Шайтонга қарши туринглар, шунда у сизлардан қочади!
«Худога итоат қилинглар. Иблисга қарши туринглар, шунда у сизлардан қочади» (ЁҚУБ 4:7).
1, 2. а) Шайтон қандай шахс? б) Қандай саволларни кўриб чиқамиз?
ШАЙТОН — ўта такаббур ва мағрур шахс. Унинг такаббурлиги Ишаё пайғамбарнинг сўзларида акс этган. Бобил давлати дунёни ўз ҳукми остига олишидан юз йил муқаддам, Ишаё пайғамбар Шайтонни Бобил шоҳи билан таққослаган эди. Бобил шоҳи самога чиқиб, ҳатто юлдузлар устидан ўз тахтини ўрнатишни ва Худо каби бўлишни истаган эди (Ишаё 14:3, 4, 12-15; Саҳрода 24:17). Бобил шоҳининг такаббурлиги «бу дунёнинг тангриси» — Шайтон руҳиятига жуда мос тушган (2 Коринфликларга 4:4). Лекин Бобил шоҳлари шарманда-шармисор бўлгани каби, эртами-кечми, Шайтонни ҳам фалокат кутмоқда.
2 Хўш, Шайтон мавжуд экан, биз ундан қўрқишимиз керакми? Нима учун у масиҳчиларни қувғинларга дучор қиляпти? Тузоғига тушмаслик учун нима қилишимиз керак? Келинг, бу саволлар устидан яхшилаб ўйлаб кўрайлик.
Шайтондан қўрқиш керакми?
3, 4. Масиҳнинг издошлари нега Шайтондан қўрқишмайди?
3 Исо Масиҳнинг қуйидаги сўзлари мойланган масиҳчиларнинг имонини мустаҳкамлайди: «Бошга тушадиган азоб-уқубатлардан ҳеч қўрқма. Мана, иблис сизларни синаш учун орангиздан баъзиларни олиб зиндонга ташлайди, ўн кунгача азоб чекасизлар. Ўлимгача содиқ қол, шунда Мен сенга ҳаёт тожини бераман» (Ваҳий 2:10). Мойланганлар ва уларнинг ер юзида яшашга умидвор бўлган ҳамкорлари Шайтондан қўрқмайдилар. Чунки, улар ўз кучига таянмай Худойи Таолога умид боғлаб, Ундан қўрқишади ва Унинг «қанотлари соясида... осойиш топадилар» (Забур 33:10; 35:8).
4 Исо Масиҳнинг илк издошлари азоб-уқубатларга қарамай ўлимгача содиқ қолишган. Улар Шайтоннинг қурқитишига таслим бўлишмаган, чунки Тангри Яҳова Ўзининг содиқ хизматчиларини ҳеч қачон ташлаб кетмаслигини билишган. Шунга ўхшаб, ҳозир ҳам шиддатли қувғинларга дуч келиб, мойланган масиҳчилар ҳамда уларнинг содиқ ҳамкорлари, Худодан қайтмасликка қатъий қарор қилишган. Лекин ҳаворий Павлус, Иблис ўлим сочувчи ҳам бўлиши мумкин, деб ёзган эди. Бундан ваҳимага тушишимиз керакми?
5. Ибронийларга 2:14, 15дан нимани билиб олдик?
5 Павлус: «Исо Ўзи ҳам уларга [одамларга] тенглашиб, худди шундай вужудга эга бўлди, токи ўлим билан даҳшат сочувчи иблисни Ўз ўлими орқали йўқ қилсин ва умр бўйи ўлим қўрқувига қул бўлган одамзод болаларини озод қилсин», деб ёзган эди (Ибронийларга 2:14, 15). ‘Ўлим сочувчи Иблис’ Яҳудо Ишқариётни ўзига бўйсундирди, сўнг Яҳудий мансабдорлари ва Рим ҳукумати орқали Исо Масиҳни қатл этишга ундади (Луқо 22:3). Аммо Масиҳнинг қурбонлиги гуноҳкор инсониятни Шайтон ҳукми остидан озод этди, бу эса абадий ҳаётга эга бўлиш имкониятини очиб берди (Юҳанно 3:16).
