Имон ва худотарсликка асосланган жасорат
Жасоратли ва дадил бўл... Худойинг Яҳова сен биландир. ЁШУА 1:9, ЯДТ
1, 2. а) Одамнинг нуқтаи назари бўйича исроилликларнинг ғалаба қозонишга имкониятлари қандай эди? б) Худо Ёшуани нимага ишонтирди?
МИЛОДДАН аввалги 1473 йилда Исроил халқи ваъда қилинган ерга кириш остонасида турган эди. Мусо пайғамбар бу халқ қандай қийинчиликларга дуч келишини эслатиб қўйди. Улар Иорданнинг нариги томонига ўтиб, ўзларидан кўпроқ ва кучлироқ бўлган халқларнинг ерларини мулк қилиб олишлари керак эди. Душманларининг шаҳарлари катта, деворлари баланд эди. Унинг аҳли эса кўпчилик ва баланд бўйли эдилар. Шунинг учун бундай одамларга ҳеч ким бас кела олмайдигандек туюлар эди (Амрлар 9:1, 2). Дарҳақиқат, бу халқнинг донғи ҳаммага таниқли эди! Бундан ташқари, баъзи Канъон халқларининг қуролланган қўшинлари, отлари ва жанг аравалари бор эди (Ҳакамлар 4:13).
2 Исроил халқи эса қулликдан чиқиб, 40 йил саҳрода кезишган эди. Шу сабабли одамнинг нуқтаи назари бўйича уларнинг ғалаба қозонишга имкониятлари кам бўлган. Аммо бунга қарамай, Мусо пайғамбарнинг имони мустаҳкам бўлиб, у худди Тангри Яҳова уларнинг олдида бораётганини кўргандай эди (Ибронийларга 11:27). Мусо пайғамбар халқни, Худованд уларнинг олдиларида бориб, душманларни мағлуб қилишига ишонтирди (Амрлар 9:3; Забур 32:16, 17). Мусо пайғамбарнинг ўлимидан кейин, Яҳова Ёшуани қўллаб-қувватлашга ваъда берди. У Ёшуага халқ билан бирга Иордан дарёсидан кечиб ўтиб, ваъда қилинган ерни эгаллаб олишни буюрди. Шунингдек, ҳеч ким унга тенг кела олмаслигини айтди. Худо Мусо билан бўлганидай, у билан ҳам бўлишига ишонтирди (Ёшуа 1:2, 5).
3. Ёшуа жасоратли ва имони мустаҳкам бўлишига нима ёрдам берган?
3 Худованд Яҳованинг қўллаб-қувватлаши ва раҳбарлигига эга бўлиш учун, Ёшуа Унинг Қонунини ўқиб, мулоҳаза юритиши ва унга амал қилиши керак эди. Ўшанда у йўлларида муваффақиятли бўлиб, оқилона иш тутган бўлар эди. Яҳова Таоло унга бундай деб айтди: «Мен сенга: “Жасоратли ва дадил бўл”,— деб амр берганим ёдингдами? Шундай экан, қўрқма ва ваҳимага тушма, чунки қаерга бормасанг ҳам, Худойинг Яҳова сен биландир» (Ёшуа 1:8, 9, ЯДТ). Ёшуа Худога итоатли бўлганлиги учун дадил, жасоратли ва йўлларида муваффақиятли бўлган. Бироқ Ёшуа давридаги кўпчилик исроилликлар Яҳовага қулоқ солишмаган эди. Оқибатда улар муваффақиятга эришмай, саҳрода ўлиб кетишган.
На имон, на жасоратга эга бўлган халқ
4, 5. а) Ўнта айғоқчининг нуқтаи назари Ёшуа ва Холибникидан нимаси билан фарқ қилар эди? б) Халқ Худога ишонч ҳосил қилмагани Яҳовага қандай таъсир қилган эди?
