«Аллоҳнинг сурувини боқинглар»
Сизларга ишониб топширилган Аллоҳнинг сурувини боқинглар. 1 БУТР. 5:2
1. Бутрус ўзининг илк мактубини ёзганида, масиҳийлар қандай вазиятда бўлишган?
ҲАВОРИЙ БУТРУС илк мактубини имондошларни мустаҳкамлаш учун ёзган эди. Боиси, Иблис масиҳийларни ютиб юбориш пайида юрганди. Унга қарши туриш учун масиҳийлар ҳушёр бўлиб, Худонинг қудратли қўли остида ўзларини камтарин тутишлари лозим бўлган (1 Бутр. 5:6, 8). Шунингдек, улар якдил бўлиши керак эди. Тағин бир-бирини «еб битирмаслик» учун, улар бир-бирини «тишлаб, ғажишдан» эҳтиёт бўлиши лозим эди (Галат. 5:15). Бутрус ушбу мактубини ўз вақтида ёзганди. Чунки кўп ўтмай, император Нерон Римдаги масиҳийларга қарши таъқибларни бошлаб юборди.
2, 3. Биз ким билан курашяпмиз ва бу мақолада нимани кўриб чиқамиз?
2 Бугунги кунда биз ҳам ўхшаш вазиятдамиз. Иблис масиҳийларни ютиб юбориш пайида юрибди (Ваҳ. 12:12). Олдинда бизни «дунё пайдо бўлганидан бери бунақаси ҳали бўлмаган» «буюк қайғу» кутяпти (Мат. 24:21). Биринчи асрда яшаган масиҳийлар ўзларини гап талашишдан тийишлари керак эди, бу бизга ҳам тааллуқли. Бунинг уддасидан чиқиш учун тажрибали оқсоқолларнинг ёрдами керак.
3 Келинг, оқсоқоллар уларга топширилган Аллоҳнинг сурувини боқиш шарафини яна қандай қадрлаши мумкинлигини кўриб чиқайлик (1 Бутр. 5:2). Сўнг эса, оқсоқоллар чўпонлик вазифасини муносиб тарзда бажариши ҳақида гапирамиз. Кейинги мақолада бўлса, жамоат аъзолари сурувни бошқариш учун қунт билан меҳнат қилаётганларни қандай қилиб қадрлаши ҳақида гап боради (1 Салон. 5:12). Бу мақолани кўриб чиқиш, асосий Душманимизга қарши туришга ҳамда фақат у билан курашаётганимизни тушунишга кўмаклашади (Эфес. 6:12).
Худо сурувининг чўпони
4, 5. Оқсоқоллар сурувга қандай қарашлари керак? Мисол келтиринг.
4 Бутрус биринчи асрдаги оқсоқолларни, уларга ишониб топширилган сурувга Худонинг нуқтаи назари билан қарашга ундаган (1 Бутрус 5:1, 2 ни ўқинг). У жамоатнинг «устуни» ҳисобланган бўлса-да, уларга мурожаат қилганда ўзини баланд тутиб гапирмаган. Аксинча, уларни ҳам ўзи каби оқсоқоллар қаторида кўриб, насиҳат қилган (Галат. 2:9). Бутрус сингари, ҳозирги пайтда Етакчи кенгаш ҳам жамоат оқсоқолларини Худонинг сурувига чўпонлик қилишдек катта масъулиятни бажаришга ундамоқда.