6, 7. Шайтон бизга қанчалик зарар етказа олиши мумкин?
6 Шайтон бизга қанчалик зарар етказа олади? Исён кўтарган биринчи кунлардаёқ Шайтон ёлғон ва ҳийлалари билан одамларнинг ўлимига зомин бўлди. Одам Ато дастидан бутун инсониятга гуноҳ ва ўлим ўтди (Римликларга 5:12). Устига-устак Иблиснинг тарафдорлари Яҳованинг хизматчиларини ҳам, худди Исо Масиҳни таъқиб қилгандай, таъқиб қилиб, ҳатто баъзиларини ўлдиришдан ҳам тоймайдилар.
7 Лекин бу, Иблис истаган одамни йўқ қилишга қодир эканлигини англатмайди. Яҳова Таоло содиқ хизматчиларини ҳимоя қилиб, бари ер юзидан қириб ташланишига асло йўл қўймайди (Римликларга 14:8). Тўғри, Тангри Яҳова Ўз хизматчиларини қувғинларга ва ҳатто баъзиларининг ҳалок бўлишига йўл қўйиши мумкин. Бироқ Муқаддас Китоб, Худонинг хотира китобида ёзилган ўликлар албатта тирилади, деб ваъда бермоқда. Ва Шайтон бунга халал бера олмайди (Малахи 3:16; Юҳанно 5:28, 29; Ҳаворийлар 24:15).
Нега Шайтон бизни қувғинларга дучор қиляпти?
8. Нима учун Шайтон Худонинг хизматчиларини қувғинларга дучор қиляпти?
8 Шайтон бизни қувғинларга дучор қилишининг асосий сабаби, Яҳовага сидқидилдан хизмат қилишимиздадир. Унинг мақсади — бизни имондан қайтариш. Иблис, Яҳова Таоло билан бўлган қимматбаҳо муносабатларимизни барбод қилмоқчи. Бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ, чунки Адан боғида Яҳова мажозий «хотин» ва «илон» орасида ҳамда уларнинг «зоти» орасида адоват солишини башорат қилган эди (Ибтидо 3:14, 15). Муқаддас Китоб айтишича ушбу «алмисоқ илон» Шайтоннинг ўзидир. Унинг вақти оз қолгани учун, ҳозир у мудҳиш қаҳр-ғазабдадир (Ваҳий 12:9, 12). Уларнинг «зоти» орасида адоват давом этаётгани сабабли, Худонинг содиқ хизматчилари учун қувғинларга дучор бўлиш ғайриоддий эмас (2 Тимўтийга 3:12). Сиз Шайтоннинг қаҳр-ғазаби орқасида нима тураётганини биласизми?
9, 10. Шайтон қандай масалани ўртага қўйди ва бу масала бутун инсониятга қандай тааллуқли?
9 Шайтон ҳукмдорлик масаласини ўртага қўйган эди. Шу билан биргаликда у бутун инсониятнинг Худога бўлган садоқатини шубҳа остига қўйган. Масалан Иблис Аюб пайғамбарни таъқиб қилган эди. Нега дейсизми? Негаки у Аюбнинг Худога бўлган садоқатини кўролмаган. Ўша пайтда ҳатто Аюб алайҳиссаломнинг хотини ва учта қалбаки дўсти Шайтон мақсадларига хизмат қилган. Ушбу воқеадан, Шайтон барча одамни синов қилиб, Худодан қайтармоқчи эканини билиб оляпмиз. Лекин Аюб пайғамбар Худога содиқ қолиб, Иблис ёлғончи эканини тасдиқлади (Аюб 1:8-2:9; 16:2; 27:5; 31:6). Аммо бугун ҳам, Шайтон Яҳованинг Шоҳидларини Худодан қайтариб, ўз ёлғон даъвосини исботламоқчи.
