ЎН БЕШИНЧИ БОБ
Кексайган ота-онангизни ҳурмат қилинг
1. Ота-она олдида қандай бурчимиз бор ва уни қандай бажаришимиз керак?
ҚАДИМ замонда шоҳ Сулаймон «Сени дунёга келтирган отангга қулоқ сол, онанг қариганида хор қилма»,— деб насиҳат қилган эди (Ҳикматлар 23:22). «Наҳотки кимдир ота-онани хор қилса?!» — дея ажабланишингиз мумкин. Тўғри, кўпчилигимиз ота-онамизни хор қилмаймиз, аксинча уларни севиб эъзозлаймиз. Чунки ота-онамизнинг олдида қанчалик бурчли эканимизни тан оламиз. Гарчи Парвардигор Яҳова ҳаётнинг манбаи бўлса-да, ота-онасиз дунёга келмас эдик. Қанчалик ҳаракат қилмайлик, улар олдида бир умр қарздор бўлиб қоламиз. Зеро болани оёққа турғизиш учун қанча ташвиш бошдан кечириш, фидокорлик ва меҳр-муҳаббат намоён этиш, шунингдек қанча сарф-харажат қилиш кераклигини бир тасаввур қилинг-а! Шундай экан, Аллоҳнинг Каломидаги: «Ота-онангни ҳурмат қил, токи барака топиб, ер юзида узоқ умр кўргайсан»,— деган маслаҳатига амал қилиш оқилона эмасми?! (Эфесликларга 6:2, 3).
ҲИС-ТУЙҒУЛАРИНИ ТУШУНИШГА ҲАРАКАТ ҚИЛИНГ
2. Қандай қилиб фарзандлар ота-онасига «тегишли ҳақини» беришлари мумкин?
2 Инжилда қуйидаги насиҳатни ўқиймиз: «Улар [фарзандлар ва набиралар] энг аввал ўз оиласига Худо буюрганларини бажо келтиришни ўргансинлар, катталарни сийлаб уларга тегишли ҳақини берсинлар» (1 Тимўтийга 5:4). Фарзандлар, ота-онасининг, шунингдек бобоси ва бувисининг меҳр-муҳаббати, меҳнати ва ғамхўрлиги учун, ўз миннатдорчиликларини билдириб, шу билан «тегишли ҳақини» беришади. Фарзандлар авваламбор, кексайган кишилар бошқа одамлардек севги ва эътиборга муҳтож эканликларини тушуниб етишлари керак. Қариган кишилар, ҳаммамиз каби ўзларини қадрли ва керакли деб ҳис қилишлари даркор.
3. Қандай қилиб ота-онамизни, шунингдек бобо ва бувиларимизни ҳурмат қилишимиз мумкин?
3 Шунинг учун, ота-онамиз ҳамда бобо ва бувиларимизни ҳурмат қилишимизни, уларни севиш билан намоён этамиз (1 Коринфликларга 16:14). Ота-онамиздан алоҳида яшаётган бўлсак ҳам, ўзимиз ҳақимизда уларга хабар бериб туриш ёдимиздан чиқмасин. Хат ёзиш, қўнғироқ қилиш ёки меҳмонга бориш билан, уларни бағоят хурсанд қилган бўламиз. Японияда яшовчи 82 ёшли Мийо исмли опамиз шундай деб ёзган эди: «Қизим [унинг эри кўчма нозир] менга: “Ойижон, илтимос, биз билан бирга ‘саёҳат’ қилинг”,— деб ҳар ҳафта қаерга боришларини ва телефон рақамларини ёзиб юборади. Ўшанда мен харитага қараб: “Хўш, ҳозир улар мана бу ерда!” — дея улар билан “саёҳат” қиламан. Шундай қизим борлигига Яҳовага минг қатла шукр».
МОДДИЙ ЖИҲАТДАН ЁРДАМ
4. Руҳонийлар чиқарган қандай урф-одат ота-онага ғамхўрлик қилмасликка ундар эди?
