17- БОБ
«Азизу муқаддас имонингизни ибрат қилиб, ривож топинглар»
Азизу муқаддас имонингизни ибрат қилиб, ривож топинглар... ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар. ЯҲУДО 20, 21
1, 2. Биз қандай бўлишни истаймиз ва нега бу борада ҳаракат қилиш арзийди?
БАРЧАМИЗ бақувват ва соғлом бўлишни истаймиз. Бироқ бунинг учун фойдали овқат истеъмол қилиш, жисмоний машқлар бажариш ва соғлик ҳақида ғамхўрлик қилишни давом эттириш лозим. Гарчи бу муайян ҳаракат талаб этса-да, ҳаётимиз ва келажагимиз бунга боғлиқ экан, унга бепарво қарамаймиз. Ривож топишимиз учун эътиборга лойиқ бўлган яна бир соҳа бор. Бу қандай соҳа экан?
2 Исонинг шогирди Яҳудо бу ҳақда: «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар»,— деб айтиб, бундай қилишга ёрдам берадиган қуйидаги маслаҳатни берган: «Азизу муқаддас имонингизни ибрат қилиб, ривож топинглар» (Яҳудо 20, 21). Хўш, бундай қилишнинг қандай йўллари бор? Келинг, диққатга сазовор учта соҳани кўриб чиқайлик.
ЯҲОВАНИНГ АДОЛАТЛИ ТАЛАБЛАРИГА БИНОАН
3–5. а) Шайтон Яҳованинг талабларини қандай қабул қилишингизга уринмоқда? б) Худонинг талабларига қанақа муносабатда бўлишимиз лозим ва бу бизга қандай таъсир қилиши керак? Мисол келтиринг.
3 Аввало Аллоҳнинг қонунларига нисбатан имонимизни мустаҳкамламоғимиз лозим. Ушбу китобни ўрганиш мобайнида, хулқ-атворга тегишли Яҳованинг бир қанча талабларини кўриб чиқдик. Улар борасида қандай фикрдасиз? Шайтон сизни йўлдан оздириб, Худованднинг қонун-қоидаларини яхши нарсалардан маҳрум этадиган, зулмкордек қабул қилишингизга уринмоқда. Унинг бу усули Адан боғида қўлланилган бўлиб, ҳалигача иш бериб келмоқда (Ибтидо 3:1–6). Сиз ҳам бу тузоққа тушишингиз мумкинми? Кўп нарса сизнинг муносабатингизга боғлиқ.
4 Тасаввур қилинг: сиз истироҳат боғида сайр қилаётиб, унинг бир қисми мустаҳкам, баланд панжара билан ўраб олинганини пайқайсиз. Панжаранинг ичкарисидаги манзара жозибали кўриниб, у ерга киргингиз келади. Аммо ичкарисига кириш имконсиздай туюлиб, ўзингизни қафас ичида тургандек ҳис қила бошлайсиз. Бирдан панжаранинг нариги томонида шер ўлжасини пойлаб ўтирганига кўзингиз тушади! Энди, панжара ҳимоя эканини англаб етасиз. Ҳаётда ҳам шу сингари хавф мавжуд. Худонинг Каломи: «Ҳушёр ва бедор бўлинглар. Душманингиз иблис бировни ютиб юбориш учун излаб, шердай бўкириб кезиб юрибди»,— деб огоҳлантирмоқда (1 Бутрус 5:8).
5 Шайтон йиртқич шер кабидир. Модомики Яҳова Иблиснинг ўлжасига айланишимизни истамас экан, унинг ҳийлаларидан ҳимояловчи қонунларни тақдим этган (Эфесликларга 6:11). Шу боис ҳар сафар Худонинг қонунлари устидан мулоҳаза юритганимизда, Унинг меҳрини ҳис этишга интилайлик. Агар шундай нуқтаи назарга эга бўлсак, Аллоҳнинг қонунлари хавфсизлик ва шодлик манбаи бўлади. Инжилда: «Мукаммал Қонунга, Худонинг эрк берувчи Қонунига яқиндан қараб, унга қатъий амал қилган киши... ўз йўлида бахтиёр бўлади»,— деб ёзилган (Ёқуб 1:25).
6. Худонинг адолатли қонун-қоидаларига нисбатан имонни ривожлантиришнинг энг афзал йўли қайси? Мисол келтиринг.
