Тангри Яҳова билан қанчалик қалин дўстсиз?
Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади. ЁҚБ. 4:8
1. Нега Яҳова билан бўлган муносабатимиз мустаҳкам бўлиши даркор?
ЎЗИНГИЗНИ Яҳовага бағишлаб, бунинг рамзи сифатида сувга чўмганмисиз? Агар шундай бўлса, қимматбаҳо хазинага, яъни Аллоҳ билан шахсий муносабатларга эгасиз. Бироқ бу муносабатларга нафақат Шайтоннинг дунёси, балки номукаммаллигингиз ҳам қаршилик қилади. Бунга барча масиҳийлар дучор бўлишмоқда. Шунинг учун, Яҳова билан бўлган муносабатимиз имкон қадар мустаҳкам бўлиши даркор.
2. а) Муносабат нима дегани? (Изоҳга қ.) б) Яҳовага янада яқинлашиш учун қандай қадамлар қўйсак бўлади?
2 Хўш, Яҳова билан орангиздаги муносабатларингиз қанчалар мустаҳкам? Уларни янада кучайтирмоқчимисиз? Буни қай йўсин амалга оширишимиз тўғрисида Ёқуб 4:8 да: «Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади»,— деб ёзилган. Шуни айтиш жоизки, бу икки томонлама жараёндирa. Агар Худога яқинлашиш учун қадам ташласак, У ҳам бизга нисбатан шундай йўл тутади. Ушбу жараён қайта-қайта такрорланганда, Яҳова билан бўлган муносабатларимиз мустаҳкамланади. Натижада, орамизда қалин дўстлик ривожланади. Биз ҳам худди Исо айтган қуйидаги сўзларига тўлақонли қўшила оламиз: «Юборган чиндан ҳам мавжуддир,.. Мен эса Уни биламан» (Юҳан. 7:28, 29). Қизиқ, Яҳовага янада яқинлашиш учун қандай қадамлар қўйишингиз мумкин?
3. Нима туфайли Яҳова билан мулоқот қилишимиз мумкин?
3 Тангри Яҳовага яқинлашаман десангиз, У билан мунтазам мулоқот қилиш ўта муҳимдир. Худо билан қандай қилиб мулоқот қилиш имкони бор? Масалан, олисдаги дўстингиз билан қай йўсин мулоқот қиласиз? Балки, тез-тез бир-бирингизга хат ёзарсиз ва телефон орқали суҳбатлашарсиз. Яҳова билан эса, тез-тез Унга ибодат қилиш орқали мулоқот қиласиз (Забур 141:2 ни ўқинг). Доим Яҳова илҳомлантирган Каломини ўқиб, устида мулоҳаза юритганингизда, У сизга гапиришига йўл қўясиз (Ишаё 30:20, 21 ни ўқинг). Келинг, қай йўсин бу икки томонлама суҳбат, Яҳова билан ришталаримизни мустаҳкамлашини ва У билан бўлган дўстона муносабатларимизни янада кучайтиришини кўриб чиқайлик.
МУҚАДДАС КИТОБ ТАДҚИҚИ ОРҚАЛИ ЯҲОВА СИЗГА ГАПИРАДИ
4, 5. Қай йўсин Яҳова Каломи орқали шахсан сиз билан мулоқот қилади? Мисол келтиринг.
4 Биламизки, Муқаддас Китобдаги хушхабар умуман олганда, бутун инсониятга тегишли. Лекин Муқаддас Китоб, сиз Яҳовага яқинлашишингизга ёрдам бера оладими? Ҳа. Қандай қилиб? Уни мунтазам ўқиш, тадқиқ қилиш билан у ердаги фикрларга ўз шароитингизда қай йўсин риоя қилишингиз мумкинлиги борасида ўйлаб кўринг. Шундай йўл тутиб, Яҳова Ўз Каломи орқали сиз билан мулоқот қилишига имкон яратасиз. Бу туфайли, Тангри билан қалин дўст бўла оласиз (Иброн. 4:12; Ёқб. 1:23–25).