4 Бундан 40 йил олдин Исроил халқи биринчи бор Канъонга яқинлашганида, Мусо пайғамбар ўша ердан хабар олиш учун 12 айғоқчини жўнатган эди. Улардан ўнтаси қўрқув остида қайтишганди. Уларнинг айтишича, ўша юртда кўрган халқнинг ҳаммаси узун бўйли эмиш. У ерда улкан паҳлавонлар уруғидан бўлган Иноқ ўғилларини кўришибди. Улар бу баҳодирлар зотидан бўлган одамларнинг олдида ўзларини худди чигирткадай ҳис қилишган эмиш (Саҳрода 13:17–14:4). Ҳақиқатдан ҳам ўша халқнинг ҳаммаси ва Иноқ ўғиллари девқомат бўлишганми? Йўқ. Иноқ ўғиллари Тўфонгача яшаган баҳодирлар зотидан бўлишганми? Албатта йўқ! Аслида бу кишиларнинг бўрттириб гапирганлари дастидан бутун халқ даҳшатга тушди. Улар ҳатто қулликда бўлишган Миср мамлакатига қайтишни истаб қолишган! (Саҳрода 13:31–14:4).
5 Ваҳоланки айғоқчилардан иккитаси, яъни Ёшуа ва Холиб ваъда қилинган юртга боришга тайёр эдилар. Улар, Худованд Яҳова Исроил билан бирга бўлганлиги учун, бу халқни осонгина енгишга ишонишган (Саҳрода 14:9). Ёшуа ва Холибнинг бунга ижобий муносабатда бўлганликлари оқландими? Албатта! Бошқа исроилликлар билан бирга улар Яҳова Мисрга ўнта жазо юбориб, ўша қудратли мамлакатни ва унинг худоларини шарманда қилганлигини кўришган. Сўнг улар қандай қилиб Яҳова Тангри Фиръавнни ва лашкарларини Қизил денгизга чўктирганлигига гувоҳ бўлишган (Забур 135:15). Шу сабабли, ўнта айғоқчининг ва уларга қўшилган кишиларнинг қўрқуви асоссиз эди. Бундан Яҳова ғазабга тўлди, чунки уларнинг орасида қанча мўъжиза кўрсатган бўлмасин, бу халқ шу пайтгача Унга ишонмай юрарди (Саҳрода 14:11).
6. Қандай қилиб жасорат имон билан боғлиқ ва бугунги кунда буни нимада кўриш мумкин?
6 Яҳова Таоло бу муаммонинг сабабини кўрсатди: исроилликларнинг жасоратсизлиги имонлари сустлигидан далолат берарди. Дарҳақиқат, имон ва жасорат бир-бирига боғлиқ, чунки ҳатто ҳаворий Юҳанно имонлилар жамоати ва унинг маънавий кураши ҳақида бундай деб ёзган: «Мана шу бизнинг имонимиз дунё устидан ғолиб чиқди» (1 Юҳанно 5:4). Бугунги кунда ҳам, олти миллиондан ортиқ Яҳованинг Шоҳидлари Ёшуа ва Холиб сингари, мустаҳкам имонга эга бўлганлари учун бутун дунё бўйлаб хушхабарни ваъз қилишмоқда. Ва бу жасоратли гуруҳни ҳеч қайси душман тўхтата олмайди (Римликларга 8:31).
‘Бизлар эса орқага чекинадиганлардан эмасмиз’
7. «Орқага чекинмоқ» ибораси нимани англатади?
7 Бугунги кунда Яҳованинг хизматчилари ҳаворий Павлусга ўхшаб жасорат ила ваъз қилишмоқда. У бундай деб ёзган: «Бизлар эса орқага чекиниб ҳалок бўлмаймиз, балки имонни сақлаб, жонимизга нажот топамиз» (Ибронийларга 10:39). Бу ерда ҳаворий Павлус «орқага чекинмоқ» деган иборани ишлатганида, вақтинчалик қўрқувни назарда тутмаган эди, чунки бундай қўрқув Худонинг аксарият хизматчиларида бўлиб туради (1 Шоҳлар 21:12; 3 Шоҳлар 19:1–4). Муқаддас Китобнинг бир луғатида айтилишича, «орқага чекинмоқ» ибораси «орқага тисарилмоқ, тисланмоқ», «ҳақиқат йўлида суст бўлиб қолмоқ»ни англатади. Ушбу луғатга биноан «орқага чекинган» одам Худога хизмат қилишда рамзий маънода «елканни тушуриб, тезликни секинлаштиради». Имони мустаҳкам бўлган киши эса, қийинчиликлар, қувғинлар, касалликка ёки бошқа синовларга дуч келганда ҳам, «тезликни секинлаштирмайди». Аксинча, у Аллоҳ унга ғамхўрлик қилишини ёдда тутиб, Яҳовага ғайрат ила хизматини давом эттиради (Забур 54:23; 102:14). Сиз ҳам шундай имонга эгамисиз?