4 Ота-онани ҳурмат қилиш, уларга моддий ёрдам беришни ҳам англатади. Бундай ҳолат эса тез-тез учраб туриши мумкин. Исо алайҳиссалом замонасидаги руҳонийларнинг айтишича, инсон пулини ёки мол-мулкини «Худога бағишласа», демак бу одам ота-онасига ғамхўрлик қилмаса ҳам бўлармиш (Матто 15:3–6). Бу қандай бағритошлик! Аслида бу гаплар билан руҳонийлар одамларни ота-онасини ўйламайдиган худбин бўлишларига ундашган. Илойим биз ҳеч қачон бундай йўл тутмайлик! (Амрлар 27:16).
5. Нимага давлат томонидан ижтимоий ёрдам берилса-да, ота-онани ҳурмат қилиш уларга моддий ёрдам беришни ҳам англатади?
5 Бугун кўп мамлакатларда қарияларнинг нафақа, озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой каби эҳтиёжларини қондириш учун давлат томонидан ижтимоий ёрдам берилади. Бундан ташқари балки улар қариликка атаб пул йиғишган бўлишлари мумкин. Аммо бунга қарамай зарурат туғилганида фарзандлар қўлидан келганича ота-онасига ёрдам қилиш билан уларга ҳурмат кўрсатадилар. Дарҳақиқат, қариган ота-онага ғамхўрлик қилиш, оиланинг асосчиси бўлмиш Худованд Яҳовага содиқ бўлишни англатади.
СЕВГИ ВА ФИДОКОРЛИК
6. Ота-онага ғамхўрлик қилиш мақсадида баъзилар ҳаётида қандай ўзгаришлар киритишади?
6 Аксарият фарзандлар севги ва фидокорлик ила ота-онасига ёрдам беришга тайёрдирлар. Масалан, баъзилар кексайиб қолган ота-онасини ўзлариникига олиб келишади ёки ўзлари уларникига кўчиб ўтишади ёхуд уларга яқинроқ бўлган жойга кўчиб боришади. Кўпинча бундай ўзгаришлар иккала томонга ҳам барака келтиради.
7. Нимага ўйламасдан қарор чиқариш оқилона бўлмайди?
7 Аммо гоҳида бундай ўзгаришлар яхшилик келтирмайди. Нимага дейсизми? Чунки баъзан бундай қарорлар пухта ўйламай, фақат ҳис-туйғуларга асосланиб чиқарилади. Тавротда эса: «Ақлли қадамини ўйлаб босади», — дейилган (Ҳикматлар 14:15). Мисол учун, қартайган онангиз энди ёлғиз қолди ва сиз уни уйингизга кўчириб келмоқчисиз дейлик. Амалий нуқтаи назардан бу ҳақда фикр юритиб, қуйидаги саволлар эътиборга олинса яхши бўларди. Аслида онам нимага муҳтож? Онам ўзи кўчиб ўтишни хоҳлайдими? Агар шундай бўлса, бу унинг ҳаётига қандай таъсир қилади? Дўстларидан айрилишига тўғри келадими? Бу, онамнинг ҳис-туйғуларига қандай таъсир этади? Кўчиш ҳақдаги ниятингизни онангиз билан муҳокама қилганмисиз? Шундай кўчиш умр йўлдошингизга ва фарзандларингизга қандай таъсир қилади? Онангизга ким ғамхўрлик қилади? Ушбу вазифаларни қандай тақсимласа бўлади? Бу масалани оилангиз билан муҳокама қилдингизми?
8. Кексайган ота-оналарга ёрдам беришда ким билан маслаҳатлашиш яхши бўларди?
8 Ота-онага ғамхўрлик қилиш ҳамма фарзандларнинг зиммасида бўлганлиги сабаб, юқорида келтирилган саволларни маслаҳатлашиб олиш учун, улар биргаликда йиғилиб муҳокама қилишса оқилона бўларди. Шунингдек оқсоқоллар ёки худди шундай вазиятга дучор бўлган дўстлар билан гаплашиш фойдалидир. Тавротда: «Маслаҳат бўлмаган жойда иш юришмайди, маслаҳатчи кўп бўлса муваффақиятли бўлади»,— деб огоҳлантирилган (Ҳикматлар 15:22).
