Бир-биримиз ҳақимизда ўйлаб, далда берайлик
Севишга ва эзгу ишлар қилишга ундаш учун бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик. ИБРОН. 10:24
1, 2. Иккинчи жаҳон уруши тугай деб қолганда, 230 нафар Яҳованинг Шоҳидлари ўлим юришидан нима туфайли омон қолишган?
ИККИНЧИ жаҳон уруши тугай деб қолганда, фашистларнинг тузуми барҳам топиб, концлагерларда қолган мингларча асирларни йўқ қилиш ҳақида буйруқ берилган эди. Заксенхаузен концлагерининг маҳбусларини денгиз соҳилига олиб бориб, у ерда кемаларга ўтқазиб, денгизда чўктириб юбормоқчи бўлишган. Бу махсус ҳарбий режанинг бир қисми, кейинчалик ўлим юриши деб ном олган.
2 Заксенхаузен концлагерининг ўттиз уч минг асири Германиянинг Любек шаҳридаги денгиз соҳилигача қарийб 250 километр пиёда юриб бориши керак эди. Уларнинг орасида олти мамлакатдан 230 нафар Яҳованинг Шоҳидлари ҳам бор эди. Асирларнинг ҳаммаси очлик ва касаллик дастидан кучсизланиб қолганди. Ўша имондошларимиз қандай қилиб омон қолишган экан? «Биз бир-биримизга далда бериб, тўхтамай юришга чорлар эдик»,— дейди улардан бири. «Инсонларникидан устун турган куч», яъни Худонинг мадади ҳамда бир-бирига бўлган севгиси туфайли улар шиддатли синовдан омон қолишган (2 Кор. 4:7).
3. Нима сабабдан биз бир-биримиздан далда олишга муҳтожмиз?
3 Бугунги кунда биз ўлим юришига дучор бўлмасак-да, кўпгина бошқа қийинчиликларга рўбарў келяпмиз. 1914- йилда Худонинг Шоҳлиги ўрнатилганидан кейин, Шайтон осмондан ҳайдалиб, ер юзига отилган эди. Ҳозир у «вақти оз қолганини билиб, мудҳиш қаҳр-ғазаб ила» юрибди (Ваҳ. 12:7–9, 12). Энди, Армагеддон жанги яқинлашган сари Шайтон синов ва босим орқали маънавийлигимизни сусайтиришга уриняпти. Бунинг устига, ҳаёт ташвишлари кундан-кунга ортиб боряпти (Аюб 14:1; Воиз 2:23). Баъзан қийинчиликларимиз тўпланиб, бизни шу қадар саросимага солиши мумкинки, бундай аҳволни енгиш учун на ҳиссий, на маънавий кучимиз етади. Бир неча ўн йил давомида кўпларга маънан ёрдам бериб келган бир акамизнинг мисолини олайлик. Умрининг сўнгги йилларида ўзи ҳам, рафиқаси ҳам соғлиги заифлашганидан, нима қилишини билмай қолган эди. Ўша акамиз сингари, барчамиз «инсонларникидан устун турган кучга», яъни Яҳованинг мадади ҳамда бир-биримиздан далда олишга муҳтожмиз.
4. Агар биз бошқаларга далда беришни истасак, ҳаворий Павлуснинг қайси маслаҳатини ёдда тутишимиз керак?
4 Агар биз бошқаларга далда беришни истасак, ҳаворий Павлуснинг қуйидаги маслаҳатини ёдда тутишимиз керак. Иброний халқидан бўлган имондошларига у шундай деган: «Севишга ва эзгу ишлар қилишга ундаш учун бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик. Баъзиларнинг одатидек, йиғилишларимизни қолдирмайлик. Аксинча, ўша куннинг яқинлашиб қолганини кўриб турган эканмиз, бир-биримизга янада кўпроқ далда берайлик» (Иброн. 10:24, 25). Унинг сермазмун маслаҳатини биз қандай қўлласак бўлади?
«БИР-БИРИМИЗ ҲАҚИМИЗДА ЎЙЛАЙЛИК»
5. «Бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик», деган сўзлар нимани англатади ва бунинг учун қанақа ҳаракатлар талаб этилади?
