Ўн биринчи боб
«Аввало Худонинг Шоҳлиги пайидан бўлинглар»
1. а) Нима сабабдан Исо тингловчиларини аввало Шоҳликнинг пайидан бўлишга ундади? б) Ўзимизга қандай савол беришимиз керак?
БУНДАН 1 900 йил муқаддам Жалилада Исо тингловчиларига қарата: «Сиз аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинглар»,— деб рағбатлантирди. Аммо бундай тезкорликнинг сабаби нимада эди? Масиҳ тахтга ўтириши учун ҳали кўп асрлар ўтиши керак эди-ку? Тўғри, аммо Яҳова Масиҳий Шоҳлик орқали Ўз ҳукмдорлигини тасдиқлаши ва ерга нисбатан энг асосий ниятини бажариши керак эди. Бунинг муҳимлигини англаб етганлар, Шоҳликни ҳаётларида биринчи ўринга қўйишга рағбатландилар. Агар биринчи асрда бундай бўлган бўлса, Масиҳ Шоҳлик тахтига ўтирган бугунги кунда бу нақадар муҳим! Шундай экан, ҳар биримиз ўзимиздан сўрашимиз мумкин: ҳаётимда аввало Худонинг Шоҳлиги пайидан бўлаяётганимни кўрсатяптманми? (Матто 6:33).
2. Инсонлар асосан нима билан банд?
2 Бугун ер юзида миллионлаб инсонлар аввало Шоҳликнинг пайидан бўлишмоқда. Улар ўзларини Яҳовага бағишлаб, Унинг иродасини бажариш билан банд бўлиш ила, Шоҳлик бошқарувини қўллаб-қувватламоқдалар. Инсонларнинг кўпчилиги эса дунё ишлари билан овора. Уларнинг мақсади — пул, бойлик ҳамда айш-ишрат бўлиб қолган. Ёки бўлмаса, бутун куч-қувватларини мартабага эришишга бахшида этмоқдалар. Уларнинг ҳаёти ўзига бино қўйиш, бойлик орттириш ва айш-ишратдан иборат эканлигидан далолат бериб турибди. Худо улар учун иккинчи ўринда ёки Унга умуман ишонишмайди (Матто 6:31, 32).
3. а) Исо шогирдларини қандай хазиналар пайидан бўлишга ундади ва нима учун? б) Нима сабабдан моддий нарсалар тўғрисида ҳаддан ортиқ қайғурмаслигимиз керак?
3 Исо ўз шогирдларига бундай маслаҳат берди: «Бу дунёда... хазиналарни жамламанглар», чунки улар ўткинчидир. Аксинча у, Яҳовага хизмат қилиш ила осмон хазиналарини жамлашга рағбатлантирди. Исо издошларини кўзларини «тиниқ» сақлашга, яъни куч-қувватларини Яҳованинг иродасини бажо келтиришга сарфлаб, шу билан банд бўлишга чақирди. «Ҳам Худога, ҳам пулга бирдек сиғина олмайсизлар»,— деди у. Бироқ озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошпана каби моддий эҳтиёжлар ҳақида нима дейиш мумкин? «Ташвишланиб юрманглар»,— деб насиҳат берди Исо. У шогирдларининг эътиборини қушларга қаратди — Худо уларни боқяпти. Гулларни ўрнак қилиб кўрсатди — Худо уларни кийинтиряпти. Яҳованинг оқил хизматчилари улардан кўра аълороқ эмасми? «Сиз аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлинглар,— деди Исо — шунда буларнинг ҳаммаси сизга қўшимча қилиб берилади» (Матто 6:19-34). Ишларингиз бунга ишонаётганингиздан далолат беряптими?
Шоҳлик ҳақиқатини сўндиришларига йўл қўйманг
4. Агар инсон моддий нарсалар ҳақида ҳаддан ортиқ қайғурса, нима юз бериши мумкин?