6 Муқаддас Ёзувлардаги амрларга мувофиқ яшаш, Қонун чиқарувчига ва Унинг донолигига нисбатан имонимизни ривожлантиришнинг энг афзал йўлидир. Мисол учун, «Масиҳнинг Қонуни», бошқаларни у «буюрган ҳамма нарсага амал қилишга» ўргатишни ўз ичига олади (Галатияликларга 6:2; Матто 28:19, 20). Яҳованинг Шоҳидлари шунингдек, йиғилишларни қолдирмаслик ва имондошлари билан далда берувчи мулоқот қилиш амрига риоя этишади (Ибронийларга 10:24, 25). Бундан ташқари Аллоҳнинг амрларига, Унга чин кўнгилдан мунтазам ибодат қилиш ҳам киради (Матто 6:5–8; 1 Салоникаликларга 5:17). Бу амрларга мувофиқ яшасак, улар чинакамига севгига асосланганини ҳис этамиз. Мазкур талабларга бўйсуниш, ушбу нотинч дунёда камёб бўлган қувонч ва мамнуният бахш этади. Парвардигорнинг қонунларига амал қилиш қанчалар фойдали экани устидан мулоҳаза юритиш, наҳотки имонингизни мустаҳкамлаётган бўлмаса?!
7, 8. Адолат йўлидан умр бўйи юра олишидан шубҳаланаётганларга, Худонинг Каломи қай тарзда далда бермоқда?
7 Айримлар, Яҳованинг қонунларига умр бўйи риоя қилиш қийин кечишидан хавотирланишади. Улар қайсидир сабабга кўра йўлдан озишдан қўрқишади. Борди-ю сиз ҳам бундай туйғуларни ҳис этган бўлсангиз, қуйидаги сўзларни ёдингизда тутинг: «Мен сенга фойда келтирадиган нарсаларни ўргатиб, юрар йўлингда раҳнамолик қилаётган, Эганг Яҳоваман. Қанийди, Менинг амрларимга диққат этсанг! Шунда тинчлигинг дарёдай, адолатинг денгиз тўлқинларидай бўларди» (Ишаё 48:17, 18, ЯДТ). Бу сўзлар нақадар далдага бой экани тўғрисида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
8 Ушбу оятда, Яҳовага итоатли бўлиш бизнинг манфаатимизга хизмат қилиши кўрсатилмоқда. У ерда бундай йўл тутишнинг иккита фойдасига эътибор қаратилган. Биринчидан, тинчлигимиз дарёдай сокин, сероб ва узлуксиз бўлади. Иккинчидан, адолатимиз денгиз тўлқинларига ўхшайди. Соҳилда туриб, бирин-кетин мавжланаётган тўлқинларни томоша қилганингизда, бу узлуксиз жараён эканидан, тўлқинлар доим шу соҳилга келиб урилишидан шубҳаланмайсиз. Яҳованинг сўзларига кўра, адолатингиз ҳам шу сингари бўлиши мумкин. Агар Тангрига садоқатли бўлишга ҳаракат қилаётган бўлсангиз, У йиқилишингизга абадий йўл қўймас (Забур 54:23). Наҳотки бундай таъсирчан ваъдалар, Яҳовага ҳамда Унинг адолатли талабларига имонингизни ривожлантирмаётган бўлса?
«КАМОЛОТГА ИНТИЛАЙЛИК»
9, 10. а) Нима учун камолотга интилиш, Худонинг хизматчилари учун арзигулик мақсад? б) Қандай қилиб илоҳий фикр қувонч келтиради?
9 Имонимиз ривож топишига ҳисса қўшадиган иккинчи соҳа қуйидаги илоҳий сўзларда ифодаланган: «Камолотга интилайлик» (Ибронийларга 6:1). Камолотга интилиш — Худонинг хизматчилари учун арзигулик мақсаддир. Гуноҳкор бўлишимизга қарамай, маънан камолотга эришишнинг имкони бор. Боз устига, бунга эришган сайин Яҳовага хизмат қилишдан кўпроқ қувонч топамиз. Қанақасига?