ТУШУНУВЧАН ВА ҲАМДАРД БЎЛИШ МУҲИМ
9, 10. а) Қариган ота-оналарга ғамхўрлик қилаётганда нимани эътиборга олиш лозим? б) Ота-онани бирон нарса қилишга мажбурлашга тўғри келса-да, фарзандлар уларга қандай муносабат қиладилар?
9 Кексайган ота-оналарни ҳурмат қилиш учун тушунувчан ва ҳамдард бўлиш муҳим. Эҳтимол йиллар ўтган сайин қарилар қувватсизланиб, хотиралари ҳам сусайиб боради ва улар ёрдамга муҳтож бўлиб қолишади. Ўшанда кўпинча фарзандлар ота-онасига ғамхўрлик қиламан деб, уларга бир қадам ҳам ташлашга йўл қўйишмайди. Аммо унутманг, ахир қариялар ёш бола эмас-ку. Улар бир умр ҳаётлари давомида ақл-идрок ва тажрибага эга бўлиб, ўзлари ҳақида ғамхўрлик қилишга ва қарор қабул этишга қодирлар. Улар биринчидан ота-она, иккинчидан эса катта ёшли одамлар экан, бошқалардан ўзига хос ҳурматни кутадилар. Мана нима сабабдан баъзи ота-оналар энди фарзанди қарамоғида бўлганини пайқаб, тушкунликка тушиши ва ғаши келиши мумкин. Айримлар эса, фарзандларидан ҳатто хафа бўлиб, эҳтимол уларга қарши чиқишлари ҳам мумкин.
10 Шунинг учун фарзандлар, ёши улуғ бўлган ота-онасига иложи борича ўзлари ҳақида ғамхўрлик қилишни ва қарор чиқаришни қўйиб беришса, меҳр кўрсатган бўладилар. Лекин ота-она билан гаплашиб олмай қарор қабул қилиш оқилона эмас. Эҳтимол қарилик дастидан қўлларидан кўп нарса келмас ҳам. Бироқ келинг, уларнинг ҳаётига ҳадеб аралашавермайлик. Балки ҳаётларини қанчалик камроқ назорат қилсак, шунчалик муносабатларимиз яхшироқ бўлар. Шунда улар билан бирга биз ҳам бахтли бўламиз. Мабодо фарзандлар ота-онанинг фойдасини деб, уларни бирон нарса қилишга мажбурлашга тўғри келса-да, улар билан ҳурмат ва юмшоқлик ила муносабат қиладилар. Зеро Тавротда, қарияни кўрганда, ўрнидан туриш кераклиги ҳамда ҳурматини жойига қўйиш лозимлиги ҳақида насиҳат берилган (Левилар 19:32).
ОТА-ОНАНГИЗГА ЯХШИ МУНОСАБАТДА БЎЛИНГ
11–13. Ёшлигида ота-онаси билан муносабати яхши бўлмаган фарзандлар, уларга қандай қилиб ғамхўрлик қилишлари мумкин?
11 Айрим фарзандлар қариган ота-онасини ҳурмат қилиши қийин бўлади, чунки ёшлигида улар билан муносабати яхши бўлмаган. Эҳтимол бундай болаларнинг отаси совуқ ва золим, онаси эса бепарво бўлгандир. Балки шу сабабли фарзандларнинг ҳалигача кўнгиллари совиб, хафа бўлиб ёки ғазабга тўлиб юришгандир. Шундай ҳис-туйғуларни улар қандай енгишлари мумкин?a
12 Финляндияда яшовчи Бассе исмли биродаримиз шундай ҳикоя қилиб берди: «Ўгай отам нацист Германиясида СС офицери бўлиб хизмат қилган. У жаҳли тез одам эди ва бундай пайтда унинг олдида бўлиш хатарли эди. Кўп маротаба кўз олдимда у ойимни дўппослаган. Бир куни эса менга аччиғи чиқиб, камарининг тўқаси билан юзимга қаратиб шунчалик қаттиқ урдики, йиқилиб тушдим».
