Исо сингари жасорат ила ваъз қилинг
Худо Ўз Хушхабарини сизларга ҳам етказиш учун бизга жасорат берди. 1 САЛОН. 2:2
1. Нега Худо Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабар шунчалик ажойиб?
ҚУВОНЧЛИ хабар эшитиш нақадар яхши-я! Аммо янгиликларнинг энг зўри, Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабардир. Зотан у орқали, яқинда барча азоб-уқубатлар, касалликлар ва ҳатто ўлим бартараф қилинишини билиб оляпмиз. Шунингдек, хушхабарни тинглаган киши абадий ҳаётга эга бўлиши ва Аллоҳнинг мурод-мақсадларини тушуниши мумкин. Қолаверса, у Эгамизга яқинлашиш имконини ҳам беряпти. Наҳотки бундай ажойиб янгиликни эшитган одам хурсанд бўлмаса? Афсуски, бундайлар ҳам бор.
2. Исонинг: «Ажратиш учун келганман», деган гапини изоҳлаб беринг.
2 Исо Масиҳ ўз шогирдларига мана бундай деган эди: «Мени ер юзига тинчлик келтириш учун келган, деб ўйламанглар. Мен тинчлик эмас, балки қилич келтиргани келганман. Одамни отасидан, қизни онасидан, келинни қайнонасидан ажратиш учун келганман. Одамнинг душманлари ўз уйидагилар бўлади» (Мат. 10:34–36). Гап шундаки, кўпчилик хушхабарни жон деб қабул қилишнинг ўрнига, уни инкор этади. Баъзилар, хушхабарни келтирган инсонни, ҳатто у яқин қариндоши бўлса ҳам, унга ўзлари душмандек бўлиб олишади.
3. Хизматимизни бажариш учун биздан нима талаб этилади?
3 Биз ҳам Исо ваъз қилган ҳақиқатни одамларга етказяпмиз ва кўпларнинг муносабати худди ўша пайтдагидек. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Ахир, Исо ўз издошларини: «Қул ўз хўжайинидан юқори бўлмас... Агар Мени қувғин қилган бўлсалар, сизларни ҳам қувғин қиладилар»,— деб огоҳлантирган эди-ку! (Юҳан. 15:20). Тўғри, аксарият мамлакатларда бизни очиқдан-очиқ қувғин қилишмайди. Аммо барибир кўпчилик бизни назарига илмайди, баъзилари эса ҳатто нафратланади. Шу сабабга кўра, хушхабарни шижоат ила ваъз қилишимиз учун, имон ва жасорат даркор (2 Бутрус 1:5–7 ўқиб беринг).
4. Ваъз қилиш учун Павлус нега жасоратли бўлиши керак эди?
4 Агар ваъзгўйликнинг айрим усуллари сиз учун қийин кечаётган бўлса, бунинг қўрқинчли жойи йўқ. Сабаби, бундай туйғулар бошқаларда ҳам бўлиб туради. Масалан, ҳаворий Павлус ўта довюрак ваъзгўй бўлиб, ҳақиқатни жуда яхши биларди. Бироқ, ваъз қилиш ҳатто унга ҳам доимо осон бўлмаган. Салоникадаги имондошларига Павлус шундай ёзган: «Биласизларки, ундан олдин Филиппи шаҳрида азоб чекиб, ҳақоратга учраган эдик. Аммо бу шиддатли қаршиликларга қарамасдан, Худо Ўз Хушхабарини сизларга ҳам етказиш учун бизга жасорат берди» (1 Салон. 2:2). Филиппи шаҳрининг маъмурлари, Павлус билан Силани роса калтаклашганидан сўнг, зиндонга кишанлаб қўйишган (Ҳавор. 16:16–24). Улар шундай кўргиликларни бошдан кечирганларидан кейин ҳам, жасурлик ила хизматларини давом этишган. Қизиқ, бу бизнинг ҳам қўлимиздан келармикин? Албатта! Бунинг учун, Худога жасорат ила хизмат қилганларнинг ўрнагига эргашишимиз муҳим. Ушбу мақолада айрим мисолларни кўриб чиқамиз.
Қаршиликлар пайтида жасорат талаб этилади
5. Нега Яҳованинг барча хизматчиларидан жасорат талаб қилинганди?
