Ёшлар, «ўз нажотингизга эришишга урининг»
Тайёрлик билан бўйсунаётганингиздек, бундан буён ҳам қўрқув ва титроқ билан ўз нажотингизга эришишга урининг. ФИЛИП. 2:12
1. Нима учун сувга чўмиш муҳим қадам? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
ҲАР йили Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган минглаб кишилар сувга чўмади. Улардан кўплари ўсмирлар ва болалардир. Улар ҳақиқатда ўсган бўлиши мумкин. Сиз ҳам шу каби ёшлардан биримисиз? Агар шундай бўлса, мақтовга лойиқсиз. Масиҳий бўлиш учун сувга чўмиш лозим ва бу нажотга эришишда қўйиладиган муҳим қадам. (Мат. 28:19, 20; 1 Бутр. 3:21)
2. Нега бағишланишдан қўрқмаслик ёки уни пайсалга солмаслик керак?
2 Гарчи сувга чўмиш кўпгина баракаларга эшик очса-да, у зиммангизга масъулият ҳам юклайди. Хўш, қандай масъулият? Сувга чўмган кунингизда «Исо Масиҳнинг қурбонлиги асосида гуноҳларингиздан тавба қилиб, Яҳованинг иродасини бажариш учун, ўзингизни Унга бағишладингизми?» деган саволга «Ҳа!» деб жавоб бергансиз. Бунинг рамзи сифатида сувга чўмгансиз. Сиз Яҳовани севишга ва Унинг иродасини ҳамма нарсадан устун қўйишга ваъда бергансиз. Ҳа, бу жиддий қасам. Бундай йўл тутганингиздан афсусланишингиз керакми? Асло! Ўзингизни Яҳованинг қўлларига топшириш сира ҳам хато эмас. Бунинг акси бўлганида, нима бўларди?! Яҳовага яқинлашмаган инсонлар Шайтоннинг ҳукми остидадир. Нажот топишингиз Иблисни қизиқтирмайди. Аслида, унинг тарафида бўлиш учун Яҳованинг ҳукмдорлигини рад этиб, абадий яшаш умидидан маҳрум бўлсангиз, у бундан хурсанд бўлади.
3. Ўзингизни Яҳовага бағишлаб, қандай баракаларга эришасиз?
3 Шайтонни қўллаб-қувватлашдан кўра, бағишланган ва сувга чўмган масиҳий сифатида қандай баракаларга эга эканингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Ҳаётингизни Яҳовага топширган экансиз, ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ишончга тўлиб: «Эгам мен билан бирга, шу боис қўрқмайман, инсонлар менга нима қила олади?!» —деб айта оласиз. (Заб. 117:6) Дарҳақиқат, Худонинг тарафида бўлиш ва Унинг марҳаматини олишдан кўра улкан шараф йўқ.
ШАХСИЙ МАСЪУЛИЯТ
4, 5. а) Нима сабабдан бағишланиш шахсий масъулиятдир? б) Барча ёшдаги масиҳийлар қандай қийинчиликларга дуч келишмоқда?
4 Сувга чўмган масиҳий экансиз, Яҳова билан муносабатларингиз мерос бўлиб ўтадиган мулк ёки ер каби эмас. Ҳатто ота-онангиз билан яшасангиз ҳам нажот топишингиз учун ўзингиз масъулсиз. Нима учун буни ёдда тутиш муҳим? Чунки келажакда қандай қийинчиликларга дуч келишингизни олдиндан айта олмайсиз. Масалан, болалигингизда сувга чўмган бўлсангиз, ўсмирлик чоғида янги ҳис-туйғуларга ва босимга дуч келишингиз мумкин. Бир ўсмир қиз бу борада шундай фикр билдирди: «Одатда, Яҳованинг Шоҳиди бўлган бола мактабда туғилган кун нишонланганда торт емаганидан хафа бўлмайди. Йиллар ўтгач, жинсий алоқа қилиш босими кучайганда, у Яҳованинг қонунларига бўйсуниш доим энг яхши қарор эканида амин бўлиши зарур».
