5- БОБ
Бу дунёдан эмаслар
Сизлар бу дунёники эмассизлар. ЮҲАННО 15:19
1. Ҳазрати Исо ўлимидан олдинги кечада нимани таъкидлади?
ҲАЗРАТИ ИСО ўлимидан олдинги кечада, шогирдларининг келажагини ўйлаб ташвишланди. У ҳатто бу ҳақда Отасига ибодат қилиб: «Энди уларни дунёдан олишингни эмас, балки ёвуз шайтондан сақлашингни сўраяпман. Мен бу дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам бу дунёдан эмаслар»,— деди (Юҳанно 17:15, 16). Исонинг ушбу самимий илтижоси, у шогирдларини қанчалик севишини ҳамда бундан аввал: «Сизлар бу дунёники эмассизлар»,— деган сўзлари нақадар муҳимлигини кўрсатди (Юҳанно 15:19). Кўриниб турганидай, Исо учун шогирдлари бу дунёнинг ишларига қўшилмасликлари ўта муҳим бўлган.
2. Исо қўллаган «бу дунё» ибораси нимани англатади?
2 Исо қўллаган «бу дунё» ибораси, Шайтоннинг ҳукми остида бўлган Худодан юз ўгирган инсониятга тегишлидир. Зеро улар Иблисдан келиб чиққан мағрурлик ва худбинликнинг қулига айланишган (Юҳанно 14:30; Эфесликларга 2:2; 1 Юҳанно 5:19). Аслида «дунё билан дўстлик Худога душманлик» (Ёқуб 4:4). Унда Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланишни хоҳлаганлар, бу дунёда яшаб туриб, ундан алоҳида бўлишлари мумкинмикин? Бўлмасам-чи. Келинг, Худонинг Шоҳлигига содиқ қолиш учун, бешта усулни кўриб чиқайлик, яъни сиёсатга аралашмаслик, бу дунёнинг руҳига қарши туриш, камтарона ташқи кўринишимиз, кўзимизни тиниқ сақлаш ва маънавий қурол-аслаҳалар билан қуролланиш.
СОДИҚ ВА БЕТАРАФ БЎЛИБ ҚОЛИНГ
3. а) Исо ўз давридаги сиёсатга қандай муносабатда бўлган? б) Нима учун Исонинг «мойланган» шогирдларини элчилар деб айтиш мумкин? (Жавобингизга изоҳдаги фикрларни киритинг.)
3 Исо ўз даврининг сиёсатига аралашиш ўрнига, бор кучини Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилишга сарфлаган. Зеро келажакда ўзи ушбу ҳукуматнинг Шоҳи бўлиши керак эди (Дониёр 7:13, 14; Луқо 4:43; 17:20, 21). У римлик ҳоким Пўнтий Пилатнинг ҳузурида турганида: «Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас»,— деб айтди (Юҳанно 18:36). Исонинг садоқатли шогирдлари ҳам, Худонинг салтанати ҳақида дунё бўйлаб ваъз қилиш ҳамда Исога ва унинг Шоҳлигига садоқатларини кўрсатиш билан, унинг ўрнагига тақлид қилишмоқда (Матто 24:14). Ҳаворий Павлус: «Шундай қилиб, биз Масиҳ учун элчилик қиляпмиз. [...] Биз Масиҳ номидан ёлворяпмиз: Худо билан ярашинглар!» — деб ёзган эди (2 Коринфликларга 5:20)a.
4. Қандай қилиб Масиҳнинг барча шогирдлари Худонинг Шоҳлигига бўлган садоқатларини кўрсатишмоқда? (52- саҳифадаги рамкага қаранг.)