5 «Бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик», деган сўзлар «бошқаларнинг эҳтиёжларига аҳамият беришни» англатади. Агар бошқалар билан Йиғилиш Залида шунчаки сўрашиб қўйсак ёки арзимаган нарсалар ҳақида гаплашсак, уларнинг эҳтиёжларига аҳамият берган бўламизми? Йўқ албатта. Тўғри, биз шахсий ишларимиз билан шуғулланиб, бошқаларнинг ишига аралашишдан эҳтиёт бўлишимиз керак (1 Салон. 4:11; 1 Тим. 5:13). Лекин, имондошларимизга далда беришни истасак, биз аввал уларнинг аҳволини, фазилатларини, маънавийлигини, кучли ва заиф томонларини билиб олишимиз лозим. Улар бизни дўстдек кўриб, уларни севаётганимизга амин бўлишлари керак. Бунинг учун эса, нафақат улар муаммоларга дуч келиб, саросимага тушганда, балки бошқа пайтларда ҳам улар билан вақт ўтказиш талаб этилади (Рим. 12:13).
6. Оқсоқолга, унга ишониб топширилганлар ҳақида «ўйлашга» нима ёрдам беради?
6 Жамоат оқсоқоллари, уларга «ишониб топширилган Аллоҳнинг сурувини боқишга» ва буни шижоат билан, бажонидил қилишга чорланмоқдалар (1 Бутр. 5:1–3). Улар ўзларига ишониб топширилган «қўйларни» яхши билишмаса, чўпонлик ишини қандай бажара олишади? (Ҳикматлар 27:23 ни ўқинг). Оқсоқоллар имондошларига вақт ажратишга тайёр бўлишса ва бундан ўзлари ҳам хурсанд бўлишса, «қўйлар» керакли вақтда улардан ёрдам сўрашдан тортинмайдилар. Боз устига, ака-укаю опа-сингиллар бемалол ўз ҳис-туйғуларини тўкиб соладилар. Натижада эса оқсоқоллар улар ҳақида «ўйлаб», зарур бўлганда ёрдам бера оладилар.
7. Тушкун аҳволда бўлган одамнинг «ўпоқ-сўпоқ гапларига» қандай муносабатда бўлишимиз керак?
7 Ҳаворий Павлус Салоникадаги жамоатга мурожаат қилиб: «Кучсизларга ёрдамлашинглар»,— деган эди (1 Салоникаликларга 5:14 ни ўқинг). «Кучсизлар» — бу руҳи тушган ва нима қилишини билмай қолган одамлардир. Ҳикматлар 24:10 да: «Ташвишли кунда ожиз бўлганнинг кучи камдир»,— дейилган. Тушкун аҳволда бўлган одам «ўпоқ-сўпоқ гаплар» айтиши мумкин (Аюб 6:2, 3). Бундай одам ҳақида «ўйлаганимизда», аслида ўзи ҳам нима деганини билмаган бўлиши мумкинлигини ёдда тутишимиз керак. Рашель исмли синглимиз буни ўз бошидан ўтказган. Унинг онаси чуқур депрессиядан азоб чекаётган эди. У шундай деб бўлишди: «Онам гаплари билан мени кўп ранжитар эди. Мен эса, онажоним аслида унақа эмас, у яхши, меҳрибон ва сахий инсон, деб ўзимга тез-тез эслатиб турардим. Ҳа, депрессияга тушган одам нима деганини ўзи ҳам билмас экан. Бундай инсонга ёмон гап ёки қўпол ҳаракат билан қайтариш оқилона эмас». Ҳикматлар 19:11 да: «Одамнинг ақли жаҳлини тияди, гуноҳни кечириш унга шуҳрат келтиради»,— дейилган.
8. Биз айниқса кимларни ўз севгимизга «ишонтиришимиз» керак ва нега?
8 Ўтмишда қилган гуноҳларини тўғрилаш учун керакли қадамлар қўйган бўлса-да, ҳали ҳам хижолат тортиб, умидсизланиб юрган инсон ҳақида қандай қилиб «ўйлашимиз» мумкин? Коринфдаги жамоатда, гуноҳларидан тавба қилган бир киши ҳақида Павлус шундай деб ёзган: «У кишини чин дилдан кечириб, тасалли беринглар, тағин у ортиқча ғамга ботмасин. Бу кишини ўз севгингизга ишонтиришингизни илтимос қиламан» (2 Кор. 2:7, 8). Мазкур оятда «ишонтириш» деган сўз «кўрсатиш, исботлаш», деган маънога эга. Агар биз имондошимизни севишимизни, у ҳақда ўйлаётганимизни сўзларимиз ва ҳаракатларимиз билан кўрсатмасак, у буни қаердан билсин?
«СЕВИШГА ВА ЭЗГУ ИШЛАР ҚИЛИШГА УНДАШ»
9. «Севишга ва эзгу ишлар қилишга ундаш» нима дегани?
