Хушмуомалалик дўстликка замин яратади
Сўзингиз ҳамиша файзли ва мазали бўлсин. КОЛОС. 4:6
1, 2. Биродаримиз хушмуомала бўлгани қандай самара келтирди?
БИТТА биродаримиз қуйидагиларни айтиб берди: «Бир куни уйма-уй ваъз қилаётганимда жаҳли чиққан битта эркак кишига дуч келдим. У қўлларини силтаб, овози борича менга бақириб дағдаға қилди. Мен тинчликни сақлашга уриниб, Муқаддас Китоб ёрдамида келганимнинг мақсадини тушунтирмоқчи эдим. Аммо у, бундан баттар қизишиб кетди. Унинг хотини, бола-чақаси ҳам чиқиб мени сўкиб беришди. Шунда, мен кетишим кераклигини тушундим. Лекин, кетишдан аввал бу уйга фақатгина тинчлик тилаб келганим ҳақида уларни ишонтирдим. Муҳаббат, хотиржамлик ва сабр-тоқат тўғрисидаги Галатияликларга 5:22, 23- оятларини уларга кўрсатдим. Сўнг эса, хайрлашиб кетдим».
2 Бу биродаримиз давом этиб, шундай деди: «Вақт ўтгач, ўша оиланинг кўчасидан ўтиб кетаётганимда, уларни кўриб қолдим. Бир қарасам, мени чақириб қолишди. Ичимда: “Вой, нимага чақиришяпти экан?” — деб ўйладим. Ўша киши, менга яхна ичимлик таклиф қилди. Кейин эса, ўтган сафарги қўполлиги учун узр сўраб, мустаҳкам имоним борлигини айтиб мақтади. Охири, яхшилик билан хайрлашдик».
3. Нега ғазабга ғазаб билан жавоб қайтармаслик керак?
3 Ёвузликка тўлиб-тошган дунёда тез-тез жаҳлдор одамларга дуч келамиз. Бу, ваъзгўйлик хизматида ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун «мулойимлик ва эҳтиром» каби фазилатларни намоён этишимиз зарур (1 Бутр. 3:15, 16). Бояги биродаримиз уй эгасининг ғазабига ва қўпол муносабатига худди шундай жавоб қайтарганида, ўша киши балким ўзгармас эди ҳам. Аммо-лекин бундай бўлмади, чунки имондошимиз тилини тийиб, мулойим бўлишга ҳаракат қилди. Шу боис, бунинг натижаси аъло бўлди!
Қандай қилиб хушмуомала бўлишимиз мумкин?
4. Нима учун сўзларимиз мазали бўлиши даркор?
4 Имондошларимиз, оила аъзоларимиз ёки ўзгалар билан бўламизми ҳаворий Павлуснинг мана шу маслаҳатига қулоқ солиш арзийди: «Сўзингиз ҳамиша файзли ва мазали бўлсин» (Колос. 4:6). Шу тақдирдагина, биз бошқалар билан яхши мулоқот қилиб, тинч-тотув яшай оламиз.
5. Яхши мулоқот нимани англатмайди? Мисол келтиринг.
5 Яхши мулоқот, айниқса кўнглимиз ғаш бўлган пайтларда тилимизга тўғри келганини гапириш кераклигини англатмайди. Дарвоқе, Худонинг Каломига биноан, ғазабга берилиш жасорат эмас, балки заифликнинг белгисидир (Ҳикматлар 25:28; 29:11 ўқинг). Эсингиздами, ер юзида камтарликда Мусо пайғамбарга тенг келадигани йўқ эди. Бироқ, Исроил халқи кўтарган исёни дастидан у ўзини тия олмай, Аллоҳга тегишли шон-шарафни ўзига қаратди. Шуни айтиш жоизки, Мусо кўнглида борини Худога тўкиб-сочган бўлса-да, У буни хуш кўрмади. Исроилликларни 40 йил давомида бошқариб ҳам, ваъда қилинган юртга уларни киритиш шарафидан маҳрум бўлди (Саҳ. 12:3; 20:10, 12; Заб. 105:32).
6. Жаҳл билан гапирмаслик нега доно деб айтса бўлади?