4 Одатда элчилар хорижий давлатнинг вакили бўлганлари сабабли, улар хизмат қилаётган мамлакатнинг ички ишларига қўшилмай, бетарафликни сақлашади. Аммо элчилар ўз давлатидаги ҳукуматнинг манфаатини ҳимоя қилишади. «Ватанлари осмонда» бўлган Исонинг «мойланган» шогирдлари ҳақида ҳам худди шундай деб айтиш жоиз (Филиппиликларга 3:20). Улар ғайрат ила ваъз қилиб, Масиҳнинг миллионлаб «бошқа қўйлари» сифатида тасвирланган одамларга «Худо билан ярашишларига» ёрдам беришаётгани мақтовга лойиқдир (Юҳанно 10:16; Матто 25:31–40). «Бошқа қўйлар» эса Исонинг «мойланган» биродарларининг яқин ҳамкорлари сифатида, уларни қўллаб-қувватлашмоқда. Ушбу иккита гуруҳ Масиҳий Шоҳликни ҳимоялаб, бу дунёнинг сиёсий ишларига нисбатан бетарафликни сақлашяпти (Ишаё 2:2–4).
5. Аллоҳнинг бугунги халқи қадимгисидан қандай фарқи бор ва бу уларга қанақа масъулият юклайди?
5 Худонинг хизматчилари фақат Исога садоқатли бўлиш учунгина бетарафликни сақлашмайди. Қадимда Аллоҳнинг халқи муайян юртда яшаган. Ҳозирги кунда эса Унинг хизматчилари дунёнинг турли бурчакларида истиқомат қилиб, катта оилага ўхшайди (Матто 28:19; 1 Бутрус 2:9). Борди-ю биз маҳаллий сиёсий партияни қўллаб-қувватласак, унда тоза виждон билан Шоҳлик ҳақида ваъз қила олмаймиз ва ушбу оиламиздаги бирликни хавф остига соламиз (1 Коринфликларга 1:10). Боз устига, уруш бўлган тақдирда, севишимиз лозим бўлган имондошларимизга қарши жанг қилган бўлардик (Юҳанно 13:34, 35; 1 Юҳанно 3:10–12). Беҳудага Исо шогирдларига қилич кўтармасликни буюрмаган-ку! У издошларини ҳаттоки душманларини севишга даъват этган (Матто 5:44; 26:52; шунингдек 55- саҳифадаги «Бетараф бўлиб қоляпманми?» номли рамкага қаранг).
6. Ҳаётингизни Худога бағишлаганингиз, «Қайсарга» бўлган муносабатингизга қанақа таъсир қилиши керак?
6 Яҳованинг Шоҳидлари эканмиз, ҳаётимизни бирор инсонга, ташкилотга ёки миллатга эмас, балки Худога бағишлаганмиз. Ахир Муқаддас Китобда: «Сизлар ўзларингизга тегишли эмассизлар. Қиммат баҳо билан сотиб олиндингизлар»,— дейилган (1 Коринфликларга 6:19, 20). Шундай экан, «Қайсарга», яъни ҳукмрон ҳокимиятга ҳурмат кўрсатиш, солиқ тўлаш ва бўйсунишдан ташқари, Исонинг издошлари «Худонинг ҳақини Худога беришади» (Марк 12:17; Римликларга 13:1–7). Бу, улар Парвардигорга топинишлари, Уни чин қалбдан севишлари ва Унга итоат қилишларини ўз ичига олади. Улар ҳатто Худованд учун ўз жонларини фидо қилишга ҳам тайёрлар (Луқо 4:8; 10:27; Ҳаворийлар 5:29; Римликларга 14:8).
«ДУНЁНИНГ РУҲИГА» ҚАРШИ ТУРИНГ
7, 8. «Дунёнинг руҳи» ўзи нима ва бу руҳ инсонларда қандай «амал қилмоқда»?
7 Бу дунёдан бўлмасликнинг яна бир усули, унинг руҳига қарши туришдир. Ҳаворий Павлус бундай деб ёзган: «Бизлар эса дунёнинг руҳини олмадик, балки... Худодан чиққан Руҳни қабул қилдик» (1 Коринфликларга 2:12). Эфесликларга қарата у: «Сизлар бу дунёнинг таомилига кўра, фазода ҳукмронлик қилаётган ҳоким — шайтоннинг ихтиёрига қараб яшар эдингизлар. Шайтон руҳи ҳозир ҳам осий бандаларда амал қилмоқда» (Эфесликларга 2:2, 3, изоҳига қаранг).