5 Ҳаворий, оқсоқолларга боқиш учун ишониб топширилган сурувни Аллоҳники, деб ёзган. Сурув Тангри Яҳовага ҳамда Исо Масиҳга тегишли эканини тан олиш улар учун жуда муҳим ҳисобланган. Чунки улар, Худонинг қўйларини қандай боқаётгани ҳақида ҳисобот беришарди. Фараз қилинг, яқин дўстингиз иш билан кетаётиб сиздан болаларига қараб туришни илтимос қилди. Болаларга қараб, уларни овқатлантирасизми? Бирортаси касал бўлиб қолса, тиббий ёрдам кўрсатиш учун чоралар кўрасизми? Худди шундай жамоат оқсоқоллари ҳам, «Худо Ўз Ўғлининг қони эвазига сотиб олган жамоатга чўпонлик қилишади» (Ҳавор. 20:28). Улар, ҳар бир қўй Исо Масиҳнинг қимматбаҳо қони эвазига сотиб олинганини ёдида сақлашади. Оқсоқоллар сурув учун ҳисобот беришар экан, уларни озиқлантириб, ҳимоя ҳамда парвариш қилишади.
6. Қадимда яшаган чўпонлар қандай масъулиятга эга бўлишган?
6 Қадимда чўпонлар қандай масъулиятга эга бўлгани тўғрисида ўйлаб кўрайлик. Улар куннинг иссиғига ҳам, туннинг совуғига ҳам чидаб, қўйларга ғамхўрлик қилишган (Ибт. 31:40). Қўй учун улар ҳатто жонини хавф остига қўйишган. Довуд ҳам ёшлигида чўпон бўлиб, сурувини йиртқич ҳайвонлардан, жумладан шер ва айиқдан ҳимоя қилган. Ўзи шундай сўзларни айтган: «Ёлидан ушлардиму, уриб ўлдирардим» (1 Шоҳ. 17:34, 35). Мана буни, жасорат деса бўлади! Ахир қўйни ўша ҳайвоннинг оғзидан тортиб олиш учун унга жуда яқин келиш керак эди-ку! Қўйни қутқариш учун у ҳар нарса қилишга тайёр бўлган.
7. Қандай қилиб оқсоқоллар қўйни Иблиснинг оғзидан қутқаришади?
7 Бугун ҳам, оқсоқоллар Иблиснинг шерга ўхшаш ҳужумларига қарши туришлари зарур. Мажозий маънода қўй Иблиснинг оғзида бўлганда, улар жасорат кўрсатишади. Оқсоқоллар гўё йиртқич ҳайвоннинг ёлидан ушлаб, қўйни қутқаришади. Улар, Шайтоннинг тузоқлари туфайли васвасага тушган эҳтиётсиз биродарлар билан суҳбатлар қуришади (Яҳудо 22, 23 ни ўқинг). Албатта, Яҳованинг ёрдамисиз оқсоқоллар буни уддалай олишмайди. Улар ярадор қўйга меҳр ила муомала қилиб, шикаст еган жойини боғлаб қўйишади ва дардни олувчи малҳам бўлмиш Худонинг Каломини қўллашади.
8. Оқсоқоллар сурувни қаерга бошлаб боришади ва буни қандай бажаришади?
8 Оддий чўпон сурувни ўтга бой, серсув яйловга бошлаб боради. Шу сингари, оқсоқоллар ҳам сурувни жамоатга бошлаб боришади, яъни уларни яхши боқиб, «ризқ-рўзни вақтида» олиш учун йиғилишларда мунтазам иштирок этишга ундашади (Мат. 24:45). Бундан ташқари, маънан касал бўлган кишиларни Худо Каломидан озиқланишга кўмаклашиш учун, улар қўшимча вақт ажратишади. Адашган қўйни эса подага қайтаришга интилишади. Оқсоқоллар имондошини қўрқитишмайди, аксинча Муқаддас Ёзувлардаги қонун-қоидаларни меҳр ила тушунтириб, ҳаётда уларга қандай риоя қилиш мумкинлигини кўрсатиб беришади.
9, 10. Маънан касал бўлган кишига оқсоқоллар қандай ғамхўрлик қилишади?
