15- дарс
Ташқи кўриниш
ТАШҚИ кўринишингиз сиз тўғрингизда кўп нарсаларни билдириб туради. Тангри Яҳова инсоннинг қалбига қарайди, одамлар эса кўпинча «ташқи кўринишига қараб» баҳо беришади (1 Шоҳ. 16:7). Агар покиза ва саранжом-саришта бўлсангиз, одамлар сизни ўз ҳурматини биладиган киши ҳисоблаб, гапларингизни эшитишга мойил бўлишади. Шунингдек, ташқи кўринишингиз яхши бўлса, сиз топинаётган Худо ҳамда Унинг ташкилоти ҳақида ижобий таассурот қолдирасиз.
Йўл-йўриқлар. Муқаддас Китобда кийинишга нисбатан кўпдан-кўп қоидалар келтирилмаган. Лекин унда тўғри қарор чиқаришимизга ёрдам берадиган оқилона меъёрлар мавжуд. «Ҳамма нарсани Худони шарафлаш учун қилишга» интилиш эса, шу меъёрларнинг асоси ҳисобланади (1 Кор. 10:31). Ташқи кўринишга келсак, қайси меъёрларни қўлласак бўлади?
Биринчидан, Муқаддас Китоб танамизни ҳам, кийимимизни ҳам тоза тутишга ундамоқда. Яҳова қадимги Исроил халқига берган Таврот қонунида, тозаликка нисбатан муайян талаблар ўрнатган эди. Мисол учун, руҳонийлар ўз вазифаларини бажараётган пайтда, баданлари ва кийимларини ювишлари лозим бўлган (Лев. 16:4, 24, 26, 28). Гарчи масиҳийлар Таврот қонуни остида бўлишмаса-да, у ерда келтирилган меъёрлар ҳанузгача муҳимдир (Юҳан. 13:10; Ваҳ. 19:8). Айниқса Аллоҳга топиниш учун йиғилганимизда ёки ваъзгўйликка чиққанимизда, танамиз ва кийимимиз тоза бўлиши, оғзимиздан эса ёмон ҳид келмаслиги лозим. Акс ҳолда, ёнимизда турганларга ёқимсиз бўлади. Йиғилишда нутқ ёки топшириқ билан саҳнага чиқадиганлар бунда ўрнак кўрсатишлари даркор. Ташқи кўринишимизга етарлича вақт ажратиш билан, Яҳовага ва Унинг ташкилотига ҳурмат кўрсатамиз.
Иккинчидан, Муқаддас Китоб бизни ор-номусли ва фаҳм-фаросатли бўлишга рағбатлантирмоқда. Ҳаворий Павлус художўй аёлларни «ўзларини турли хил ўрилган сочлар, олтин, марваридлар ва қимматбаҳо либослар билан эмас, балки... ор-номус ва фаҳм-фаросат билан, худотарс аёлларга муносиб равишда» безашга ундаган (1 Тим. 2:9, 10). Ор-номус ва фаҳм-фаросат эркакларнинг ҳам ташқи кўринишида акс этиб туриши керак.
Ор-номусли инсон бошқаларнинг ҳис-туйғуларини инобатга олишга ва ўзига ҳаддан ортиқ эътиборни жалб этмасликка ҳаракат қилади. Фаҳм-фаросат эса ўйлаб иш тутишда ва мулоҳазакорликда намоён бўлади. Ушбу фазилатларга эга инсон Аллоҳнинг меъёрларини ҳурмат қилгани сабабли, ҳар нарсада мувозанатли бўлади. Ор-номусли ва фаҳм-фаросатли бўлиш чиройли кийинишни тақиқламайди. Аксинча, ташқи кўринишимизга нисбатан оқилона йўл тутиб, кийиниш ва оро беришда чегарадан ўтиб кетмасликка ёрдам беради (1 Юҳан. 2:16). Йиғилишга борганимизда, ваъз қилганимизда ёки бошқа ишлар билан банд бўлганимизда ҳам, ушбу меъёрларга риоя қилишимиз керак. Ҳатто кундалик кийимимизда ҳам ор-номус ва фаҳм-фаросат акс этиб туриши лозим. Чунки мактабда ёки иш жойимизда ваъз қилиш имкони туғилиб қолиши мумкин. Албатта бу, ҳар доим худди йиғилишга ёки анжуманга кетаётгандек кийиниш кераклигини англатмайди, лекин кийимимиз доим покиза, озода ва ор-номусли бўлиши даркор.
