Ўқувчиларнинг саволлари
Қачон Исо Олий руҳоний бўлган? Қачон янги аҳд қилингани билан у қачон кучга киргани ўртасида фарқ борми?
Далиллар шуни кўрсатяптики, Исо мил. 29 йилда сувга чўмганида Олий руҳоний бўлди. Буни қаердан биламиз? Исо сувга чўмганида Худонинг «ирода»сини билдирувчи рамзий қурбонгоҳда ўз ҳаётини қурбон қилишга тайёр эканини кўрсатди. (Галат. 1:4; Иброн. 10:5–10) Рамзий қурбонгоҳ Исо сувга чўмганидан бери мавжуд бўлса, унда буюк рамзий маъбад, яъни тўлов қурбонлигига асосланган Яҳованинг пок топиниш учун уюштирган тадбири ўша вақтда вужудга келган бўлиши керак. Қурбонгоҳ рамзий маъбаднинг асосий хусусияти ҳисобланади. (Мат. 3:16, 17; Иброн. 5:4–6)
Буюк рамзий маъбад вужудга келган бўлса, унда у ерда олий руҳоний хизмат қилиши керак эди. Бу хизматни адо этиш учун Яҳова Исони «муқаддас руҳи ҳамда қудрати билан» мойлади. (Ҳавор. 10:37, 38; Марк 1:9–11) Лекин Исо ўлиши ва тирилишидан олдин Олий руҳоний этиб тайинланганига қай йўсин амин бўлишимиз мумкин? Ҳорун ва ундан кейин олий руҳоний бўлиб хизмат қилганларнинг мисолини кўриб чиқиш бу саволга жавоб топишга кўмаклашади.
Таврот талабига кўра, муқаддас чодирнинг ва кейинчалик маъбаднинг Энг муқаддас хонасига фақат олий руҳоний кира оларди. Энг Муқаддас хонани Муқаддас хонадан парда ажратиб турган. Олий руҳоний парда ортига фақат Гуноҳни ювиш кунида кирган. (Иброн. 9:1–3, 6, 7) Ҳорун ва ундан кейинги олий руҳонийлар муқаддас чодирдаги «парда» ортига киришдан олдин мойланганидай, Исо ҳам ўлишидан олдин Яҳованинг буюк рамзий маъбадида Олий руҳоний этиб тайинланган. Шундан кейин у «парда, яъни ўзининг танаси орқали» самовий ҳаётга ўтган. (Иброн. 10:20) Шу сабабли, ҳаворий Павлус Исо «олий руҳоний» сифатида келганига ишора қилиб, у «одам қўллари билан қурилмаган... янада буюк ва мукаммал чодир орқали келган» ва «осмонга кирган», деб айтган. (Иброн. 9:11, 24)
Янги аҳд қачон қилингани билан у қачон кучга киргани ўртасида фарқ йўқ. Нима учун? Исо осмонга кўтарилганда мукаммал инсоний ҳаётининг баҳосини биз учун Худога тақдим этиб, янги аҳдни қилиш ёки қонунийлаштириш жараёнини ишга туширган. Худди шу жараён аҳдни кучга киритган. Бунинг учун қандай қадамлар қўйилган?
Биринчидан, Исо Яҳованинг ҳузурига кирган; иккинчидан, Исо қурбонлигининг баҳосини Яҳовага тақдим этган; учинчидан, Яҳова Исонинг тўкилган қонининг баҳосини қабул қилган. Ушбу қадамлар қўйилмагунига қадар, янги аҳд кучга кирмаган.
Муқаддас Китобда Яҳова Исо келтирган қурбонликнинг баҳосини айнан қачон қабул қилгани тўғрисида ҳеч нарса айтилмаган. Шунинг учун янги аҳд қачон қилингани ва у қачон кучга кирганини аниқ айтолмаймиз. Бироқ Исо Ҳосил байрамидан 10 кун олдин осмонга кўтарилганини биламиз. (Ҳавор. 1:3) Ўша қисқа вақт мобайнида у қурбонлигининг баҳосини Яҳовага тақдим этган, У эса бу баҳони қабул қилган. (Иброн. 9:12) Ўша янги аҳд кучга кирганининг яққол далили Ҳосил байрамида юз берган воқеада намоён бўлган. (Ҳавор. 2:1–4, 32, 33) Ҳойнаҳой, ўшанда янги аҳд қилинган ва кучга кирган.
Хулоса қиладиган бўлсак, Яҳова Исо тўккан қоннинг баҳосини қабул қилганидан ҳамда мойланганларни янги аҳдга қўшганидан кейин ўша аҳд қилинган ва кучга кирган. Янги аҳднинг кучга киришида Олий руҳоний бўлмиш Исо Воситачи сифатида хизмат қилган. (Иброн. 7:25; 8:1–3, 6; 9:13–15)