Сабр ила кутишга тайёрмисиз?
Сизлар ҳам сабр-тоқат қилинглар. ЁҚБ. 5:8
1, 2. а) Нима сабабдан «Қачонгача?» деган саволни беришимиз мумкин? б) Нима учун қадимдаги садоқатли хизматчиларнинг мисоллари бизга далда бахш этади?
«ҚАЧОНГАЧА?» Бу саволни Ишаё ва Хабаққуқ каби содиқ пайғамбарлар кўтаришган эди. (Ишаё 6:11; Хаб. 1:2) Шунга ўхшаб, шоҳ Довуд 12- санони басталаганида: «Қачонгача?» — деб сўраганди. (Заб. 12:2, 3) Ҳатто Исо Масиҳ ҳам атрофидаги кишиларнинг имонсизлигини кўриб, мазкур саволни берганди. (Мат. 17:17) Шу боис, бизда гоҳида худди шундай савол туғилса, ҳайрон қолишимиз керак эмас.
2 Нима сабабдан «Қачонгача?» деган саволни беришимиз мумкин? Эҳтимол, биз қандайдир адолатсизликка дуч келгандирмиз. Балки ёшимиз ўтиб бораётгандир ва касалликка йўлиққандирмиз ёки «ниҳоятда оғир вақтлар»да яшашнинг қийинчиликларини бошдан кечираётгандирмиз. (2 Тим. 3:1) Ё бўлмаса, атрофдагиларнинг ёмон муносабати бизни ҳолдан тойдираётгандир. Нимаики сабаб бўлмасин, Яҳованинг қадимдаги садоқатли хизматчилари хаёлимизда пайдо бўлиши мумкин бўлган худди шундай саволни беришдан тортинмаганини ва бу учун ҳукм қилинмаганини билиш далдалидир!
3. Мушкул вазиятларга юз тутганимизда, бизга нима ёрдам бериши мумкин?
3 Аммо бундай мушкул вазиятларга юз тутганимизда, бизга нима ёрдам бера олади? Исонинг шогирди ва укаси Ёқуб қуйидагича ёзишга илҳомлантирилганди: «Биродарлар, Ҳазратимизнинг ҳозир бўлишига қадар чидаб туринглар». (Ёқб. 5:7) Дарҳақиқат, ҳаммамиз сабр қилишимиз керак. Лекин ушбу илоҳий фазилатга эга бўлиш нимани ўз ичига олади?
САБР БУ НИМА?
4, 5. а) Сабрли бўлиш нимани ўз ичига олади? б) Ёқуб сабрнинг бир жиҳатини қандай тасвирлаган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)
4 Аллоҳнинг Каломига кўра, сабр — муқаддас руҳнинг самарасидир. Худонинг ёрдамисиз осий бандалар керакли даражада сабрли бўла олишмайди. Сабр — Тангрининг инъомидир ва бу фазилатни намоён этиб, биз Унга ҳамда бошқаларга бўлган севгимизни кўрсатамиз. Сабрсизлик севги ришталарини заифлаштиради, сабр эса уларни мустаҳкамлайди. (1 Кор. 13:4; Галат. 5:22) Қолаверса, сабр масиҳийларга хос бўлган бошқа муҳим фазилатларни ҳам ўз ичига олади. Бу фазилатлар бизга қийин вазиятларда ижобий нуқтаи назарни сақлашга ва уларга дош беришга кўмаклашади. (Колос. 1:11; Ёқб. 1:3, 4) Шунингдек, сабр қасос олмасдан чидаш ҳамда йўлимизда нимаики учрамасин, қатъий ва собит туришни назарда тутади. Боз устига, Муқаддас Китоб бизни тайёрлик ила кутишга ундаяпти. Сабрнинг ушбу жиҳати Ёқуб 5:7, 8 да (ўқинг) очиб берилган.
5 Нима учун Яҳова ҳаракатга тушишини тайёрлик ила кутишимиз лозим? Ёқуб бизнинг вазиятимизни деҳқоннинг вазияти билан солиштирган. Гарчи деҳқон ҳосилни етиштириш учун кўп меҳнат қилса ҳам, у об-ҳавони ёки экинларнинг ўсишини назорат қила олмайди. У ўрим-йиғимнинг вақтини ҳам тезлаштира олмайди. Деҳқон «ердан яхши ҳосил» олиш учун сабр ила кутиши кераклигини тушунади. Шу сингари, биз ҳам Яҳованинг ваъдалари амалга ошишини кутар эканмиз, назоратимизда бўлмаган кўплаб омиллар борлигини тушунамиз. (Марк 13:32, 33; Ҳавор. 1:7) Шунинг учун, деҳқонга ўхшаб, сабр ила кутишимиз даркор.