5 Тўғри, фақатгина ёшлар янги қийинчиликларга учрамайди. Катта ёшда сувга чўмган кишилар ҳам кутилмаган имон синовларига дуч келишади. Мисол учун, бу никоҳ, соғлиқ ёки иш билан боғлиқ муаммолар бўлиши мумкин. Ҳа, ёшимиз нечада бўлишидан қатъи назар, Яҳовага бўлган садоқатимиз синаладиган вазиятларни бошдан кечирамиз. (Ёқб. 1:12–14)
6. а) Яҳовага қатъий ваъда берганингиз нимани англатади? б) Филиппиликларга 4:11–13 даги сўзлардан қандай сабоқ олишингиз мумкин?
6 Ҳар қандай вазиятда садоқатли қолиш учун, Яҳовага берган қатъий ваъдангизни эсланг. У ҳатто дўстларингиз ёки ота-онангиз хизмат қилишни тўхтатса ҳам, сиз Аллоҳ Таолога хизмат қилишда давом этишингизни билдиради. (Заб. 26:10) Барча вазиятларда бағишловингизга мувофиқ яшаш учун Яҳова сизга куч беришини сўрашингиз мумкин. (Филиппиликларга 4:11–13 ни ўқинг.)
7. «Қўрқув ва титроқ билан» ўз нажотингизга эришиш нимани англатади?
7 Яҳова Унинг дўсти бўлишингизни хоҳлайди. Лекин бундай дўстликни ривожлантириш ва ўз нажотингизга эришишингиз учун ҳаракатлар талаб этилади. Дарвоқе, Филиппиликларга 2:12 да шундай дейилган: «Қўрқув ва титроқ билан ўз нажотингизга эришишга урининг». Демак, турли қийинчиликларга қарамай, Яҳова билан дўстлигингизни қандай ривожлантиришингиз ва Унга садоқатли қолишингиз борасида чуқур ўйлаб кўришингиз керак. Сиз ўзингизга ҳаддан ортиқ ишонмаслигингиз даркор. Ахир Худога узоқ вақт давомида хизмат қилган баъзи кишилар ҳам адашган. Шундай экан, ўз нажотингизга эришиш учун қандай қадамлар қўйишингиз зарур?
МУҚАДДАС КИТОБ ТАДҚИҚИ МУҲИМДИР
8. Шахсий тадқиқ нимани ўз ичига олади ва у нега муҳим?
8 Яҳова билан бўлган дўстлик икки тарафлама мулоқотни – тинглаш ва гаплашишни ўз ичига олади. Муқаддас Китобни шахсан тадқиқ қилиш Яҳовани тинглашнинг асосий йўлидир. Бу Худонинг Каломи ва унга асосланган адабиётларни ўқиш ва устида мулоҳаза юритишни англатади. Тадқиқ давомида шуни унутмангки, Муқаддас Китобни ўрганиш бу шунчаки илмий билим олиш эмас. Бу худди мактабдаги имтиҳонларни топшириш учун фактларни эслаб қолиш мақсадида ўтказиладиган тайёргарлик ҳам бўлмаслиги керак. Самарали тадқиқ экспедиция сингаридир: сиз унда Яҳова ҳақида янги нарсаларни ўрганасиз ва кашф этасиз. Тадқиқ ёрдамида Яҳовага яқинлашишингиз мумкин, шунда У ҳам сизга яқинлашади. (Ёқуб 4:8)
9. Шахсий тадқиқда қайси воситалар сизга қўл келган?