8 Дунёнинг «фазоси» ёки «руҳи» кўринмас куч бўлиб, Худога бўйсунмасликка ва «тана нафси, ҳирсли кўзлар»га берилишга ундайди (1 Юҳанно 2:16; 1 Тимўтийга 6:9, 10). Бу дунё руҳининг «ҳукмронлиги», тана нафсини қўзғатади ва ҳаво сингари ҳамма ёққа тарқаб кетгани учун сезилмас ҳамда узлуксиз таъсир кўрсатади. Боз устига бу руҳ инсонларда «амал қилиб», аста-секин уларда худбинлик, мағрурлик, очкўзлик, ўз ахлоқий қоидаларини ўрнатиш ва исёнкорлик каби Худо нафратланадиган хулқ-атворни ривожлантириши мумкинb. Оддий қилиб айтганда, дунёнинг руҳи, Иблисга хос хусусиятлар инсоннинг қалбида ривожланишига сабабчи бўлмоқда (Юҳанно 8:44; Ҳаворийлар 13:10; 1 Юҳанно 3:8, 10).
9. Қай тарзда бу дунёнинг руҳи онгимиз ва қалбимизда илдиз отиши мумкин?
9 Бу дунёнинг руҳи сизнинг ҳам онгингиз ва қалбингизда илдиз отиши мумкинми? Ҳа, агар ҳушёрликни йўқотсангиз (Ҳикматлар 4:23). Бундай таъсир одатда секин-аста, эҳтимол бизга яхши инсон бўлиб туюлса-да, аммо Яҳовани севмайдиган танишларимиз билан мулоқот қилишдан бошланади (Ҳикматлар 13:20; 1 Коринфликларга 15:33). Шунингдек, ахлоқсиз мавзудаги адабиёт, Интернетдаги порнографик ёки муртадлар сайтлари, зарарли ўйин-кулги ва рақобатга ундовчи спорт турлари — Шайтон ва дунёсининг фикрлаш тарзини акс эттиради.
10. Дунёнинг маккор руҳига қарши тура олишимиз учун нима қилайлик?
10 Хўш, дунёнинг маккор руҳига қарши туриб, ўзимизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлаш учун нима қилайлик? Яҳованинг маънавий тадбирларини биринчи ўринга қўйиш ва муқаддас руҳ сўраб ибодат қилиш билангина бунинг уддасидан чиқамиз. Зеро Яҳова, Иблисдан ва унинг бошқарувидаги ёвуз дунёдан анча устундир (1 Юҳанно 4:4). Яҳовага ибодат орқали яқинлашиш нақадар муҳим!
ИФФАТЛИ ТАШҚИ КЎРИНИШ
11. Дунёнинг руҳи кийиниш меъёрларида қандай акс этмоқда?
11 Инсоннинг ички дунёси, унинг кийиниши, пардоз-андози ва тозалигида акс этади. Кўп давлатларда кийиниш меъёри шу қадар пасайиб кетганки, бир мухбирнинг айтишича, кўпчилик қизлар фоҳишалар сингари шаҳвоний ҳирсни қўзғатувчи кийимларни кийгани сабаб, бечора фоҳишалар нима кийишни ҳам билмай қолишди. Ҳатто вояга етмаган қизлар ҳам, бир газетада «уятни йўқотиб, баданни кўз-кўз қилиш», деб номланган ушбу модага берилиб кетишяпти. Моданинг яна бир таъсири, исёнкорлик ҳамда ҳурматсизлик руҳини акс эттириш учун пала-партиш кийинишдан иборат.
12, 13. Кийиниш ва пардоз-андоз қилишда нимани эътиборга олиш лозим?
12 Яҳованинг хизматчилари сифатида бизлар ташқи кўринишимизга эътибор бериб, ораста, тоза, дид билан ва ўринли тарзда кийинишни истаймиз. Ҳар вақт ташқи кўринишимиз «иффат ва ориятни» акс этиб, эркак ёки аёл бўлишимиздан қатъий назар «хайрли ишлар» билан «Худодан қўрқишимизни» намоён этиши даркор. Албатта, асосий мақсадимиз, эътиборни ўзимизга қаратиш эмас, балки «ўзимизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлашдан» иборат (1 Тимўтийга 2:9, 10; Яҳудо 21). Дарҳақиқат, бизнинг зеб-зийнатимиз, «Худо олдида қадри азиз» бўлган «қалбимиздаги» фазилатлардир (1 Бутрус 3:3, 4).