10 Хуллас, Шайтон бизни Худодан қайтариш мақсадида таъқиб қиляпти. Аммо Худойимиз ботир ва дадил бўлишимиз учун бизга ёрдам беради (Амрлар 31:6). Парвардигори Олам Унга содиқликни сақлашимизда мадад беришни истайди. Келинг, доимо Яҳованинг қалбини қувонтириб, Уни танқид қилувчи Шайтонга жавоб қайтариш имкониятини яратайлик (Ҳикматлар 27:11).
«Ёвуз шайтондан халос қилгин»
11. «Бизни васвасага дучор қилмагин», деган сўзлар нимани англатади?
11 Худога содиқ қолиш осон иш эмас, бунинг учун тоат-ибодатда бўлиш лозим. Келинг, Исонинг ибодатида айтилган сўзларга эътибор берайлик. Исо алайҳиссалом шундай деганлар: «Бизни васвасага дучор қилмагин, аммо ёвуз шайтондан халос қилгин» (Матто 6:13). Худо ҳеч кимни васвасага солмайди (Ёқуб 1:13). Тўғри, баъзида одамлар кулфатларни Худодан кўришади, лекин Тангри уларнинг сабабчиси эмас, У бунга фақатгина йўл қўяди (Рут 1:20, 21). Демак Яҳова Таоло васвасага тушишимизга йўл қўймасин деб, Исо каби илтижо қиламиз. Ибодатларимиз эса албатта ижобат бўлади, зеро Муқаддас Китобда: «Худо эса содиқдир, У кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди, лекин васваса билан бирга тоқат қилишингиз учун иложини ҳам беради», деб ёзилган (1 Коринфликларга 10:13).
12. Нима учун «ёвуз шайтондан халос қилгин», деб ибодат қилишимиз керак?
12 Васваса тўғрисида гапириб, Исо Масиҳ ибодатни давом этди: «Ёвуз шайтондан халос қилгин». Дарҳақиқат, Инжилда айтилганидай «васваса қилувчи» айнан Шайтондир (Матто 4:3, 11). Ҳа, айнан у бизни гуноҳ қилишга ундайди. Шу сабабли «ёвуз шайтондан халос қилгин», деб ибодат қилиш жуда ўринлидир (1 Салоникаликларга 3:5). Шайтон ҳийлаларининг қурбони бўлмаслик учун, Худодан раҳбарлик ва мадад сўрашимиз керак.
Шайтон фитналарининг қурбони бўлмайлик
13, 14. Нима учун коринфлик масиҳчилар, олдин зино қилиб юрган жамоат аъзосига, ўз муносабатларини ўзгартиришлари керак эди?
13 Азиз ҳаворий Павлус коринфлик масиҳчиларни кечиримли бўлишга даъват этган: «Бирор кишини бирор нарса хусусида кечирсангизлар, мен ҳам кечираман. Мен кимни кечирган бўлсам (агар кечирадиган бирор нарса бўлса), уни сизлар учун, Масиҳнинг ҳузурида туриб кечирдим. Зинҳор шайтоннинг панд беришига йўл қўймайлик, унинг фитналаридан хабарсиз эмасмиз-ку» (2 Коринфликларга 2:10, 11). Павлус Шайтоннинг «фитналари» ҳақида гапириб нимани назарда тутган эди?