9 Самарали тадқиқ ўтказишингиз учун Яҳованинг ташкилоти бир қанча воситаларни тақдим этган. Масалан, jw.org сайтимиздаги «Ўсмирлар» (ПОДРОСТКИ) сарлавҳаси остида келтирилган «Муқаддас Китобга оид вазифалар» (БИБЛЕЙСКИЕ ЗАДАНИЯ) Муқаддас Китобдан амалий сабоқлар олишингизга кўмаклашиши мумкин. Шунингдек, «Муқаддас Китоб таълимотлари» (БИБЛЕЙСКИЕ УЧЕНИЯ) номли ўқув дафтарлари эътиқодингиз борасида ишонч ҳосил қилишингизда қўл келади. Ушбу ўқув дафтарлари эътиқодингизни бошқаларга тушунтириб беришни ўрганишга ёрдамлашади. Қолаверса, «Уйғонинг!» журналининг (рус) 2009 йил апрель сонида чоп этилган «Ёшларнинг саволлари» туркумидаги «Муқаддас Китобни ўқиш завқ келтириши учун нима қилсам бўлади?» номли мақоладан қўшимча фикрларни топа оласиз. Ўз нажотингизга эришишда тадқиқ ва мулоҳаза муҳим аҳамият касб этади. (Забур 118:105 ни ўқинг.)
ИБОДАТ МУҲИМДИР
10. Нега сувга чўмган масиҳий учун ибодат муҳим?
10 Шахсий тадқиқ орқали Яҳовани тинглаймиз, ибодат орқали эса У билан гаплашамиз. Масиҳий ибодатни маъносиз бир урф-одат ёки қийинчиликларда муваффақиятга эришишга ёрдамлашадиган «омад тумори», деб билмаслиги лозим. Аксинча, ибодат бу Яратувчи билан чин юракдан суҳбатлашишдир. Яҳова сизни тинглашни хоҳлайди. (Филиппиликларга 4:6 ни ўқинг.) Нимадандир хавотирлансангиз, «ташвишларингни Эгамизга юклагин» деган Муқаддас Китобдаги доно маслаҳатни эсланг. (Заб. 54:23) Сиз ҳам бу фикрга қўшиласизми? Миллионлаб биродару опа-сингилларимиз сизга мазкур сўзлар уларга кўмаклашганини айтиб беришлари мумкин. Бу маслаҳат сизга ҳам ёрдам бера олади.
11. Нима учун Яҳовага доим миннатдорчилик билдиришингиз лозим?
11 Ибодатда Яҳовадан шунчаки ёрдам сўрашдан кўпроқ нарсани айтишингиз мумкин. Муқаддас Китобда қуйидагича ёзилган: «Миннатдор эканингизни кўрсатинглар». (Колос. 3:15) Баъзида муаммоларимизга жуда ҳам кўмилиб кетиб, ҳатто кўпгина баракаларимизни назардан четда қолдиришимиз ҳеч гап эмас. Ҳар куни камида учта нарса учун миннатдорчилик билдиришни мақсад қилиб қўйиш ҳақида нима дейсиз? Ибодатда Яҳовага ушбу баракалари учун шукрона айтинг. 12 ёшида сувга чўмган Абигайл исмли ўсмир шундай деди: «Менимча, дунёда энг кўп Яҳова миннатдорчилигимизга лойиқ. Биз У тақдим этган совғалари учун ҳар қандай қулай вазиятда Унга раҳмат айтишимиз керак. Бир сафар ажойиб эслатма эшитгандим: “Агар эртага ҳамма нарсадан маҳрум бўлишимизни билсак, бугун қўлимизда бори учун Яҳовадан миннатдор бўлмаймизми?”»
ШАХСИЙ ТАЖРИБАНИНГ МУҲИМЛИГИ
12, 13. Яҳованинг яхшилигини шахсан татиб кўрганимиз борасида фикр юритиш нима учун муҳим?