5 Шубҳасизки, жасоратли бўлишда Исо Масиҳ юксак ўрнак кўрсатган. Бироқ, инсоният тарихи давомида, Яҳованинг барча хизматчиларидан жасорат талаб қилинган. Нега дейсизми? Илк инсон жуфти Яҳовага қарши исён кўтарганида, Аллоҳнинг хизматчилари билан Шайтоннинг тарафдорлари ўртасида адоват бўлиши башорат қилинганди (Ибт. 3:15). Масалан, Қобил ўз укасини ўлдирганида, ушбу адоват дарҳол юзага чиқди. Кейинчалик эса, Тўфондан олдин яшаган Ханўх пайғамбарга ҳам душманлик қилишган. Худо сон-саноқсиз азизлари билан келиб, барча бетавфиқларни ҳукм этишини у каромат қилган эди (Яҳд. 14, 15). Ханўхнинг ушбу хабари кўпларнинг жаҳлини чиқаргани табиий. Шунинг учун ҳам, ғазабга минган одамлар уни қийнаб ўлдирмоқчи эдилар. Бироқ, Яҳова бунга йўл қўймай, севикли хизматчисини ўлим уйқусига мубтало қилди. Шундай шароитда ваъз қилган Ханўхнинг жасоратига қойил қолса арзийди! (Ибт. 5:21–24).
6. Фиръавн билан гаплашиш учун нега Мусо жасоратли бўлиши лозим эди?
6 Энди, Мусо пайғамбарнинг мисолини олайлик. У, ўжар фиръавнга рўбарў келиши керак эди. Ушбу фиръавн ўзини худо деб биларди. Ва уни ҳатто қуёш худоси Ранинг ўғли дейишарди. Аслида, қадимда фиръавнлар ўз ҳайкалига сиғинишарди ва уларнинг гапи қонун бўлган. Хуллас, фиръавн қудратли, такаббур ва ўжар бўлиб, бошқаларнинг фикрини ҳечам эътиборга олмасди. Мусо эса, бир беозор чўпон бўла туриб, ҳеч ким уни таклиф қилмаса ҳам у ерга қайта-қайта боришга журъат этарди. Хўш, у фиръавннинг олдига нима мақсадда борар эди? У, ўша қайсар шоҳдан атиги бир неча миллион қулни озодликка чиқаришни сўраган. Мусо шунингдек, агар фиръавн бунга рози бўлмаса, Мисрни даҳшатли фалокатлар қоплашини башорат қилган. Шубҳасизки, бунинг учун Мусодан жасорат талаб этиларди (Саҳ. 12:3; Иброн. 11:27).
7, 8. а) Қадимда художўй кишилар қандай кўргиликларни бошдан кечиришган? б) Уларнинг ҳақ топинишда жасоратли бўлиб қолишларига нима кўмаклашган?
7 Мусодан кейин яшаган пайғамбарлар ва бошқа содиқ хизматчилар ҳам ҳақ топинишда асрлар мобайнида жасорат кўрсатиб келишган. Шайтон эса бундан роса ғазабланиб, уларга зулм ўтказишга уринган. Ҳаворий Павлус бу борада шундай деган: «Тошбўрон бўлдилар, қийноқларга чидадилар, арралаб иккига бўлиндилар, қиличдан ўтказилдилар. Қўй ва эчки кўни ичида сарсон-саргардон кезиб, муҳтожлик, танглик, азоб-уқубат чекдилар» (Иброн. 11:37). Худонинг хизматчилари садоқатли қолишларига нима кўмаклашган? Масалан Ҳобил, Иброҳим, Соро ва бошқалар қаердан куч топа олишган? Павлус бу ҳақда қуйидагича ёзган: «Бу кишиларнинг ҳаммаси Худо ваъда этган баракаларга эришмай, имонли бўлиб оламдан ўтдилар. Баракани узоқдан кўриб олқадилар» (Иброн. 11:13). Қадимда Илёс, Еремиё ва бошқа бир қатор пайғамбарлар ҳақ топинишда садоқатли бўлиб, жасорат кўрсатишган ва улар Яҳова Таолонинг ваъдаларига кўз тикиб яшашган (Титус. 1:2).
