунёнинг таъсирига қарши курашиб келмоқда. Баъзиларга қийинчиликларга чидаб бўлмайдигандек кўринади. Уларнинг ҳис-туйғуларини сано бастакори Довуднинг қуйидаги сўзлари билан таққосласа бўлади: «Мажолим қолмади, ғоят эзилдим, юрагим аламидан додлаб юраман. Юрагим безовта, қувватим адо бўлди, кўзларим нуридан ҳам маҳрум бўлдим» (Заб. 37:9, 11).
2 Биз Худонинг хизматчилари сифатида, бугунги кунда кўп одамлар азоб чекаётганига ҳайрон бўлмаймиз. Чунки Исо Масиҳ охирзамон аломатларини «тўлғоқ» билан солиштирган эди (Марк 13:8; Мат. 24:3). Бу оятда қўлланилган «тўлғоқ» сўзи, инсоният ушбу «охирги кунларда» бошдан кечираётган азоб-уқубатларни яққол тасвирлайди (2 Тим. 3:1).
Яҳова дардларимизни тушунади
3. Худонинг хизматчилари нимани яхши билишади?
3 Яҳованинг халқи, азоб-уқубатлардан ҳимояланмаганликларини ва дунёдаги вазият ёмонлашиб боришини яхши билади. Худонинг хизматчилари нафақат инсониятнинг бошига тушаётган офатлардан, балки уларнинг имонини синдириш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилаётган Иблиснинг ҳужумидан азоб чекишмоқда (1 Бутр. 5:8). Кўпчилигимиз ҳазрати Довуднинг қуйидаги сўзларига қўшиламиз: «Шармандаликдан юрагим қон бўлди, ўлар ҳолатда дармонсизман. Шафқат кутдим, аммо беҳуда; тасалли қидирдим, лекин топмадим» (Заб. 68:21).
4. Тушкунликка тушганимизда нима бизга тасалли беради?
4 Довуднинг сўзлари у умидсиз ҳолатга тушиб қолганини англатадими? Асло. Унинг навбатдаги сўзларига эътибор қаратинг: «Худованд бечоралар фиғонини эшитар, асир тушган Ўз азизларини хор қилмас» (Заб. 68:34). Чиндан ҳам, баъзида ўз ташвишларимиз асирига айланиб, ундан қутулолмаётгандай ҳис қиламиз. Шунда бошқалар бизни тушунолмайдигандек туюлади. Эҳтимол шундай бўлиши ҳам мумкин. Бироқ Довуд пайғамбар айтганидек, Яҳова бизни тушунаётгани ҳақидаги фикр тасалли бахш этади (Заб. 33:16).
5. Сулаймон нимада амин бўлган?
5 Шоҳ Сулаймон Қуддусдаги маъбадни Яҳовага бағишлаётганида, бу ҳақда ибодат қилган эди (3 Шоҳлар 8:38–40 ўқиб беринг). У Яҳовадан, «ўз юрагидаги дардини айтиб», ибодат қилган ҳар қандай инсонни эшитишини сўраган эди. Аллоҳ уларнинг илтижосига қандай жавоб берар экан? Сулаймон, Худо уларнинг ибодатини нафақат эшитиши, балки ёрдам беришида амин бўлган. Чунки ёлғиз У «инсон боласининг кўнглидагини» билади.
6. Ташвишларни енгишнинг иложи борми ва нимада амин бўлишимиз мумкин?
6 Биз ҳам ибодатда «ўз юрагимиздаги дардни айтиб», Яҳовага яқинлашишимиз мумкин. У барча қийинчиликларимизни билиши ва биз ҳақимизда ғамхўрлик қилишини билиш, нақадар тасалли беради! Ҳаворий Бутрус бизларни: «Бутун ғамларингизни Худога ташланглар, Унинг Ўзи сизларга ғамхўрлик қилади»,— деб ундаган (1 Бутр. 5:7). Яҳова биз билан юз бераётган нарсаларга бефарқ эмас. Ҳазрати Исо Яҳованинг меҳрибон ғамхўрлигини бундай ифодалаган: «Иккита чумчуқ бир тангага сотилмайдими? Аммо Отангиз рози бўлмасдан, уларнинг биттаси ҳам ерга тушмайди. Сизларга келганда, бошингиздаги сочларнинг ҳаммаси ҳам саналгандир. Шунинг учун қўрқманглар, сизлар талай чумчуқлардан кўра қадрлироқсиз» (Мат. 10:29–31).
Яҳовага таянинг
7. Кимнинг ёрдамига таянишимиз мумкин?