10 Ушбу оятдаги камолот сўзи остида, инсоннинг маънавийлиги назарда тутилган. Бундай киши ҳамма нарсага Аллоҳнинг нигоҳи билан қарай бошлайди (Юҳанно 4:23). Ҳаворий Павлус: «Башарий табиат амри билан яшайдиганлар башарий фикр қиладилар. Илоҳий Руҳ амри билан яшайдиганлар илоҳий фикр қиладилар»,— деб ёзган (Римликларга 8:5). Башарий табиат амри билан яшайдиганлар худбинлик, узоқни кўра билмаслик ва бойликка ўч бўлишгани сабаб ҳаётда кам қувонч топишади. Илоҳий руҳ амри билан яшайдиганлар эса шод-хуррамдир, чунки уларнинг фикри «муборак Худо» бўлмиш Яҳовага қаратилган (1 Тимўтийга 1:11). Маънавий инсон ҳатто синовларда ҳам қувончини йўқотмай, Яҳовани хушнуд этишга интилади. Чунки синовлар, Шайтон ёлғончи эканини исботлаб, Парвардигоримизни мамнун этадиган бенуқсонликни ривожлантириш имконини беради (Ҳикматлар 27:11; Ёқуб 1:2, 3).
11, 12. а) Фарқ этиш малакасига эга бўлган» ибораси шунингдек қандай маънони бериши мумкин? б) Малакага эга бўлиш учун нима талаб қилинади?
11 Камолотга таълим-тарбия орқали эришилади. Мана бу оятни кўриб чиқайлик: «Қаттиқ озиқ эса камолотга етганларга, яъни туйғулари яхши ва ёмонни фарқ этиш малакасига эга бўлганларга хосдир» (Ибронийларга 5:14). Ҳаворий Павлус «фарқ этиш малакасига эга бўлган»лар ҳақда гапирганида, аслида биринчи асрдаги Юнонистон спорт мактабларида кенг қўлланилган сўзни ишлатган. Бу сўз шунингдек «малакали гимнастикачи каби бўлиш» маъносини беради. Хўш, бундай малакага қандай эга бўлиш мумкин?
12 Чақалоқ дунёга келганда, танаси ҳеч нарсага қобилиятсиз бўлади. Масалан, гўдак оёқ-қўлчаларини пала-партиш қимирлатади. У ҳатто қўлчалари билан юзини тирнаб, йиғлаб юборади ва нима бўлаётганини ҳам билмайди. Аста-секин, қўл-оёқларини қимирлатавериб, уларни ишлатишни ўрганади. Гўдак эмаклайди, қадам қўя бошлайди ва чопқиллайдиган бўладиa. Аммо бунинг гимнастикачига қандай алоқаси бор? Ҳавода мураккаб ҳаракатларни моҳирона ва аниқлик билан бажараётган спортчини кўрганингизда, танасининг мушаклари узоқ вақт давомида машқ қилинганида шак-шубҳангиз қолмайди. У ўз-ўзидан бундай маҳоратли гинастикачига айланиб қолмаган, бунинг учун кўп соатлаб машқ қилган. Лекин Муқаддас Китобга кўра, бу каби жисмоний машқларнинг «оз фойдаси» бор. У ҳолда, фарқ этиш малакасига эга бўлиш учун таълим-тарбия олишнинг фойдаси қанчалик катта! (1 Тимўтийга 4:8).
13. Фарқ этиш малакамизни қандай тарбиялай оламиз?
13 Китобимизда, Яҳовага содиқ бўлиб қолишингиз учун фарқ этиш малакангизни тарбиялашга кўмаклашадиган кўп нарсани муҳокама қилдик. Кундалик ҳаётингизда қарорлар чиқараётиб, илоҳий қонун-қоидаларни ибодат ила кўриб чиқинг. Ва ўзингиздан бундай деб сўранг: «Бу масалада Муқаддас Китобнинг қайси қонун-қоидаси мос келади? Уларни қандай қўлласам бўлади? Парвардигорни мамнун этиш учун қанақа йўлни танлайин?» (Ҳикматлар 3:5, 6; Ёқуб 1:5). Шу тариқа чиқарган ҳар бир қарорингиз, фарқ этиш малакангизни бойитади. Бу ўз навбатида маънавий инсон бўлиб, бунда собит туришингизга ёрдам беради.
14. Маънан ўсиш учун нимани тусашимиз керак, аммо қандай огоҳлантиришни ёдда тутишимиз даркор?