6 Муқаддас Китоб, гапираётганимизда тилимизни тийиб, вазмин ва фаҳм-фаросатли бўлишга ундайди. У ерда мана шуни ўқиймиз: «Гап-сўз кўп бўлса жанжал ҳеч қачон тўхтамайди, тилини тийган эса донодир» (Ҳик. 10:19; 17:27). Ҳақиқатан ҳам, ҳиссиётларга берилмай, жаҳл билан гапирмаслик донодир. Ҳа, агар, ҳамиша файзли ва мазали сўзлар ишлатсак, бошқаларни қиличдай жароҳатламай, шифо бахш этамиз (Ҳикматлар 12:18; 18:21 ўқинг).
«Сукут сақлашнинг ҳам, сўзлашнинг ҳам ўз вақти бор»
7. Қандай нутқдан йироқлашамиз ва нима учун?
7 Ҳамкорларимиз ва хизматда учратган нотаниш кишиларга хушмуомала муносабатда бўлганимиз каби, имондошларимиз ва уйдагиларимиз билан ҳам мулойимлик ила гаплашишимиз зарур. Оқибатини ўйламай жаҳлни тўкиб солиш, сизнинг ҳам, бошқаларнинг ҳам маънавий, ҳиссий ва жисмоний соғлигига зарар келтиради (Ҳик. 18:6, 7). Ёмон ҳис-туйғулар, номукаммал эканимизни кўрсатади, бироқ уларни назорат қилишимиз шарт. Чунончи ҳақоратлаш, мазах қилиш, сўкиш ва ғазабга миниш нотўғридир (Колос. 3:8; Ёқб. 1:20). Буларнинг бари атрофдагилар ҳамда Эгамиз Яҳова билан яхши муносабатларимизни барбод қилади. Устозимиз Исо шундай дея ўргатган: «Кимки биродарига беҳуда ғазабланса, жавобгарликка тортилади. Кимки биродарига аҳмоқ деса, олий маҳкамада жавоб беради. Кимки биродарига телба деса жаҳаннам оловида жавоб беради» (Мат. 5:22).
8. Ҳиссиётларимизни қачон айтишимиз керак ва қай тарзда?
8 Бирон тушунмовчиликни деб, ранжитган кишига умуман гапирмасликка қарор қилармиз. Айтайлик, имондошимиз сўзлари ёки иши билан бизни хафа қилиб қўйди ва биз уни шунчаки кечира олмаяпмиз. Шундай бўлса-да, ёмон ҳиссиётлар юрагимизда йиринг отишига йўл қўймайлик (Ҳик. 19:11). Кимдир аччиғимизни чиқарса ҳам, ўзимизни қўлга олиб, муаммони ҳал қилишга муайян ҳаракатлар қилайлик. Ахир, Павлус: «Қуёш ботгунча, ғазабдан қайтинглар»,— деб бекор айтмаган-ку! Муаммо безовта қилаверса, қулай пайтдан фойдаланиб уни мулойимлик ила ҳал қилиш керак (Эфесликларга 4:26, 27, 31, 32 ўқинг). Имондошимиз билан очиқчасига, лекин юмшоқ тарзда гаплашиб, ярашишга жон куйдирайлик! (Лев. 19:17; Мат. 18:15).
9. Кимдир билан гаплашишдан олдин нега муайян вақт талаб этилади?
9 Шубҳасизки, қулай фурсатдан фойдаланиб гаплашамиз. Чунки: «Сукут сақлашнинг ҳам, сўзлашнинг ҳам ўз вақти бор» (Воиз 3:1, 7). Бундан ташқари, «солиҳ ўйлаб жавоб беради», деган гаплар ҳам ёдимизда (Ҳик. 15:28). Демак, муаммо ҳақида гаплашиш учун озгина вақт кутиш талаб этилар. Шундай қилиб, ранжиган киши ўзини босиб олишига имкон берасиз. Аммо-лекин, вақтни жа чўзиб юборманг!
Яхши ишлар иноқликка олиб келади
10. Қандай қилиб яхши ишлар дўстликка олиб келади?
10 Хушмуомалалик, яқин муносабатларнинг ривожланишига ҳамда сақланишига ёрдам беради. Лекин, бунинг учун анча тер тўкиш керак. Масалан, бошқалар учун яхши-яхши ишлар қилиш, яъни бирон нарсада кўмаклашиш, чин юракдан совға қилиш ва меҳмондўст бўлиш, муносабатлар яхши сақланишига замин яратади. Бу шунингдек, одамнинг «бошига ёнаётган чўғлар йиғиб», яхши фазилатлар ривожланишига ва жанжалсиз гапиришга ҳисса қўшади (Рим. 12:20, 21).