4 Ўзимизнинг ҳамда оиламизнинг эҳтиёжларини қондириш ҳақида ғамхўрлик қилиш ўринлидир. Лекин инсон моддий нарсалар тўғрисида ҳаддан ортиқ қайғураётган бўлса, бу қайғули оқибатларга олиб келиши мумкин. Гарчи у Шоҳликка ишонаман деб таъкидласа-ю, аммо қалбидаги асосий ўринни бошқа нарсалар эгаллаётган бўлса, Шоҳлик ҳақиқати сўниши мумкин (Матто 13:18-22). Мисол учун, бир куни бой амалдор йигит Исодан: «Абадий ҳаёт насиб бўлмоғи учун нима қилишим керак?» — деб сўради. У йигит ахлоқли ҳаёт кечирар ва бошқаларга яхши муомала қилар эди, аммо у моддий бойликларига кўнгил қўйган эди. У ҳатто Исонинг издоши бўлиш эвазига ҳам, бойлигидан воз кеча олмади. Акс ҳолда у самовий Шоҳликда Исо билан бирга бўлиш имкониятига эга бўларди. Шу сабабли Исо: «Пул-дунёси борларнинг Худо Шоҳлигига киришлари нақадар қийин!» — деди (Марк 10:17-23).
5. а) Павлус Тимўтийни нима билан қаноатланишга ундади ва нима учун? б) Қандай қилиб Шайтон «пулпарастликни» ҳалокат тузоғи сифатида ишлатмоқда?
5 Йиллар ўтиб ҳаворий Павлус, тижорат маркази бўлмиш Эфес шаҳрида яшовчи Тимўтийга мактуб йўллади. Павлус унга: «Биз дунёга ҳеч нарса келтирмадик, ундан ҳеч нарса олиб кетолмаслигимиз ҳам аниқ. Ейиш учун ризқ-рўз ва кийиш учун кийим бўлса, шулар билан қаноат ҳосил қилайлик»,— деб эслатди. Ўзимизни ҳамда оиламизни «ейиш учун ризқ-рўз ва кийиш учун кийим» билан таъминлаш мақсадида меҳнат қилишимиз ўринли. Бироқ Павлус: «Бойликка интилганлар васваса тузоғига илинадилар, инсонларни балою ҳалокатга йўлиқтирувчи кўп бемаъни ва зарарли ҳавасларга қурбон бўладилар»,— деб огоҳлантирди. Шайтон айёр. Бошида у одамни майда нарсалар билан чалғитиши мумкин. Сиқув борган сайин кучайиб боради: юқори лавозимга кўтарилиш имконияти ёки илгари маънавий ишларга ажратган вақт эвазига, маоши яхши иш топилиб қолиши мумкин. Агар эҳтиёткор бўлмасак, «пулпарастлик» Шоҳликка алоқадор бўлган энг муҳим нарсаларни сўндириши мумкин. Павлус буни қуйидаги сўзлар билан ифодалади: «Баъзилар бойликка ружу қўйиб, имондан қайтдилар ва ўзларини кўпгина азобларга дучор қилдилар» (1-Тимўтийга 6:7-10).
6. а) Бойликка ўчлик тузоғига тушиб қолмаслик учун нима қилишимиз керак? б) Дунёдаги иқтисодий ҳолат қандай бўлишига қарамай, нимада амин бўлишимиз мумкин?
6 Имондош биродари Тимўтийга нисбатан чин севгиси ила Павлус: «Сен булардан ўзингни четга торт» ва «имон учун бўлган улуғ курашда жон-жаҳдинг билан ҳаракат қил»,— деб рағбатлантирди (1-Тимўтийга 6:11, 12). Бу дунёнинг бойликка ўчлиги бизни ҳам ўз домига тортиб кетишини истамасак, қарши турмоғимиз лозим. Агар бор кучимиз билан имонимизга яраша ҳаёт кечиришга ҳаракат қилсак, Яҳова бизни ташлаб қўймайди. Ишсизликка ҳамда нархларнинг баландлигига қарамай, ҳаёт учун зарурий нарсаларимиз бўлишига ғамхўрлик қилади. Бу ҳақда Павлус: «Пулпарастликдан холи кун кечиринглар. Қўлингизда бори билан қаноатланинглар. Чунки Худонинг Ўзи: „Сени ҳеч ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман“,— деган. Шу сабабли биз жасорат билан: „Худованд мен томонда, мен қўрқмайман. Инсон менга не қила билар?“» — деб айтишимиз мумкин (Ибронийларга 13:5, 6). Шоҳ Довуд эса: «Мен ёш ҳам эдим, қариб ҳам қолдим, аммо солиҳнинг ташлаб кетилганини, ёки унинг зурриёти нонга зор бўлганини кўрмадим»,— деб ёзган (Забур 36:25).
