Дунё бўйлаб одамлар бирлашишмоқда. Қандай қилиб?
«БИРЛИК» деган сўз сиз учун нимани англатади? Баъзиларнинг фикрича бу шунчаки келишмовчилик ва низоларнинг умуман йўқлигини билдиради. Мисол учун, агар иккита ёки бундан кўпроқ давлатлар тинчлик сақлашга ваъда бериб, шартномага имзо қўйишса, улар бирликка эришишди деб ҳисобланади. Аммо аслида шундайми? Доим ҳам эмас.
Масалан тарих мобайнида бундай тинчлик ҳақидаги минглаб шартномалар муваффақият ила ҳам тузилган, ҳам бекор қилинган. Нима сабабли? Зеро ҳукмдорлар кўпинча тинчлик ва бирлик тўғрисида эмас, балки ўз манфаатларини ўйлашади. Бундан ташқари баъзи давлатлар, агар ҳарбий кучлари суст бўлса, унда нима юз беради, деб хавф-хатарда юришади.
Шунингдек, агар икки давлат орасида уруш бўлмаётган тақдирда ҳам, улар тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшаяпти деб айтиш қийин. Масалан икки киши бир-бирига тўппонча ўқташган дейлик, лекин бир-бирини отиб ўлдиришмагани учун улар дўстона муносабатда экан, деб айтса бўлармикин? Ахир бу бемаънилик-ку дерсиз! Минг афсуски, лекин кўп давлатларнинг ҳолати айнан шундай. Кундан кунга ўсиб бораётган ишончсизлик қўрқув туғдирмоқда, яъни бир кун эмас бир кун қурол ишга солинишдан одамлар ваҳимада. Бундай фожианинг олдини олиш учун нима қилинмоқда?
Ядровий хавф бирликка таҳдид солмоқда
Кўп инсонлар ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага умид боғлашади. Ушбу шартнома 1968- йилда имзоланган бўлиб, ядро қуролига эга бўлмаган давлатларга уни яратишни ман этиб, ядро қуролига эга давлатларга эса уни тарқатиш, чеклаб қўйилган. Бугунги кунга келиб ушбу шартномага 180 дан зиёд давлатлар имзо чеккан бўлиб, унинг мақсади бутунлайин қуролсизланишга эришиш.
Гарчи бу мақсад яхши бўлиб туюлса-да, баъзиларнинг таъкидлашича, ушбу шартнома — ядро қуроли бор бўлган давлатларга ундан фойдаланиш ҳуқуқини бериб, унга эга бўлмаган давлатларга эса бундай қуролни яратишга имкон бермасликдан иборат. Бироқ ушбу шартномага имзо чеккан айрим давлатлар фикрларини ўзгартириш хавфи бор. Масалан айрим давлатлар қурол яратиш тақиқини ўта адолатсизлик деб ҳисоблашади, сабаби уларнинг фикрича бу, ўзларини ҳимоя қилишга ёрдам берарди.
Буни айтиб ўтиш жоизки, ядро энергетикасини ривожлантириш билан шуғулланиш ҳеч бир давлатга ман этилмаган. Шунинг учун давлатнинг манфаатини кўзлаб, ядро энергетикасини яратиш баҳонаси билан яширинча ядро қуролини ишлаб чиқаришдан баъзилар хавотирдалар.
Ядро қуролига эга бўлган давлатлар ҳам шартномани бузиш эҳтимоли бор. Танқидчиларнинг сўзларига кўра, ядро қуролларига эга бўлган давлатлар қуролларни йўқ қилишига ёки қуролларни камайтиришига ишониш қийин. Бир манбага биноан, «агар бир-бирига адоват сақлаган давлатлар ўзаро дўстона муносабатда бўлишсагина бунга эришиш мумкин, лекин бу эса эҳтимолдан йироқ».
Бирликка эришиш мақсадида қилинган барча уринишлар қанчалик самимий бўлмасин, муваффақиятсизликка учраган. Муқаддас Китобни ўрганаётган кишилар бундан ҳайрон қолишмайди, чунки Аллоҳнинг Каломида айтилишича, йўловчи ўз қадамларини йўналтиришга қодир эмас (Еремиё 10:23). Шунингдек Тавротда: «Шундай йўл борки, инсонга тўғри бўлиб кўринади, аммо охири ўлимга олиб боради»,— дейилган (Ҳикматлар 16:25). Ҳукуматларнинг бирликка эришишга бўлган ютуқлари оз. Аммо бунга қарамай бизнинг умидимиз бор.
Ҳақиқий бирликни ким ўрнатади?
