Улар ваъда қилинганларни «кўришган»
Ваъдалар улар яшаган пайтда амалга ошмаган бўлса-да, бу ваъдаларни узоқдан кўришган. ИБРОН. 11:13
1. Ўзимиз кўрмаган нарсаларни тасаввур қилиш қобилияти бизга қандай фойда келтириши мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)
ЎЗИМИЗ кўрмаган нарсаларни тасаввур қила олиш қобилияти, Аллоҳнинг инъомидир. Бу қобилият, донолик ила режалар тузиш ва келажакда яхшилик бўлишини кутиш имконини беради. Яҳова келажакдаги воқеаларни олдиндан кўра олади ва кўпинча, содир бўладиган нарсаларни Муқаддас Китоб орқали аввалдан ошкор қилади. Биз эса бу ҳодисаларни кўз ўнгимизда жонлантира оламиз. Дарҳақиқат, кўринмас нарсаларни тасаввур қила олиш қобилияти имонимизни мустаҳкамлашга ёрдам беради (2 Кор. 4:18).
2, 3. а) Тасаввур қилаётган нарсаларимиз асосли бўлиши нега муҳим? б) Бу мақолада қайси саволларни муҳокама қиламиз?
2 Биз ҳеч қачон кўрмаган нарсаларни тасаввур қилиш, доим ҳам чин воқеликка асосланавермайди. Масалан, қизча капалакка ўтириб учаётганини тасаввур қилса, бу шунчаки хаёл маҳсули, холос. Бироқ Ханна ўғли Шомуилни муқаддас чодирда хизмат қилаётганини кўз ўнгига келтирганида, бу хомхаёл бўлмаган. Унинг бундай фикрлари чиқарган қатъий қарорига асосланган бўлиб, диққатини мақсадига қаратишга кўмаклашган (1 Шоҳ. 1:22). Эгамизнинг ваъдаларини тасаввур қилсак, демак албатта амалга ошадиган нарсалар тўғрисида ўйлаётган бўламиз (2 Бутр. 1:19–21).
3 Шубҳасизки, қадимда яшаган кўпгина садоқатли кишилар ҳам Аллоҳнинг ваъдаларини кўз ўнгига келтиришган. Келажакдаги баракаларни хаёлдан ўтказиш уларга қандай фойда келтирган? Итоаткор инсониятни кутаётган ажойиб нарсалар борасидаги Тангрининг башоратлари тўғрисида ўйлаш биз учун нимаси билан фойдали?
УМИДИНИ «КЎРИШ» УЛАРГА КУЧ БАХШ ЭТГАН
4. Ҳобилнинг келажак ҳақидаги тасаввурлари нимага асосланган эди?
4 Илк содиқ киши бўлмиш Ҳобил, Яҳова ваъда қилган нарсаларнинг барчасини «кўрганми»? У, Худо илонга айтган сўзларда мужассам бўлган ваъда қандай амалга ошишини охиригача тушунган деб айта олмаймиз. Яҳованинг сўзлари қуйидагича эди: «Душманлик пайдо қиламан сен билан хотин ўртасида, сенинг зотинг билан унинг зоти орасида. Унинг зоти эзиб ташлайди сенинг бошингни, сен чақиб оласан унинг товонини» (Ибт. 3:14, 15). Аммо ҳойнаҳой, Ҳобил бу ваъда ҳақида кўп ўйлаган. У, кимнингдир товони чақилиши кераклигини, бу орқали эса Одамато билан Момоҳаво гуноҳ қилишларидан аввал баҳраманд бўлган мукаммаллик инсониятга қайтарилишини тушунган. Ҳобил келажак борасида нималарни хаёл қилмасин, унинг имони Аллоҳнинг ваъдаларига асосланган ва шунинг учун Яҳова унинг қурбонлигини қабул қилган (Ибтидо 4:3–5; Ибронийларга 11:4 ни ўқинг).