14 Коринф жамоати, бир имондошнинг ахлоқсиз ҳаёт кечиришини била туриб, уни жамоатдан четлантирмагани учун, ҳаворий Павлусдан танбеҳ олишган. Эҳтимол Шайтон бундай ахлоқсизликдан жуда хурсанд эди, чунки коринфлик масиҳчилар «ҳатто мажусийлар орасида бундай ҳодиса юз бермаган» зиногарликка кўнгил бўшлик қилишган. Бунинг оқибатида жамоатнинг номи булғанар эди. Натижада бу одам жамоатдан четлантирилди (1 Коринфликларга 5:1-5, 11-13). Хайрият кейинчалик бу одам тавба қилди, ва коринф жамоати уни қайта қабул қилди. Агар улар бундай йўл тутишмаганида, Шайтон бошқа бир мақсадга эришган бўларди. Қандай мақсадга экан? Улар Шайтон каби раҳм-шафқатсизлик кўрсатган бўлардилар. Чунки бу одам «ҳаддан ортиқ хафа бўлиб», Худонинг халқи билан бутунлай алоқани узиш қарорига келса, оқсоқоллар раҳм-шафқатли Худованд Яҳова олдида айбдор бўлиб қолар эди (2 Коринфликларга 2:7; Ёқуб 2:13; 3:1). Албатта, Худониниг халқи орасидан ҳеч ким Шайтонга ўхшаб раҳм-шафқатсиз ва бағри тош бўлиб қолишни истамайди.
Худонинг қурол-аслаҳалари билан қуролланингиз
15. Биз кимга қарши кураш олиб боряпмиз ва бу курашда қай йўл билан ғалаба қозониш мумкин?
15 Шайтондан халос бўлиш учун «ёвуз руҳий кучларга» қарши курашиш жуда муҳим. Биз «Худо берган барча қурол-аслаҳалар билан қуролланиб», бу ашаддий душман устидан ғалаба қозонишимиз мумкин (Эфесликларга 6:10-18). Қурол-аслаҳаларга шунингдек «солиҳлик совути» киради (Эфесликларга 6:14). Исроил шоҳи Шоул Худога итоат этмаслиги сабабли илоҳий руҳдан маҳрум бўлган (1 Шоҳлар 15:22, 23). Аммо биз солиҳлик йўлидан юрсак ва Худога итоат этсак, илоҳий руҳга эга бўлиб, Шайтон ва унинг ёвуз фаришталарига қарши тура оламиз (Ҳикматлар 18:10).
16. Ёвуз руҳий кучларга қарши туриш учун нима қилиш керак?
16 Ёвуз руҳий кучларга қарши туриш учун, Муқаддас Китобни ҳамда «ишончли ва ақлли уй бошқарувчи» чоп этган адабиётларни мунтазам ўқиб тадқиқ қилишимиз лозим (Луқо 12:42). Шундай йўл тутиб, биз ўй-фикримизни маънавий нарсаларга қаратамиз. Ахир Павлуснинг ўзи: «Эй биродарлар, нима ҳақиқий, нима мўътабар, нима тўғри, нима соф, нима ёқимли, нима фахрли бўлса, қандайдир бир фазилат, қандайдир мақтанарли хислат бор бўлса, булар ҳақида фикр қилинглар», деб маслаҳат қилган (Филиппиликларга 4:8).
17. Моҳир ваъзгўй бўлиш нимани талаб қилади?
17 Худовандимиз Яҳова бизга «тинчлик хушхабарини ёйиш учун оёғимизга илдамлик пойабзалини» берди (Эфесликларга 6:15). Йиғилишларда фаол қатнашиш, Худонинг Шоҳлигини ваъз этишда бизга ёрдам беради. Одамлар ҳақиқатни билиб ёлғондан озод бўлишларини кўриш эса, нақадар катта бахт! (Юҳанно 8:32). «Қалъалар» каби ёлғон таълимотларни яксон қилиш учун, «Худо каломи бўлган Руҳнинг қиличини кўтаришимиз» даркор (2 Коринфликларга 10:4, 5; Эфесликларга 6:17). Худонинг каломидан моҳирона фойдаланиб, бошқаларга ҳақиқатни билдирсак, Шайтон тузоғларидан қутулиб қоламиз.
18. Қандай қилиб «Иблиснинг ҳийлаларига қарши тура олишимиз» мумкин?