6. Михо пайғамбарнинг мисолидан нимани ўрганишимиз мумкин?
6 Бугунги кунда бизнинг вазиятимиз Михо пайғамбарнинг давридаги вазиятга ўхшайди. У бетавфиқ шоҳ Охознинг даврида, ҳар қандай ёвузликка тўлиб-тошган замонда яшаган. Ўша пайтдаги одамлар «ёмонлик қилишга уста» бўлиб кетишганди. (Михо 7:1–3 ни ўқинг.) Михо бу вазиятни ўзи ўзгартира олмаслигини тушунарди. Бироқ у нима қила оларди? У шундай деб айтганди: «Мен эса Эгамга тикаман кўзларимни, умид-ла кутаман нажоткорим Худони, албатта эшитар Худойим мени». (Михо 7:7) Михога ўхшаб, биз ҳам «умид-ла кутишимиз» керак.
7. Нега биздан Яҳова Ўз ваъдаларини амалга оширишини шунчаки кутишдан кўпроқ нарса талаб қилинади?
7 Агар биз Михоникига ўхшаш имонга эга бўлсак, шунчаки кутиб ўтирмаймиз. Аксинча, биз Яҳовани тайёрлик ила кутамиз. Бизнинг вазиятимиз қамоқда ўтириб, ўзининг ўлимини кутаётган маҳбусникидан фарқ қилади. Аниқки, маҳбус ўз ўлимини интиқиб кутмайди, балки кутишга мажбур бўлади. Бизнинг вазиятимиз эса бундан қанчалик фарқ қилади-я!? Биз Яҳовани тайёрлик ила кутамиз, чунки У абадий ҳаётни бериш ваъдасини аниқ ва керакли пайтда амалга оширишини биламиз. Шу боис, «охиригача дош бериб, қувонч билан узоқ сабрли бўламиз». (Колос. 1:11, 12) Аммо кутиш чоғида бунинг аксини қилиш, яъни Яҳова тезда ҳаракат қилмаётганидан нолиш ёки норози бўлиш Унга маъқул келмайди. (Колос. 3:12)
САБР ҚИЛИБ, САДОҚАТЛИ ҚОЛГАНЛАР
8. Қадимдаги садоқатли кишиларнинг мисоллари устида мулоҳаза юритар эканмиз, нимани эсда сақлашимиз лозим?
8 Агар Яҳова Ўз ваъдаларини амалга оширишини сабр ила кутган садоқатли қадимги кишиларни эсда тутсак, бу бизга тайёрлик ила кутишда ёрдам беради. (Рим. 15:4) Бундай кишиларнинг мисоллари устида мулоҳаза юритар эканмиз, улар қанча вақт кутишганини, нега кутишга тайёр бўлишганини ва сабр қилганлари учун қандай баракалар олишганини ёдда тутиш оқилонадир.
9, 10. Иброҳим ва Сора қанча вақт мобайнида Яҳовани кутишлари керак эди?
9 Келинг, Иброҳим ва Соранинг мисолини кўриб чиқайлик. Улар «имон ва сабр-тоқат билан Тангрининг ваъдаларига эришадиганлар» қаторидалар. Муқаддас Ёзувларда айтилишича, «Иброҳим пайғамбар сабр-тоқат кўрсатганидан» кейин, Яҳова унга барака ёғдиришни ва унинг наслини кўпайтиришни ваъда берганди. (Иброн. 6:12, 15) Нега Иброҳим сабр-тоқат кўрсатиши лозим эди? Сабаби, ушбу ваъда бажо бўлиши учун вақт талаб этиларди. Яҳованинг Иброҳим билан тузган аҳди мил. авв. 1943 йили 14 нисон куни кучга кирганди. Ўшанда Иброҳим Сора ва хонадонидагилар билан Фурот дарёсидан ўтиб, ваъда қилинган юртга кирганди. Кейин у ўғли Исҳоқ мил. авв. 1918 йилда туғилишигача 25 йил кутиши керак эди. Бундан сўнг эса мил. авв. 1858 йилда неваралари Эсов ва Ёқуб дунёга келишигача ҳам яна 60 йил кутишига тўғри келганди. (Иброн. 11:9)
10 Иброҳимга қанча ер майдони мерос қилиб берилди? Муқаддас Китобда бу ҳақда қуйидагича ёзилган: «Лекин [Яҳова] бир қарич ерни ҳам Иброҳимга мерос қилиб бермади. Аксинча, у фарзандсиз бўлганида, Худо бу ерни унга ва унинг зурриётига беришни ваъда қилди». (Ҳавор. 7:5) Иброҳим Фурот дарёсидан кечиб ўтганидан 430 йил вақт ўтгандан сўнггина, унинг авлоди ўша юртга эгалик қиладиган халқ сифатида ташкиллаштирилганди. (Чиқ. 12:40–42; Галат. 3:17)
11. Нима учун Иброҳим Яҳовани кутишга тайёр эди ва сабр қилгани туфайли у қандай баракаларга эришди?