13 Ёдимизда тутайлик, кийиниш услубимиз ва пардоз-андозимиз, бошқалар ҳақ топинишга қандай муносабатда бўлишларига таъсир қилади. «Иффат» деб таржима қилинган юнонча сўз ахлоқий маънода қўлланилиб, бошқаларнинг фикри ва ҳис-туйғусига ҳурмат-эҳтиром кўрсатишни англатади. Шу сабабли кийинишда ўзимизникида туриб олмай, бошқаларнинг виждонига эътиборли бўлишимиз талаб этилади. Қолаверса, биз Яҳовага ҳамда Унинг халқига шараф келтиришни ва «ҳамма нарсани Худони улуғлаш учун қилиб», Унинг хизматчилари сифатида ўзимизни ибрат қилиб кўрсатишни хоҳлаймиз (1 Коринфликларга 4:9; 10:31; 2 Коринфликларга 6:3, 4; 7:1).
14. Ташқи кўриниш ва тозаликка нисбатан ўзимизга қандай саволлар беришимиз керак?
14 Ваъз қилганимиз ёки жамоат учрашувига борганимизда кийимимиз, пардоз-андозимиз ва тозалигимиз катта аҳамиятга эга. Ўзингиздан бундай деб сўранг: «Ташқи кўринишим ва тозалигим ноўрин эътиборни жалб қилмаяптимикин? Одамларни хижолатга солиб қўймаяпманмикин? Ушбу масалада нимани афзал деб биламан: ўзимникида туриб олишними ёки жамоатдаги шарафли вазифаларни бажаришга мос келишними?» (Забур 67:7; Филиппиликларга 4:5; 1 Бутрус 5:6).
15. Нега Худонинг Каломида кийиниш, пардоз-андоз қилиш ва тозаликка нисбатан қоидалар рўйхати йўқ?
15 Муқаддас Китобда кийиниш, пардоз-андоз қилиш ва тозаликка нисбатан қоидалар рўйхати йўқ. Тангри Яҳова бизни танлаш эркинлигимиздан ёки фикрлаш қобилиятимиздан маҳрум этишни истамайди. Аксинча У, Муқаддас Китоб меъёрларини фаҳмлайдиган, «яхши ва ёмонни фарқ этиш малакасига эга бўлган» маънан етук инсон бўлишимизни хоҳлайди (Ибронийларга 5:14). Аввало Худо, Унга ва ўзгаларга нисбатан севги намоён этишимизни кутади (Марк 12:30, 31). Лекин ушбу чегара ичида турлича кийиниш ва пардоз-андоз қилиш имкониятига эгамиз. Яҳованинг халқи дунёнинг қайси бурчагида яшамасин, ранг-баранг кийиниши бунга яққол мисол бўла олади.
КЎЗИНГИЗНИ «ТИНИҚ» САҚЛАНГ
16. Қандай қилиб дунёнинг руҳи Исонинг таълимотига зид ва ўзимизга қандай саволлар беришимиз керак?
16 Бу дунёнинг руҳи алдамчи бўлиб, миллионлаб инсонларни бахтни пул ва моддий нарсалардан излашга ундамоқда. Бироқ Исо бундай деган: «Инсон умри унинг мол-мулки кўплигига боғлиқ эмас» (Луқо 12:15). Бу билан у тарки дунё қилишга ундамаган бўлса-да, маънавий эҳтиёжларини ҳис этган ва кўзини «тиниқ» сақлаб, Худо билан муносабатларини биринчи ўринга қўйганларгина ҳаёт ва чинакам бахтга эришади, деб ўргатган (Матто 5:3; 6:22, 23). Ўзингизга бундай савол беринг: «Исонинг таълимотига чиндан ҳам ишонаманми ёки менга “ёлғоннинг отаси” бўлмиш Шайтон таъсир қиляптими?» (Юҳанно 8:44). «Менинг сўзларим, мақсадларим, ҳаётимда устувор бўлган нарсалар ва турмуш тарзим нимани кўрсатмоқда?» (Луқо 6:45; 21:34–36; 2 Юҳанно 6).