18 Ҳаворий Павлус Худо берган қурол-аслаҳалар ҳақида гапирар экан, шундай бошлаган эди: «Раббимиз билан иттифоқ бўлиб, Унинг куч-қудрати таъсирида қувватли бўлинглар. Иблиснинг ҳийлаларига қарши тура олиш учун, Худо берган барча қурол-аслаҳалар билан қуролланингиз» (Эфесликларга 6:10, 11). Бу ерда «қарши туриш» сўзи юнон тилидан таржима қилинган бўлиб, жанг майдонида жангчи ўз ўрнини сақлаб қолиш ҳолати тушунилади. Биз ҳам Шайтонга қарши курашда ҳормаслигимиз лозим. Чунки у ҳар хил ҳийлалардан фойдаланиб, бутун кучи билан якдиллигимизни бузишга, таълимотларимизни нотўғри кўрсатишга ва садоқатимизни синдиришга интиладиa. Лекин Шайтоннинг барча ҳаракатлари пучга чиқади!
Иблисга қарши туринглар, шунда у сизлардан қочади
19. Шайтонга қарши туришнинг яна қандай йўли бор?
19 Шайтон ва унинг қўли остидаги ёвуз фаришталарига қарши курашишда албатта ғолиб келамиз. Шайтондан ҳеч қўрқмасак бўлади, чунки Исонинг шогирди Ёқуб: «Худога итоат қилинглар. Иблисга қарши туринглар, шунда у сизлардан қочади», деб ёзган эди (Ёқуб 4:7). Шайтон ҳийласига қарши туришнинг яна бир йўли бор. Сеҳр-жоду билан боғлиқ барча нарсалардан ҳамда бу билан шуғулланган одамлардан четланиш лозим. Муқаддас Китоб фол очиш, мунажжимлик башоратларига ишониш ёки спиритизм каби ишлар билан шуғулланишдан Яҳованинг хизматчиларини огоҳлантирмоқда. Агар маънавий ишлар билан банд бўлиб ғайратли ваъзгўйлик қилсак, бировнинг бизга иссиқ-совуқ қилишидан қўрқмасак бўлади (Саҳрода 23:23; Амрлар 18:10-12; Ишаё 47:12-15; Ҳаворийлар 19:18-20).
20. Шайтонга яна қандай қарши тура оламиз?
20 Ҳақиқат йўлидан юриб ва Муқаддас Китоб меъёрларига риоя қилиб, Шайтонга қарши тура оламиз. Атрофимизни ўраб турган дунё Шайтон орқасидан эргашмоқда, зеро у «бу дунёнинг тангриси» (2 Коринфликларга 4:4). Биз эса дунёга хос бўлган: такаббурлик, мағрурлик, ахлоқсизлик, худбинлик ва дунёпарастликни рад этамиз. Исо Масиҳ Худонинг Каломи ёрдамида васваса қилувчини мағлуб қилган. «Шундан сўнг иблис Исони тарк этди» (Матто 4:4, 7, 10, 11). Биз ҳам тоат-ибодатда бўлиб Раббимиз Яҳовага доимо умид боғласак, Шайтон биздан қочади (Эфесликларга 6:18). Модомики Яҳова ҳамда Исо Масиҳ бизни қўллаб-қувватлар экан, ҳеч ким — ҳатто Шайтоннинг ўзи ҳам бизга тузатиб бўлмайдиган зиён етказа олмайди (Забур 91:9-11).
[Изоҳ]
a Илоҳий қурол-аслаҳалар борасида қўшимча маълумотни 1992 йил, 15 май «Қўриқчи Минораси» 21—23-саҳифаларида топасиз.
Қандай жавоб берган бўлардингиз?
• Шайтондан қўрқиш керакми?
• Нега Шайтон масиҳчиларни қувғинларга дучор қилади?
• Нима учун «ёвуз шайтондан халос қилгин», деб ибодат қилиш керак?
• Ёвуз руҳий кучларга қарши курашда қай йўл билан ғалаба қозониш мумкин?
w06-UZ 01/15b
20—26 феврал Қўшиқлар: 27, 143.