13 Бироқ бошқа томони ҳам бор. Бассе давом этиб бундай деди: «Рўзғорни тебратиш учун у тинмай ишларди. Тўғри, у менга ҳеч қачон меҳрини кўрсатмаган, чунки бундай қила олмаслигини мен билардим. Сабаби уни болалигидаёқ онаси уйдан ҳайдаб юборган эди. У кўчада катта бўлган ва ёшлик чоғидаёқ уришга кетган. Қайсидир жиҳатдан мен уни тушуниб, айбламасдим. Шунинг учун катта бўлсам ҳам, унга иложи борича ёрдам бераман, деб қарор қилдим. Ҳа, бу осон бўлмаган, аммо қўлимдан келганини қилдим. Охиригача яхши ўғил бўлишга ҳаракат қилдим ва ўйлайманки, у мендан рози эди».
14. Инжилдаги битта маслаҳатда нима дейилган?
14 Турли вазиятларда қўллаш мумкин бўлган Инжилдаги битта маслаҳатда бундай дейилган: «Бир-бирингизга кўнгилчан ва меҳр-шафқатли бўлинглар. Худо сизларни Масиҳ ҳақи кечиргани каби, сизлар ҳам бир-бирингизни кечиринглар» (Эфесликларга 4:32).
ҒАМХЎРЛИК ҚИЛАЁТГАНЛАР ҲАМ ҒАМХЎРЛИККА МУҲТОЖДИР
15. Ота-онани парвариш қилиш баъзан нимага қийин кечади?
15 Бемажол ота-онага ғамхўрлик қилиш кўп вақт талаб этиб, катта масъулият юклайди. Бунинг уддасидан чиқиш қийин бўлади. Ота-она соғлигини, хотирасини ва куч-қувватини йўқотаётганини кўриш фарзандлар учун ўта ачинарли. Пуэрто-Рикода яшовчи Сэнди бундай дейди: «Бутун оила ойимнинг бўйнида эди. Унинг азоб чекишини кўриш, шу билан биргаликда унга ғамхўрлик қилиш қийин кечарди. Аввалига онам оқсоқлай бошлади, кейин ҳассага суянадиган бўлди, сўнг қўлтиқтаёққа, охир оқибат эса ногиронлик аравачасига муҳтож бўлиб қолди. Ойимнинг аҳволи тобора ёмонлаша бориб, охири ҳаётдан кўз юмди. У суяк саратони касаллигига чалинган бўлиб, кечаю кундуз парваришга муҳтож эди. Биз уни чўмилтирар, овқатлантирар ва китоб ўқиб берардик. Бу жуда танг вазият эди. Ойижонимнинг ҳаёт учқуни сўнаётганини англаб, йиғлаб юбордим, ахир мен уни қанчалик қаттиқ севар эдим-ку».
16, 17. Ота-онасига ғамхўрлик қилаётганларга ўз меъёрини билишга нисбатан қандай маслаҳатлар берилган?
16 Агар сиз ҳам, кексайган ота-онангизга қараётган бўлсангиз нима қилишингиз мумкин? Муқаддас Китобни ўқиш ва Яҳова Таолога ибодат қилиш катта ёрдам беради (Филиппиликларга 4:6, 7). Шунингдек яхши овқатланиш ва тўйиб ухлаш ҳам зарур. Бу эса ўз навбатида сизни жисмонан ва руҳан тетиклантириб туради, шунда яқинингизга ҳам ёрдам бера оласиз. Вақти-вақти билан дам олиш кунлари уюштириш керак. Ҳатто таътилга чиқишнинг иложи бўлмаса-да, ҳордиқ чиқариш учун вақт ажратиш оқилона бўларди. Шу сабабли ўзингизга вақт ажратиш учун, бирон киши бемор ота ёки она билан ўтириб туришини илтимос қилишингиз мумкин.
