Совринни қўлга киритиш учун чопинг
Шундай чопингки, совринни қўлга кирита олинг. 1 КОР. 9:24
1, 2. а) Иброний масиҳийларга далда бериш учун Павлус нимани мисол қилиб келтирди? б) Худонинг хизматчилари нима қилишга даъват этилмоқдалар?
ИБРОНИЙ масиҳийларга далда бериш учун ҳаворий Павлус чопиш мусобақасини мисол қилиб келтирди. У ўз мактубида имондошларини мусобақада чопувчиларга ўхшатди. Аммо ушбу мусобақада улар ёлғиз эмаслигини ҳам эслатиб ўтди. Ўтмишда яшаган Яҳованинг кўпгина садоқатли хизматчилари аллақачон маррага етиб келишган. Павлуснинг айтишича улар атрофимиздаги «шоҳидлар оломони» экан. Агар иброний масиҳийлар бу садоқатли кишиларнинг имон билан қилган ишлари ва ҳаракатларини ҳамиша ёдда тутишса, уларнинг ҳам маррага етиб келишга қарори қатъий бўлади.
2 Ўтган мақолада «шоҳидлар оломони» қаторида бўлган айрим кишиларнинг ҳаёт йўли ҳақида гапирган эдик. Уларнинг бари мустаҳкам имони туфайли Аллоҳга содиқ қолишган. Улар гўё маррага етиш учун тезликни оширишган. Уларнинг муваффақиятли чопишидан биз ўрнак олсак арзийди. Ушбу мақолада таъкидлаб ўтилганидек, Павлус хизматдаги ҳамкорларига шу қаторда бизларга ҳам қуйидагича насиҳат қилган: «Ҳар қандай оғирликни ҳамда бизни осонгина тузоққа илинтирмоқчи бўлган гуноҳни ўзимиздан ечиб ташлаб, Аллоҳ бизга белгилаган мусобақада чидам билан чопайлик» (Иброн. 12:1).
3. Павлус юнон спортчиларидан масиҳийлар қандай сабоқ олиши мумкин деб айтган?
3 Нега Павлус «ҳар қандай оғирликни ечиб ташлаш» ҳақида гапирган? Павлуснинг даврида яшаган масиҳийлар тўғрисидаги бир китобда ўша замондаги чопувчилар қандай югургани тушунтирилган. Унда қуйидаги сўзлар бор: «Юнонлар машқ пайти ҳам, мусобақа пайти ҳам кийимсиз бўлишган»a («Backgrounds of Early Christianity»). Албатта бугунги кунда спортчилар кийимсиз чопишмайди. Аммо ўша пайтдаги спортчилар ғалаба қозониб совринни олишга ҳеч нарса халақит бермаслиги учун кийимсиз чопишган. Хуллас, иброний масиҳийларга «ҳар қандай оғирликни ечиб ташлаш» ҳақида гапирганда, Павлус абадий ҳаёт мукофотини олишга тўсқинлик қиладиган ҳар қандай нарсани ўзингиздан соқит қилинглар демоқчи бўлган. Бу маслаҳат улар учун айни муддао бўлган бўлса, демак бизлар учун ҳам ўринли. Ҳаётимиздаги қандай нарсалар «оғирликка» айланиб, маррага етишимизни қийинлаштириши мумкин?
Ҳар қандай оғирликни ечиб ташланг
4. Нуҳнинг замондошлари нималар билан машғул бўлган?
4 Павлус «ҳар қандай оғирликни» ечиб ташланглар, деб айтган. Бунга, бутун эътиборимизни югуришдан чалғитадиган ва маррага етиб келишимизга тўсқинлик қиладиган ҳар қандай нарса киради. Бундай оғирликлардан айримлари қанақа? Ҳазрати Исо ушбу оғирликлар нималигини тушунишимизга ёрдам беради. У, Павлус эслатиб ўтган имонли кишилардан бири бўлмиш Нуҳ пайғамбар ҳақида гапирган эди. Исо шундай деган: «Нуҳ пайғамбар даврида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғлининг кунларида ҳам шундай бўлади» (Луқо 17:26). Чиндан ҳам, Нуҳ пайғамбар давридаги дунё ўз якунига етганидек, ушбу дунё ҳам ўз якунига етади. Исонинг айтишича, тўфондан олдин Нуҳнинг замондошлари қандай яшаган бўлса, ҳозирги одамлар ҳам худди шундай яшар экан (Матто 24:37–39 ни ўқинг). Нуҳ давридаги одамларнинг аксарияти Худо тўғрисида билим олишниям хоҳлашмаган, Унга маъқул тарзда яшашниям исташмаган. Ўша инсонлар нималар билан машғул бўлган? Улар еб-ичишган, уйланиб, эрга тегишган. Гарчи бу одатий ҳаёт тарзи бўлса-да, Нуҳнинг замондошлари учун бу ишлар Аллоҳнинг хабарини тинглашдан ҳам муҳимроқ ҳисобланган. Исонинг сўзларига кўра уларнинг муаммоси «парво қилишмаганида» эди.