17. Кўзини тиниқ сақлаганлар эга бўлган қут-баракаларнинг айримларини санаб ўтинг.
17 Исо: «Илоҳий ҳикмат унга риоя қилувчилар орқали тасдиқланади»,— деб айтган эди (Матто 11:19). Келинг, кўзини тиниқ сақлаганлар эга бўлган қут-баракаларнинг айримларини кўриб чиқайлик. Улар Худога хизмат қилишда таскин топишяпти (Матто 11:29, 30). Бу кишилар ортиқча ташвишдан холи бўлиб, ўзларини ақлий ва ҳиссий дарддан сақлашмоқда (1 Тимўтийга 6:9, 10). Борига шукур қилиб яшаб, улар оила ва имондош дўстларига кўпроқ вақтларини ажрата олишяпти. Натижада уларнинг уйқулари ҳам тинч (Воиз 5:11). Бундай инсонлар қўлдан келганча яхшилик қилиб, беришнинг бахтиёрлигини ҳис қилишмоқда (Ҳаворийлар 20:35). Шунингдек улар «умидга бой» бўлиб, қалблари хотиржамлик ва мамнуниятга тўла (Римликларга 15:13; Матто 6:31, 32). Бундай қут-баракалар қанчалар бебаҳодир!
«ҚУРОЛ-АСЛАҲАЛАРНИ КЎТАРИНГЛАР»
18. Муқаддас Китоб душманимизни, унинг усулларини ва жангимизни қандай тасвирлаяпти?
18 Ўзини Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлаётганлар, Шайтоннинг ҳамлаларидан маънан ҳимояланишади. Зеро Иблис масиҳчиларни йўлдан оздириб нафақат бахтдан, балки абадий ҳаётдан маҳрум этмоқчи (1 Бутрус 5:8). «Чунки бизнинг курашимиз,— дейди Павлус — ўткинчи башарга қарши эмас, балки самовий оламдаги ёвуз руҳий кучларга, ҳокимлару ҳокимиятларга, бу қоронғи дунёни бошқараётган руҳий ҳукмронларга қаршидир» (Эфесликларга 6:12). «Кураш» сўзи узоқда ёки хавфсиз жойда туриб жанг қилишни эмас, балки қўл жангини назарда тутади. Устига-устак, «ҳокимлару ҳокимиятлар» ва «дунёни бошқараётганлар» деган иборалар, руҳий мавжудотларнинг яхши уюштирилган ҳужумини англатади.
19. Худо берган қурол-аслаҳаларни тасвирлаб беринг.
19 Биз инсонларнинг куч ва имкониятимиз чекланган бўлишига қарамай, жангда ғалабага эришишимиз мумкин. Қандай қилиб дейсизми? «Худонинг қурол-аслаҳаларини кўтариш» ёрдамида (Эфесликларга 6:13). Ушбу қурол-аслаҳалар Инжилда қуйидагича тасвирланган: «Белингизни ҳақиқат камари билан боғланг, кўксингизга солиҳлик совутини тақинглар. Тинчлик Хушхабарини ёйиш учун оёғингизга илдамлик пойабзалини кийинглар. Бунинг устига имон қалқонини қўлга олинглар, у билан ёвуз шайтоннинг қиздирилган ҳамма ўқларини ўчира оласизлар. Шунингдек, нажот дубулғасини кийинглар, Худо каломи бўлган Руҳнинг қиличини кўтаринглар. Ҳар турли дуо ва ёлворишлар билан, Муқаддас Руҳ илҳоми билан ҳар доим ибодат қилинглар» (Эфесликларга 6:14–18).
20. Том маънодаги аскардан қандай фарқимиз бор?