9 Тобингиз қочиб қолса, қандай шифокорга боришни афзал кўрасиз? Сизни тинглашга оз вақт сарфлайдиган ва тезда дорилар рўйхатини қўлингизга тутқазиб, кейинги беморни қабул қилишга тайёр турган шифокоргами? Ёки сизни тинглаб, дардингизни тушунтириб, даволаниш усуллари ҳақида маслаҳат берадиган шифокоргами?
10 Оқсоқоллар ҳам маънан касал бўлган кишини тинглаб, унинг ярасини тузатишса, «Яҳованинг номидан бошига мой суртгандай» бўлишади (Ёқуб 5:14, 15 ни ўқинг). Гилад малҳамидек, Аллоҳнинг Каломи ҳам бемор кишининг дардига дармон бўлади (Ерм. 8:22; Ҳиз. 34:16). Муқаддас Китоб қонун-қоидаларини қўллаш эса иккиланувчи кишига маънавий мувозанатни тиклашга кўмаклашади. Дарҳақиқат, оқсоқоллар маънан бемор бўлган кишини тинглаганда унга ғамхўрлик кўрсатиб, у билан бирга ибодат қилишса, кўп савоб ишлар қилган бўлишади.
Мажбурият юзасидан эмас, балки бажонидил
11. Худонинг сурувини бажонидил боқишга оқсоқолларни нима ундайди?
11 Бутрус оқсоқолларга насиҳат қилишда давом этиб, чўпонлик ишида нима қилиш, нима қилмаслик кераклигини уларга эслатди. Оқсоқоллар Худонинг сурувини «мажбурият юзасидан эмас, балки бажонидил» боқишлари даркор эди. Биродарларига бажонидил хизмат қилишга уларни нима ундамоқда? Бутрусни чўпонлик қилишга ва Исонинг қўзиларини ўтлатишга нима чорлаган? Ҳазрати Исога бўлган севги ва меҳр (Юҳан. 21:15–17). Оқсоқолларда ҳам шундай севги борлиги сабабли, улар «энди ўзлари учун эмас, балки уларни деб ўлган» киши учун яшашади (2 Кор. 5:14, 15). Ушбу севги, Тангрига ва имондошларига бўлган севги билан бирикиб, уларни ўз кучини, маблағларию вақтини сурув учун сарфлашга ундайди (Мат. 22:37–39). Улар мажбурият юзасидан эмас, балки ихтиёрий равишда ўзларини бу ишларга бағишлайдилар.
12. Худонинг сурувини боқишга Павлус ўзини қай даражада бағишлаган?
12 Оқсоқоллар қай даражада ўзларини бу ишга бағишлаши даркор? Сурувга ғамхўрлик қилишда улар ҳаворий Павлусга тақлид қилишади, зеро у Исога эргашган (1 Кор. 11:1). Салоникадаги биродарларга кўнгил боғлашгани учун, Павлус ва унинг ҳамкорлари нафақат Аллоҳнинг хушхабарини, балки ўз жонини ҳам улар учун беришга тайёр бўлишган. Бундай йўл тутиб, улар учун «худди болаларини паҳпаҳлаб боқадиган она каби» бўлишган (1 Салон. 2:7, 8). Болаларини паҳпаҳлаб боқадиган она уларга нисбатан қандай туйғуларни ҳис этишини Павлус тушунган. Она фарзанди учун ҳамма нарса қилишга, ҳатто ярим тунда туриб уни эмизишга тайёр бўлади.
13. Оқсоқоллар нималар ўртасида мувозанатни сақлашлари керак?
13 Оқсоқоллар чўпонлик вазифалари билан, оиласи олдидаги бурчи ўртасида мувозанатни сақлаши керак (1 Тим. 5:8). Улар жамоат учун сарфлаётган вақтни оиласига ажратадиган вақт ҳисобидан сарфлашгани учун, бу вақт жуда қадрлидир. Иккаласи орасида мувозанатни сақлаш учун, масалан баъзан оилавий топинишга жамоат аъзоларини таклиф қилса бўлади. Мана кўп йиллардирки, япониялик Масанао исмли бир оқсоқол турмуш қурмаган кишиларни ва отаси имондоши бўлмаган оилаларни оилавий топинишга таклиф қилиб келади. Вақт ўтиб, ундан ёрдам олган баъзи кишилар ўзлари оқсоқол бўлишди ва Масанаонинг аъло ўрнагига тақлид қилиб келишяпти.