5. Охиригача чопишимизга нима ёрдам беради?
5 Нуҳ ва унинг оиласи каби бизлар ҳар куни кўп ишлар билан банд бўламиз. Масалан, ўзимизни ва оиламизни таъминлаш учун ишлаб пул топишимиз керак. Бунга кўп куч ҳамда вақтимизни сарфлаймиз. Агарда моддий томондан қийналиб қолсак, кундалик эҳтиёжларимизни қандай қондираман, деб ташвишланамиз. Лекин ҳаётимизни Яҳовага бағишлаганимиз сабабли бошқа муҳим вазифаларимиз борлигини ҳам унутмаймиз. Ваъз қиламиз, йиғилишларга тайёргарлик кўрамиз ва уларда иштирок этамиз, шахсан ёки оиламиз билан Муқаддас Китобни тадқиқ қиламиз. Нуҳ Худо хизматида кўп ишлар бажарди, аммо ҳамма нарсани У «амр этгандай қилди». Яҳова нимаики айтган бўлса у ҳаммасини худди шундай амалга оширди (Ибт. 6:22). Агар Яҳова амр этган «ҳамма нарсани» бажариб, маррага етиб келишни истасак, охиригача чопишимизга халақит берадиган ҳар қандай оғирликни ўзимиздан соқит этишимиз даркор.
6, 7. Эътиборимизни Исонинг қайси сўзларига қаратишимиз керак?
6 Ҳар қандай оғирликни ечиб ташлаш, деганда Павлус нимани назарда тутган? Албатта, бу зиммамиздаги ҳар қандай масъулиятни олиб қўйишни англатмайди, ахир айрим вазифаларни бажариш ўта зарур. Аммо ҳаётдаги зарурий нарсалар ҳақида Исо нима деганини унутманг: «Хуллас: “Нима еймиз, нима ичамиз ёки нима киямиз?” — деб ортиқ ташвишланманглар. Бу нарсалар ҳақида ташвишланиш ўзга халқларга хос. Ахир самовий Отангиз буларнинг барига муҳтож эканингизни билади-ку» (Мат. 6:31, 32). Ейиш ва кийиниш каби зарурий нарсалар ҳаётимизда муҳим ўринни эгалласа, бу биз учун оғирликка айланишини тушунишимизга Исо кўмаклашмоқда. Бу нарсалар бизни чопишдан тўхтатиб қўйиши мумкин.
7 Эътиборингизни Исонинг мана бу сўзларига қаратинг: «Ахир самовий Отангиз буларнинг барига муҳтож эканингизни билади-ку». Бу сўзлардан кўриниб турибдики, Яҳова бизнинг эҳтиёжларимизни қондириш учун ғамхўрлик қилади. Тўғри, «буларнинг бари» деганда истаган нарсага эга бўлишимизни англатмайди. Шунингдек Исо бизни зарурий нарсалар ҳақида ҳаддан ортиқ ташвишланишдан огоҳлантирган. Акс ҳолда биз ҳам «бу нарсалар ҳақида ташвишланадиган» ўзга халқларга ўхшаб қоламиз. Нега эҳтиёжларимиз ҳақида ташвишланиш хавфли? Исо шундай деган: «Ўзингизга диққат қилинглар, юракларингизни ортиқча егулик, ичкилик ва турмуш ташвишлари эгаллаб олмасин. Тағин ўша кун ногаҳон келиб, сизларни тўрга илинтирмасин» (Луқо 21:34, 35).
8. Нега ҳозир ҳар қандай оғирликни ечиб ташлашимиз даркор?