20 Маънавий қурол-аслаҳаларни Худо берган экан, агар уларни доимо кўтариб юрсак, ҳеч қачон панд емаймиз. Уруш бўлмагунча курашмайдиган том маънодаги аскардан фарқли равишда, биз, Шайтоннинг дунёси йўқ қилиниб, барча ёвуз руҳлар тубсизлик қаърига ташланмагунига қадар, ҳаёт-мамот жангини узлуксиз давом эттирамиз (Ваҳий 12:17; 20:1–3). Шундай экан, агар ўз заифликларингиз ва ёмон истакларингизга қарши курашаётган бўлсангиз, бўш келманг. Зотан Яҳовага содиқ қолиш учун, ҳаммамиз ўзимизни «турткилаб» турибмиз (1 Коринфликларга 9:27). Қачонки курашмай қўйсак, мана бундан хавотирланиш керак.
21. Маънавий урушда ғалаба қозонишнинг ягона йўли қайси?
21 Дарвоқе, биз ўз кучимиз билан жангда ғалаба қозона олмаймиз. Шу йўсин, ҳаворий Павлус «Муқаддас Руҳ илҳоми билан ҳар доим ибодат қилиш» кераклигини эслатяпти. Келинг, Яҳованинг Каломини ўрганиш орқали Унга қулоқ солиб ва «сафдошларимиз» билан мулоқот қилиш имкониятини қўлдан бой бермай, бу курашда ёлғиз эмаслигимизни эсда сақлайлик! (Филимўнга 2; Ибронийларга 10:24, 25). Юқоридаги барча нарсаларга амал қилган киши нафақат ғалабага эришади, балки синов пайтида имонини ҳимоя қила олади.
ИМОНИНГИЗНИ ҲИМОЯЛАШГА ТАЙЁР ТУРИНГ
22, 23. а) Нима учун имонимизни ҳимоялашга доимо тайёр бўлишимиз ва ўзимизга қандай саволлар беришимиз лозим? б) Келгуси бобда қайси мавзуни муҳокама қиламиз?
22 «Сизлар бу дунёники эмассизлар,— деган эди устозимиз Исо — шу сабабдан дунё сизлардан нафратланади» (Юҳанно 15:19). Масиҳчилар имонларини ҳимоялашга доимо тайёр бўлиб, буни мулойимлик ва эҳтиром билан бажо қиладилар (1 Бутрус 3:15). Ўзингизга бундай саволлар беринг: «Яҳованинг Шоҳидлари гоҳида оммавий фикрни қўллаб-қувватламаслигининг сабабини тушуняпманми? Бундай синовга дуч келганда, Муқаддас Китоб ҳамда ишончли ва ақлли хизматкорнинг сўзлари ҳақиқат эканига аминманми?» (Матто 24:45; Юҳанно 17:17). «Яҳованинг назарида тўғри ишни қилганимда, нафақат бошқалардан ажралиб туришга, балки бундан фахрланишга тайёрманми?» (Забур 33:3; Матто 10:32, 33).
23 Бу дунёдан бўлмаслик истагимиз, кўпинча ўта маккорона усуллар билан синалади. Мисол учун, аввал айтиб ўтилганидай Иблис, Яҳованинг хизматчиларини ўйин-кулгилар билан ўз дунёсига оғдирмоқчи. Унда бизга тетиклик бахш этадиган ва виждонимизни булғамайдиган ўйин-кулгиларни қандай танласа бўлади? Келгуси бобда ушбу мавзуни муҳокама қиламиз.
a Исо милодий 33- йилнинг Ҳосил байрами кунидан бошлаб, ер юзидаги «мойланганлар», яъни Худо томонидан алоҳида танланган кишиларнинг жамоати устидан Шоҳ сифатида тайинланди (Колосаликларга 1:13). 1914- йилда эса Масиҳга «бу дунёнинг ҳукмронлиги» устидан Шоҳлик қилиш ҳуқуқи берилди. Шундай экан, бугунги кунда мойланганлар Масиҳий Шоҳликнинг элчилари бўлиб хизмат қилишмоқда (Ваҳий 11:15).
b Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган рус тилидаги «Муқаддас Китоб асосида музокара» китобининг 135–139- саҳифаларига қаранг.
c Шунингдек, 212–215- саҳифалардаги Иловага қаранг.