8 Ушбу садоқатли кишилар, порлоқ келажакка умид боғлашган. Тирилишганидан кейин, Олий Руҳоний бўлмиш Исонинг ҳамда 144 000 мойланганларнинг руҳоний сифатидаги хизмати туфайли, улар камолотга эришиб «фано қуллигидан озод этиладилар» (Рим. 8:21). Боз устига, Худованд Яҳова Еремиёни доим қўллаб-қувватлашида ишонтирган эди. Бу эса, унга ва Худонинг бошқа садоқатли хизматчиларига яхшигина жасорат берган (Ерм. 1:19). Демак, биз ҳам Худонинг маънан ҳимоя қилиш ваъдасига қаттиқ ишонсак, ҳамиша жасоратга тўлиб юрамиз (Ҳик. 2:7; 2 Коринфликларга 4:17, 18 ўқиб беринг).
Исо севги туфайли жасорат ила ваъз қилган
9, 10. Исо жасоратли эканини дин пешволари олдида, аскарлар қуршовида, бош руҳоний қаршисида ва Пилатнинг ҳузурида қандай кўрсатган?
9 Буюк Устозимиз Исо, турли вазиятларда жасорат кўрсатган. Мисол учун, амалдорлар ундан нафратланишган бўлса-да, Исо хушхабарни ҳаммага бирдек ваъз қилишда давом этган. У дин пешволарининг сохта таълимотларини фош қилишдан қўрқмай, уларнинг иккиюзламачи эканини юзларига шартта айтар эди. Бир марта у шундай деган: «Эй уламою фарзийлар, сиз мунофиқларнинг ҳолига вой! Сизлар ташқаридан чиройли кўринадиган, лекин ичи ўликларнинг суяклари ва ҳар хил қабиҳликларга тўла, оҳакланган қабрларга ўхшайсизлар. Гарчи ташқаридан инсонларга мўмин кўринсангизлар ҳам, лекин ичларингиз иккиюзламачилик ва ёмонликка тўладир» (Мат. 23:27, 28).
10 Қолаверса, Гетсемания боғига аскарлар бостириб келганида, Исо яшириниб ўтирмай, мана мен деб чиққан (Юҳан. 18:3–8). Кейинчалик, Олий Кенгашда бош руҳоний уни сўроқ қилишга тушди. Уни ўлдириш учун баҳона излашаётганини билса ҳам, Исо ўзининг Худо томонидан юборилганлигини таъкидлашдан қўрқмаган. Бунинг устига, у ўша ғаламисларга: «Тангрининг ўнг томонида ўтириб, осмон булутлари билан келаётганимни кўрасизлар»,— деб айтган (Марк 14:53, 57–65). Кўп ўтмай, озод қилишга қурби етадиган Пилатнинг ҳузурига уни олиб келишади. Лекин Исо, уни қанча айблашса ҳам лол-мим демасди (Марк 15:1–5). Шак-шубҳасизки, бунинг учун у ниҳоятда довюрак бўлиши керак эди.
11. Жасорат билан севгининг қандай боғлиқлиги бор?
11 Бундан олдин Исо Пилатга: «Мен ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик қилмоқ учун туғилганман, ана шу мақсадда оламга келдим»,— деган эди (Юҳан. 18:37). Ҳа, Исо самовий Отасини севгани учун, хушхабарни ваъз қилиш вазифасини жон деб бажарган (Луқо 4:18, 19). Бундан ташқари, у одамларни ҳам севар ва улар қийинчиликларга дуч келаётганини яхши биларди. Биз ҳам, Исо каби қўрқмай шоҳидлик қилишни истасак, Худони ва ўзгаларни чин юракдан севишимиз лозим (Мат. 22:36–40).
Муқаддас руҳ ёрдамида довюрак бўлиб ваъз қиламиз
12. Илк масиҳчилар нимадан бахтиёр эдилар?