Аллоҳ Ўз Каломида, ер юзида бирлик ўрнатилади, деб ваъда қилган. Аммо бунга одамлар эмас, балки ҳар нарсага қодир бўлган Парвардигорнинг ҳаракатлари ила эришилади. Худонинг инсониятга нисбатан бўлган нияти ҳақиқатан ҳам ажойиб. Тўғри, айримларга бу худди эртакдек туюлиши мумкин. Лекин аслида Худованд азалдан одамлар тинч ва хотиржам ҳаёт кечиришларини ният қилган эдиa. Муқаддас Ёзувларнинг кўп жойларида Аллоҳнинг ерга нисбатан, яъни одамзодни бирлаштириш нияти ўзгармаганлиги ҳақида ёзилган. Келинг, улардан фақат бир нечтасини кўриб чиқамиз.
• «Келинг, Худованд қилмишларини кўринг... Ер четларига қадар У жангларни тўхтатади, камонни синдириб, найзани парчалайди, жанг аробаларини ёқиб кулга айлантиради». ЗАБУР 45:9, 10
• «Менинг бутун муқаддас тоғимда на зараркунандалик қиладилар, на бирор нарсани хароб этадилар, чунки худди сувлар денгиз тубини қоплагандай, ер юзи ҳам Эгамиз Яҳова ҳақидаги билимга тўлиб-тошган бўлади». ИШАЁ 11:9, ЯДТ
• «У ўлимни то абад йўққа чиқаради, Эгамиз Раббий Яҳова ҳамманинг кўз ёшларини артиб юборади. Ер юзи бўйлаб халқининг шармандалигини олиб ташлайди, зотан бу сўзларни Яҳова айтган». ИШАЁ 25:8, ЯДТ
• «Худонинг аҳд қилгани бўйича, биз адолат ҳукм сурадиган янги ер ва янги осмонни кутаяпмиз». 2 БУТРУС 3:13
• «Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир ёшни артиб олур. Энди ўлим сира бўлмас. Ҳузун ҳам, фарёд ҳам, оғриқ ҳам бўлмас. Зеро аввалгилар ўтиб кетди». ВАҲИЙ 21:4
Юқоридаги ваъдаларга ишонса арзийди. Нима учун? Сабаби Парвардигор Яҳованинг одамзодни бирлаштириш учун ҳам имкони, ҳам қудрати, ҳам истаги бор (Луқо 18:27). Инжилда айтилганидек, Аллоҳ «еру осмондаги бор мавжудотларни Масиҳ бошчилигида бирлаштиради» (Эфесликларга 1:8–10).
Аллоҳнинг «адолат ҳукм сурадиган янги ер» тўғрисидаги ваъдаси шунчаки ушалмас орзу эмас (2 Бутрус 3:13). Ишаё пайғамбар, Худованд Яҳованинг оғзидан чиққан ҳар бир гапи, Унинг иродасини бажармагунича қайтиб кетмайди, деб таъкидлаган (Ишаё 55:11).
Худонинг Каломи ила бирлаштирилганлар
Ўтган мақолада айтиб ўтилганидек, дин одамларни бирлаштириш ўрнига уларни бир-биридан ажратади. Бунинг устидан чуқур мулоҳаза қилиш керак. Ахир биз Яратувчи борлигига ишонсак, Унинг хизматчилари орасида тинчлик ва бирлик ҳукмронлик қилишини кутмаймизми? Албатта кутамиз!
Дин одамларни бир-биридан ажратаётганида на Тангри Яҳова, на Унинг Каломи айбдор. Бунга, Аллоҳнинг иродасини бажариш ўрнига, инсониятнинг турли дастурларига ҳамда режалар тузишига ҳисса қўшган дин сабаб бўлган. Исо алайҳиссалом замонасидаги дин раҳбарларига қарата «мунофиқлар», деб қуйидаги сўзларни айтди: «Сиз ҳақда каромат қилиб айтган Ишаъё пайғамбарнинг ушбу сўзлари тўғри чиқди: “Бу халқ Менга яқинлашар фақат оғизда, ва Мени ҳурматлар фақат тилида. Лекин дили эса Мендан узоқдур. Улар Мени беҳуда сано этур, инсонлар амру таълимин ўргатиб”» (Матто 15:7–9).
Дарҳақиқат, ҳақ топиниш аксинча инсонларни бирлаштиради. Ишаё пайғамбар ҳақ топиниш тўғрисида башорат қилганки, охирзамонда барча халқлардан одамлар Аллоҳ Яҳовага сиғиниш учун йиғилади. Улар на жанг қилиш учун қурол олишади, на инсоний низоларда бирор томоннинг тарафида бўлишга ўрганишади (Ишаё 2:2, 4).