Илк шогирдларнинг ўрнаги
7. Ваъз қилишга нисбатан Исо шогирдларига қандай қўлланма берди ва нима сабабдан бу ўринли эди?
7 Исо ҳаворийларига кераклича таълим берганидан сўнг, уларни Исроилга хушхабарни ваъз қилишга ва: «Осмон Шоҳлиги яқинлаб қолди»,— деб эълон қилишга юборди. Нақадар ҳаяжонли хабар! Бўлажак Шоҳ Исо Масиҳ уларнинг ораларида эди. Ҳаворийлар Худога хизмат қилиш учун ўзларини тўлиқ бахшида этишганида, Исо уларни Худонинг ғамхўрлигига амин бўлишларига ундади. У шундай деди: «Йўлга ҳеч нарса олманглар: ҳасса ҳам, тўрва ҳам, нон ҳам, ақча ҳам, бир жуфт кўйлак ҳам олманглар. Қайси уйга кирсангизлар, у ердан жўнагунингизча ўша уйда қолинглар» (Матто 10:5-10; Луқо 9:1-6). Яҳова уларнинг эҳтиёжлари тўғрисида, ҳамюртлари бўлмиш исроилликларнинг меҳмондўстлиги орқали ғамхўрлик қилган бўларди.
8. а) Ўлимидан сал олдин, нима сабабдан Исо ваъз қилишга нисбатан ўзгача қўлланма берди? б) Исонинг издошлари ҳаётида аввалгидай биринчи навбатни нима эгаллаши керак эди?
8 Кейинчалик, ўлимидан олдин Исо ҳаворийларини ваъзгўйлик ишини ўзгача шароитда бажаришларига тўғри келиши ҳақида огоҳлантирди. Уларнинг фаолиятига расмий равишда қаршилик бошланганида, эҳтимол, Исроилда уларга илгаригидек меҳмондўстлик кўрсатилмайди. Бундан ташқари, улар Шоҳлик ҳақидаги хабарни бошқа халқларга ҳам етказишлари керак эди. Энди улар ўзлари билан «ҳамён» ва «тўрва» олишлари керак эди. Шундай бўлса-да, улар зарурий озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошпана топишга нисбатан уринишларини Худо баракалашига амин бўлиб, аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлишда давом этишлари лозим эди (Луқо 22:35-37).
9. Гарчи Павлус моддий эҳтиёжлари ҳақида ғамхўрлик қилган бўлса-да, нима учун у аввало Шоҳликнинг пайидан бўлган дейиш мумкин ва у бизни нимага қилишга ундаган?
9 Исонинг маслаҳатига амал қилишда ҳаворий Павлус зўр ўрнак кўрсатди. Худога хизмат Павлуснинг ҳаётида асосий ўринни эгалларди (Ҳаворийлар 20:24, 25). Гарчи у ваъзгўйлик қилишга биринчи ўринни ажратган бўлсада, ўз моддий эҳтиёжларини қондириш учун, бошқалардан ёрдам кутиб ўтирмай, чодир тикиш билан шуғулланган. (Ҳаворийлар 18:1-4; 1-Салоникаликларга 2:9). Бироқ унга меҳмондўстлик кўрсатишганда ёки меҳр-муҳаббат изҳори сифатида ҳадялар беришганида, у миннатдорлик ила қабул қиларди (Ҳаворийлар 16:15, 34; Филиппиликларга 4:15-17). Павлус масиҳчиларни фақат ваъз қилиб, оилалари ҳақида ғамхўрлик қилмасликка эмас, балки барча вазифаларига ўз ўрнини ажратишга ундаган. У уларни меҳнат қилишга, оилаларини севишга ва бошқаларга ҳам ёрдам қилишга рағбатлантирган (Эфесликларга 4:28; 2-Салоникаликларга 3:7-12). Павлус уларни ўз бойликларига эмас, балки Худога таянишга ундаб, улар учун «юқори қадриятлар» нимадан иборатлигини тушунаётганларини кўрсатишга чақирди. Бу, Исо ўргатганидай, аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси пайидан бўлишни англатарди (Филиппиликларга 1:9-11).