5. Нима сабабли келажакни тасаввур қилиш Ханўхга далда берган дея оламиз?
5 Садоқатли Ханўх, Худога қарши ярамас сўзлар айтадиган бетавфиқ одамлар орасида яшаган бўлса-да, мустаҳкам имонни намоён этган. Ханўх илоҳий илҳом остида қуйидагича башорат қилган: «Яҳова тумонат муқаддас фаришталари билан келди. Худо ҳамманинг устидан ҳукмини ижро этиб, бетавфиқларнинг Унга ҳурматсизларча қилган барча ёвуз ишлари-ю, Унга қарши айтган ярамас сўзларини фош қилгани келди» (Яҳд. 14, 15). Имонли киши сифатида Ханўх бутун дунё бетавфиқликдан холи бўлишини тасаввур қила олган (Ибронийларга 11:5, 6 ни ўқинг).
6. Тўфондан сўнг Нуҳ нималарни ёдда сақлаган?
6 Имони туфайли Нуҳ Тўфонда омон қолган (Иброн. 11:7). Тўфондан сўнг, айнан имон уни ҳайвонларни қурбонликка келтиришга ундаган (Ибт 8:20). Ҳобил сингари Нуҳ ҳам охир-оқибат инсоният гуноҳ ва ўлим қуллигидан озод бўлишига қаттиқ ишонган. Тўфондан кейинги, Нимрўд Яҳовага қарши чиққан даҳшатли давр мобайнида ҳам Нуҳ имон ва умидни сақлаб қолган (Ибт 10:8–12). Одамзод зулмкор бошқарув, мерос бўлиб ўтган гуноҳ ва ўлимдан халос бўлиши ҳақида ўйлаш Нуҳни роса руҳлантиргандир. Биз ҳам шундай ажойиб вақтни «кўришимиз» мумкин ва шубҳасизки у жуда яқин! (Рим 6:23).
АМАЛГА ОШАДИГАН ВАЪДАЛАРНИ «КЎРИШ»
7. Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб қандай келажакни «кўрган»?
7 Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб порлоқ келажакни тасаввур қилишлари мумкин эди. Чунки Худо уларнинг насли орқали ер юзидаги барча халқлар барака топишини ваъда қилган (Ибт. 22:18; 26:4; 28:14). Бу бобокалонларнинг насли сон-саноқсиз бўлиб, ваъда қилинган юртни эгаллашлари керак эди (Ибт. 15:5–7). Имони сабабли ушбу худотарс кишилар авлодлари юртга эгалик қилаётганини «кўра» олишган. Шу йўсин, инсоният мукаммалликдан маҳрум бўлганига қарамай, Яҳова содиқ хизматчиларини Одамато бой берган қут-баракаларни яна қайтаришига ишонтиряпти.
8. Иброҳим пайғамбар улкан имонни намоён этишига нима ёрдам берган?
8 Аллоҳ берган ваъдаларни кўз ўнгида гавдалантириш қобилияти, Иброҳим пайғамбарга имон билан улуғ ишлар қилишга кўмаклашган. Муқаддас Ёзувларда Иброҳим ва Худонинг бошқа содиқ хизматчилари ҳақида шундай дейилган: «Ваъдалар улар яшаган пайтда амалга ошмаган бўлса-да, бу ваъдаларни узоқдан кўриб қувонишган» (Ибронийларга 11:8–13 ни ўқинг). Иброҳим, Яҳова ўтмишда Ўз ваъдаларини амалга ошириб келганини билган. Шунинг учун, келажак ҳақидаги барча ваъдалар ҳам албатта рўёбга чиқишига амин бўлган.
9. Худонинг ваъдаларига ишонгани Иброҳимга қандай фойда келтирган?
