52- ДАРС
Нега кийинишимиз ва ташқи кўринишимиз аҳамиятга эга?
Барчамиз қандай кийинишни ва ташқи кўринишимиз қанақа бўлишини танлай оламиз. Муқаддас Китобдаги баъзи принципларни қўлласак, нафақат шахсий истакларимизга, балки Яҳовани мамнун қилишга ҳам диққат қаратамиз. Келинг, мазкур принципларнинг баъзиларига эътибор берайлик.
1. Қандай принциплар асосида кийим ва ташқи кўриниш борасида қарор чиқариш керак?
«Муносиб кийим» танлаётиб, «ор-номус ва фаҳм-фаросат билан» йўл тутишимиз лозим. Шунингдек, ташқи кўринишимиз тоза бўлса, «худотарс» эканимиз кўринади. (1 Тимўтийга 2:9, 10) Келинг, қуйидаги тўртта принципга назар солайлик: 1. Кийим «муносиб» бўлиши даркор. Аҳамият берган бўлсангиз, йиғилишларда Яҳованинг халқи турли услубда кийинади. Лекин кийим ва соч турмагимиз Худога бўлган эҳтиромни акс эттиради. 2. «Ор-номус» билан кийиниш бошқа инсонларда шаҳвоний ҳирсни қўзғатишдан ва ўзига кўп эътиборни жалб қилишдан қочишни билдиради. 3. Урфга кирган ҳар қандай кийиниш услуби ёки пардоз-андоз ортидан қувмаганимизда, «фаҳм-фаросатли» эканимизни кўрсатамиз. 4. Ташқи кўринишимиз бошқаларга «худотарс» инсон эканимизни ва ҳақ Тангрига топинаётганимизни билдириб туриши даркор. (1 Коринфликларга 10:31)
2. Ташқи кўринишимиз имондошларимизга қандай таъсир қилиши мумкин?
Нима кийишни танлаш ўз ихтиёримизда бўлса-да, ташқи кўринишимиз бошқаларга таъсир қилиши борасида ўйлаш лозим. Ҳеч кимни қоқинтиришни хоҳламаймиз, аксинча, «ўз яқинимизнинг фойдасини кўзлаб, унинг мустаҳкамланиши учун кўнглини топишга» жон куйдирамиз. (Римликларга 15:1, 2 ни ўқинг.)
3. Қай йўсин ташқи кўринишимиз бошқаларни ҳақ топинишга жалб қилади?
Ҳар бир вазиятга муносиб кийинишга интилсак-да, йиғилишларга ва хизматга нима кияётганимиз борасида айниқса диққатли бўлишимиз керак. Ташқи кўринишимиз туфайли одамлар хушхабардан чалғишини истамаймиз. Аксинча, кўринишимиз ҳақиқатни жозибали қилиши ва «Қутқарувчимиз Худонинг таълимотини безаши» мумкин. (Титусга 2:10)
КЎПРОҚ БИЛИБ ОЛИНГ
Кийим ва ташқи кўринишимиз масиҳийларга хос эканига қай йўсин ишонч ҳосил қилишимиз мумкинлигига диққат қаратинг.
4. Ташқи кўринишимиз муносиб бўлса, Яҳовага ҳурмат кўрсатамиз
Ташқи кўринишимизга эътиборли бўлишимизнинг энг муҳим сабаби нима? Забур 47:2 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Яҳованинг вакили бўлганимиз кийиниш тарзимизга қандай таъсир қилиши керак?
Сизнингча, йиғилишларга боришдан ҳамда ваъзгўйликка чиқишдан аввал ташқи кўринишимиз ҳақида ўйлаб кўриш оқилонами? Нега бундай фикрдасиз?
5. Кийиниш ва ташқи кўриниш борасида тўғри қарорлар чиқариш
Кийимимиз қиммат бўладими ёки арзонми, тоза ва муайян вазиятларга муносиб бўлиши керак. 1 Коринфликларга 10:24 ва 1 Тимўтийга 2:9, 10 ни ўқинг. Сўнг қуйидагилардан нега йироқлашишимиз кераклигини муҳокама қилинг:
кир ёки ҳаддан ташқари норасмий кийим,
тор, очиқ-сочиқ ёки шаҳвоний ҳирсни қўзғатадиган кийим.
Мусонинг Қонуни остида бўлмасак ҳам, ундан Яҳованинг фикрлаш тарзини билиб олишимиз мумкин. Қонунлар 22:5 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Нега эркак кишининг кийиниши ва ташқи кўриниши аёлникига, аёлники эса эркакникига хос бўлмаслиги лозим?
1 Коринфликларга 10:32, 33 ва 1 Юҳанно 2:15, 16 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Нега ташқи кўринишимиз ҳудудимиздаги ёки жамоатдаги баъзиларни қоқинтириши мумкинлигини инобатга олишимиз керак?
Сиз яшайдиган ҳудудда кийиниш ва ташқи кўринишнинг қайси услублари кенг тарқалган?
Сизнингча, мазкур услублардан баъзилари масиҳийларга муносиб бўлмаслиги мумкинми? Нега бундай фикрдасиз?
БАЪЗИЛАРНИНГ ФИКРИ: «Хоҳлаганимдай кийинаман».
Бу фикрга қўшиласизми? Нега?
ХУЛОСА
Ташқи кўринишимиз борасида тўғри қарор чиқарсак, Яҳовани ҳамда бошқаларни ҳурмат қилаётганимизни кўрсатамиз.
Такрорлаш
Нега кийинишимиз ҳамда ташқи кўринишимиз Яҳова учун муҳим?
Ташқи кўриниш борасида қарор чиқараётганда қайси принципларни инобатга олишимиз лозим?
Ташқи кўринишимиз бошқаларнинг ҳақ топинишга бўлган муносабатига қандай таъсир қилиши мумкин?
ҚЎШИМЧА МАНБАЛАР
Бошқалар уст-бошингизни кўрганда, қандай фикрга бориши мумкинлигига эътибор беринг.
Татуировка қилишдан аввал ўйлаб кўриш нега оқилона эканини билиб олинг.
«Муқаддас Китобда татуировкалар ҳақида нима дейилган?» (Веб-мақола)
Қарорларимизга таъсир қилиши мумкин бўлган қўшимча принциплар ҳақида ўйлаб кўринг.
«Кийиниш тарзингиз Худони шарафлаяптими?» («Қўриқчи минораси» сентябрь, 2016)
Самимий аёлга ташқи кўриниш масаласида бошқаларнинг фикрини инобатга олишига нима ёрдам берди?
«Уларнинг кийиниши ва ташқи кўриниши мени қоқинтирган» («Уйғонинг!» 22 декабрь, 2003)