Аввало Шоҳликнинг пайидан бўлинг
10. Аввало Шоҳликнинг пайидан бўлиш нимани англатади?
10 Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз этишга шахсан биз қанча вақт ажратяпмиз? Бу бизнинг шароитимизга ва миннатдорлигимизнинг қанчалик чуқурлигига боғлиқ. Шуни ёдимизда тутишимиз керакки, Исо: «Бўш вақтингизда Шоҳликнинг пайидан бўлинглар»,— деб айтмаган. Шоҳликнинг нақадар муҳимлигини тушуниб, у Худонинг иродасини қуйидаги сўзлар билан ифодалади: «Сизлар яхшиси Худо Шоҳлиги пайида бўлинглар» (Луқо 12:31). Ўзимизнинг ҳамда оиламизнинг эҳтиёжларини қондириш учун меҳнат қилсак-да, агар имонимиз бор бўлса, диққат-эътиборимизни Шоҳликка алоқадор фаолиятга мужассамлаймиз. Шу билан бир вақтда, оиладаги мажбуриятларимизни ҳам ёддан чиқармаймиз (1-Тимўтийга 5:8).
11. а) Шоҳлик хушхабарини ваъз қилишга ҳамма ҳам тенг вақт ажрата олмаслигини Исо қандай ифодалади? б) Инсон қанча ҳисса қўша олиши нимага боғлиқ?
11 Айримларимиз бошқалардан кўра Шоҳлик хушхабарини ваъз қилишга кўпроқ вақт ажрата оламиз. Исо турли экин ерлари ҳақида айтган масалида, қалби «яхши ер» билан солиштирилган инсонларнинг ҳаммаси ҳам ҳосил келтиришини кўрсатди. Қанча ҳосил беришлари лозим? Инсонларнинг шароитлари турлича. Одамнинг ёши, соғлиги ва оиладаги вазифаларига боғлиқ. Аммо инсон хушхабарни чин қалбдан қадрласа, кўп ҳисса қўша олади (Матто 13:23).
12. Айниқса ёшлар ўйлаб кўриши мумкин бўлган оқилона мақсад нимадан иборат?
12 Шоҳлик хизматида кўпроқ қатнашишга ҳисса қўшувчи мақсадларга интилсак яхши бўлади. Ёшлар, ғайратли ёш масиҳчи Тимўтийнинг ўрнагига тақлид қилишлари мумкин (Филиппиликларга 2:19-22). Керакли таҳсил олиб бўлишгач, улар учун тўла вақтли хизматчи бўлишдан кўра аълороқ нарса борми? Каттароқ ёшдагилар ҳам оқилона мақсадларга интилишса, фойда келтиради.
13. а) Худога шахсан қанча хизмат қилишимиз мумкинлигини ким ҳал қилади? б) Агар чин дилдан аввало Шоҳликнинг пайидан бўлсак, нимани тасдиқлаймиз?