8, 9. а) Қандай қилиб Яҳова Таоло илк масиҳчиларнинг имонини мустаҳкамлади? б) Бизнинг имонимиз мустаҳкам бўлиши учун нима қилишимиз керак?
8 Бир куни Исонинг шогирдлари ундан: «Имонимизга имон қўш»,— деб сўрадилар (Луқо 17:5). Исо уларнинг самимий илтимосига жавоб бергани, айниқса милодий 33 йилнинг Ҳосил байрами кунида шогирдларига муқаддас руҳ тушиб, Худонинг Каломини ва Унинг иродасини аниқроқ тушуна бошлашганида, янада яққол кўринди (Юҳанно 14:26; Ҳаворийлар 2:1–4). Шогирдларнинг имони мустаҳкам бўлиб, фаол ваъз қила бошлашди, натижада Хушхабар «фалак остида Худо яратган барча жонзодга етказилди» (Колосаликларга 1:23; Ҳаворийлар 1:8; 28:22).
9 Биз ҳам имонимизни мустаҳкамлаб, хизматимизни ғайрат ила давом эттиришимиз учун, Худонинг Каломини чуқур ўрганиб, унинг устидан мулоҳаза юритишимиз ҳамда муқаддас руҳ сўраб, ибодат қилишимиз муҳим. Агар биз Ёшуа, Холиб ва илк масиҳчиларга тақлид қилиб, Худонинг ҳақиқати онгимизга ўрнашишига ҳаракат қилсак, имонимиз мустаҳкам бўлади. Оқибатда бу имон туфайли маънавий курашда жасоратли бўлиб, ғалаба қозонишимиз мумкин (Римликларга 10:17).
Шунчаки Худога ишониш етарли эмас
10. Ҳақиқий ишонч нимадан иборат?
10 Худонинг қадимги хизматчиларининг ўрнагидан кўринганидек, инсонни жасоратли ва бардошли қилувчи имон — шунчаки Худонинг борлигига ишонишдан иборат эмас (Ёқуб 2:19). Ҳақиқий ишонч эса, Парвардигор Яҳовани яхшироқ таниб билиш ва Унга умид боғлашни талаб этади (Забур 77:5–8; Ҳикматлар 3:5, 6). Худонинг қонун-қоидалари бизнинг манфаатимиз учун эканлигига чин юракдан ишонишимиз керак (Ишаё 48:17, 18). Шунингдек имон, Яҳова Ўз ваъдаларини албатта бажаришига ва «Уни изловчиларга мукофот беришига» амин бўлишни англатади (Ибронийларга 11:1, 6; Ишаё 55:11).
11. Қандай қилиб Ёшуа ва Холиб имон ва жасорат туфайли барака топишди?
11 Бундай имон доимо ривожланади. Бу дегани ҳақиқат йўлида қанча бўлсак, имон ҳам шунча ўсиб боради. У қут-баракалардан «лаззат олиб», ибодатлар ижобат бўлганини кўради, шунингдек қандай қилиб Яҳова ҳаётимизни бошқа усуллар билан бошқараётганини пайқайди (Забур 33:9; 1 Юҳанно 5:14, 15). Ёшуа ва Холиб Худованднинг мурувватидан лаззат олишганида, имонлари янада мустаҳкам бўлганига амин бўлишимиз мумкин (Ёшуа 23:14). Масалан, улар Худо ваъда қилган юртга кира олишди (Саҳрода 14:27–30; 32:11, 12). Шунингдек, улар Канъон мамлакатини забт этишда фаол иштирок этишди. Улар узоқ умр кўриб, ўз ерларига ҳам эга бўлишди. Чиндан ҳам, Яҳова Тангри Унга садоқат ва жасорат ила хизмат қилганларни баракалайди! (Ёшуа 14:6, 9–14; 19:49, 50; 24:29).
12. Яҳова Таолонинг ваъдалари қандай бажарилмоқда?
12 Эгамиз Ёшуа ва Холибга кўрсатган меҳр-инояти устидан мулоҳаза қилсак, ушбу сўзлар эсимизга келади: «Улуғ номингга тан бераман Сенинг. Сен номингдан ҳам улуғ ваъда бергансан» (Забур 137:2). Яҳованинг исми Унинг ваъдалари билан боғлиқдир, ушбу ваъдалар эса қойил қолдирарли даражада бажарилмоқда (Эфесликларга 3:20). Ҳа, «Худованддан лаззат олганлар»нинг ҳеч қачон Яҳовадан кўнгиллари қолмайди (Забур 36:3, 4).