8 Мана, марра чизиғи ҳам кўриниб қолди. Чопишимиз ўз якунига етиб қолай деганда, халақит берадиган юкни олсак қанчалик ачинарли бўларди-я! Бундай пайтда ҳаворий Павлуснинг оқилона маслаҳати жуда ўринли: «Художўйлик ва борига қаноат қилиш — бу кўп нарсаларга эга бўлиш имконидир» (1 Тим. 6:6). Павлуснинг сўзларини қалбимизга тугиб қўйсак, совринни қўлга киритиш имкони бизда янада кўпаяди.
«Бизни осонгина тузоққа илинтирмоқчи бўлган гуноҳ»
9, 10. а) «Бизни осонгина тузоққа илинтирмоқчи бўлган гуноҳ», деган ибора қандай маънога эга? б) Масиҳийнинг имони билан нима юз бериши мумкин?
9 Павлус ечиб ташлашимиз керак бўлган яна бир нарсани эслатиб ўтди. Бу, «бизни осонгина тузоққа илинтирмоқчи бўлган гуноҳдир». Юнон тилидан «осонгина тузоққа илинтирмоқчи бўлган» деб таржима қилинган сўз, Муқаддас Китобнинг фақат мана шу оятида учрайди. Илоҳиётшунос Альберт Барнзнинг сўзларига кўра, ўша замонда чопувчилар оёғига илиниб қоладиган ва югуришига халақит берадиган кийим кийишмаган. Унинг айтишича, масиҳийлар ҳам чопишига ҳеч нарса тўсқинлик қилишига йўл қўймаслиги керак. Шунингдек, имонини заиф қиладиган ҳеч қандай нарса уларга илиниб қолишига йўл қўйишмайди. Қанақасига масиҳий тузоққа илиниб, натижада имони заифлашиб қолиши мумкин?
10 Худонинг хизматчиси имонини дабдурустдан йўқотиб қўймайди. Бу аста-секин юз бериб, киши имони заифлашиб бораётганини ҳатто тушунмаслиги мумкин. Ибронийларга ёзган мактубининг бошида Павлус бундай хавф борлигини айтган эди. Павлус уларни имондан «узоқлашиб кетишдан» ҳамда «қалби ёвуз ва имонсиз бўлиб қолишдан» огоҳлантирганди (Иброн. 2:1; 3:12). Агар чопувчининг кийими оёғига илиниб қолса, у йиқилиб тушади. Чопувчи ўзига тўғри келмайдиган кийимни маъқул кўрса йиқилиб тушишини англаши даркор. Борди-ю буни эътиборга олмаса-чи? У эътиборсиз инсон бўлса, бошқаларнинг огоҳлантиришини назар-писанд қилмайди. Балки у ўзига ортиқ даражада ишониб, ўзини кучли ва ҳеч қачон йиқилмайдиган инсон деб ҳисоблар. Ёки чалғиганидан фикри бошқа нарсалар билан банддир. Павлуснинг ушбу маслаҳатидан қандай сабоқ олсак бўлади?
11. Имонни йўқотишимизга нималар сабаб бўлар экан?
11 Шуни унутмаслигимиз керакки, Худонинг хизматчиси танлови туфайли имонини йўқотиши мумкин. «Бизни осонгина тузоққа илинтирмоқчи бўлган гуноҳ», деган ибора тўғрисида бошқа бир илоҳиётшунос ҳам ўз фикрини билдирди. Унинг тушунтиришича, қандай вазиятларда бўлганимиз, кимлар билан мулоқот қилаётганимиз ва ёмон хоҳиш-истакларимиз бизга жуда қаттиқ таъсир этар экан. Айнан шу нарсалар имонимизни заиф қилиб, ҳатто уни йўқотишимизга сабаб бўларкан (Мат. 13:3–9).
12. Имонимизни йўқотмаслик учун қайси огоҳлантиришларга қулоқ солиш муҳим?