5 Масалан, Исонинг: «Ўзингиз учун ер юзида хазина тўпламанглар»,— деб айтган сўзларини ўқиб, фикр юритиб кўрайлик. Борди-ю, ҳаётингизни Шоҳлик билан боғлиқ барча ишларга бағишлаган бўлсангиз, Яҳовага маъқул эканингизни ҳис қиласиз. Бошқа томондан, агар ҳаётингизни соддалаштириб, кўпроқ эътиборингизни Шоҳлик фаолиятига қаратиш кераклигини сезсангиз-чи? Демак Яҳова, Унга янада яқинлашишингиз учун ҳаётнинг қайси соҳасида сиз яхшиланишингиз кераклигини кўрсатяпти (Мат. 6:19, 20).
6, 7. а) Муқаддас Китоб тадқиқи Яҳова билан ўзаро севгимизга қандай таъсир қилади? б) Шахсий тадқиқ ўтказганда, қанақа мақсад сари интилишимиз керак?
6 Муқаддас Ёзувларни тадқиқ қилиш ёрдамида, ҳаётимизнинг қайси соҳасида маънан ўзгаришимиз кераклигини яққол кўра оламиз. Бу шунингдек, Яҳованинг севгига тўла ишлари учун бўлган миннатдорлигимизни ошириб, Унга нисбатан севгимизни кучайтиради. Аллоҳга бўлган севгимиз ортгани сайин, Унинг бизга нисбатан севгиси ҳам ошади. Шу йўсин, У билан муносабатларимиз янада мустаҳкамланади (1 Коринфликларга 8:3 ни ўқинг).
7 Шубҳасизки, Яҳовага яқинлашмоқчимиз, аммо тадқиқ қилганда, буни тўғри мақсадни кўзлаб қилиш жуда ҳам муҳим. Юҳанно 17:3 да қуйидагича ёзилган: «Абадий ҳаётга эга бўлиш учун, Сени — танҳо ҳақ Худони ва Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билиш керак». Дарҳақиқат, мақсадимиз шунчаки билим орттириш эмас, балки Яҳовани Шахс сифатида яхшироқ таниб-билишдан иборат бўлиши лозим (Чиқиш 33:13 ни ўқинг; Заб. 24:4).
8. а) Баъзилар, Яҳованинг шоҳ Уззиёга нисбатан қилган иши туфайли қандай фикрга бориши мумкин? б) Қандай қилиб Яҳовани билиш, Унинг ҳаракатлари борасидаги ҳар қандай шубҳани йўққа чиқаради?
8 Яҳовани яқиндан билганимиз сайин, Муқаддас Китобдаги муайян бир воқеани ўқиб, нега У шундай йўл тутган экан, деб ҳаддан ташқари ҳавотирланмаймиз. Мисол учун, Яҳованинг шоҳ Уззиёга нисбатан қилган ҳаракати борасида қандай фикрдасиз? (4 Шоҳ. 15:1–5). Гарчи «халқ ўша жойларда ҳали ҳам қурбонликлар келтириб, тутатқи тутатган» бўлса-да, Уззиёнинг ўзи «Эгамиз олдида тўғри ишлар қилганига» эътибор беринг. Бироқ «Эгамиз Уззиёни жазолаб, тери касаллигига йўлиқтирди». Нима учун? Ушбу воқеада бу ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Хўш, Яҳова Уззиёни айбсиз жазоладими дея ташвишланамизми? Агар Яҳовани яхши билсак, йўқ. Бу шунингдек, Яҳова доим «адолат ила» танбеҳ беришини билишга ҳам боғлиқ (Ерм. 30:11). Ҳатто нега Яҳова Уззиёга нисбатан бундай чора кўрганини билмасак ҳам, ушбу билимлар Унинг ҳукми одил эканида амин бўлишимизга кўмаклашади.
9. Қайси тафсилотлар Яҳова Уззиёни тери касаллигига йўлиқтирганининг сабабини тушунишимизга кўмаклашяпти?