12 Исонинг ўлимидан бир неча ҳафта ўтганидан сўнг, унинг шогирдлари қаторига бошқалар ҳам қўшилди. Илк масиҳчилар бундан жуда бахтиёр эдилар. Ваҳоланки, Ҳосил байрамини нишонлаш учун Қуддусга келганлардан тахминан 3 000 киши сувга чўмиб имон келтирганди. Бу воқеа қанчалар шов-шувга сабаб бўлганини бир тасаввур қилинг-а! Муқаддас Китобда қуйидагини ўқиймиз: «Ҳар бир жонда хавотир бор эди. Ҳаворийлар эса Қуддусда кўп ажойиб ва мўъжизакор ишлар қилмоқда эдилар» (Ҳавор. 2:41, 43).
13. Нега биродарлар Яҳовадан жасорат сўрашди ва натижада нима бўлди?
13 Қаттиқ ғазабланган дин пешволари, Бутрус билан Юҳаннони бир кечага қамаб, Исо номидан бошқа ваъз қилмасликни уларга буюрадилар. Улар озодликка чиққач, бор гапни биродарларига айтиб беришади ва ҳаммаси Яҳовага: «Сенинг сўзингни тўла жасорат билан айтиш қувватини шу қулларингга эҳсон айла»,— деб илтижо қилишади. Оқибатда, «ҳаммалари Муқаддас Руҳга тўлиб, Худонинг сўзини жасорат билан гапира бошладилар» (Ҳавор. 4:24–31).
14. Ваъзгўйликда муқаддас руҳ бизга қандай ёрдам беради?
14 Кўриб турганимиздек, Яҳованинг қудратли муқаддас руҳи ёрдамида, масиҳчилар хушхабарни жасурлик билан ваъз қила олишган. Биз ҳам ҳақиқатни бошқаларга, айниқса қаршилик кўрсатаётганларга етказишда ўз кучимизга ишонмаймиз. Шуни унутмангки, кимки Яҳовадан муқаддас руҳини сўраса, албатта унга эга бўлади. Дарвоқе, ҳар қандай қаршиликларни жасорат ила енгишимизга айнан Яҳова ёрдам беради (Забур 137:3 ўқиб беринг).
Бугун ҳам масиҳчилар дадиллик ила ваъз қилишяпти
15. Бугун одамлар ҳақиқатга қандай муносабатда бўлишяпти?
15 Бугунги кунда ҳам одамлар ҳақиқатга турлича муносабат кўрсатишмоқда. Кимдир хушмуомала бўлса, кимдир хизматимизнинг маъносини ҳам, унинг қадрини ҳам билмайди. Айримлари эса бизни танқид қилишга уста. Бунақалар устимиздан кулишади ва ҳатто Исо айтиб ўтганидек, биздан нафратланишади (Мат. 10:22). Баъзида оммавий ахборот воситалари орқали биз ҳақимизда ёлғон ва бўлмағур гаплар тарқалади (Заб. 108:1–3). Шундай бўлса-да, Яҳованинг хизматчилари дадиллик билан хушхабарни жаҳон бўйлаб тарғиб қилишмоқда.
16. Жасоратимиз, одамларнинг хушхабарга бўлган муносабатини қандай қилиб ўзгартириши мумкин?
16 Одамлар жасоратимизни кўриб, хушхабарга бўлган муносабатини ўзгартириши ҳам мумкин экан. Мана бир мисол. Қирғизистонлик опамиз шундай воқеани айтиб берди: «Уйма-уй ваъз қилиб юрганимда, биттаси чиқиб: “Менга қаранг, христианларнинг таълимоти менга керак эмас. Агар эшигимнинг остонасида сизни яна кўрсам, итимни қўйиб юбораман!” — деб дўқ урди. Ҳақиқатан ҳам орқасида катта ит кўриниб турган эди. Уч кундан сўнг, шу хонадонда яшовчи бошқа оила аъзосини учратиш ниятида, у ерга қайта бордим. Буни қарангки, эшикни яна ўша киши очди. Тезда ичимда ибодат қилдим-у, унга шундай дедим: “Ассалом алайкум, ўтган сафар сиз билан гаплашган эдик, итингизни ҳам унутганим йўқ. Шу ердан ўтиб кетаётган эдим, йўл-йўлакай бир кирай-чи дегандим. Аслида менинг ҳам христиан оламига ҳеч қандай алоқам йўқ, мен ҳам сизга ўхшаб ягона Аллоҳга эътиқод қиламан”,— деб унга “Сохта диннинг ҳалокати яқиндир!”, номли букламани таклиф қилдим. Шунингдек, ушбу букламада Худо яқинда барча сохта динларни йўқ қилиши ҳақида ёзилганини ҳам унга айтдим. У киши индамай букламани олганига беш кетдим. Кейин бошқа уйга кетаётганимда, у орқамдан чопқиллаб келиб, букламани бир зумда ўқиб чиққанини айтди ва: “Худонинг қаҳрига учрамаслик учун нима қилишим керак?” — деб сўради». Ҳозир эса, бу киши билан тадқиқ ўтказиляпти ва у жамоат учрашувларига ҳам қатнаяпти.