Одамлар ҳар хил кийинишади ва бир хил кийиниш биздан талаб ҳам этилмайди. Ҳамманинг диди турлича бўлиши табиий. Аммо биз доим Муқаддас Китобдаги йўл-йўриқларни қўллашимиз даркор.
Ҳаворий Бутрус соч турмагидан ҳам, кийимдан ҳам «қалбингизнинг тубида яширилган... кийим» муҳимроқ эканини кўрсатган (1 Бутр. 3:3, 4). Агар севги, севинч, тинчлик, меҳрибонлик ва имон қалбимизга яхши ўрнашган бўлса, ушбу хислатлар рамзий кийимимизга айланиб, Тангрига шараф келтиради.
Учинчидан, Муқаддас Китоб ташқи кўринишимизни покиза сақлашга ундамоқда. 1 Тимўтийга 2:9 да «покиза кийим» ҳақида эслатиб ўтилган. Ҳаворий Павлус бу оятда аёлларнинг кийими тўғрисида айтган бўлса-да, худди шу меъёрлар эркакларга ҳам тегишли. Покизалик тоза ва озода бўлишни англатади. Моддий аҳволимиз қандай бўлишидан қатъи назар, покизаликни сақлай оламиз.
Бошқаларнинг эътиборини дарҳол жалб қиладиган нарсалардан бири — сочларимиздир. Улар тоза ва яхши таралган бўлиши лозим. Соч турмаги маҳаллий маданият ва ирсий хусусиятларга боғлиқ бўлади. 1 Коринфликларга 11:14, 15 да, ҳаворий Павлуснинг сочларга нисбатан айтган маслаҳати ёзилган ҳамда юқорида келтирилган иккита нарса ҳам инобатга олинган. Бироқ одамнинг соч турмагидан, ўзга жинсдаги кишига ўхшашни истаётгандай кўринса, у Муқаддас Китоб меъёрларини бузган ҳисобланади (Қонун. 22:5).
Эркаклар учун покизалик, соқол тоза олинишини ўз ичига олади. Мўйлов қўйиш оддий ҳол бўлган жойларда эса, мўйлови борлар уни мунтазам теккислаб юришлари керак.
Тўртинчидан, ташқи кўринишимиз бу дунё ва унинг йўлларига нисбатан севгини акс эттирмаслиги лозим. Ҳаворий Юҳанно: «Дунёга ва ундаги нарсаларга муҳаббат қўйманглар»,— дея огоҳлантирган (1 Юҳан. 2:15–17). Дунё гуноҳли истакларга тўлиб-тошган бўлиб, Юҳанно эслатиб ўтган тана нафси, ҳирсли кўзлар ва ўз мол-мулки билан мақтаниш шулар жумласига киради (1 Юҳан. 2:15–17). Муқаддас Ёзувларда шунингдек исёнкорлик ва итоатсизлик руҳига эътибор қаратилган (Ҳик. 17:11; Эфес. 2:2). Бундай истак ва нуқтаи назар кўпинча одамларнинг кийиниши ва ташқи кўринишида акс этиб туради. Бу каби одамлар ор-номуссиз, пала-партиш, эҳтиросни қўзғатадиган, кўзга ярқ этиб ташланадиган кийимлар кийишади ёки ўзларига умуман қарашмайди. Яҳованинг Шоҳидлари эканмиз, бу каби дунёга хос кийинишдан қочамиз.
Бу дунёга тақлид қилишнинг ўрнига, кийиниш ва ташқи кўриниш масаласида жамоатдаги етук биродару опа-сингилларимиздан ўрнак олиш қанчалар яхши, шундай эмасми?! Омма олдида нутқ сўзлашни истайдиган ёшлар эса, нутқлар билан чиқадиган биродарларнинг қандай кийинганини кузатишлари мумкин. Анча йиллар мобайнида воизлик хизматида қатнашиб келаётганларнинг ўрнаги ҳаммамиз учун фойдалидир (1 Тим. 4:12; 1 Бутр. 5:2, 3).