17 Кўпинча кексайган ота-онасига ғамхўрлик қилаётганлар ўзларига жуда талабчан бўлишади. Бирон иш қўлингиздан келмаса, ўзингизни айбламанг. Шундай вазиятлар ҳам бўладики, яқин кишимизни тиббий ёрдам кўрсатадиган қариялар уйига жойлаштиришга тўғри келади. Қариган ота-онага ғамхўрлик қилар экансиз, ўз куч-қувватингизни ҳам ҳисобга олинг. Зеро сиз нафақат ота-онангиз, балки фарзандларингизга, турмуш ўртоғингизга ва ўзингизга ҳам ғамхўрлик қилишингиз лозим.
ОЛИЙ ҚУДРАТ
18, 19. Яҳова Таоло нима ваъда берган ва У ваъдасини бажаришини қайси мисол кўрсатмоқда?
18 Парвардигор Яҳова Ўз Каломи орқали қартайган ота-онага ғамхўрлик қилишда меҳр ила раҳбарлик тақдим этган. Лекин Унинг ёрдами шу билангина чегараланмаган. Забурда: «Худовандга... чин қалбдан мурожаат қиладиган ҳар бир инсонга У яқиндир... Уларнинг фарёдини эшитиб, нажот берар»,— дейилган (Забур 144:18, 19). Дарҳақиқат, Худованд Яҳова хизматчиларини ҳатто энг қийин вазиятлардан қутқариб, нажот беради.
19 Филиппинда яшаётган Мирна исмли опамиз шол бўлиб қолган онасига ғамхўрлик қилганида бунда амин бўлди. Унинг айтишича: «Севган кишингиз азоб чекиб, ҳатто қаери оғриётганини айта олмаслигини кўриш жуда оғир. Ойим худди чўкиб кетаётгандек, мен эса қўлимдан ҳеч нарса келмаётгандек туюларди. Кўп маротаба тиз чўкиб, қанчалик чарчаб кетганимни Аллоҳим Яҳовага айтар эдим. Мен гўё ҳазрати Довуд сингари Тангри Яҳовага, кўз ёшларимни шишангга солиб, хотирангда сақлагин деб ёлворардим [Забур 55:9]. Ва Яҳова Таоло ваъда берганидек, менга куч қувват бахш этиб, “менинг таянчим бўлди”» (Забур 17:19).
20. Ота-онасидан айрилганларга Худонинг Каломида қандай ваъдалар берилган?
20 Айтишларича, кексайган ота-онага ғамхўрлик қилиш «охири фожиа билан тугайдиган ҳикоя» кабидир. Қариган кишини жуда яхши парвариш қилган тақдирда ҳам, у вафот этади. Бироқ, Аллоҳимиз Яҳовага умид боғловчилар, ҳаммаси ўлим билан тугамаслигини билишади. Худонинг хизматчиси бўлмиш ҳаворий Павлус: «Мен солиҳ билан фосиқларни тирилтирадиган Худога қаттиқ эътиқод қиламан»,— деб айтган эди (Ҳаворийлар 24:15). Кексайган ота-онасидан айрилганларга тирилишга бўлган умид тасалли беради. Шунингдек келажак янги дунёда «ўлим сира бўлмайди», деган Аллоҳнинг ваъдаси бизга далда беради (Ваҳий 21:4).
21. Қартайган ота-онасини эъзозлайдиган инсон қандай баракаларга эришади?
21 Хуллас, Аллоҳнинг хизматчилари, ота-оналари қариган тақдирда ҳам уларни чуқур ҳурмат қилишади (Ҳикматлар 23:22–24). Бу билан улар Тавротдаги: «Ота-онанг сендан хурсанд бўлсин, сенга ҳаёт берган онанг шод бўлсин»,— деган сўзларни бажарган бўлишади (Ҳикматлар 23:25). Энг муҳими эса, қартайган ота-онасини эъзозлаган инсон, Эгамиз Яҳованинг қалбини қувонтириб шарафлаган бўлади.
a Бу ерда ўз вазифасини суиистеъмол қилиш билан жиноятга йўл қўйган ота-оналар ҳақида гап кетмаяпти.