9 Худонинг ваъдаларига бўлган ишончи Иброҳимнинг илоҳий иродани бажариш қарорини мустаҳкамлаган. Имон билан Иброҳим, Ур шаҳрини тарк этган ва Канъондаги ҳеч бир шаҳарни доимий яшаш жойи сифатида танламаган. Ур каби бу шаҳарларни ҳам Яҳовага хизмат қилмаган ҳокимлар бошқаргани сабабли пойдевори маҳкам бўлмаган (Ёшуа 24:2). Узоқ умри давомида, Иброҳим «пойдевори мустаҳкам, лойиҳачиси ва бунёдкори Аллоҳ бўлган шаҳарни кутарди» (Иброн. 11:10). Иброҳим пайғамбар ўзини, Яҳова бошқарадиган доимий жойда яшаётганини «кўрган». Ҳобил, Ханўх, Нуҳ, Иброҳим ва улар сингари бошқалар ҳам ўлганларнинг тирилишига ишонишган ҳамда ер юзида Худонинг Шоҳлиги остидаги «пойдевори мустаҳкам... бўлган шаҳарда» яшашни кутишган. Ушбу қут-баракалар ҳақида мулоҳаза юритиш, уларнинг Яҳовага бўлган имони мустаҳкамланишига ҳисса қўшган (Ибронийларга 11:15, 16 ни ўқинг).
10. Соранинг келажакка бўлган нуқтаи назари унга қандай фойда келтирган?
10 Иброҳимнинг хотини Соранинг мисолини кўриб чиқайлик. У 90 яшар ва бефарзанд бўлганида, келажакка ижобий назар билан қарагани учун имон ила йўл тута олган. Шу тариқа Сора, унинг зоти Яҳова ваъда қилган баракалардан баҳраманд бўлишини кўра олган (Иброн. 11:11, 12). Нима асосида у бунга умид қилган? Чунки Яҳова эрига қуйидагиларни айтган эди: «Мен Сорага марҳамат кўрсатаман. Мен ундан сенга ўғил ато қиламан. Ҳа, Мен Сорага шунчалик барака бераманки, у кўп халқларнинг онаси бўлади. Унинг насллари орасидан шоҳлар чиқади» (Ибт. 17:16). Сора Исҳоқни дунёга келтирганида, Аллоҳ Иброҳимга берган барча ваъдалари бажарилиши тўғрисида фикр юритиши учун асосли сабаби бўлган. Биз ҳам, Тангри берган ва албатта рўёбга чиқадиган ваъдаларини тасаввур қилишдек ажойиб ҳадяга эгамиз.
МУКОФОТГА КЎЗ ТИКИШ
11, 12. Қай йўсин Мусо Яҳовага нисбатан севгисини ривожлантирган?
11 Яҳовага қаттиқ ишонган яна бир инсон — Мусо пайғамбардир. У Худога нисбатан чуқур севгини ривожлантирган. Ёш Мусо Миср подшоҳининг хонадонида яшаган пайтида, осонликча куч-қудрат ва бойликка ружу қўйиши мумкин эди. Бироқ уни дунёга келтирган ота-онасидан Мусо, Яҳова тўғрисида ва Унинг ибронийларни қулликдан озод этиб, уларга ваъда қилинган юртни бериш нияти ҳақида билиб олгани аниқ (Ибт. 13:14, 15; Чиқ. 2:5–10). Мусо Эгамизнинг халқини кутаётган баракалар ҳақида тез-тез ўйлаган экан, сизнингча унинг қалбида қандай севги илдиз отиши керак эди — машҳурликками ёки Яҳовагами?
12 Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Мусо улғайганда, имони туфайли фиръавн қизининг ўғли деб аталишдан воз кечган. У гуноҳдан вақтинчалик ҳузур-ҳаловат олишдан кўра, Худонинг халқи билан азоб-уқубат чекишни афзал кўрган. Боиси, у мукофотга кўз тиккани учун Миср хазиналаридан кўра, мойланган қатори бошига тушган ҳақоратларни улуғроқ хазина, деб ҳисобларди» (Иброн. 11:24–26).
