Севги — бебаҳо фазилатдир
ҲАВОРИЙ ПАВЛУС илоҳий илҳом остида муқаддас руҳнинг самараси бўлмиш 9 та фазилат ҳақида ёзган эди. (Галат. 5:22, 23) У мазкур ёқимли фазилатларни бир бутун нарса — «муқаддас руҳнинг самараси» сифатида тасвирлаган.a Бу самара масиҳийлар кийиб олиши керак бўлган «янги ўзликнинг» бир қисмидир. (Колос. 3:10) Агар дарахт яхши парваришланса, у мева беради. Шунга ўхшаб, инсон ҳам муқаддас руҳ унинг ҳаётига таъсир қилишига йўл қўйса, руҳнинг самараси намоён бўлиши турган гап. (Заб. 1:1–3)
Муқаддас руҳнинг самараси бўлган фазилатлар қаторида Павлус биринчи навбатда бебаҳо севги хислатини келтирган. Қизиқ, у қанчалик бебаҳодир? Павлуснинг айтишича, севгисиз у «ҳеч ким эмас». (1 Кор. 13:2) Лекин севги ўзи нима ва қай йўсин биз уни ривожлантириб, ҳар куни намоён эта оламиз?
СЕВГИ ЎЗИ НИМА?
Гарчанд севги хислатини сўзлар билан таърифлаш қийин бўлса-да, Муқаддас Китобда у қандай намоён бўлиши тўғрисида ёзилган. Мисол учун, у ерда «севги узоқ сабрли ва меҳрибондир», деган сўзларни ўқиймиз. Қолаверса, севги «ҳақиқат ила қувонади» ва «ҳар нарсани кўтаради, ҳамма нарсага ишонади, ҳар нарсага умид қилади, ҳамма нарсага чидайди». Севги, шунингдек, бошқаларга чуқур меҳрни ҳис этишни, улар ҳақида чин қалбдан қайғуришни ҳамда уларга садоқатли бўлишни ўз ичига олади. Севгининг етишмаслиги эса рашк, мағрурлик, номуносиб хулқ-атвор, худбинлик, хафа бўлиш ва кечирмасликда намоён бўлади. Бундай салбий хислатлардан фарқли равишда, биз ривожлантирмоқчи бўлган севги «ўз манфаатини кўзламайди». (1 Кор. 13:4–8)
ЯҲОВА ҲАМДА ИСО КЎРСАТГАН НАМУНАЛИ СЕВГИ
«Аллоҳнинг Ўзи севгидир». (1 Юҳан. 4:8) Яҳованинг ҳамма ижодлари ва ишлари Унинг севгисидан далолат беради. Аллоҳ Исони ер юзига юбориб, бизни деб азоб чекишига ва биз учун ўлишига йўл қўйди. Шу тариқа, Яҳова севгисини энг аъло даражада намоён этди. Ҳаворий Юҳанно буни қуйидагича таъкидлаганди: «Тангрининг муҳаббати бизга шунда ошкор бўлдики, Худо ягона Ўғлини дунёга юборди, токи биз у орқали ҳаётга эга бўлайлик. Муҳаббат — биз Худони севдик дегани эмас, аксинча У бизни севиб, гуноҳларимиз учун Ўғлини яраштирувчи қурбонлик сифатида юборганидадир». (1 Юҳан. 4:9, 10) Аллоҳнинг муҳаббати туфайли гуноҳларимиз кечирилиб, умид ва ҳаётга эга бўлишимиз мумкин.