17. Опамизнинг жасорати Муқаддас Китобни ўрганаётган аёлга қандай таъсир қилди?
17 Шуни айтиш жоизки, жасоратимиз ўзгаларга ҳам дадиллик бағишлайди. Россияда жудаям қизиқарли ҳодиса юз берди. Бир опамиз автобусга чиқиб, ёнида ўтирган йўловчига журнал бермоқчи бўлган экан. Шу заҳоти, битта киши ўрнидан туриб, журнални опамизнинг қўлидан олибди-да, ғижимлаб ерга ташлаб юборибди. Буниси етмаганидек, у киши опамизга: «Ўзи қаерда турасиз, бу маҳаллада агитация қилиб юрганингизни иккинчи кўрмай»,— деб дағдаға қилиб қўйди. Опажонимиз, тезда Яҳовага илтижо қилиб, Исонинг мана шу сўзларини эслабди: «Танни ўлдириб, жонни эса ўлдира олмайдиганлардан қўрқманглар» (Мат. 10:28). Сўнг эса, у ўзини қўлга олиб: «Қаерда туришимни сўраб нима қиласиз? Мен бу ерда ваъз қилавераман»,— деб автобусдан чиқиб кетибди. Буни қарангки, ўша опамиз билан Муқаддас Китобни ўрганаётган аёл ҳам, ана шу автобусда ўтирган экан. Илгари ўша аёл одамлардан қўрққани учун йиғилишларга бормасди. Ушбу воқеадан кейин эса, у жасоратга тўлиб, жамоат учрашувларини қолдирмайдиган бўлди.
18. Ваъзгўйликда Исо каби довюрак бўлишимизга нима кўмаклашади?
18 Хулласи калом, бу ёвуз дунёда яшар эканмиз, ваъз қилишда Исо каби довюрак бўлишимиз муҳим. Хўш, бунда бизга нима ёрдам беради? Авваламбор, келажакка умид билан қараш зарур. Шунингдек, Худога ва ўзгаларга бўлган севгимизни мустаҳкамлашимиз керак. Жасоратли бўлиш учун Аллоҳга ибодат қилиш лозим. Шуни ҳам ёдда тутингки, биз ёлғиз эмасмиз. Зеро Буюк Устозимиз Исо Масиҳ, бизни ҳамиша қўллаб-қувватлашга ваъда берган! (Мат. 28:20). Қолаверса, Худонинг муқаддас руҳи ҳам бизга доим куч ато этади. Илойим, бундан буён ҳам Худовандимиз Яҳова қут-баракалар ёғдириб, биздан ёрдамини дариғ тутмасин. Ва охир-оқибат ҳар биримиз дадиллик ила: «Худованд мен томонда, мен қўрқмайман. Инсон менга не қила билар?» — деб айта олайлик (Иброн. 13:6).
Қандай жавоб берардингиз?
• Худонинг халқи нега дадил бўлиши керак?
• Жасоратли бўлишда...
ўтмишдаги художўй кишилардан нимани ўрганишимиз мумкин?
Исодан қандай ўрнак олсак бўлади?
илк масиҳчилардан қандай сабоқ оламиз?
Худонинг ҳозирги хизматчилари қандай намуна кўрсатмоқда?
[21- саҳифадаги расм]
Исо Масиҳ дин пешволарининг иккиюзламачилигини фош қилишдан қўрқмасди
[23- саҳифадаги расм]
Тангри Яҳова, ваъзгўйликда жасоратли бўлишимизга кўмаклашяпти