«Ўроғлиқ битикларни... олиб кел»
ЮҚОРИДАГИ сўзлар билан ҳаворий Павлус ўзининг тўла вақтли хизматдаги ҳамкори Тимўтийдан айрим ёзма маълумотни келтиришни илтимос қилган. Павлус қайси ўроғлиқ ва пергамент битикларни назарда тутган? Уни буларни сўрашга нима ундаган? Биз унинг илтимосидан нимани ўргансак бўлади?
Павлус бу сўзларни милодий биринчи асрнинг ўрталарида ёзган бўлиб, ўшанда Тавротнинг 39 та китоби 22 ёки 24 тага бўлинган бўлиб, аксарияти ўроғлиқ битикларда эди. Профессор Алан Милларднинг ёзишича, ўша ўроғлиқ битиклар шунчалик қиммат бўлганки, «уларга эга бўлиш учун анча-мунча бойлик керак эди». Баъзиларнинг улардан фақат биттасини олишга қурби етарди. Мисол учун, ҳабашистонлик юқори мавқега эга бўлган киши аравасида «Ишаё пайғамбарнинг китобини овоз чиқариб ўқиб кетаётганди». У «ҳабашистонлик малика ҳузурида юқори мавқега эга... унинг бутун хазиналари мудири» эди. Демак, бу киши бадавлат бўлиб, Муқаддас Ёзувларнинг бир қисмига эга бўлиш имкони бўлган (Ҳавор. 8:27, 28).
Тимўтийга ёзган илтимосида Павлус: «Келаётганингда, Троас шаҳрида Карпникида қолдирган чопоним билан ўроғлиқ битикларни, айниқса пергамент битикларни олиб кел»,— деб айтган (2 Тим. 4:13). Бу, Павлусда бир қанча китоблари бўлганини кўрсатиб турибди. Павлус эга бўлган шунча китоблар орасида Аллоҳнинг Каломи у учун энг муҳим бўлган. Оятдаги «пергамент» сўзига нисбатан Муқаддас Китоб олими А. Т. Робертсон қуйидагича фикр билдирган: «Эҳтимол булар асосан Таврот китоби бўлиб, пергамент папирусга қараганда анча қимматроқ бўлган». Павлус ёшлигидан, Таврот қонунидан дарс берувчи ва барча одамларнинг ҳурматини қозонган «шахсан Гамалиэлнинг ўзидан таълим олган». Шундай экан Павлусда, Худо Каломининг шахсий ўроғлиқ битиклари бўлганлиги ажабланарли эмас (Ҳавор. 5:34; 22:3).
Масиҳийлар ўроғлиқ битиклардан фойдаланишган
Муқаддас Ёзувларнинг шахсий битикларига эга бўлиш катта шараф ҳисобланган. Унда масиҳийларнинг аксарияти Аллоҳнинг Каломини қандай ўқий олишган? Павлуснинг Тимўтийга ёзган олдинги мактубида жавобини топса бўлади. У ерда: «Мен келгунимча омма олдида ғайрат билан Муқаддас Ёзувларни ўқигин»,— дейилган (1 Тим. 4:13). Омма олдида ўқиш Мусо пайғамбарнинг давридан Худонинг халқи учун одат тусига кирган бўлиб, масиҳийлар йиғилишининг дастурига ҳам киритилган эди (Ҳавор. 13:15; 15:21; 2 Кор. 3:15).
Тимўтий оқсоқол сифатида овоз чиқариб ўқиганда, Муқаддас Ёзувларнинг шахсий нусхалари бўлмаган кишилар бундан катта фойда топишарди. Албатта, Худонинг Каломи омма олдида ўқилаётган пайтда, бирорта сўзни ҳам тушириб қолдирмаслик учун ҳамма диққат билан тингларди. Ота-оналар ва болалар эса йиғилишларда ўқилганларни уйларида муҳокама қилишлари лозим эди.