9 «Севишга ва эзгу ишлар қилишга ундаш учун бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик»,— деб ёзган эди Павлус. Демак, биз имондошларимизни бир-бирини севишга ва эзгулик қилишга чорлашимиз керак. Олов ўчиб қолай деганда, ўтин солиб қўйсак, яна алангаланиб кетади (2 Тим. 1:6, изоҳ). Шунга ўхшаб, биз ҳам имондошларимизни Худога ва бошқаларга севгини намоён этишга ундашимиз мумкин. Ўз ўрнида мақтаб қўйиш эса яхши ишлар қилиш истагини уйғотади.
10, 11. а) Орамизда кимлар мақтовга сазовор? б) Хато қилган кишига мақтов қандай таъсир этиши мумкинлигини мисол орқали кўрсатиб беринг.
10 Тушкунликдамизми ёки йўқми, ҳаммамиз мақтовга муҳтожмиз. «Отам мени ҳеч қачон мақтамаган»,— деб ёзган эди бир оқсоқол. «Шу боис мен катта бўлгунча ўз қадр-қимматимни билмаганман... Ҳозир ёшим 50 да бўлса ҳам, дўстларим мени оқсоқоллик вазифамни яхши бажарганим учун мақташса, кўнглим тоғдай кўтарилади... Бошқаларга далда бериш қанчалик муҳим эканини мен ўз тажрибамдан билиб олдим ва ўзим ҳам шундай йўл тутишга қарор қилдим». Мақтов ҳаммага — жумладан кашшофларга, кексаларга ва тушкун аҳволда бўлганларга ҳам яхши таъсир қилади (Рим. 12:10).
11 Маънан етук бўлганлар, хато қилган кишини тузатишга уринаётиб, унга меҳр ила насиҳат қилишса ва ўз ўрнида мақтаб қўйишса, унда яна эзгу ишлар қилиш истаги пайдо бўлиши мумкин (Галат. 6:1). Буни Мирям исмли синглимизнинг мисоли яққол кўрсатиб турибди. У шундай деб ёзган эди: «Баъзи дўстларим жамоатни тарк этишганда ва шу билан бир вақтда отам мияга қон қуйилиши касаллигига йўлиққанда, мен қаттиқ изтироб чекканман. Ўшанда нима қилишимни ҳам билмай қолгандим. Тушкун аҳволимни енгиш учун мен бир дунёвий йигит билан юриб кетдим». Оқибатда синглимиз ўзини Яҳованинг севгисига нолойиқ, деб ҳис этиб, ҳақ диндан чиқиб кетиш ҳақида ўйлай бошлади. Оқсоқол унга ўтмишда қандай садоқат ила хизмат қилганини эслатганида эса синглимизнинг юрагида илиқлик пайдо бўлди. У оқсоқолнинг, Яҳова уни қанчалик севиши ҳақидаги сўзларига чин юракдан ишонди. Натижада унинг қалбида яна севги аланга олди. Мирям имондоши бўлмаган ўша йигит билан муносабатини тўхтатиб, Яҳовага хизмат қилишда давом этди.
12. Имондошимизни бошқалар билан солиштирсак, танқид қилсак ёки уялтириб қўйсак, натижаси қанақа бўлиши мумкин?
12 Бироқ, имондошимизни Худога ғайрат билан хизмат қилишга «ундаётиб», эҳтиёт бўлишимиз керак. Уни бошқалар билан солиштириш, ўзимиз ўрнатган қоидаларга амал қилмаётгани учун танқид қилиш ёки кўпроқ хизмат қилмаётгани учун уялтириб қўйиш нотўғри бўларди. Эҳтимол бу қанақадир натижа берар, лекин узоққа чўзилмайди. Аксинча, имондошимизни мақтаб, Худога бўлган севгисини уйғотишга ҳаракат қилсак, бу ижобий самара бериб, уни кўпроқ хизмат қилишга ундайди (Филиппиликларга 2:1–4 ни ўқинг).
БИР-БИРИМИЗГА ДАЛДА БЕРАЙЛИК
13. Бошқаларга далда бериш нимани ўз ичига олади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)
13 Ҳаворий Павлус, бир-биримизга далда беришимиз муҳимлигини айтган. Бошқаларга далда беришни, олов ўчиб қолмасин ёки янада кучлироқ ёнсин деб, устига ёғ қуйиш билан таққосласа бўлади. Имондошларимизга далда бериш, Худога хизмат қилишда давом эта олишлари учун уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда тасалли беришни ўз ичига олади. Руҳи тушганларга мадад беришга интилар эканмиз, уларга меҳр ва мулойимлик ила гапиришимиз лозим (Ҳик. 12:18). Устига устак, биз «тинглашга тайёр», «сўзлашга эса шошилмаслигимиз» даркор (Ёқб. 1:19). Агар имондошимизни ҳамдардлик ила тингласак, унинг руҳи тушишига нима сабаб бўлганини аниқлаб, бу вазиятни енгиб ўтишига кўмаклашадиган сўзларни топа оламиз.