Моддий манфаатни кўзламай, иштиёқ билан чўпонлик қилинглар
14, 15. Нега оқсоқоллар «ҳаром йўл билан фойда кўришдан» ўзларини асрашлари керак ва бу борада улар Павлусга қандай тақлид қила олишади?
14 Бутрус оқсоқолларни сурувни «ҳаром йўл билан фойда кўриш учун эмас, аксинча, иштиёқ билан» боқинглар, деб ундаган. Оқсоқоллар вазифаларини бажараётиб кўп вақт сарфлашади, лекин бунинг эвазига моддий манфаат олишни кўзламайдилар. Бутрус зарурат борлигини кўриб, оқсоқолларни «ҳаром йўл билан фойда кўришдек» хавфдан огоҳлантирган эди. Ушбу хавфни, кўплар камбағалликда умр кечирган бир пайтда, «Буюк Бобил»нинг диний раҳбарлари дабдабали турмуш кечираётганидан кўрса бўлади (Ваҳ. 18:2, 3). Ҳозирги кунда ҳам шундай хавфни келтириб чиқарадиган мойилликдан ўзларини асраш учун, оқсоқолларда асосли сабаб бор.
15 Павлус оқсоқоллар учун яхши ўрнакдир. Ҳаворий бўлгани боис кўп сарф-харажат қилиб салоникаликларга оғирлиги тушиши мумкин эди, аммо у «ҳеч кимнинг нонини текин емаган». Аксинча, «туну кун тер тўкиб меҳнат қилган» (2 Салон. 3:8). Ҳозирги пайтда оқсоқоллар, шу қаторда кўчма нозирлар бу борада яхши ўрнак кўрсатишмоқда. Гарчи улар имондошларининг меҳмондўстлигини қабул қилишса-да, кўп сарф-харажат қилиб ҳеч кимга оғирлиги тушмайди (1 Салон. 2:9).
16. Сурувни «иштиёқ» билан боқиш нима дегани?
16 Оқсоқоллар сурувни «иштиёқ» билан боқишади. Уларнинг иштиёқи, сурувга кўмаклашиш учун ўзини фидо қилишга тайёр эканидан кўринади. Бироқ бу, улар сурувни Яҳовага хизмат қилишга мажбурлашади, дегани эмас. Шунингдек, меҳрибон оқсоқоллар бошқаларда Худога рақобат руҳи билан хизмат қилиш истагини уйғотишмайди (Галат. 5:26). Жамоатнинг ҳар бир аъзоси ўзгача эканини ҳам тушунишади. Биродарлари Яҳовага хурсандчилик билан хизмат қилишига кўмаклашиб, улар ўз иштиёқини намоён этишади.
Ҳукмронлик қилмасдан, ўрнак кўрсатинглар
17, 18. а) Исонинг камтаринлик борасидаги таълимотига риоя қилиш нега гоҳида ҳаворийлар учун қийин бўлган? б) Биз қандай вазиятга тушишимиз мумкин?
17 Муҳокама қилганимиздек, оқсоқоллар қарамоғида бўлган сурув ўзлариники эмас, Худоники эканини ёдларида тутишади. Улар Тангрининг омонати устидан ҳукмронлик қилишдан эҳтиёт бўлишади (1 Бутрус 5:3 ни ўқинг). Гоҳида Исонинг ҳаворийлари ҳам нотўғри ниятлар пайидан бўлишган. Халқлар устидан бошқарадиган кишиларга ўхшаб, улар буюк одамлар бўлишни хоҳлашган (Марк 10:42–45 ни ўқинг).