13 Бошқаларни, кўпроқ ҳисса қўшиши мумкин-ку, деб танқид қилиш ўрнига, бизнинг шароитимиз йўл қўяётган даражада Худога хизмат қилишга интилиб, бунга ундовчи имонимизни мустаҳкамлашимиз лозим (Римликларга 14:10-12; Галатияликларга 6:4, 5). Аюб билан юз берган воқеадан кўриниб турганидек, Шайтон, бизни аввало моддий бойликлар ва ўз фаровонлигимиз қизиқтиради ва Худога ўз манфаатимизни кўзлаб хизмат қиляпмиз, деб таъкидламоқда. Аммо агар биз чин дилдан аввало Шоҳликнинг пайидан бўлсак, Иблис ўтакетган ёлғончи эканлигини тасдиқлаймиз. Бу билан, ҳаётимиздаги асосий ўринни Худога хизмат қилишга ажратаётганимизни кўрсатамиз. Хуллас, ҳам сўзда, ҳам амалда Яҳовага чуқур севгимизни, Унинг ҳукмдорлигига садоқатимизни ҳамда яқинларимизни севишимизни намоён этамиз (Аюб 1:9-11; 2:4, 5; Ҳикматлар 27:11).
14. а) Ваъзгўйлик хизматида жадвал тузиш қандай фойда келтириши мумкин? б) Шоҳидлар ваъзгўйлик хизматига қанча вақт ажратишмоқда?
14 Агар ўзимизга тўғри жадвал тузиб олсак, хизматга кўпроқ вақт ажрата оламиз. Яҳованинг Ўзи ҳам ниятларини амалга ошириш учун «вақтини белгилайди» (Чиқиш 9:5; Эфесликларга 1:10). Имконият борича, ҳафтада бир ёки бир неча бор ваъзгўйлик хизматида қатнашишга вақт белгиласак яхши бўларди. Дунё бўйлаб юз минглаб Яҳованинг Шоҳидлари хушхабарни ваъз этишга кунига икки соатдан вақт ажратиб, кўмакчи кашшофлар бўлиб хизмат қилмоқдалар. Яна юз минглаб Шоҳидлар доимий кашшофлар бўлиб, Шоҳлик хабарини ваъз этишга кунига тахминан икки ярим соат вақтни бахшида этишмоқда. Махсус кашшофлар эса Шоҳлик хизматига бундан ҳам кўпроқ вақт ажратишмоқда. Бундан ташқари ҳар биримиз қулай фурсатдан фойдаланиб, эшитишга ҳозир бўлганлар билан Шоҳлик хабарини бўлишишимиз мумкин (Юҳанно 4:7-15). Шароитимизга қараб, бу ишда имкон борича тўлиқ қатнашишга истагимиз бўлмоғи лозим, чунки Исо: «Худо салтанати тўғрисидаги Инжил Хушхабари ҳамма халқларга далолат бўлиш учун жаҳон бўйлаб тарғиб қилинади ва ўшандагина сўнг бўлади»,— деган (Матто 24:14; Эфесликларга 5:15-17).
15. Хизматимизга тегишли бўлган 1-Коринфликларга 15:58 даги сўзлар, нима сабабдан биз яшаётган вақтга яраша деб ҳисоблаяпсиз?
15 Яҳованинг Шоҳидлари қайси мамлакатда яшашларидан қатъиназар, ер юзи бўйлаб биргаликда бу хизматда қатнашмоқдалар. Улар Муқаддас Китобда ёзилган қуйидаги сўзларни қалбларига жо қилишган: «Қаттиқ ва маҳкам туринглар. Ҳамиша Раббимиз хизматида бўлиб, янада ғайратли бўлинглар. Шуни билингларки, Раббимиз йўлида қилган меҳнатингиз фойдасиз бўлмайди» (1-Коринфликларга 15:58).
Такрорлаш учун саволлар
• Исонинг сўзларига асосан «аввало Худонинг Шоҳлиги пайидан» бўлишимиз керак бўлса, нимани иккинчи ўринга қўйишимиз керак?
• Ўзимиз ҳамда оиламиз эҳтиёжлари ҳақида ғамхўрлик қилишда қандай нуқтаи назарга эга бўлишимиз даркор? Худо бизга қандай ёрдам қилади?
• Шоҳлик манфаатига хизмат қилишда биз қандай ҳисса қўшишимиз мумкин?
[107- саҳифадаги расм]
Бугун, ҳали якун келишидан олдин, Яҳованинг Шоҳидлари барча мамлакатларда хушхабарни ваъз этишмоқда.