11 Иброҳим кутишга тайёр эди, чунки унинг сабри Яҳовага бўлган ишончига асосланганди. (Ибронийларга 11:8–12 ни ўқинг.) Гарчи Иброҳим ваъда у яшаган пайтда тўлиқ амалга ошганини кўрмаган бўлса-да, кутишдан бахтиёр эди. Аммо у жаннатда тирилганида қанчалик қувонишини тасаввур қилинг. Қолаверса, Иброҳим унинг ҳаёти ва авлодлари ҳақида Аллоҳнинг Каломида қанчалик кўп баён этилганини кўриб, ҳайратда қолиши ҳеч гап эмас.a Ўшанда у ваъда қилинган зотга нисбатан Яҳованинг нияти амалга ошишида муҳим ўрин эгаллаганини тушунганида қанчалик хурсанд бўлишини фараз қилиб кўринг. Шак-шубҳасизки, у шунча узоқ кутиш арзигулик бўлганини англайди.
12, 13. Нега Юсуф сабрли бўлиши керак эди ва у қандай муносабат кўрсатди?
12 Иброҳимнинг эвараси Юсуф ҳам сабрли бўлишда тайёрлик кўрсатган. У бир неча марта ўтакетган адолатсизлик қурбони бўлган: аввал, тахминан 17 ёшда бўлганида, акалари уни қулликка сотишган, кейин эса хўжайинининг хотинини зўрлашга уринганликда сохта айбланган ва уни кишанлаб, зиндонга ташлашган. (Ибт. 39:11–20; Заб. 104:17, 18) Юсуф одил ишлари учун тақдирланишнинг ўрнига жазоланган, деган фикр туғилиши мумкин. Аммо 13 йил ўтгач, ҳамма нарса бутунлайин ўзгарди. У зиндондан озод этилди ва Миср устидан ҳоким қилиб тайинланди. (Ибт. 41:14, 37–43; Ҳавор. 7:9, 10)
13 Бундай адолатсизликлар Юсуфни бағритош қилиб қўйганми? У Тангри Яҳовага бўлган ишончини йўқотганми? Асло! Юсуфга сабр ила кутишга нима ёрдам берган? Унинг Яҳовага бўлган ишончи. У ҳаётида Яҳованинг қўлини кўрган. Бу унинг сўзларида қандай акс этганига эътибор қаратинг. Юсуф акаларига: «Қўрқманглар, мен сизларни ҳукм қилиб, жазолайдиган Худо эмасман-ку! — деди. — Худо бугун қилаётгандай, сон-саноқсиз халқни сақлаб қолиши учун, сизлар қилган ёмонликни яхши томонга ўзгартирди». (Ибт. 50:19, 20) Аниқ-равшанки, Юсуф бу учун кутиш арзигулик эканини тушунганди.
14, 15. а) Довуд сабр қилгани нимаси билан диққатга сазовордир? б) Довудга сабр ила кутишга нима кўмаклашган?
14 Шоҳ Довуд ҳам кўпгина адолатсизликларнинг қурбонига айланган. Гарчи Довуд ёшлигида Исроилнинг бўлажак шоҳи қилиб мойланган бўлса-да, у ўз қабиласи устидан шоҳ қилиб тайинланиши учун деярли 15 йил кутишига тўғри келган. (2 Шоҳ. 2:3, 4) Ушбу пайт мобайнида садоқатсиз шоҳ Шоул Довудни ўлдириш ниятида унинг кетидан қувган.b Натижада, Довуд гоҳ ўзга юртда, гоҳ саҳродаги ғорларда қочоқ бўлиб ҳаёт кечиришига тўғри келган. Гарчи Шоул охир-оқибат жангда ҳалок бўлган бўлса-да, Довуд бутун Исроил устидан шоҳ бўлиш учун яна 7 йил кутиши керак эди. (1 Шоҳ. 13:1; Ҳавор. 13:21)
15 Нима учун Довуд сабр ила кутишга тайёр эди? Бунинг жавобини Довуднинг «Қачонгача?» деган саволи 4 марта учраган юқоридаги санода топишимиз мумкин. У шундай деганди: «Мен умид боғлайман содиқ севгингга, нажотингдан қалбим тўлади қувончга. Эй Эгам, қўшиқ айтаман Сенга иноят айлаганинг учун менга» (Заб. 12:5) Ҳа, Довуд Яҳованинг содиқ севгисига умид боғлаганди. У нажотни интизорлик ва қувонч ила кутарди ҳамда Яҳова уни ҳаёти давомида қандай мукофотлагани борасида мулоҳаза юритарди. Чиндан ҳам, Довуд кутиш арзигулик эканини тушунганди.