12 Кўпгина оғир қийинчиликларни бошдан кечирган шоҳ Довуд қуйидагича куйлаган: «Татиб кўр, биласан, Эгамиз яхшидир, нақадар бахтлидир Унда паноҳ топганлар». (Заб. 33:9) Мазкур сўзлар шахсий тажриба муҳим эканини кўрсатмоқда. Муқаддас Китобни ва адабиётларимизни ўқиганингизда ҳамда йиғилишларга келганингизда Худо бошқаларга садоқатли қолишда қандай ёрдам бергани ҳақидаги далдали мисолларни билиб оласиз. Аммо маънан ўсар экансиз, ҳаётингизда Яҳованинг қўлини кўришни ўрганинг. Қай йўсин шахсан сиз Яҳованинг яхшилигини татиб кўрдингиз?
13 Ҳар бир масиҳий Яҳованинг яхшилигини ўзгача тарзда ҳис этган. Бу Худо бизни Ўзига ва Ўғлига яқинлаштирганидир. Исо: «Агар мени юборган Отам бировни жалб қилмаса, ҳеч ким олдимга кела олмайди»,— деб айтган. (Юҳан. 6:44) Сизнингча, бу сўзлар сизга ҳам тегишлими? Ёшлар шундай фикрга бориши мумкин: «Яҳова ота-онамни Ўзига яқинлаштирди, мен эса уларга эргашдим, холос». Бироқ ўзингизни Яҳовага бағишлаб, сувга чўмганингизда, У билан ўзгача муносабатларга эга эканингизни кўрсатдингиз. У сизни шахсан билади. Зеро, Муқаддас Ёзувларда шундай сўзларни ўқиймиз: «Кимки Худони севса, Худо уни билади». (1 Кор. 8:3) Ҳамиша Яҳованинг ташкилотидаги ўрнингизни қадрлашга ва у учун миннатдор бўлишга ҳаракат қилинг.
14, 15. Қай йўсин хизматда иштирок этиб имонингизни мустаҳкамлай оласиз?
14 Яҳованинг яхшилигини татиб кўришнинг яна бир йўли эътиқодингиз борасида бошқалар билан бўлишганда, Унинг қўлини ҳис этишдир. Хизматда бўлганингизда ёки мактабда ваъз қилганингизда Унинг ёрдамини сезишингиз мумкин. Баъзилар учун мактабдаги тенгдошларига ваъз қилиш қийин бўлади. Сиз бунинг сабабини тушунсангиз керак. Улар қандай жавоб қайтаришини билмайсиз. Қолаверса, бутун гуруҳ олдида гапириш, синфдошингиз билан яккама-якка гаплашишдан кўра қийинроқ бўлиши мумкин. Хўш, сизга нима ёрдам бера олади?
15 Аввало, эътиқодингизда нима учун маҳкам турганингиз борасида ўйлаб кўринг. Вақт ажратиб, jw.org сайтимизда кўп тилларда мавжуд ўқув дафтарларини қараб кўрсангиз бўлади. Улар нимага ишонишингиз, нега ишонишингиз борасида фикр юритишингизга ва буни бошқаларга қандай тушунтиришингизга кўмаклашадиган тарзда тузилган. Эътиқодингизда маҳкам турсангиз ва яхши тайёргарлик кўрсангиз, Яҳованинг исми ҳақида шоҳидлик беришни истайсиз. (Ерм. 20:8, 9)
16. Бошқалар билан эътиқодингиз ҳақида бемалол гаплашишга сизга нима ёрдам бериши мумкин?