9 Муқаддас Китобда қўшимча тафсилотлар ҳам қаламга олинган. 2 Солномалар 26:3–5, 16–21 да ҳам бу воқеа ҳақида ўқиймиз. Уззиё Яҳованинг назарида қайсидир пайт тўғри ишлар қилган бўлса-да, кейинчалик у «ҳалокатга олиб борадиган киборликка берилди». Уззиё ҳаддидан ошиб, руҳонийларнинг зиммасига юкланган ишни қилмоқчи эди. Саксон битта руҳоний унга қаршилик кўрсатиб, уни тузатмоқчи бўлди. Уззиё бунга қандай муносабат билдирди? У қанчалар мағрур бўлиб кетганини намоён этиб, руҳонийларга «қаттиқ ғазабланди». Мана шунинг учун Яҳова уни тери касаллигига йўлиқтирди!
10. Нега Яҳова доим ҳам ҳар бир ҳаракатининг сабабини тушунтиришга эҳтиёж йўқ ва қандай қилиб Унинг йўллари адолатли эканига ишончимизни мустаҳкамлай оламиз?
10 Келинг, қуйидаги фикрни доим ёдимизда сақлайлик. Тўғри, Уззиё ҳақидаги ҳикояда аниқроқ тушунишимизга ёрдам берадиган тафсилотлар баён этилган. Бироқ Муқаддас Китобда барча тафсилотлар ёзилмаган бўлса-чи? Унда, Аллоҳ адолатли эканида шубҳаланамизми? Ёки бўлмаса, Яҳова ҳамиша тўғри йўл тутишида амин бўлишимиз учун, Муқаддас Китобда етарлича маълумот келтирилганига ҳамда нима яхши ва нима ёмон эканини белгилайдиган меъёрлар борлигига ишонамизми? (Қонун. 32:4). Яҳовани Шахс сифатида яқиндан таниб-билсак, Унга нисбатан севгию миннатдорлигимиз ошади ва ҳар бир ишининг сабабини тушунтиришга эҳтиёж қолмайди. Ишонаверинг, бу миннатдорчилик Худонинг Каломидаги маълумотни тадқиқ қилиш ва мулоҳаза юритиш учун қилган ҳаракатларингизга яраша ўсиб бораверади (Заб. 76:13, 14). Оқибатда, Яҳова билан бўлган муносабатларингиз мустаҳкамланади ва У сиз учун мавжуд Шахсга айланади.
ИБОДАТ ОРҚАЛИ СИЗ ЯҲОВАГА ГАПИРАСИЗ
11–13. Яҳова ибодатларимизни эшитишини қаердан биламиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)
11 Ибодат орқали Яҳовага яқинлаша оламиз. Уни шарафлаймиз, шукроналар айтамиз ва Унинг раҳбарлигини излаймиз (Заб. 31:8). Аммо Яҳова чинакам дўстимиз бўлиши учун, У ибодатларимизни эшитаётганида амин бўлишимиз зарур.
12 Айрим инсонлар, ибодатни шунчаки руҳий ҳолатга фойда келтирадиган бир усул деб билишади. Уларнинг айтишича, фикрларни сўзлар билан ифодалаганингиз сабаблигина муаммони аниқлаб, унинг ечимини топа олганингиз учун ибодатга жавоб оляпман деб ўйлайсиз. Шу каби фойдали томонларни четга сурсак, самимий ибодатларингизни Яҳова чиндан ҳам эшитаётганини қаердан билсангиз бўлади?
13 Мана булар борасида ўйлаб кўринг. Исо осмонда яшаганида, Яҳова ер юзидаги хизматчиларининг ибодатларига қандай жавоб бераётганининг шоҳиди бўлган. Кейинчалик, ер юзидаги хизмати давомида Исо ибодат орқали самовий Отасига ҳиссиётларини изҳор этган. Агар Исо Яҳова аслида эшитмаяпти деб ўйлаганида, ҳатто кечаси билан ҳам ибодат қилиб чиқармиди? (Луқо 6:12; 22:40–46). Бошқа томондан, ибодатни фақатгина руҳий ҳолатга фойда келтирадиган яхши усул деб ҳисоблаганида, у издошларини ибодат қилишга ўргатармиди? Шуниси аниқки, Исо ибодат орқали Яҳова билан чиндан ҳам мулоқот қилиш мумкинлигини билган. Бир сафар у: «Ота, мени эшитганинг учун Сендан минннатдорман. Мени доимо эшитишингга аминман»,— деб айтган. Биз ҳам, Тангри Яҳова ибодатларимизнинг эшитгучиси эканида амин бўлишимиз мумкин (Юҳан. 11:41, 42; Заб. 64:3).