18 Бугунги кунда ҳам биродарлар «нозир бўлишга интилса», қайси мақсадда бунга эришмоқчи эканини текшириб кўришлари керак (1 Тим. 3:1). Оқсоқол бўлган биродарлар эса ўзларидан: «Вазифаларимни ҳукмронлик қилиш мақсадида ёки айрим ҳаворийлар сингари буюк одамлар бўлиш ниятида бажаряпманми?» — деб сўрашлари мумкин. Ҳаворийларда бу борада қийинчилик бўлган экан, оқсоқоллар ҳам бошқалар устидан ҳукмронлик қилишдек дунёга хос мойилликдан йироқлашиш учун ўз устларидан ишлашлари зарурлигини тан олишлари керак.
19. Сурувни ҳимоя қилаётиб оқсоқоллар нимани эсдан чиқармаслиги керак?
19 Кези келганда оқсоқоллардан қатъий бўлиш талаб этилади. Мисол учун, сурувни «йиртқич бўрилар»дан ҳимоя қилиш керак бўлади (Ҳавор. 20:28–30). Павлус: «Насиҳат қилишда ва тўла ҳуқуқ билан танбеҳ беришда давом эт»,— дея Титусга маслаҳат берганди (Титус. 2:15). Ҳатто ножўя ишга қўл урган кишининг масаласини кўриб чиқаётганда, оқсоқоллар унинг ҳурматини жойига қўйиб муомала қилишади. Кишининг қалбига таъсир қилиб, тўғри йўлдан юришга ундаш учун, уни қаттиқ танқид қилишнинг ўрнига, унга мулойимлик билан тушунтириш афзалроқ эканини оқсоқоллар яхши билишади.
20. Қандай қилиб оқсоқоллар Исонинг аъло ўрнагига тақлид қилишлари мумкин?
20 Исонинг аъло ўрнаги, оқсоқолларни сурувни севишга ундайди (Юҳан. 13:12–15). Исо шогирдларига ваъз қилишни ва унга издошлар тайёрлашни ўргатгани ҳақида ўқисак, қалбимизда ўзгача бир илиқлик пайдо бўлади. Унинг камтаринлик борасидаги ўрнаги шогирдларининг қалбига таъсир этиб, бошқаларни ўзидан устун қўйишга уларни чорлаган (Филип. 2:3). Бугунги кунда оқсоқоллар Исога тақлид қилишга даъват этиладилар, ўз ўрнида улар ҳам «сурувга ўрнак» бўлишни хоҳлашади.
21. Келажакда кутаётган қандай мукофотга оқсоқоллар кўз тикишмоқда?
21 Оқсоқолларга берган насиҳатининг сўнгида, Бутрус уларга келажакка оид ваъда ҳақида гапирган (1 Бутрус 5:4 ни ўқинг). Мойланган оқсоқоллар Масиҳ билан осмонда «сўлмайдиган тожни» оладилар. «Бошқа қўйлар» қаторидан бўлган чўпонлар эса, «бош чўпон» раҳбарлиги остида Худонинг сурувини боқиш шарафига муяссар бўлишади (Юҳан. 10:16). Кейинги мақолада, жамоат аъзолари бошчиликни зиммасига олган кишиларни қандай қилиб қўллаб-қувватлаши мумкинлигини муҳокама қиламиз.
Такрорлаш учун
• Нега Бутрус Худонинг сурувини боқиш тўғрисида оқсоқолларга насиҳат бера олган?
• Маънан касал кишига оқсоқоллар қандай ғамхўрлик қилишади?
• Оқсоқолларни Худонинг сурувини боқишга нима ундайди?
[21- саҳифадаги расм]
Қадимда яшаган чўпонларга ўхшаб, ҳозир ҳам оқсоқоллар «қўйларни» ҳимоя қилишади