16 Ҳатто тайёргарлик кўрган бўлсангиз ҳам эътиқодингиз ҳақида гапиришга тортинишингиз мумкин. 13 ёшида сувга чўмган ва ҳозир ёши 18 да бўлган бир синглимиз шундай деди: «Мен нимага ишонишимни биламан, аммо баъзида фикрларимни ифодалашга уяламан». У бундай тўсиқни қандай енгиб ўтди? Синглимиз қуйидагича айтиб берди: «Мен ўзимни эркин тутишга ҳаракат қиламан. Синфдошларим қилган ишлари ҳақида бемалол гапиришади. Мен ҳам шундай қилишим керак. Масалан, “Бир куни Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётгандим ва...”, деб бўлиб ўтган воқеа тўғрисида гап бошлайман. Кейин асосий мақсадимни айтиш учун ҳикоямни давом эттираман. Гарчи асосий фикр Муқаддас Китоб ҳақида бўлмаса-да, кўпинча бошқалар қандай қилиб тадқиқ ўтказганим билан қизиқишади. Баъзида улар бу борада саволлар беришади. Ушбу усулни кўпроқ қўллаганим сайин, бу осонлашиб боради. Охирида ўзимни зўр ҳис қиламан!»
17. Эътиқодингизга бўлган нуқтаи назарингиз бошқаларга гапиришингизга қандай ёрдам беради?
17 Бошқаларга ҳурмат ва шахсий қизиқиш кўрсатсангиз, улар сизга мулойимлик ила жавоб қайтаришлари эҳтимолдан йироқ эмас. «Агар Муқаддас Китоб ҳақида гап бошласам, одамлар мен тўғримда фанатик деган фикрга боради, деб қўрқардим». Бу сўзлар билан болалигида сувга чўмган ва ҳозир ёши 17 да бўлган Оливия бўлишди. Кейин у бошқача ўйлай бошлади. Оливия қўрқувга ҳаддан ортиқ берилмади, аксинча, қуйидагича мулоҳаза юритди: «Кўп ёшлар Яҳованинг Шоҳидлари тўғрисида ҳеч нарса билишмайди. Биз улар билган ягона Шоҳидлармиз. Шунинг учун, улар хушхабарга қандай муносабат билдириши ўзимизни тутишимизга боғлиқ. Борди-ю, эътиқодимиз ҳақида гапираётиб уялсак, қўрқсак ё қийналсак ёки суҳбат пайтида ўзимизни ноқулай ҳис этсак, нима бўлади? Улар биз эътиқодимиздан фахрланмаймиз, деган ўйга боришлари мумкин. Дадил бўлмаганимиз боис, улар ҳатто мулойимлик ила жавоб қайтармасликлари ҳеч гап эмас. Аксинча, суҳбат давомида эътиқодимиз тўғрисида бемалол ва аминлик билан гапирсак, улар ҳам бизни ҳурмат қилиш эҳтимоли кўпроқ».
ЎЗ НАЖОТИНГИЗГА ЭРИШИШГА УРИНИНГ
18. Ўз нажотингизга эришишга уриниш нимани англатади?
18 Кўриб чиққанимиздек, ўз нажотингизга эришиш учун уриниш жиддий масъулият. Бу Худонинг Каломини ўқишни ва унинг устида мулоҳаза юритишни, Яҳовага ибодат қилишни ҳамда У шахсан сизга қандай барака бергани борасида фикр юритишни ўз ичига олади. Уларни амалда қўлласангиз, Яҳова сизнинг дўстингиз эканида ишончингиз янада комил бўлади. Бу, ўз навбатида, сизни бошқаларга эътиқодингиз ҳақида гапиришга ундайди. (Забур 72:28 ни ўқинг.)
19. Нега нажотга эришиш учун ҳаракат қилиш арзийди?
19 Исо қуйидагича деган: «Кимки менинг ортимдан юришни истаса, ўзидан кечсин ва ўзининг азоб устунини кўтариб, ҳамиша менга эргашиб юрсин». (Мат. 16:24) Дарҳақиқат, шогирд тайёрлаш, жумладан бағишланиш ва сувга чўмиш, сизнинг масиҳий сифатидаги бурчингиздир. У ҳозир беҳисоб баракаларга ва келажакда янги дунёда абадий яшашга йўл очади. Ҳа, ўз нажотингизга эришиш учун курашишга сабабларингиз кўп!