11. Ёқуб акаси Эсов билан муносабатларини тиклаш учун нима қилган ва бу қанақа натижа келтирди?
11 Бобокалонимиз Ёқубнинг мисолини олайлик. Унинг эгизак акаси Эсов жуда ҳам ғазабланган эди. Ёқуб, акаси уни ўлдириб қўймасин деб қочиб кетган. Кўп йиллар ўтгач, Ёқуб яна қайтиб келади. Ўшанда Эсов укасини кутиб олиш учун 400 та кишини ўзи билан олиб боради. Ёқуб, Яҳованинг ёрдамини сўраб, ибодат қилади. Келаётган акасига қимматбаҳо ҳадя юборади. Буни қарангки, бу ўз самарасини беради. Чунки, Эсов нуқтаи назарини ўзгартириб, укаси томон югуриб уни бағрига босиб олади (Ибт. 27:41–44; 32:6, 11, 13–15; 33:4, 10).
Мулойим гапириб, ўзгаларнинг руҳини кўтаринг
12. Имондошларимиз билан гаплашганда, нега мазали сўзлардан фойдаланишимиз керак?
12 Тўғри, биз одамларнинг эмас, Аллоҳнинг хизматчиларимиз. Лекин, барибир атрофдагиларнинг маъқуллашини ҳам хоҳлаймиз. Мазали сўзларимиз билан имондош ака-ука ва опа-сингилларимизнинг оғир юкини енгил қилиб, ором берамиз. Ва аксинча, танқид қилавериб, ғамига ташвиш қўшган бўламиз. Баъзида бундай хатти-ҳаракат, Яҳованинг марҳаматидан маҳрум бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Шундай экан, келинг, самимийлик ила тасалли бахш этадиган нарсалар ҳақида гапирайлик. Зеро, Инжилда шундай ёзилган: «Эҳтиёжга кўра, тингловчиларнинг жонига оро кирадиган яхши сўзлар гапиринглар» (Эфес. 4:29).
13. а) Оқсоқоллар маслаҳат берганда нимани ёдда сақлашади? б) Хат ёзишганда оқсоқоллар қандай йўл тутадилар?
13 Айниқса оқсоқоллар «юмшоқ бўлиб», Худонинг сурувига ғамхўрлик қиладилар (1 Салон. 2:7, 8). Улар, ҳатто «қарши турганларга» ҳам маслаҳат беришганда юмшоқлик билан йўл-йўриқ кўрсатишлари лозим (2 Тим. 2:24, 25). Оқсоқоллар шунингдек, бошқа жамоатнинг оқсоқоллар кенгаши ёки филиал билан ўзаро хат ёзишганида хушмуомала бўлишлари муҳим. Ҳа, бу азиз биродарларимиз Матто 7:12 даги маслаҳатни ёдда сақлаб, меҳрибон ва мулойим бўлишга жон куйдиришади.
Оилада ҳам хушмуомала бўлинг
14. Павлус эрларга қанақа маслаҳат берган ва нега?
14 Дарвоқе сўзларимиз, юзимиз ва имо-ишораларимиз бошқаларга жуда ҳам таъсир қилиши муқаррар. Масалан баъзи эркаклар, уларнинг сўзлари аёлларга қанчалик таъсир қилишини хаёлига ҳам келтирмайди. Бир опамиз: «Хўжайиним менга ўшқириб, жаҳл билан гапирса нафасим ичимга тушиб кетади»,— деб бўлишди. Ҳа, қўпол сўзлар эркакларга қараганда, кўпроқ аёлларга қаттиқ ботади. Ва бу, уларнинг қалбида ўчмас из қолдиради (Луқо 2:19). Айниқса, севги ва ҳурмат ила аёлларга гапиришса бу уларнинг жонига оро киритади. Шунинг учун ҳам, Павлус эрларга: «Хотинларингизни севинглар, уларга қўпол муомалада бўлманглар»,— деб насиҳат қилган (Колос. 3:19).
15. Нега эр хотинига юмшоқ муомалада бўлиши керак? Мисол келтиринг.