13. Аллоҳнинг ваъдалари ҳақида чуқур мулоҳаза юритгани Мусо учун нимаси билан яхши бўлган?
13 Мусо исроилликларга берилган илоҳий ваъдалар ҳақида чуқур мулоҳаза юритгани сайин, унинг Аллоҳга бўлган имони ва севгиси ривожланиб борган. Бошқа худотарс одамлар каби, у ҳам Яҳова инсониятни вақти келиб ўлимдан озод этишини тушунган (Аюб 14:14, 15; Иброн. 11:17–19). Шубҳасизки бу, Мусони ибронийларга ва бутун одамзодга ҳамдард бўлган Худони севишга ундаган. Имон ва севги Мусони ҳаёти давомида Худога хизмат қилишига чорлаган (Қонун. 6:4, 5). Ҳатто фиръавн Мусони ўлдирмоқчи бўлганида ҳам, унинг Аллоҳга бўлган имонию севгиси ҳамда ажойиб келажак тўғрисидаги тасаввурлари хавф-хатар қаршисида дадил бўлишига кўмаклашган (Чиқ. 10:28, 29).
ШОҲЛИК КЕЛТИРАДИГАН БАРАКАЛАРНИ ТАСАВВУР ҚИЛИШ
14. Қандай фикрлаш тарзини бор-йўғи хомхаёл дейиш мумкин?
14 Бугунги кунда кўпчилик келажак борасида пуч хаёлларга берилишади. Ўзлари камбағал бўла туриб, масалан бадавлат бўлиб кетишини ва ҳаёт «заҳмат, жафо билан кечаётганига» қарамай, батамом хавфсиз яшашни орзу қилишади (Заб. 89:10). Улар инсоний ҳукумат остида беташвиш умр кечираётганларини тасаввур қилишади. Ваҳоланки, Муқаддас Китобда инсоният учун ягона умид Худонинг Шоҳлигидан экани таъкидланган (Дон. 2:44). Аксарият одамлар Тангри ушбу ёвуз дунёни йўқ қилмайди деб ишонишади, Муқаддас Ёзувларда эса, бу воқеалар буткул бошқача тасвирланган (Заф. 1:18; 1 Юҳан. 2:15–17). Яҳованинг келажакка нисбатан ниятини назар-писанд қилмаётган бундай кишиларнинг умиди, бор-йўғи хомхаёлдир.
15. а) Масиҳийлар умидини кўз ўнгига келтириб, қандай фойда олишади? б) Худонинг айниқса қайси ваъдаси бажарилишини кутяпсиз?
15 Масиҳийлар сифатида, умидимиз самода ё ерда яшаш билан боғлиқ бўлишидан қатъи назар, уни кўз ўнгимизга келтиришга чорланамиз. Худо ваъда қилган нарсалардан баҳраманд бўлаётганингизни тасаввур қила оласизми? Аллоҳ ниятларини бажарганида, нима қилишингизни хаёлга келтириш шаксиз қалбингизга қувонч бағишлайди. Айтайлик, ер юзида абадий яшаётганингизни «кўряпсиз». Ер юзини жаннатга айлантиришда бошқалар билан ҳамкорлик қилиш ҳақида ўйланг. Яқинларингиз сиз каби Яҳовани яхши кўришади. Сиз соғлом, куч-қувватга тўла ва порлоқ келажакка эгасиз. Ерни қайта тиклаш ишини назорат қилаётганлар сиз учун қайғуришгани боис ҳаётингиз улкан мамнуният келтиради. Қобилият ва истеъдодларингизни қўллашдан бахтиёр бўласиз. Нега деганда, сиз буларнинг барчасини ўзгаларнинг манфаатини кўзлаб, Аллоҳни шарафлаш учун қиласиз. Масалан, яқинда тирилганларга Яҳовани таниб-билишга кўмаклашасиз (Юҳан. 17:3; Ҳавор. 24:15). Шуниси аниқки, буларнинг бари эртак эмас! Булар, Муқаддас Ёзувларда келажак тўғрисида ёзилган ҳақиқатларга асосланган (Ишаё 11:9; 25:8; 33:24; 35:5–7; 65:22).