7 Яҳова бизга ёрдам беришида ҳамда оғир вақтларда албатта қўллаб-қувватлашида амин бўлишимиз мумкин. «Худо бизнинг паноҳимиз ва қувватимиздир, танг аҳволларимизда ҳамиша тайёр турган ёрдамчимиздир» (Заб. 33:16–19; 45:2). Қандай қилиб Яҳова бизга ёрдам қўлини чўзади? 1 Коринфликларга 10:13 да бундай дейилган: «Бошингизга оддий инсоний васвасадан бошқа васваса келмаган. Худо эса содиқдир, У кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди, лекин васваса билан бирга тоқат қилишингиз учун иложини ҳам беради». Яҳова вазиятни ўзгартириши ёки дош беришимиз учун куч бахш этиши мумкин. Ҳар ҳолда У бизни ташлаб қўймайди.
8. Худонинг ёрдамига қандай эришса бўлади?
8 Худонинг ёрдамига қандай эришса бўлади? Инжилда: «Бутун ғамларингизни Худога ташланглар»,— деб маслаҳат берилган. Бошқача айтганда, Яҳовадан барча муаммо ва қийинчиликларимизни олишини сўраймиз. Шунда ташвишланишни бас қилиб, Унинг ғамхўрлигига таянамиз (Мат. 6:25–32). Бундай ишонч камтаринликни талаб этади. Зеро бунда ўз кучимиз ва ақлимизга таянмаслигимиз лозим. «Худонинг қудратли қўли остида» ўзимизни камтар тутиб, Унга муҳтожлигимизни намоён этамиз (1 Бутрус 5:6 ўқиб беринг). Бундай муносабат Худо йўл қўяётган ҳар қандай синовларга дош беришга кўмаклашади. Эҳтимол У бизни азоблардан тезроқ халос этишини истармиз. Лекин Яҳова қачон ва қай тарзда ёрдам беришни яхши билишини тушунишимиз даркор (Заб. 53:9; Ишаё 41:10).
9. Довуд Яҳовага қандай ташвишини юклаган?
9 Келинг Забур 54:23 даги Довуднинг сўзларини ҳам кўриб чиқайлик: «Ташвишингни Худовандга ташлаб кет, Унинг Ўзи сенга таянчиқ бўлур. Солиҳнинг йиқилишига У абадий йўл бермас». Довуд ушбу оятни, ўғли Абсалом шоҳлик тахтини тортиб олиш учун фитна уюштирган вақтда ёзган бўлиши мумкин (Заб. 54:5). Довуднинг ишончли маслаҳатчиси Охитўфел эса ўша фитнага қўшилган эди. Ўшанда Довуд ҳаётини сақлаб қолиши учун Қуддусдан қочиб кетганди (2 Шоҳ. 15:12–14). Ҳатто шунча синовлардан кейин ҳам Довуд Яҳовага бўлган ишончини йўқотмаган ва Худо уни ташлаб қўймади.
10. Қийинчиликларга дуч келганимизда, нима қилишимиз даркор?
10 Қандай қийинчиликларга дуч келмайлик, Яҳовага ибодат қилишимиз ўта муҳим. Бунга нисбатан ҳаворий Павлус нима деганини кўриб чиқамиз (Филиппиликларга 4:6, 7 ўқиб беринг). Илтижолар қандай ёрдам бериши мумкин? Шунда «инсон хаёлига сиғмайдиган, Худо берган тинчлик сизнинг кўнглингиз ва фикр-хаёлингизни хотиржам қилади».
11. «Худо берган тинчлик» бизни кўнглимиз ва фикр-хаёлимизни қандай ҳимоялайди?
11 Ибодат вазиятингизни ўзгартирадими? Бўлиши мумкин. Бироқ, Яҳова доим ҳам биз хоҳлаганимиз бўйича ибодатимизга жавоб бермаслигини тушунишимиз керак. Шунга қарамай ибодат, бошимизга қайғу тушганида хотиржамликни сақлашга ёрдам беради. «Худо берган тинчлик» қайғуларимизни енгишга кўмаклашади. Шаҳарни душман қўшинидан ҳимоя қилаётган аскарлар сингари, «Худо берган тинчлик» кўнглимиз ва фикр-хаёлимизни муҳофаза қилади. Бундай тинчлик ёрдамида биз фикримиздан шубҳа ва қурқувни ҳамда салбий фикрларни четлатишимиз мумкин. Шунингдек ўйламай қарор чиқариш ва ножўя ҳаракатлардан қочамиз (Заб. 144:18).
12. Хотиржам бўла олишимиз мумкинлигига мисол келтиринг.