15 Анчадан бери уйланган биродаримиз, эр рафиқасини «заиф жинсдан» эканини эътиборга олиб, унга юмшоқ муомалада бўлиши кераклигини айтган. У яхши мисол келтириб, шундай деди: «Нафис гулдонни оладиган бўлсак, уни жудаям қаттиқ ушлаб, стол устига даранглатиб қўйса, у ёрилиб кетиши ҳеч гап эмас. Бу гулдонни елимлаб, ўз ҳолатига келтирсак ҳам, унинг ёрилган жойи барибир кўриниб туради. Худди шундай, эр хотинига қаттиқ гапириб, дилини ранжитиб қўйиши мумкин. Бунинг дастидан, улар бир-биридан совиб қолишлари ҳеч гап эмас» (1 Бутрус 3:7 ўқинг).
16. Қанақасига хотин ўз оиласини мустаҳкамлайди?
16 Шуни айтиш керакки, хотин ҳам эрига айтган сўзлари билан далда бериши ёки хафа қилиб қўйиши мумкин. Эр «фаросатли хотинига» юракдан ишонади, у билан дардлашади, рафиқаси ҳам эри унинг сирдоши бўлишига умид қилади (Ҳик. 19:14; 31:11). Шубҳасизки, оилада аёл муҳим эътиборга лойиқ. Халқимизда: «Эрни эр қилган ҳам хотин, қора ер қилган ҳам хотин»,— деб бекорга айтишмайди-ку! Ҳикматлар 14:1 да мана шуларни ўқиймиз: «Доно хотин ўз оиласини мустаҳкамлайди, нодон хотин эса оиласини ўзи бузади».
17. а) Ёшлар ота-онасига қандай муомалада бўлишлари зарур? б) Ёши катталар йигит-қизларга қандай муносабатда бўлишади ва нега?
17 Ота-она ва фарзандлар ҳам ўзаро хушмуомала бўлишлари мақсадга мувофиқдир (Мат. 15:4). Унутмангки, ёшлар билан ўйлаброқ гаплашсак, уларни ранжитиб қўйишдан ёки жаҳлини чиқаришдан эҳтиёт бўламиз (Колос. 3:21; Эфес. 6:4). Бироқ, шу билан биргаликда болаларимиз тартиб-интизомли бўлишлари муҳим. Ота-она ва оқсоқоллар уларни ҳурмат қилишлари оқилонадир. Ёши катталар йиғит-қизларимизни тўғри йўлга солиб, Аллоҳ билан муносабатлари янада мустаҳкам бўлишига ҳисса қўшишса яхши бўлади. Ахир, тажрибаси борлар уларни олдиндан огоҳлантиришса, ёмон оқибатларнинг олдини олган бўладилар. Қизиғи шундаки, ёшлар уларга берилган маслаҳатларнинг барини эсда сақлаб қолишмас ҳам, лекин улар қай тарзда берилганини унутмайдилар.
Ижобий нарсалар ҳақида гаплашинг
18. Қандай қилиб салбий ҳиссиётлардан халос бўлиш мумкин?
18 Баъзида ташқи кўринишимиз хотиржам бўлиб кўринса-да, ичимиз ғазабга тўлиб кетган бўлиши мумкин. Бундай пайтларда, салбий ҳиссиётларни назорат қилишдан ташқари яна бошқа ҳаракатлар ҳам талаб этилади. Негаки, аччиғимизни шунчаки ютиб олсак, кейинчалик бу бизга ёмон таъсир қилиб танг аҳволга олиб келади. Буни масалан, бир вақтнинг ўзида машинанинг ҳам тормоз педалига, ҳам газ педалига босиш билан таққослаш мумкин. Негаки, бу машинанинг ишдан чиқишига келтириб, охири фалокатга йўлиқтиради. Шундай экан, қаҳр-ғазабни ичингизда сақламанг, чунки кейин бу отилиб чиқиши ҳеч гап эмас. Қайтанга, Яҳовага ибодат қилиб, салбий ҳис-туйғулардан халос бўлишни ўтиниб сўранг. Қолаверса, Отажонимиз Яҳованинг руҳига фикр-хаёлингиз ва қалбингизга таъсир қилишига йўл қўйинг (Римликларга 12:2; Эфесликларга 4:23, 24 ўқинг).