Каромат қилинганидек, бугун Яҳованинг Шоҳидлари 230 дан зиёд мамлакат ва ҳудудларда бирликка эришиш учун Худонинг раҳбарлигига итоат этишмоқда. Улар бунга қандай эришишди экан-а? Жавобини қуйидаги оят кўрсатмоқда: «Камолот чўққиси бўлган муҳаббат тожини кийинглар» (Колосаликларга 3:14). Шу оятда «чўққи» деб таржима қилинган сўз қадимги юнончадан одам танасидаги пайларни ҳам англатиши мумкин. Бундай тўқималар арқон каби мустаҳкамдир. Улар иккита асосий вазифани бажаради: тана мушакларини суякка бириктириб туради ёки алоҳида тана аъзоларини бир-бири билан боғлайди.
Худди шундай ҳам муҳаббат ҳақида айтса бўлади. Ушбу хислат нафақат одамларни ўлдирмасликка, балки миллати, ирқи ҳар хил бўлган инсонлар билан тинч-тотув яшашга рағбатлантиради. Мисол учун бундай севги кишиларни Исо пайғамбарнинг айтган бир маслаҳатига риоя қилишга ундайди. Бу сўзлар эса Инжилда ёзилган бўлиб, қуйидагичадир: «Одамлар сизга қандай муомала қилишларини истасангиз, сиз ҳам уларга шундай муомалада бўлинг» (Матто 7:12). Бундай йўл тутган кўп инсонлар уйдирма фикрлардан фориғ бўлишди.
«Орангизда муҳаббат ҳукмрон бўлсин»
Ҳазрати Исо шундай сўзларни ҳам айтган: «Агар орангизда муҳаббат ҳукмрон бўлса, сизлар Менинг шогирдларим эканингизни ҳамма шундан билиб олади» (Юҳанно 13:35). Яҳованинг Шоҳидлари буни амалда кўрсатишга ҳаракат қилишади. Масалан ирқлар орасидаги низолар ёки сиёсий тартибсизликлар юз берганида, бундай севги намоён бўлган. Мисол учун, 1994- йилда Руандада содир бўлган қирғинчилик пайтида Яҳованинг Шоҳидлари фидокорона севгини кўрсатишган. Тутси қабиласидан бўлган имондошларини қутқариш ниятида, хуту қабиласидаги Яҳованинг Шоҳидлари ҳаётларини хавф остига солишган!
Тўғри, дунёдаги ҳамма одамлар бир-бирларини севиб, бирликка эришишади, деб кафолат бериш қийин. Муқаддас Китобда каромат қилинганидек, Аллоҳнинг Ўзи тайинлаган вақтда бундай ўзгаришни киритади. Ҳатто бугуннинг ўзида бу ёвуз дунёда инсонларнинг орасида муҳаббат ва ҳамжиҳатлик ҳукмронлик қилиши ҳеч гап эмас.
Ўтган йилнинг ўзида Яҳованинг Шоҳидлари миллиард соатдан зиёд вақтларини сарфлаб, одамларга Муқаддас Китобдаги ваъдаларни айтиб, ундаги маслаҳатлари қанчалик амалий эканини кўрсатишган. Аллоҳнинг Каломидаги аниқ билимлар туфайли илгари ўзаро душман бўлган миллионлаб инсонлар энди бирликда яшашмоқда. Масалан, бугун араблару яҳудийлар, арманлару турклар, немислару руслар тинч-тотув ҳаёт кечиришмоқда.
Аллоҳнинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб қандай қилиб одамларни бирлаштириши ҳақида кўпроқ маълумот олишни хоҳлармидингиз? Агар бу сизни қизиқтирган бўлса, унда 2- бетда жойлашган Яҳова Шоҳидларининг бирон бир манзилига ёзишингиз мумкин.
[Изоҳ]
a Худонинг ер учун нияти қандай эканлиги ҳақда Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган «Муқаддас Китоб таълимотлари» номли китобининг 3- бобидан кўпроқ маълумот олишингиз мумкин.
[4- саҳифадаги матн парчаси]
Минглаб шартномалар ҳам тузилган, ҳам бекор қилинган
[7- саҳифадаги матн парчаси]
Худонинг қонунларига риоя қилиш билан ҳукуматларнинг қўлидан келмаган нарсаларга эришса бўлади
[5- саҳифадаги расм]
Ким туфайли бирлик ўрнатилиши ҳақда Аллоҳнинг Каломида аниқ ёзилган
[7- саҳифадаги расм]
Хуту ва тутси қабиласидаги Яҳованинг Шоҳидлари биргалашиб, Йиғилиш Залини қуришмоқда