14 Камолотга эришишнинг имкони бор экан, бу маънан ўсишга йўл очади. Ўсиш учун эса овқатланиш зарур. Ҳаворий Павлус бу борада: «Қаттиқ озиқ эса камолотга етганларга... хосдир»,— деб айтган. Имонимиз ривож топиши ҳам, қаттиқ маънавий озиқни истеъмол қилишни талаб этади. Ўрганганларингизни тўғри қўлласангиз, оқилона йўл тутган бўласиз, зотан Тавротда: «Донолик қўҳинурдан аълороқдир»,— дейилган. Шундай экан, Яратувчимиз берган ҳақиқатни тусашимиз керак (Ҳикматлар 8:11; 1 Бутрус 2:2). Албатта, билим ва илоҳий доноликка эришиш, ўзимизга бино қўйиш ҳуқуқини бермайди. Шу боис, мунтазам равишда ўзимизни текшириб, қалбимизда мағрурлик ёки бошқа иллат илдиз отишига йўл қўймаслигимиз даркор. Павлус бундай деган: «Ўз-ўзингизни текширинглар: имонда турибсизларми? Ўзингизни синаб кўринглар» (2 Коринфликларга 13:5).
15. Маънан ривож топишда нега севги ўта муҳим?
15 Одам кучли ва соғлом бўлса ҳам, озиқланиши ва ўзига яхши қараши зарур. Камолотга эга бўлиш ҳамда маънавийликни сақлаш учун нимага муҳтожмиз? Аввало, севгига. Яҳова Таоло ва имондошларимизга нисбатан меҳр-муҳаббат кўрсатишдан безмайлик. Ахир севгимиз бўлмаса, бор билимларимизу ишларимиз пучга чиқади (1 Коринфликларга 13:1–3). Муҳаббат туфайли камолотга етиб, маънан ривож топаверамиз.
ФИКРИНГИЗНИ ЯҲОВА АТО ЭТГАН УМИДГА ҚАРАТИНГ
16. Шайтон қай хилдаги фикрларни беради ва Аллоҳ нимани ато этган?
16 Келинг, имонимиз ривож топишига ҳисса қўшадиган яна бир соҳани муҳокама қилайлик. Масиҳнинг издоши бўлиш учун, фикрлаш тарзимизни ҳимоялашимиз керак. Бу дунёнинг ҳокими бўлмиш Шайтон одамларни салбий фикрлаш, руҳи тушкунлик, гумон ва умидсизликка солишга устаси фаранг (Эфесликларга 2:2). Бундай ўй-фикрлар, чириётган ёғоч уй сингари хавфлидир. Бахтимизга Яҳова, бизни асровчи қурол — умидни ато этган.
17. Худонинг Каломи умиднинг муҳимлигини нима билан таққослаган?
17 Муқаддас Китобда, Иблис ва дунёсига қарши курашда қўлланиладиган турли маънавий қурол-аслаҳалар санаб ўтилган. Бундай қуроллардан бири, «нажотга умидворлик дубулғасидир» (1 Салоникаликларга 5:8). Қадимда дубулғасиз аскар жангда омон қолмаслигини биларди. Кўпинча темирдан ясалган дубулғанинг тагидан кигиз ёки теридан тикилган бош кийимни кийишган. Дубулға туфайли, бошга келиб уриладиган зарбалардан аскарнинг калласи катта зарар кўрмасди. Дубулға бошни асрагани сингари, умид онгингизни ҳимоя қилади.
18, 19. Исо умидни сақлашга нисбатан қанақа ўрнак кўрсатган ва унга қандай тақлид қила оламиз?
18 Умидни сақлаш борасида Исо пайғамбар ажойиб ўрнак кўрсатди. Ўлимидан олдинги кеча нималарни бошидан кечирганини бир эсласак. Яқин дўсти пул эвазига унга хиёнат қилди. Бири ундан бир неча марта тонди. Бошқалари эса Исони якка ўзини ташлаб қочиб кетишди. Ҳамюртлари унга қарши чиқиб, Рим аскарлари орқали уни устунга михлашди. Ҳазрати Исо, биз ҳеч қачон дуч келмайдиган синовлардан ўтгани шак-шубҳасиздир. У қийинчиликларга қандай дош берган? Инжилдаги оятда бундай дейилган: «У Ўзини кутаётган шодлик учун шармандаликни менсимай, хоч азоб-уқубатига чидади. Ҳозир эса У Арши Аълонинг ўнг томонида ўтирмоқда» (Ибронийларга 12:2). Ҳа, Исо «Ўзини кутаётган шодликни» ҳеч қачон нигоҳидан қочирмаган.