12 Қийин вазиятларда хотиржамликка қандай эга бўлишимиз мумкин? Бир мисолни кўриб чиқамиз. Айтайлик ишчи бўлим бошлиғининг қўпол ва қаттиққўл муомаласига чидашига тўғри келяпти. Бироқ у меҳрибон ва адолатли раҳбарига шикоят қилади. Шунда раҳбар ҳаммасидан хабардор эканини ва яқинда ўша бошлиқни ишдан бўшатишини айтади. Ишчи нимани ҳис қила бошлайди? Қийин вазият бўлса ҳам энди ишни давом эттиришга тайёр, чунки у яқинда ҳаммаси ўзгаришини билади. Шунга ўхшаб биз ҳам нималарга дуч келаётганимизни Яҳова билишига ва «бу дунёнинг ҳокими ташқарига чиқариб ҳайдалишига» аминмиз (Юҳан. 12:31). Бу нақадар тасалли бахш этади!
13. Ибодатдан ташқари биз яна нима қилишимиз даркор?
13 Яҳовага ташвишларимиз ҳақида айтиб бериш етарлими? Йўқ. Бунга кўпроқ нарса талаб қилинади. Ибодатларимизга яраша иш тутишимиз керак. Шоҳ Шоул Довудни ўлдириш учун одамларни юборганида, у шундай ибодат қилган: «Мени душманларимдан озод этгин, эй Худойим, менга исён қилганлардан ҳимоя қилгин. Бадкирдорлардан мени халос қилгин, қонхўр одамлардан мени қутқаргин» (Заб. 58:2, 3). Довуд нафақат ёрдам сўраб ибодат қилди, балки хотинига қулоқ солиб омон қолиши учун қўлидан келганича ҳаракат қилди (1 Шоҳ. 19:11, 12). Шу сингари биз ҳам қийинчиликларни бартараф этиш ёки шароитимизни ўзгартиришда, Яҳовадан донолик сўрашимиз мумкин (Ёқб. 1:5).
Бизга нима куч ато этади?
14. Қийинчиликларни енгишга нима ёрдам беради?
14 Баъзида қийинчиликлардан дарров халос бўлишнинг иложи йўқ ва муайян вақт чидашга тўғри келади. Лекин бизга нима куч ато этади? Биринчидан, биз қийинчиликларга қарамай хизмат қилишни давом эттирсак, Яҳовага нисбатан севгимизни кўрсатамиз (Ҳавор. 14:22). Шайтон Аюбни қандай айблаганига эътибор беринг: «Наҳот Аюбнинг Худодан қўрқиши бекорга бўлса? Сен уни ҳар тарафдан авайлаб, унинг уй-жойини ҳам, бор мол-мулкини ҳам ҳимоянгда сақлаб юрибсан-ку. Унинг ишларига қут-барака бердинг, мол подалари эса мамлакатга сиғмайдиган бўлиб кетган. Бироқ Сен қўлингни чўзиб, унинг бор мол-мулкига тегиб кўр-чи, у Сенинг юзингга қараб лаънат айтмасмикин?» (Аюб 1:9–11, ЯДТ). Аюб содиқ қолиб, Шайтоннинг барча айбловлари ғирт ёлғон эканини исботлади. Биз ҳам сабр-бардошли бўлсак, Шайтон ёлғончи эканини кўрсатамиз. Шунингдек бу фазилат Яҳовага бўлган умидимиз ва Унга бўлган ишончимизни мустаҳкамлайди (Ёқб. 1:4).
15. Кимларнинг мисоллари бизга куч ато этади?
15 Иккинчидан, «дунёнинг ҳар ёғидаги биродарларингиз худди шундай азобларга дучор бўлаётганларини» унутманглар (1 Бутр. 5:9). Ҳақиқатдан ҳам «бошингизга оддий инсоний васвасадан бошқа васваса келмаган» (1 Кор. 10:13). Муаммоларингизни ўйлаш билан банд бўлмай, бошқа биродару опа-сингилларнинг мисоллари устидан мулоҳаза юритсангиз, куч ва жасоратга эга бўлишингиз мумкин (1 Салон. 1:5–7; Иброн. 12:1). Балки улардан айримларини сиз шахсан танирсиз. Улар қийин синовларни бошдан кечириб, Яҳовага содиқ қолаётганини ўйлаб кўринг. Бизнинг адабиётларимизда сиз каби қийинчиликларни бошдан кечирган биродару опа-сингилларимизнинг таржимаи ҳолларини ўқишингиз мумкин. Уларнинг мисоллари сизнинг имонингизни мустаҳкамлайди.