Худо рози бўлган инсон
13, 14. Нима учун Ҳанўхга имон ва жасорат керак эди?
13 Биз Худонинг яна бир хизматчиси Ҳанўхнинг имони ва жасоратидан ҳам ўрнак олишимиз мумкин. Ҳанўх, пайғамбар бўлишидан аввал имони ва жасорати синалишини билган эди. Нега дейсизми? Чунки Яҳова Унга хизмат қилганларнинг ва Шайтонга итоат қилганларнинг орасида адоват бўлишини Адан боғида башорат қилган эди (Ибтидо 3:15). Ҳанўх бу башорат инсоният тарихининг бошиданоқ, яъни Қобил Ҳобилни ўлдирганида юз бера бошлаганини билар эди. Чунки Ҳанўх туғилганидан кейин Одам Ато яна 310 йил умр кўрган эди (Ибтидо 5:3–18).
14 Бу адоватга қарамай, Ҳанўх жасорат ила «Худо билан юриб», гуноҳкорларнинг Яҳовага қарши айтган сўзларини фош қилган (Ибтидо 5:22; Яҳудо 14, 15). Эҳтимол, у ҳақиқий топинишни ёқлаганлиги учун душманлари кўпайиб, ҳаёти хавф остида бўлган. Шу сабабли, Яҳова Тангри Ҳанўхни ўлим азобларидан халос этди. Бу дегани «юқорига олишдан», яъни унинг ўлимидан олдин «Худо ундан розилигини таъкидлаб», унга башоратли рўъёлар кўрсатди (Ибронийларга 11:5, 13; Ибтидо 5:24).
15. Ҳанўх пайғамбар Яҳованинг ҳозирги хизматчиларига қандай ўрнак кўрсатди?
15 Ҳаворий Павлус Ҳанўхнинг «юқорига олиниши» ҳақида айтиб ўтиб, имон қанчалик муҳим эканлигини таъкидлади. У: «Ишонмасдан эса Худонинг розилигини топмоқнинг имкони йўқ»,— деб айтди (Ибронийларга 11:6). Яҳова билан юриш ва Унинг ҳукмларини бетавфиқу шаккокларга эълон этиш учун Ҳанўхнинг мустаҳкам имони унга жасорат ато этди. Бунда Ҳанўх бизга яхши ўрнак кўрсатди. Бугун биз ҳам бу ёвуз ишларга тўлиб-тошган ва ҳақиқий топинишга қаршилик кўрсатаётган дунёда Худонинг ҳукмларини эълон қилишимиз даркор (Забур 91:8; Матто 24:14; Ваҳий 12:17).
Жасорат худотарсликка асосланган
16, 17. Ободиё ким бўлган ва у қандай вазиятга тушган эди?
16 Жасоратли бўлиш учун имондан ташқари худотарс ҳам бўлиш керак. Келинг, Илёс пайғамбар ва шимолий Исроилда ҳукмронлик қилган шоҳ Ахаб даврида яшаган битта одамнинг мисолини кўриб чиқайлик. Ахаб шоҳлик қилаётган пайтида шимолий Исроилда худо Баалга бўлган топиниш ривожланиб кетган эди. Ўшанда Ахабнинг хотини бўлмиш «Изабел дастурхонидан» Баалнинг тахминан 450та пайғамбари ва худо Ашеранинг 400та пайғамбари таом ейишган (3 Шоҳлар 16:30–33; 18:19).
17 Изабел Яҳовага қарши чиқиб, мамлакатдаги ҳақиқий топинишни йўқ қилмоқчи бўлган. У Худованд Яҳованинг айрим пайғамбарларни ўлдириб, Илёс пайғамбарни ҳам ўлдирмоқчи бўлган, аммо Худонинг раҳбарлиги туфайли, Илёс Иордан дарёсининг шарқий томонига қочиб қутулган (3 Шоҳлар 17:1–3; 18:13). Шимолий Исроилда ҳақиқий топинишни ёқлаш қанчалик қийин бўлишини тасаввур қила оласизми? Бундай вазиятда шоҳ саройида хизмат қила олармидингиз? Шоҳ Ахабнинг сарой бошқарувчиси бўлмиш Ободиё айнан бундай вазиятда бўлган эди (3 Шоҳлар 18:3).