НЕГА УМИДИМИЗ ҲАҚИДА ГАПЛАШАМИЗ?
16, 17. Умидимиз тўғрисида гапириш бизга қандай таъсир қилади?
16 Яҳова Ўз ваъдаларини амалга оширадиган пайтда нималар қилишимиз ҳақида имондошларимиз билан бўлишганимизда, келажакка оид тасаввурларимиз янада ойдинлашади. Тўғри, ҳеч биримиз янги дунёда шароитимиз қандай бўлишини аниқ билмасак-да, тахминан нима бўлиши тўғрисида суҳбатлашганимизда, бир-биримизга далда берамиз ва Худонинг ваъдаларига ишонаётганимизни кўрсатамиз. Ҳаворий Павлус Римдаги имондошларининг олдига борганида, улар ўзаро олган далдани қадрлашган. Биз ҳам ҳозирги қийин дамларда худди шундай йўл тутамиз (Рим. 1:11, 12).
17 Келажакни тасаввур қилиш, ҳозирги қийинчиликлар борасидаги салбий фикрларни назорат остида ушлашимизга кўмаклашади. Ҳаворий Бутрус шунга ўхшаш ташвишлари бўлгани учун Исодан: «Мана, биз бор-йўғимизни қолдириб, орқангиздан эргашиб келдик. Энди бизга қандай мукофот бўлади?» — деб сўраган. Бутрус ва ёнидаги бошқа кишилар келажакни кўз ўнгига келтира олишлари учун, Исо шундай жавоб берган: «Ишонаверинг: Аллоҳ барча нарсани янгидан яратганда, Инсон Ўғли ўзининг улуғвор тахтига ўтиради. Ўшанда, менинг орқамдан эргашган сизлар ҳам ўн икки тахтга ўтириб, Исроилнинг ўн икки қабиласини ҳукм қиласизлар. Мени деб уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, бола-чақа ва ер-мулкини қолдирган ҳар ким бундан-да кўпроғига эга бўлиб, абадий ҳаётга эришади» (Мат. 19:27–29). Бу туфайли Бутрус ва бошқа шогирдлар ер юзи устидан ҳукм суриб, итоаткор одамзодга беҳад баракалар келтирадиган бошқарувда улар қандай ҳисса қўшиши ҳақида тасаввурга эга бўлишган.
18. Худонинг ваъдалари бажарилиши ҳақида ўйлаш қандай самара келтиради?
18 Яҳованинг ер юзидаги хизматчилари илоҳий ваъдалар бажарилиши ҳақида фикр юритишдан доим фойда олишган. Ҳобил яхшироқ келажакни тасаввур қилиш, имонини намоён этиш ва қатъий умид боғлаши учун Аллоҳнинг ниятлари ҳақида етарлича маълумотга эга бўлган. Иброҳим имони туфайли улкан ишлар қилган, боиси ваъда этилган «зот» тўғрисидаги Худонинг башорати бажарилишини «кўра олган» (Ибт. 3:15). Мусо «мукофотга кўз тиккан», имон билан ҳаракат қилган ва Яҳовага бўлган севгисини ривожлантирган (Иброн. 11:26). Яҳованинг ваъдалари рўёбга чиқаётганини тасаввур қилиш қобилиятимизни қўллаганимиз сайин, бизнинг ҳам Унга бўлган ишонч ва севгимиз ошаверади. Аллоҳ берган ушбу ҳадядан қандай қилиб янада яхшироқ фойдаланишимиз мумкинлигини келаси мақолада муҳокама қиламиз.