Ўлик денгиз қошида топилган таниқли Ишаё битигининг узунлиги тахминан 7,3 метр бўлиб, иккала бошига ҳам таёқ ўрнатилган ва ҳимояловчи қобиқ билан қоплангани учун у жуда оғир. Эҳтимол кўпчилик масиҳийлар ваъзгўйликда битикларнинг ҳаммасини ўзлари билан олиб юришмагандир. Ҳатто Павлус ҳам шахсан фойдаланиш учун Муқаддас Ёзувларнинг ўроғлиқ битикларига эга бўлса-да, эҳтимол сафарга чиққанда у битикларини ўзи билан олиб юрмаган. Айримларини Троас шаҳридаги дўсти Карпникида қолдириб кетган.
Павлуснинг мисолидан нимани ўрганамиз?
Павлус илтимос қилишдан олдин Римда иккинчи марта қамоқда ўтирган бўлиб, шуларни ёзган эди: «Мен жон-жаҳдим билан курашдим, масофани югуриб ўтдим... Шу вақтдан бошлаб мен учун одиллик тожи сақлаб қўйилган» (2 Тим. 4:7, 8). У ушбу сўзларни тахминан милодий 65- йил Нерон томонидан қувғин бошланган вақтда ёзган бўлиши мумкин. Бу вақтда қамоққа олиниш ўта кучайган. Шу йўсин, Павлус тез орада унга чиқарилган ҳукм ижро этилишини сезган (2 Тим. 1:16; 4:6). Павлус ўроғлиқ битиклари ёнида бўлишини нега бунчалик хоҳлаганини энди тушунса бўлади. Гарчи Павлус охиригача жон-жаҳди билан курашганига амин бўлса-да, у Тангрининг Каломини тадқиқ қилиб, ўзини янада мустаҳкамлашни истаган.
Павлуснинг илтимосини олганда, эҳтимол Тимўтий Эфесда бўлгандир (1 Тим. 1:3). У ердан Троас орқали Римга бориш учун 1 600 километр йўлни босиб ўтиш керак эди. Худди шу мактубида Павлус Тимўтийни: «Қиш бошланишидан олдин келишга ҳаракат қил»,— дея ундаган эди (2 Тим. 4:21). Тимўтий Римга Павлус айтган вақтга бориш учун қаердан кема топгани ҳақида Муқаддас Китобда айтилмаган.
Павлуснинг: «Ўроғлиқ битикларни, айниқса пергамент битикларни олиб кел»,— деган илтимосидан нимани ўргансак бўлади? У ҳаётининг энг аянчли даврида Аллоҳнинг Каломи қўлида бўлишини жуда истаган. Унинг маънан тетик ва фаол бўлиб, бошқаларга далда манбаи бўлганининг сири шунда эканини пайқадингизми?
Агар бизда ҳам шахсий Муқаддас Китобимиз бор бўлса, бу катта шараф! Айримларимизда эса бу китобнинг бир неча нусхаси ёки нашрлари бор. Павлус сингари биз ҳам Муқаддас Ёзувларни янада чуқурроқ ўрганиш истагини ривожлантиришимиз даркор. Павлус илоҳий илҳом билан 14 та мактуб ёзиш шарафига муяссар бўлиб, Тимўтийга йўллаган иккинчи мактуби охиргиси бўлган. Унинг шахсий илтимоси эса шу китобнинг сўнгида учрайди. Чиндан ҳам, Павлуснинг Тимўтийга «ўроғлиқ битикларни, айниқса пергамент битикларни олиб кел» деб айтгани, унинг охирги истаги бўлган.
Павлус каби охиригача жон-жаҳдингиз билан курашиб, имонни сақлашни истайсизми? Маънан мустаҳкам бўлиб, Ҳазратимиз истаган вақтгача ваъзгўйлик қилишга тайёр туришни хоҳлайсизми? Унда Павлуснинг имондошларига ёзган сўзларига амал қилинг. Яъни Муқаддас Китобни чуқур истак ва қунт ила тадқиқ қилиб, «ўзингизга ва қандай таълим бераётганингизга ҳамиша диққатли бўлинг». Бу китоб бугун ҳар қачонгидан ҳам оммабоп ва ўроғлиқ битикларга қараганда қулайроқдир (1 Тим. 4:16).
[18- ва 19- саҳифадаги харита ва расмлар]
(Матннинг асл тузилишини кўриш учун адабиётга қаранг)
Эфес
Троас
Рим