12 Ишончли ва ақлли хизматкор томоша қиладиган ва тинглайдиган нарсаларни синчковлик билан танлаш кераклигини бизга тез-тез эслатиб туради. Зеро бу нарсалар қандай фикрлашимизга ва истакларимизга таъсир қилади. Шунингдек, ишончли ва ақлли хизматкор ҳамиша кўп пул ва нарсаларга эга бўлиш истаги хавфли эканини бизга айтиб туради. Агар дунёдаги ўйин-кулгиларни севиш ёки янги чиққан техникага эга бўлишни истасак, фикр-хаёлимиз улар билан банд бўлиб, муҳим нарсаларга вақт тополмай қоламиз. Бундай огоҳлантиришлар инсонни жуда чеклаб қўяди, деб ўйлаш хавфли бўлиши мумкин. Имоним кучли, ушбу огоҳлантириш менга эмас бошқаларга тегишли, деган фикрда бўлмайлик. Огоҳлантиришларни назарга илмаслигимиз учун Шайтон дунёга хос фикрлар ва истаклардан фойдаланади. У маррага етиб келишимизни хоҳламайди. Айримлар эътиборсиз бўлгани учун, ўзига ортиқ даражада ишониб дунёдаги нарсалар билан фикри чалғигани туфайли имонини йўқотишяпти. Биз ҳам шундай аҳволда бўлсак, абадий ҳаёт совринини йўқотишимиз ҳеч гап эмас (1 Юҳан. 2:15–17).
13. Дунёга хос фикрлаш тарзидан қандай йироқлашиш мумкин?
13 Шайтон дунёсидаги одамлар улар каби фикр юритишимиз учун, ҳар куни бизни ўз қолипига солмоқчи бўлишади. Улар учун муҳим бўлган нарсаларни биз ҳам муҳим ҳисоблашимизни, улар қилаётган ишларга бизлар ҳам қўл уришимизни хоҳлашади (Эфесликларга 2:1, 2 ни ўқинг). Аммо танлов ўз қўлимизда. Дунёга хос фикрлаш тарзи бизга таъсир қилиш-қилмаслигини ўзимиз ҳал қиламиз. Павлуснинг айтишича, дунёдаги одамларнинг фикрлаш тарзи ҳавога ўхшайди. Бироқ бу фикрлаш тарзи заҳарланган ҳаво кабидир. Ҳеч биримиз заҳарланган ҳаводан нафас олишни истамаганимиздек, дунёвий инсонларнинг фикрлаш тарзи бизга таъсир ўтказишига асло йўл қўймайлик. Хўш, тинмай чопишимизга нима ёрдам беради? Исонинг ўрнаги. У охиригача чопган кишилар ичида энг аълосидир ва биз унга тақлид қилсак арзийди (Иброн. 12:2). Шунингдек, ҳаворий Павлуснинг ўрнаги бор. У мусобақада чопиб, биродарларини ҳам унга тақлид қилишга ундаган (1 Кор. 11:1; Филип. 3:14).
Совринни қандай «қўлга киритиш» мумкин?
14. Маррага етиб келиш Павлус учун қанчалик муҳим бўлган?
14 Маррага етиб келиш Павлус учун қанчалик муҳим бўлган? Эфесдаги оқсоқолларга сўнгги бор мурожаат қилганда у қуйидагиларни айтган: «Бироқ мен сира ҳам жонимни аямайман [...] Шу масофани югуриб ўтсам ва Ҳазрати Исодан олган хизматимни охиригача етказиб қўйсам бас» (Ҳавор. 20:24). Маррага етиш учун Павлус ҳамма нарсани, ҳатто жониниям фидо қилишга тайёр эди. Хушхабарни ваъз қилиш учун у жон куйдирган. У, агар маррага етмаса қилган барча ҳаракатлари бефойда эканини таъкидлаган. Павлус охиригача жон куйдириш кераклигини биларди. У мукофотни аллақачон олганман, деб ўйламаган (Филиппиликларга 3:12, 13 ни ўқинг). Аммо ўлишидан сал олдин у қуйидагиларни айтган: «Мен жон-жаҳдим билан курашдим, масофани югуриб ўтдим, имонни сақладим» (2 Тим. 4:7).
15. Павлус биродарларини нима қилишга ундаган?
15 Павлус имондошлари маррага етиб келишини хоҳлаган. У Филиппидаги масиҳийларни ўз нажотлари учун жон куйдиришга чорлаган. Павлус уларга «ҳаёт каломини маҳкам тутишни» эслатган. Шунингдек, нега бундай қилиш муҳим эканини ҳам айтган: «Натижада, Масиҳнинг куни келганида, бекорга югурмаганимдан ҳамда беҳудага заҳмат чекмаганимдан шодланаман» (Филип. 2:16). Коринфдаги масиҳийларни ҳам ғалаба қозонишга ундаб, у шундай деган: «Сизлар ҳам шундай чопингки, совринни қўлга кирита олинг» (1 Кор. 9:24).