19. Ҳиссиётларни назорат қилиш учун қандай ҳаракатлар даркор?
19 Ҳиссиётларингизни назорат қилиш учун муайян ҳаракатлар керак. Мабодо, ичингиз қайнаб жаҳлингиз чиқаётганини пайқасангиз, балким турган жойингизни тарк этиш яхшироқ бўлар. Шу йўсин, ҳис-ҳаяжонларингиз ўз ўрнига тушар (Ҳик. 17:14). Бордию, сиз билан гаплашаётган одамнинг ғазаби келиб турса, хушмуомала бўлишга жон куйдиринг. Унутмангки, «юмшоқ жавоб ғазабни қайтаради, қаттиқ сўз эса жаҳл чиқаради» (Ҳик. 15:1). Қўпол ва дўқ-пўписа оҳангдаги койиш сўзлар, тинчлик ўрнатишнинг ўрнига вазиятни янада таранглаштиради (Ҳик. 26:21). Демак ўзингизни қўлга олиб, «гапиришда вазмин, ғазаб вақтда оғир» бўлинг. Боз устига Яҳовага ибодат қилиб, салбий эмас, балки ижобий нарсалар айтиш учун муқаддас руҳ сўранг (Ёқб. 1:19).
Чин дилдан кечиринг
20, 21. Бошқаларни кечиришда нима ёрдам беради ва нега шундай қилишимиз зарур?
20 Минг афсуски, ҳеч биримиз мукаммал даражада тилимизни тия олмаймиз (Ёқб. 3:2). Уринишларимизга қарамай, оила аъзоларимиз ва имондошларимиз ўйламай гапириб дилимизни оғритиб қўйишлари мумкин. Дарров хафа бўлиб қолишнинг ўрнига, нега энди у шуни айтди ёки қилди деб сабрлик ила ўйлаб кўринг (Воиз 7:8, 9 ўқинг). Эҳтимол, улар қаршилик, қандайдир синов ёки муаммога дуч келишгандир ё бўлмаса ўзларини ёмон ҳис қилишаётгандир.
21 Лекин, ушбу омиллар жаҳлни тўкиб солишни оқламайди. Бироқ, бундай вазиятларни эътиборга олиб, нега одамлар баъзида бизни ранжитиб қўядиган сўз гапираётганини ёки ишлар қилаётганини тушинишимизга ёрдам беради. Шубҳасизки, ҳаммамиз бир-биримизни қандайдир сўз ёки иш билан хафа қиламиз. Ва одамлар бизни чин дилдан кечириб юборишларига умид қиламиз (Воиз 7:21, 22). Исо Масиҳ айтганидек, Худо гуноҳларимизни кечиришини истасак, ўзимиз бошқаларни кечиришимиз зарур (Мат. 6:14, 15; 18:21, 22, 35). Шунинг учун, дарров узр сўрашимиз ва тезлик билан кечиришимиз керак. Ўшанда, оила ва жамоат ичида «камолот чўққиси бўлган муҳаббатни» ривожлантира оламиз (Колос. 3:14).
22. Хушмуомала бўлиш қандай аҳамиятга эга?
22 Бу ёвуз дунёнинг охири яқинлашиб келяпти экан, хурсанд ва аҳил бўлиб қолиш тобора қийин бўлиб кетяпти. Аммо-лекин, Муқаддас Китоб маслаҳатларига амал қилсак, хушмуомала бўлиб қолишимиз мумкин. Бунинг устига имондошларимиз ва оила аъзоларимиз билан яхши муносабатларга эга эканимиздан қувонамиз. Энг муҳими эса, ўрнагимиз билан бошқалар ҳам муборак Худойимиз Яҳова ҳақида билиб олишларига ҳисса қўшамиз (1 Тим. 1:11).
Илтимос тушунтиринг
• Муаммони ҳал қилишдан олдин нега қулай фурсат излаймиз?
• Нима учун оиладагилар ўзаро хушмуомала бўлишлари керак?
• Ранжитадиган сўзлардан қандай қочишимиз мумкин?
• Кечиримли бўлишга нима кўмаклашади?
[21- саҳифадаги расмлар]
Ўзингизни қўлга олиб, гаплашишга қулай фурсат изланг
[23- саҳифадаги расм]
Эр жуфти ҳалолига доимо юмшоқ муомала қилиши зарур