Ўзингизникида туриб олиш оқилонами?
ИККИТА болакай биргалашиб ўйнаётган экан. Улардан биттаси ўйинчоқни тортиб олиб: «Бу, меники!» — деб қичқирди. Кўриниб турганидек, ҳатто кичик болаларда ҳам худбинлик яққол акс этмоқда. Чунки бу, номукаммал инсонларга хос (Ибт. 8:21; Рим. 3:23). Устига-устак, бу дунёнинг руҳи ҳам таъсирини ўтказмай қўймаяпти. Биз ҳам ушбу руҳдан четланишни истасак, доим худбинликка қарши курашишимиз лозим. Зеро ўшандагина, ўзгаларни қоқинтирмай, Яҳова билан дўстона муносабатни сақлаб қоламиз (Рим. 7:21–23).
Одамнинг хатти-ҳаракатлари бошқаларга таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатиб, ҳаворий Павлус қуйидагича айтган: «Ҳамма нарса менга жоиз экан, лекин ҳамма нарса фойдали эмас. Ҳамма нарса жоиз экан, лекин ҳамма нарса ибратли эмас... Қоқинтирадиган бирон нарса қилманглар» (1 Кор. 10:23, 32). Буларни эътиборга олиб, ўзимиздан: «Жамоатда тинчлик сақлаб қолиш ниятда ўз манфаатларимдан воз кеча оламанми? Ҳатто ноқулай вазиятларда ҳам Муқаддас Китоб меъёрларига риоя қилишга тайёрманми?» — деб сўрайлик.
Иш танлаётиб
Кўп инсонлар қандай иш танлашни, айниқса бу бошқаларга тегишли бўлмаса шахсий қарор, деб билишади. Жанубий Америкада яшовчи бир ишбилармон кишини мисол қилиб олайлик. У спиртли ичимликларни ҳамда қимор ўйнашни яхши кўрган. Бироқ, Яҳова Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни ўрганиб, маънан улғайди ва ҳаётини ўзгартира бошлади (2 Кор. 7:1). Имондошлари билан бирга ваъз қилишни хоҳлаганда эса, оқсоқол унга шуғулланаётган иши ҳақида ўйлаб кўришни маслаҳат берди. Сабаби у, шакарқамишдан тайёрланган спирт билан бутун шаҳарни таъминларди. Бу спирт турли соҳаларда қўлланиларди. Аммо ўша киши яшайдиган жойда, ундан айнан спиртли ичимликлар тайёрланарди.
Бу киши, бир вақтнинг ўзида ҳам ваъз қилишни, ҳам шундай маҳсулот сотишни давом эттирса жамоатга доғ теккизиб, Аллоҳ билан бўлган муносабатига зарар етказишини тушунди. Гарчи катта оиласига ғамхўрлик қилиш керак бўлса-да, у спирт сотишни тўхтатди. Энди эса қоғоз ва ундан тайёрланган маҳсулотни сотиб, кун кечирмоқда. Вақт ўтгач, ўзи, рафиқаси ва бешта фарзандидан иккитаси ҳаётини Худога бағишлаб сувга чўмишди. Ҳозир улар хушхабарни ғайрат ила ваъз қилишмоқда.
Мулоқот қилишда
Имондошимиз бўлмаган кишилар билан яқин мулоқот қилишга нисбатан Аллоҳнинг нуқтаи назари қандай? Мана бир мисол. Яҳованинг Шоҳиди бўлган қизни, Худога хизмат қилмайдиган йигит ўтиришга таклиф қилибди. Бунақа ўтиришлар яхшиликка олиб келмаслиги ҳақида уни огоҳлантиришган. Қиз ўзиникида туриб олиб, у ерга борди. Натижада, унга уйқу дори қўшилган ичимлик беришган. Бир неча соатдан сўнг ўзига келган қиз, ўша йигит унинг номусига текканини билиб қолади (Ибтидо 34:2 солиштиринг).
Тўғри, имондошимиз бўлмаган кишилар билан мулоқот қилиш доим ҳам шу каби аянчли оқибатларга олиб келмайди. Бироқ Худонинг Каломи бизни: «Доно билан юрган доно бўлади, аҳмоққа йўлдош бўлган эса ҳалок бўлади»,— дея огоҳлантирмоқда (Ҳик. 13:20). Ёмон одамларга қўшилсак, ўзимизни хавф остига қўйишимиз турган гап! Қолаверса, Ҳикматлар 22:3 да бундай ёзилган: «Эс-ҳушли хавф-хатарни кўриб яширинади, содда эса тўхтамасдан бораверади, шунинг учун қийналади». Дарҳақиқат ким билан мулоқот қилишимиз нафақат ўзимизга, балки Аллоҳга яқинлашишимизга ҳам таъсирини ўтказади (1 Кор. 15:33; Ёқб. 4:4).