19 Исо Масиҳни қандай шодлик кутаётган эди? У сабр-бардоши туфайли, Яҳованинг муқаддас исмини улуғлашини ҳамда Шайтоннинг ёлғончилигини узил-кесил исботловчи далил тақдим этишини биларди. Бошқа ҳеч қайси умид, Исога шу қадар қувонч бахш этмаган! Шунингдек у, Яҳова садоқатини мукофотлашидан ва келажакда яна Отаси билан бирга бўлишидан хабардор эди. Оғир синовлар пайтида ҳам Исо ушбу қувончли умидни доим ёдида тутган. Бу биз учун ўрнакдир. Ахир бизни ҳам келажакда шодлик кутмоқда! Яҳова ҳар биримизни Ўз буюк исмини улуғлаш шарафига муяссар этган. Қандай синовларга дуч келмайлик, Яҳовани Ҳукмдоримиз деб тан олиб, ўзимизни Унинг меҳр-муҳаббати соясида сақласак, Шайтоннинг ёлғончи эканини исботлаймиз.
20. Фикрингиз ижобий ва умидга тўла бўлишига нима ёрдам беради?
20 Яҳова садоқатли хизматчиларини тақдирлашни бажонидил истайди (Ишаё 30:18; Малахи 3:10). Суюкли бандаларини кўнгил армонларига етказиш Унга хуш ёқади (Забур 36:4). Шу сабабли фикрингизни келажакдаги умидга қаданг. Шайтон дунёсининг салбий, бузуқ ва шубҳали фикрларига қарши туринг. Бу дунёнинг руҳи онгингизу қалбингизга суқилиб кираётганини ҳис этсангиз, Яҳовага ёлвориб ибодатлар қилинг. Шунда «Худо берган тинчлик сизнинг кўнглингиз ва фикр-хаёлингизни хотиржам қилади» (Филиппиликларга 4:6, 7).
21, 22. а) «Улкан бир оломон» қандай ажойиб умидга эга? б) Қайси умид сиз учун ўта қадрли ва қарорингиз нимадан иборат?
21 Нақадар ажойиб умидимиз бор! Агар «буюк қайғудан» ўтиб чиқадиган «улкан бир оломон» қаторида бўлсангиз, сизни қандай истиқбол кутаётганини бир тасаввур қилинг-а! (Ваҳий 7:9, 14). Ўшанда Шайтон ва жинлари бошқа мавжуд бўлмайди, деган фикрни эҳтимол ҳозир ақлга сиғдириш қийиндир. Чунки ҳеч биримиз Иблиснинг ҳалокатли таъсиридан холи яшамаганмиз-да. Бу таъсирга чек қўйилгандан сўнг эса, Исо ҳамда унинг 144 000 ҳамворислари раҳбарлиги остида, ерни жаннатга айлантириш ишида иштирок этиш бениҳоя хурсандчилик бахш этади. Барча касалликлару хасталиклар йўқ бўлиши ва ҳаётдан кўз юмган яқинларимиз тирилишининг гувоҳи бўлиб, Аллоҳ тайёрлаб қўйган ҳаётга эга бўлиш, бизни ҳаяжонга солади! Мукаммалликка эришганимиз сайин, энг улкан мукофотга — «Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига» тобора яқинлашамиз (Римликларга 8:21).
22 Тангри Яҳова, ҳатто хаёлингизга ҳам келмаган эркинликка муяссар бўлишингизни хоҳлайди. Бундай озодликка эришиш итоаткорликка боғлиқ. Наҳотки бу, Яҳовага доим бўйсуниш учун ҳар қандай уринишларимизга арзимаса?! Шундай экан, иложи борича азизу муқаддас имонимизни ривож топтириб, абадулабад ўзимизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлайлик!
a Олимларнинг айтишича, инсон проприоцепция, деб аталувчи сезувчанлик хусусиятга эга бўлиб, бу туфайли оёқ-қўлларининг ҳаракатини йўналтира олади. Мисол учун, кўзингиз юмуқ ҳолда чапак чала оласиз. Бу ҳиссиётни йўқотган бир бемор туриш, юриш ва ҳатто ўтириш қобилиятидан маҳрум бўлган.