Исо Худонинг иродасини тайёрлик ила бажариб, одамзодга бўлган севгисини исботлади. Павлус шундай деб ёзганди: «У [Исо]: “Мана, Сенинг иродангни бажариш учун келдим”,— деб айтди. [...] Ана шу “ирода” бўйича биз, Исо Масиҳнинг танаси биратўла қурбон қилиниши орқали муқаддас бўлдик». (Иброн. 10:9, 10) Ҳеч бир инсон бундан-да буюкроқ севгини намоён этишга қодир эмас. Зеро, Исо: «Ким ўз дўстлари учун жонини берса, бундан буюкроқ севги йўқдир»,— деб айтганди. (Юҳан. 15:13) Биз, номукаммал одамлар, Яҳова ҳамда Исо намоён этган севгига тақлид қила оламизми? Албатта! Келинг, буни қандай қилишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
«СЕВГИ ЙЎЛИДА ЮРИНГЛАР»
Павлус бизни қуйидагича ундаганди: «Севикли болалар сингари Аллоҳга тақлид қилинглар ва Масиҳ каби севги йўлида юринглар. У сизларни севиб, ўзини сизлар учун... берди». (Эфес. 5:1, 2) Ушбу фазилатни ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида намоён этсак, «севги йўлида юрган» бўламиз. Биз бундай севгини фақатгина сўзларда эмас, балки ишларда ҳам намоён этамиз. Юҳанно шундай ёзганди: «Севикли болаларим, келинг, бир-биримизни сўз ёки тил билангина эмас, балки амалда ва самимийлик ила севайлик». (1 Юҳан. 3:18) Масалан, Худога ва яқинимизга бўлган севги бизни «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар»ни ваъз қилишга ундайди. (Мат. 24:14; Луқо 10:27) Шунингдек, сабрли, меҳрибон ва кечиримли бўлганимизда ҳам, севги йўлида юрган бўламиз. Шу боис, Муқаддас Китобда: «Яҳова сизларни чин дилдан кечирганидек, сизлар ҳам шундай йўл тутинглар»,— деган маслаҳат ёзилган. (Колос. 3:13)
Аммо бундай самимий севгини кўнгилчанлик билан адаштирмаслик керак. Мисол учун, йиғлаётган боласини тинчлантириш учун кўнгилчан ота-она жигарбандининг ҳар бир инжиқлигини кўтариши мумкин. Аммо фарзандини чиндан ҳам яхши кўрган ота-она кези келганда қаттиққўлликни намоён этади. Шу сингари, Аллоҳнинг Ўзи севгидир, аммо «Яҳова кимни севса, ўшани тарбиялайди». (Иброн. 12:6) Демак, зарурат туғилганда тарбия бериш севгидан далолатдир. (Ҳик. 3:11, 12) Аммо шуни унутмаслигимиз лозимки, биз ҳам номукаммалмиз ва доимо севгини намоён эта олмаймиз. Шундай экан, ҳар биримиз қайсидир томонлама севгини намоён этишда яхшиланишимиз даркор. Буни қандай қила оламиз? Келинг, бунинг учта йўлини муҳокама қилайлик.
ҚАЙ ЙЎСИН СЕВГИНИ РИВОЖЛАНТИРА ОЛАМИЗ?
Биринчидан, севги фазилатини ҳосил қиладиган муқаддас руҳни Худодан сўранг. Исонинг сўзларига кўра, Яҳова «Ундан сўраганларга муқаддас руҳни» беради. (Луқо 11:13) Агар муқаддас руҳ сўраб ибодат қилсак ва «муқаддас руҳга мувофиқ йўл тутишда» давом этсак, хатти-ҳаракатларимизда янада кўпроқ севги намоён бўлади. (Галат. 5:16) Масалан, масиҳийлар жамоатида оқсоқол бўлсангиз, бошқаларга Муқаддас Ёзувларга асосланган маслаҳатни севги ила бера олиш учун ибодатда муқаддас руҳ сўрашингиз мумкин. Борди-ю, ота-она бўлсангиз, фарзандларингизга ғазаб билан эмас, севги ила тарбия бериш учун Худодан муқаддас руҳ сўрасангиз бўлади.
Иккинчидан, ҳатто жаҳлини чиқаришганда ҳам Исо севгини намоён этгани борасида фикр юритинг. (1 Бутр. 2:21, 23) Айниқса, бизни хафа қилишганда ёки бизга нисбатан ноҳақ йўл тутишганда, эҳтимол, Масиҳнинг ўрнаги ҳақида ўйлаб кўрармиз. Бундай пайтларда ўзимиздан: «Исо қандай йўл тутган бўларди?» — деб сўраш мақсадга мувофиқдир. Мисол учун, Ли исмли бир опамизга ушбу савол устида мулоҳаза юритиш бирон нарса қилишдан олдин ўйлаб кўришга ёрдам берган экан. У шундай айтиб берди: «Бир сафар ҳамкасбим бошқа ҳамкасбларимга электрон почта орқали мен ва хизматим тўғрисида салбий нарсалар ёзиб юборибди. Бу менга оғир ботди. Бироқ кейин мен ўзимдан шундай деб сўрадим: “Ўша инсон билан муомала қилишда Исога қандай тақлид қила оламан?” Бундай вазиятда Исо қандай йўл тутиши мумкинлиги тўғрисида мулоҳаза юритганимдан сўнг эса, масалани шундайлигича қолдиришга ва буни муаммога айлантирмасликка қарор қилдим. Кейинчалик ўша ҳамкасбим жиддий касаллик билан курашаётганини ва қаттиқ тушкунликка тушганини билдим. Шунда, у ўша гапларни жаҳл устида ёзворган бўлса керак, деган хулосага келдим. Ҳатто жаҳлини чиқаришганда ҳам Исо севгини намоён этгани борасида фикр юритиш менга ҳамкасбимга нисбатан шунга ўхшаш севгини кўрсатишга ёрдам берди». Ҳа, агар Исога тақлид қилсак, доимо севги ила йўл тутамиз.