Яҳова биздан Ўзи намоён этишга тайёр бўлмаган нарсаларни қилишни кутмайди
16, 17. Қай йўсин Тангри Яҳова ҳамда Исо Масиҳ тайёрлик ила кутиб, бизга аъло ўрнак кўрсатишган?
16 Яҳова биздан Ўзи намоён этишга тайёр бўлмаган нарсаларни қилишни кутмайди. У тайёрлик ила кутишда аъло ўрнак кўрсатган. (2 Бутрус 3:9 ни ўқинг.) Яҳова Адан боғида кўтарилган мунозарали масалалар узил-кесил ҳал қилинишини минглаб йиллар давомида сабр ила кутяпти. Аллоҳ Унинг исми бутунлай муқаддас бўладиган пайтни «сабр ила кутмоқда». Бунинг натижасида «Уни орзиқиб кутаётганлар» мислсиз баракаларга эга бўлишади. (Ишаё 30:18, ЯДТ)
17 Исо ҳам кутишга тайёр бўлган. Гарчи Исо ер юзида яшаганида унинг садоқати синалиб, мил. 33 йили тўлов қурбонлигининг баҳосини тақдим этган бўлса-да, у шоҳлик қилишни бошлаш учун 1914 йилгача кутишига тўғри келган. (Ҳавор. 2:33–35; Иброн. 10:12, 13) Боз устига, Исо ҳамма душманлари тамомила йўқ қилинишини Минг йиллик бошқарувининг охиригача кутиши керак бўлади. (1 Кор. 15:25) Бу учун узоқ кутишга тўғри келади, аммо буни кутиш арзигулик эканига амин бўлишимиз мумкин.
БИЗГА НИМА ЁРДАМ БЕРАДИ?
18, 19. Бизга сабр ва тайёрлик ила кутишда нима ёрдам беради?
18 Шундай экан, ҳар биримиз тайёрлик ила кутиб, сабрни намоён этишимиз муҳим. Хўш, бунда бизга нима ёрдам беради? Худонинг муқаддас руҳини сўраб ибодат қилиш. Шуни унутмангки, сабр — муқаддас руҳ самарасининг бир қиррасидир. (Эфес. 3:16; 6:18; 1 Салон. 5:17–19) Яҳова сизга сабр-бардошли бўлишга кўмаклашишини илтижо қилиб сўранг.
19 Бундан ташқари, Иброҳим, Юсуф ва Довудга Яҳованинг ниятларини амалга ошишини сабр ила кутишга нима ёрдам берганини ёдда тутинг. Ҳа, Яҳовага ишонишгани ва Унга таянишгани уларга кўмаклашган. Улар диққатларини фақат ўзларига ва қулайликлар излашга қаратишмаган. Бунинг натижасида улар қандай баракаларга эришгани устида мулоҳаза юритар эканмиз, бу бизни уларга ўхшаб сабрни намоён этишга ундайди.
20. Биз нима қилишга қатъий қарор қилганмиз?
20 Гарчи синовлару васвасаларга дуч келсак-да, «сабр ила Уни [Яҳовани] кутиш» қароримиз қатъий. Тўғри, гоҳида биз: «Қачонгача, ё Яҳова?» — дея фарёд қилишимиз мумкин. Лекин муқаддас руҳнинг мустаҳкамловчи кучи ёрдамида биз ҳам қатъийлик ила Еремиё каби: «Яҳова менинг улушим. Шунинг учун сабр ила Уни кутаман»,— деб айтамиз. (Марсия 3:21, 24, ЯДТ)
a Ибтидо китобининг тахминан 15 та боби Иброҳим ҳақидаги баёнотга бағишланган. Юнонча Ёзувларда ҳам Иброҳим 70 мартадан зиёд тилга олинган.
b Шоул салкам икки йил ҳукмронлик қилганидан кейин Яҳова томонидан рад этилганига қарамай, унга ўлимигача, қўшимча 38 йил мобайнида шоҳлик қилиш имкони берилганди. (1 Шоҳ. 13:1; Ҳавор. 13:21)