14, 15. а) Ибодатларимиз аниқ бўлса, қандай фойда оламиз? б) Қандай қилиб бир опамизнинг ибодатлари Яҳова билан қалин дўст бўлишига кўмаклашди?
14 Ибодатларингиз аниқ бўлса, ҳатто жавоби унча кўзга ташланмаган тақдирда ҳам, Яҳова сизга жавоб бераётганини илғаб оласиз. Ибодатларга олган жавобларингиз орқали Яҳова билан қалин дўст бўласиз. Шундай экан, ички кечинмаларингизни Яҳовага қанча кўп тўкиб-солсангиз, У сизга шунча яқинроқ бўлади.
15 Келинг, Кэтиb опамизнинг мисолини олайлик. У ваъзгўйлик хизматида мунтазам қатнашган бўлса-да, бу унга завқ келтирмас эди. Кэти қуйидагича бўлишди: «Воизлик хизматини унча ёқтирмас эдим. Ҳа, мен уни ҳақиқатдан ҳам хуш кўрмас эдим. Нафақага чиққанимда, бир оқсоқол мени доимий кашшоф бўлади деб ўйлаган ва ҳатто бунинг учун аризани ҳам қўлимга тутқазган. Мен рози бўлганман, лекин шу билан биргаликда, ваъзгўйлик хизматини яхши кўришимга ёрдам беришини сўраб, Яҳовага кунда ибодат қилардим». Хўш, Яҳова унга жавоб берганми? У шундай деб давом этди: «Уч йилдан бери кашшоф бўлиб хизмат қиляпман. Жуда кўп вақтни хизматда сарфлаётганим ва бошқа опа-сингилларимиздан ўрганаётганим натижасида, шоҳидлик беришда қобилиятим аста-секин ошяпти. Ҳозир, воизлик хизматини ёқтириш у ёқда турсин, мен уни яхши кўраман. Энг асосийси, Яҳова Отажоним билан бўлган муносабатларим олдингидан ҳам яқинроқ бўлди». Дарҳақиқат, Кэтининг ибодатлари Яҳова билан қалин дўст бўлишига кўмаклашди.
БИЗНИНГ ҲАРАКАТЛАРИМИЗ
16, 17. а) Яҳова билан бўлган муносабатларимиз узлуксиз ривожланишини истасак, нима қилишимиз лозим? б) Келаси мақолада қайси муаммони муҳокама қиламиз?
16 Яҳова билан яқин муносабатларни умр бўйи ривожлантиринг. Аллоҳга яқинлашиш учун қадамлар қўйишимиз керак, шунда У ҳам бунга яраша йўл тутади. Шундай экан, келинг, Муқаддас Китоб тадқиқи ва ибодат орқали Худо билан мунтазам мулоқот қилишда давом этайлик. Охир-оқибат, Яҳова билан узлуксиз ривожланадиган муносабатларимиз ёрдамида, қийинчиликларимизни муваффақият ила енга оламиз.
17 Бироқ сидқидилдан қилаётган ибодатларимизга қарамай, шахсий ташвишларимиз ечилмаса, ўзгача бир муаммо юзага келиши мумкин. Бундай вазиятда, Яҳовага бўлган ишончимиз сўниб қолиши ҳеч гап эмас. Яҳова чиндан ҳам ибодатларимизни эшитяптими ёки биз билан дўст бўлишни истайдими, дея ҳавотирланишимиз мумкин. Хўш, бу каби фикрни енгиб, Аллоҳ билан қалин дўст эканимизда қандай амин бўла оламиз? Бунинг жавобини келаси мақолада муҳокама қиламиз.
a Муносабат бу, икки шахс ўртасидаги туйғулар ва ўзаро алоқага ишора қилади. Бу муносабат бўлиши учун, икки томондан ҳам фаол ҳаракатлар кутилади.
b Исм ўзгартирилган.