Учинчидан, масиҳийларни ажратиб турувчи белги бўлмиш фидойи севгини ривожлантиринг. (Юҳан. 13:34, 35) Бу учун эса биз, Аллоҳнинг Каломида ёзилганидек, Исо каби «фикр юритишимиз» керак. Исо осмонни тарк этиб, биз учун «ўзини барча нарсадан маҳрум этди» ва ҳатто «ўлимгача» борди. (Филип. 2:5–8) Исонинг фидойи севгисига тақлид қилганимиз сайин, ўй-фикрларимиз ва ҳис-туйғуларимиз Масиҳникига ўхшаб бораверади ва биз бошқаларнинг манфаатини ўзимизникидан устун қўйишни ўрганамиз. Севгини ривожлантириш яна қандай баракалар олиб келади?
СЕВГИНИ КЎРСАТИШДАН ОЛИНАДИГАН БАРАКАЛАР
Севгини кўрсатиб, биз кўплаб баракаларга эришишимиз мумкин. Келинг, уларнинг иккитасида тўхталиб ўтайлик.
ХАЛҚАРО БИРОДАРЛИК. Бир-биримизни севганимиз учун, дунё бўйлаб қайси жамоатга ташриф буюрмайлик, у ердаги имондошларимиз бизни илиқ қарши олишини биламиз. «Дунёдаги барча имондошларингиз» сизни севишини билиш нақадар улкан баракадир! (1 Бутр. 5:9) Худонинг халқидан бўлак яна ким ҳам бундай севгини намоён этади?!
ТИНЧЛИК. «Севги билан бир-бирингизга бардошли бўлинг», деган маслаҳатга амал қилиш орқали «тинчлик ришталари»дан баҳраманд бўлишимиз мумкин. (Эфес. 4:2, 3) Масалан, ушбу тинчликни биз йиғилишлару анжуманларда шахсан ҳис этамиз. Бундай тинчлик бугунги бўлинган дунёда чиндан ҳам ноёб бир нарса эканига наҳот қўшилмасангиз? (Заб. 118:165; Ишаё 54:13) Тинчликсевар бўлиб, бошқаларни қанчалик қаттиқ севишимизни кўрсатамиз ва шу йўсин самовий Отамизни хушнуд этамиз. (Заб. 132:1–3; Мат. 5:9)
«СЕВГИ... МУСТАҲКАМЛАЙДИ»
Павлус: «Севги... мустаҳкамлайди»,— деб ёзганди. Бу амалда қандай намоён бўлади? Коринфликларга йўллаган 1- мактубнинг 13- бобида ҳаворий қай йўсин севги мустаҳкамлаши мумкинлигини тушунтириб ўтган. Авваламбор, севги ўзгаларнинг манфаатини кўзлайди. (1 Кор. 10:24; 13:5) Боз устига, севги мулоҳазакор, хушмуомала, сабрли ва меҳрибон бўлгани учун, у оилаларда меҳр-муҳаббат ҳукм суришига ва жамоатлар баҳамжиҳат бўлишига ҳисса қўшади. (Колос. 3:14)
Аллоҳга бўлган муҳаббатимиз — севгининг энг қимматли ва мустаҳкамловчи туридир. Бундай севги келиб чиқиши, ирқи ва тили турлича бўлган инсонларни Яҳовага «биргаликда» қувонч ила хизмат қилишда жипслаштирмоқда. (Заф. 3:9) Илойим, муқаддас руҳнинг самараси бўлмиш ушбу бебаҳо фазилатни ҳар куни намоён этиш қарорингиз қатъий бўлсин!
a Бу мақола муқаддас руҳнинг самараси бўлган фазилатларнинг ҳар бири муҳокама қилинадиган 9 қисмли мақолалар мажмуининг биринчисидир.