Бешинчидан, қандай йўл тутиш ўринли бўлишини ҳал қилиш учун, «ўзига маъқул бўлган ишларни қилмаган» Исо Масиҳнинг ўрнагини ёдда тутиш даркор (Рим. 15:3). Исо аввало Худонинг иродасини бажаришга интилган. Шунингдек, у бошқаларга ёрдам беришни шахсий манфаатларидан устун қўйган. Борди-ю, хизмат қилаётган жойимизда муайян ташқи кўриниш ва кийиниш услуби ўринсиз бўлса, нима қилишимиз керак? Исо каби камтарона руҳга эга бўлсак, доно қарор чиқара оламиз. Ҳаворий Павлус қуйидаги меъёрни ўрнатган: «Бирор нарсада бошқаларнинг қоқинишига сабабчи бўлмаяпмиз» (2 Кор. 6:3). Шундай экан, биз ваъз қилмоқчи бўлган одамларни қоқинтирадиган кийим ва соч турмагидан воз кечишимиз лозим.
Гавдани тутиш. Яхши ташқи кўриниш, гавдани тўғри тутишни ҳам ўз ичига олади. Албатта, ҳамманинг бўй-басти турлича. Шу боис, барчани бир хил қолипга солиб бўлмайди. Аммо Муқаддас Китобга биноан, одам қоматини тик тутиши — ўз қадр-қимматини билиши ва келажакка умид билан қарашини билдиради (Лев. 26:13; Луқо 21:28). Шунга қарамай, кўп йиллар давомида эгилиб меҳнат қилгани ёки қарилик ва заифлик дастидан айрим имондошларимиз гавдаларини тик тута олишмайди. Баъзи ҳолларда, улар бирор нарсага таяниб туришларига тўғри келади. Лекин тик туришга имкони борларга, бошқалар билан гаплашаётиб, шундай қилиш тавсия этилади. Акс ҳолда, бирор нарса учун кечирим сўраётгандай ёки лоқайддек кўринишимиз мумкин. Худди шундай, топшириқ билан саҳнага чиққан киши баъзида қўлини пюпитрга қўйишининг ҳеч ёмон жойи йўқ, лекин унга суянмай гапирса, у тингловчиларда ижобий таассурот қолдиради.
Жиҳозларимиз. Нафақат ташқи кўринишимиз саранжом-саришта бўлиши, балки хизматда фойдаланадиган нарсаларимиз ҳам батартиб бўлиши даркор.
Муқаддас Китобга эътибор қаратайлик. Агар у эскириб қолган бўлса, янгисини олишга ҳамманинг ҳам имкони йўқ. Лекин Муқаддас Китобдан анча йил фойдаланаётганимизга қарамай, уни эҳтиёткорона тутганимиз кўриниб туриши лозим.
Ваъзгўйликка чиқишдан аввал, ҳар биримиз сумкага нарсаларимизни турлича жойлаштирамиз. Аммо асосийси, улар батартиб бўлиши керак. Хонадон эгасига оят ўқиб бермоқчи бўлган ваъзгўйнинг ёки йиғилишда нутқ сўзлаётган биродарнинг Муқаддас Китоби ичидан қоғозлар тушиб кетганини ҳеч кўрганмисиз? Бу чалғитади, шундай эмасми? Муқаддас Китоб ичига солиб қўйилган қоғозлар чалғитмаслиги учун, эҳтимол уларни бошқа жойга қўйиш яхшироқ бўлар. Яна шуни инобатга олиш керакки, айрим маданиятларда Муқаддас Китоб ёки бошқа диний адабиётларни ерга қўйиш чуқур ҳурматсизлик ҳисобланади.
Ташқи кўринишимиз биз учун муҳим аҳамиятга эга бўлиши керак. Боиси бу, атрофдагиларнинг биз ҳақимиздаги фикрига таъсир қилади. Ташқи кўринишимизга диққатли бўлишнинг асосий сабаби эса, «ҳар нарсада Қутқарувчимиз Худонинг таълимотини безашни» исташимиздир (Титус. 2:10).