14. Руҳи тушган биродаримизга қандай ёрдам кўрсатилди?
14 Бир неча йил давомида фаолиятсиз бўлган биродаримизга бир оқсоқол қандай ёрдам берганини кўриб чиқайлик. Оқсоқол ўша биродаримизни тинглаб, у Яҳовани ҳали ҳам қаттиқ севаётганини кўрди. Биродаримиз «Қўриқчи минораси» журналининг ҳар бир сонини тадқиқ қилишга ва йиғилишларга мунтазам қатнашга ҳаракат қиларди. Бироқ, жамоатда кимдир ўз хатти-ҳаракатлари билан уни ранжитиб қўйибди. Оқсоқол ўша биродаримизни ҳукм қилмасдан, ҳамдардлик билан тинглади ва уни ҳамда оиласини яхши кўришини айтди. Аста-секин биродаримиз, бўлиб ўтган ёмон воқеалар дастидан Худога хизмат қилмай қўйиб, нотўғри йўл тутганини тушунди. Оқсоқол унга биргаликда ваъзгўйликка чиқишни таклиф этди. Оқсоқолнинг ёрдами билан биродаримиз яна хизмат қила бошлади ва натижада қайтадан оқсоқол бўлиб тайинланди.
15. Тушкун аҳволда бўлганларга далда беришда Яҳовадан нимани ўргансак бўлади?
15 Руҳи тушган инсон дарҳол ўзига кела олмайди ва таклиф қилинган ёрдамни тезда қабул қила олмайди. Эҳтимол, уни қўллаб-қувватлашда давом этиш керак бўлар. Павлус: «Кучсизларга ёрдамлашинглар, ҳамма одамларга узоқ сабрли бўлинглар»,— деб ёзган (1 Салон. 5:14). Бундайларга ёрдам беришдан дарров воз кечмай, қўллаб-қувватлашда давом этишимиз керак. Қадимда Яҳова, айрим хизматчилари руҳан тушганда, уларга сабр-тоқат ила мадад берган. Масалан, Илёс пайғамбарнинг ҳис-туйғуларини инобатга олиб, Худо унга илтифот кўрсатган. Пайғамбари хизматини давом эттириши учун, Яҳова уни зарурий нарсалар билан таъминлаб турган (3 Шоҳ. 19:1–18). Довуд чин юракдан тавба қилгани учун, Яҳова унга марҳамат қилиб, кечирган (Заб. 50:9, 19). Худо ҳатто, Унга хизмат қилишни тўхтатмоқчи бўлган 72- санонинг ёзувчисини ҳам кечирган (Заб. 72:13, 16, 17). Мабодо биз ҳам руҳан тушиб, нима қилишимизни билмай қолсак, Яҳова бизга илтифот кўрсатиб, марҳамат қилади (Чиқ. 34:6). Унинг раҳм-шафқати «ҳар тонг янгиланади» ва асло тугамайди (Марсия 3:22, 23). Яҳова, биз ҳам Унга тақлид этиб, тушкун аҳволда бўлганларга нисбатан меҳрибон бўлишимизни хоҳлайди.
ҲАЁТ ЙЎЛИДАН ҚАЙТМАСЛИК УЧУН БИР-БИРИМИЗГА ДАЛДА БЕРАЙЛИК
16, 17. Ушбу дунё охирлаб борар экан, биз нима қилишга қатъий қарор қилишимиз керак ва нега?
16 Заксенхаузен концлагерини тарк этган 33 000 кишидан бир неча мингтаси ўлиб кетган. Аммо улар қатори ўлимга маҳкум этилган 230 нафар Яҳованинг Шоҳидларидан биттаси ҳам нобуд бўлмаган. Ҳа, улар бир-бирига далда бериб, қўллаб-қувватлашгани туфайли, ўлим юришини ҳаёт юришига айлантиришган.
17 Бугунги кунда биз «ҳаётга олиб борадиган» йўлдан юрмоқдамиз (Мат. 7:14). Яқинда барча Яҳованинг хизматчилари биргалашиб, адолатли янги дунёга қадам ташлашади (2 Бутр. 3:13). Илоё, мангу ҳаётга олиб борадиган йўлда ҳаммамиз бир-биримизни қўллаб-қувватлашга қатъий қарор қилайлик.