16. Мукофот борлигига нега ишонишимиз керак?
16 Марафон югуришида масофа узоқ бўлгани учун, марра чизиғи аввалига кўринмайди. Мусобақа давомида чопувчи маррага етиб олишни ўйлайди ва маррага яқин қолганини билади. Мусобақа ўз якунига етаётганини билгач, маррага етиб олишга қарори қатъий бўлади. Масиҳийларнинг чопиши ҳам шунга ўхшайди. Мукофот борлигига биз ҳам ишонишимиз даркор. Бу, маррага етиб келиб, мукофотни олишга ёрдам беради.
17. Қандай қилиб имон мукофотга бўлган ишончимизни мустаҳкамлайди?
17 «Имон — бу умид қилаётган нарсалар амалга ошишидан шубҳаланмасликдир. Гарчи бу нарсалар кўринмайдиган бўлса ҳам, бу нарсалар чин эканига амин бўлишдир»,— деб ёзган эди Павлус (Иброн. 11:1). Иброҳим билан Сора қулай уйларини қолдириб, ўзга юртда «мусофир ҳамда вақтинчалик фуқаролар» каби яшашган. Уларга нима ёрдам берган экан? Улар Тангри ваъда қилган нарсаларга ишонишган. Иброҳим билан Сора «бу ваъдаларни узоқдан кўришган». Мусо «гуноҳдан вақтинчалик ҳузур-ҳаловат олишдан» ҳамда «Миср хазиналаридан» воз кечган. Бундай йўл тутиш учун имон ва кучни у қаердан олган? У «мукофотга кўз тиккан» (Иброн. 11:8–13, 24–26). Павлуснинг айтишича, бу кишиларнинг ҳар бири «имон» билан йўл тутган. Имонлари кучли бўлгани боис улар мукофот олишга ишонишган. Қандайдир мушкул вазият дастидан мукофотни унутиб қўйишмаган. Бундан ташқари, Аллоҳ уларга ёрдам беришини ҳамда Унинг келажакка тегишли ваъдалари амалга ошишини билишган.
18. Маррага етиб келиш учун нима қилишимиз керак?
18 Биз ҳам Ибронийларга 11- бобида ёзилган Худога садоқатли эркагу аёллар ҳақида мулоҳаза юритишимиз ҳамда уларнинг ўрнагига тақлид қилишимиз мумкин. Бу эса имонимизни ривожлантириб, «бизни осонгина тузоққа илинтирмоқчи бўлган гуноҳни» ўзимиздан ечиб ташлашга ёрдам беради (Иброн. 12:1). Шунингдек, ўз имонини мустаҳкамламоқчи бўлган имондошларимиз билан йиғилиб, бир-биримизни «севишга ва эзгу ишлар қилишга ундаймиз» (Иброн. 10:24).
19. Нега ҳозир тўхтамасдан чопиш муҳим?
19 Мусобақамиз ўз якунига етиб бормоқда, марра чизиғиниям кўриб турибмиз. Яҳованинг мадади билан ва Унга қаттиқ ишонганимиз туфайли «ҳар қандай оғирликни ҳамда бизни осонгина тузоққа илинтирмоқчи бўлган гуноҳни ўзимиздан ечиб ташлай» оламиз. Тўхтамасдан чопсак, Отажонимиз Яҳова ваъда қилган мукофотни оламиз.
[Изоҳ]
a Қадимги бир китобга биноан, Ясон исмли муртад олий руҳоний, юнонлар каби Қуддусда спорт мактабини очмоқчи эди. Бу эса баҳс-мунозараларга сабаб бўлди (Маккавейларнинг 2- китоби 4:7–17).
Илтимос, жавоб беринг
• Қай йўсин «ҳар қандай оғирликни» ечиб ташлашимиз мумкин?
• Масиҳий имонини йўқотишига нима сабаб бўлиши мумкин?
• Нега мукофотни олишга ишонишимиз керак?
[23- саҳифадаги расм]
«Бизни осонгина тузоққа илинтирмоқчи бўлган гуноҳ» нима дегани ва у бизни қандай тузоққа илинтириши мумкин?