Ташқи кўриниш ва кийим-кечак
Маълумки, моданинг орқасидан қувиб бўлмайди! Аммо Муқаддас Китобда ташқи кўриниш ва кийим-кечак танлаш тўғрисидаги меъёрлар ўзгармайди. Павлус имонли аёлларни: «Содда қиёфа, иффат ва орият билан безансинлар»,— дея чорлаган. Шуни айтиш лозимки, бу насиҳат эркак кишиларга ҳам тегишлидир (1 Тим. 2:9). У, хотинлар бир хил ва жудаям содда кийиниш кераклигини айтмоқчи эмасди. Унда, бу сўз нимани англатади? Изоҳли луғатга кўра, «содда» сўзи «ортиқча такаллуфни билмайдиган ва камтарин» демакдир.
Шунингдек, ўзимизга қуйидаги саволларни берайлик: Агар кийиниш услубим бошқаларнинг эътиборини ортиқча жалб қилса, ўзимни камтарин десам бўладими? Кийимларимдан художўй эканим кўриняптими? Шундай экан, «хизматимиз қораланмасин деб, ҳеч кимга ҳеч қандай халақит бермаймиз». Ҳамда фақатгина ўз манфаатимизни эмас, балки бошқаларнинг манфаатини ҳам кўзлашга интиламиз (2 Кор. 6:3; Филип. 2:4).
Савдо-сотиқ масалаларда
Коринф жамоатида ноҳақлигу хафагарчилик дастидан жиддий келишмовчиликлар юзига келганда, Павлус шундай деган: «Ҳақсизликка чидаб турганингиз сизлар учун яхшироқ бўлмасмиди? Ҳақ-ҳуқуқингиз топталгани сизлар учун яхшироқ бўлмасмиди?». Унинг айтишича, тирикчилик масалаларида биродар билан даъволашиб ўтиргандан кўра, ён бериш афзалроқдир (1 Кор. 6:1–7). АҚШда яшовчи бир имондошимиз ушбу маслаҳатга қулоқ солди. У биродарининг қўлида ишлаб, тўланаётган маошга рози эмас эди. Муқаддас Китоб раҳбарлигига амал қилиб, бу иккита масиҳчи кўп маротаба муаммони ҳал қилишга уринишди. Лекин бу ҳеч қандай самара келтирмади. Ва ниҳоят, улар «имонлилар жамоатидаги» оқсоқолларга мурожаат этишди (Мат. 18:15–17).
Минг афсуски, бундай қийинчиликнинг ечими топилмади. Биродаримиз кўп ибодатлар қилиб, пулини ундирмасликка қарор қилди. Нима учун? У шундай тушунтирди: «Вақтимни бундай тортишувларга эмас, маънавий ишларга сарфлашни афзал кўрдим». Биродаримиз ушбу хатти-ҳаракат орқали хизматдан илгаригидек қувонч топиб, Яҳова унга барака бераётганини ҳис қилди.
Майда-чуйда ишларда
Арзимас ишларда ҳам ўз манфаатимизда туриб олмаслик, қут-баракалар келтиради. Мана бир мисол. Кашшоф бўлиб хизмат қилаётган эр-хотин вилоят анжуманига эрта-саҳарда келиб, ўзларига жуда қулай жойларни эгаллаб олишди. Дастур бошланганда эса лиқ тўла залга кўп фарзандли оила кириб келди. Уларни кўрган ҳалиги эр-хотин бу оилага жойларини бўшатиб берди. Бу эса дастурни бутун оила биргалашиб тинглашига имкон яратди. Бир неча кун ўтгач, улар кашшоф эр-хотинга хат орқали миннатдорчилик билдиришди. Унда, уларнинг анжуманга кеч келишганидан ранжишгани ва бу жуфтликнинг меҳрибонлигидан мамнун бўлишгани тўғрисида ёзилган эди.
Шундай қилиб, биз ҳам ўзимизникида туриб олмай, имкон қадар бошқаларнинг манфаатини кўзлашга жон куйдирайлик. «Худбинликдан» йироқ бўлган севгини намоён этиб, атрофдагилар билан тинчлик ўрната оламиз (1 Кор. 13:5). Бироқ энг муҳими, Худованд Яҳова билан яқин муносабатни сақлаймиз.
[20- саҳифадаги расм]
Кийим-кечак танлаётганингизда, Аллоҳнинг нуқтаи назарини эътиборга оляпсизми?
[21- саҳифадаги расм]
Жой беришга тайёрмисиз?