18. Нима туфайли Ободиё Яҳованинг ўзгача бир хизматчиси бўлган?
18 Шубҳасизки, Ободиё Худованд Яҳовага эҳтиёткорона ва ақл-идрок ила топинар эди. Бу билан биргаликда у эътиқодларига қарши йўл тутмаган. Зеро, 3 Шоҳлар 18:3 оятда: «Ободиё Эгамиздан жуда қўрқарди»,— деб айтилган. Дарҳақиқат, Ободиё худотарс инсон эди! Унинг бу фазилати унга жасорат бахш этганлиги, Изабел Яҳованинг пайғамбарларини ўлдирганида, яққол кўринди.
19. Ободиёнинг жасорати нимада кўринган?
19 Муқаддас Китобда айтилишича: «Изабел Эгамизнинг пайғамбарларини ўлдираётганда, Ободиё юзта пайғамбарни ғорга олиб кетган ва элликта-элликта қилиб ўша ерда яширган, уларни нон-сув билан таъминлаб турганди» (3 Шоҳлар 18:4). Юзлаб одамларни таъминлаш қанчалик хавфли бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас. Ободиёнинг хатти-ҳаракатларини нафақат шоҳ Ахаб ва Изабел, балки саройга тез-тез келиб турадиган 850та сохта пайғамбарлар ҳам сезиб қолишлари мумкин эди. Бундан ташқари, оддий яҳудийлардан то сарой аъёнларигача барча бутпарастлар шоҳ ва маликанинг кўнглини олиш учун Ободиёни бажонидил сотишлари мумкин эди. Аммо бунга қарамай, Ободиё бутпарастларнинг ёнгинасида Яҳованинг пайғамбарларини керакли нарсалар билан таъминлар эди. Дарҳақиқат, худотарслик жасорат бахш этади!
20. Қандай қилиб Ободиёнинг худотарслиги унга ёрдам берган ва биз ундан қандай ўрнак олишимиз мумкин?
20 Ободиё худотарс бўлгани туфайли жасорат намоён қилган ва бу учун Яҳова Таоло уни душманлардан ҳимоялаган. Ҳикматлар 29:25 оятда бундай ёзилган: «Одамдан қўрқиш тузоққа илинтиради, Эгамизга умид боғлаган эса хавф-хатардан холи бўлади». Тўғри, Ободиё оддий бир инсон бўлган ва эҳтимол уни тутиб олиб, ўлдиришларидан у қўрқар эди. Ва агар биз унинг ўрнида бўлганимизда, биз ҳам қўрққан бўлар эдик (3 Шоҳлар 18:7–9, 12). Бинобарин худотарслик, Ободиёнинг жасоратли бўлишига ва инсонлардан қўрқувни енгишига ёрдам берди. Ободиё бизга ва айниқса Яҳовага топинаётиб, ҳаётларини ва озодликларини хавф остига солаётган имондошларимизга ажойиб бир ўрнак қолдирган (Матто 24:9). Келинг, Эгамиз Яҳовага «эҳтиром ва қўрқув билан хизмат қилайлик» (Ибронийларга 12:28).
21. Кейинги мақолада нимани кўриб чиқамиз?
21 Жасоратли бўлишга нафақат имон ва худотарслик, балки севги янада кўпроқ ёрдам қилиши мумкин. Ҳаворий Павлус шундай деб ёзган: «Чунки Худо бизга қўрқоқлик руҳини эмас, балки куч-қувват, муҳаббат ва нафсни тийиш Руҳини берган» (2 Тимўтийга 1:7). Кейинги мақолада қандай қилиб севги бу оғир замонда Яҳова Тангрига жасорат ила хизмат қилишимизга ёрдам беришини кўриб чиқамиз (2 Тимўтийга 3:1).
Жавоб бера оласизми?
• Ёшуа ва Холиб жасоратли бўлишларига нима ёрдам берган?
• Ҳақиқий ишончга нима киради?
• Нима учун Ҳанўх Худонинг ҳукмларини жасорат ила эълон қилган?
• Қандай қилиб худотарслик жасоратли бўлишга ёрдам қилади?