16. Турли синовлар билан тўқнашганимизда Худо бизга қандай ёрдам беради?
16 Учинчидан, қуйидагини ёдда тутишимиз лозим: «Ҳар турли тасаллининг манбаи бўлган Худо, марҳаматли Ота... У бутун ғам-қайғуларимиз учун бизга тасалли беради. Шу тариқа ўзимиздек ҳар турли қайғуларга йўлиққан бошқа одамларни биз Худодан олган тасалли билан овунтира оламиз» (2 Кор. 1:3, 4). Яҳова олдимизда туриб, «бутун ғам-қайғуларимизни» енгишда мададкор бўлишга тайёр. Бундай ёрдам туфайли биз ҳам бошқаларга «ҳар турли қайғуларида» тасалли бера оламиз. Ҳаворий Павлус бу сўзларнинг ҳақлигига ўзи гувоҳ бўлди (2 Кор. 4:8, 9; 11:23–27).
17. Муқаддас Китоб қийинчиликларни енгишда қандай ёрдам беради?
17 Тўртинчидан, бизда Муқаддас Китоб бор бўлиб, «таълим бериш, далолат қилиш, тузатиш, солиҳлик йўлида тарбия бериш учун фойдалидир. Шу йўсин Худонинг қули комил ва ҳар қандай яхши ишга қобил бўлади» (2 Тим. 3:16, 17). Худонинг Каломи туфайли биз нафақат «комил ва ҳар қандай яхши ишга қобил бўламиз», балки синовларга дош бериш учун куч ва доноликка эришамиз. Шундай қилиб биз «комил ва ҳар қандай яхши ишга қобил бўламиз». «Ҳар қандай яхши ишга қобил» деб таржима қилинган қадимги юнонча сўз, том маънода «таъминланган» деган маънони англатади. Бу сўз саёҳатга чиқиш учун барча нарсалар билан таъминланган қайиққа ҳамда бирон ишни бажаришга тайёрланган мосламага нисбатан ишлатилган. Худди шундай Яҳова Ўз Каломи орқали биз ҳар қандай синовни енгиб ўтишимиз учун зарурий нарсаларни ҳавола этмоқда. Шу сабабли биз аминлик билан: «Агар Аллоҳ бунга йўл қўйган бўлса, Унинг мадади билан мен ҳаммасини енга оламан»,— деб айтсак бўлади.
Ҳамма азоб-уқубатлардан қутулиш
18. Сабрли бўлиш учун нимани ёдда тутиш зарур?
18 Бешинчидан, Яҳова яқинда одамларни азоб ва қайғудан озод қилишини унутманг (Заб. 33:20; 36:9–11; 2 Бутр. 2:9). Худо бизнинг қийинчиликларимизга ва азобларимизга нафақат чек қўяди, балки хоҳ Исо билан осмонда, хоҳ ердаги жаннатда яшаш учун абадий ҳаёт билан тақдирлайди.
19. Қандай қилиб сабр-тоқатли бўлиб, Худога содиқ бўлишимиз мумкин?
19 Бу нопок дунё мавжуд экан, қийинчиликларга бардош беришга мажбурмиз. Ҳамма қайғуларимиз ўтиб кетадиган кунни нақадар сабрсизлик билан кутяпмиз! (Заб. 54:7–9). Унутманг, сабр-тоқатингиз билан Шайтонни ёлғончи эканини исботлайсиз. Илойим ибодатларингиз ва синовларга дош бераётган биродару опа-сингилларимизнинг мисоллари имонингизни мустаҳкамлаб, куч бахш этсин! Худо Каломининг раҳбарлигига риоя қилиб, комил ва ҳар қандай яхши ишга қобил бўлишга бундан буён ҳам интилинг. «Ҳар турли тасаллининг манбаи бўлган Худо» доимо сиз ҳақингизда ғамхўрлик қилишида ҳеч қачон шубҳаланманг. «Худованднинг кўзлари солиҳлардадир, солиҳлар фиғонига У қулоқ солишини» ёдингизда тутинг (Заб. 33:16).
Жавоб бера оласизми?
• Довуд танг аҳволда бўлганида, нималарни ҳис қилган?
• Шоҳ Сулаймон нимада амин бўлган?
• Яҳова йўл қўйган синовларга дош беришга нима ёрдам беради?
[13- саҳифадаги расм]
Шоҳ Сулаймон, Яҳова Ўз хизматчиларини ташлаб қўймаслигида амин бўлган
[15- саҳифадаги расм]
Ҳазрати Довуд ташвишини Яҳовага юклаган ва ибодатларига мувофиқ йўл тутган