Қандай қилиб Гай имондошларига ёрдам берган?
БИРИНЧИ АСРНИНГ охирида Гай ва бошқа масиҳийлар қийинчиликларга дуч келишди. Сохта таълимотларни тарқатаётган кишилар жамоатларнинг имонини сусайтириб, уларни бўлмоқчи бўлишди. (1 Юҳан. 2:18, 19; 2 Юҳан. 7) Масалан, Диотреф исмли бир киши ҳаворий Юҳанно ва бошқалар ҳақида «ёмон гап» тарқатиб юрган, сафарда бўлган масиҳийларга меҳмондўстликни намоён этишдан бош тортган ва бошқаларни ҳам ўз кетидан эргаштиришга уринган. (3 Юҳан. 9, 10) Юҳанно Гайга хат ёзганида, вазият ана шундай бўлган. Тахминан милодий 98 йили ёзилган ҳаворийнинг мактуби Инжилда «Юҳаннонинг учинчи мактуби» деган ном остида учрайди.
Бошдан кечирган қийинчиликларга қарамай, Гай Яҳовага садоқат ила хизмат қилишда давом этган. Қай йўсин у ўз садоқатини намоён этган? Нега биз бугунги кунда унинг мисолига тақлид қилишни истаймиз? Юҳаннонинг мактуби бунда бизга қандай ёрдам бериши мумкин?
АЗИЗ ДЎСТИГА МАКТУБ
Юҳаннонинг учинчи мактубини ёзган киши ўзини «оқсоқол» деб таништиряпти. Бу сўз орқали Юҳаннонинг севикли маънавий фарзанди Гай хатни айнан Юҳанно ёзганини тушунган. Юҳанно Гайни ўзига яқин олиб, унга «азиз ва севимли дўстим» деб мурожаат қилган. Кейин Юҳанно Гайнинг жисмоний соғлиги унинг маънавий соғлиги каби яхши эканига умид қилишини айтган. Нақадар ажойиб муносабат ва чиройли мақтов-а! (3 Юҳан. 1, 2, 4)
Гай жамоатнинг оқсоқоли бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас, аммо хатда бу ҳақда ҳеч нарса айтилмаган. Юҳанно Гайни у ҳатто нотаниш биродарларни меҳмон қилгани учун мақтаб ўтган. Юҳанно буни Гай садоқатли эканининг исботи деб билган, сабаби, меҳмондўстлик доимо Аллоҳнинг хизматчиларини ажратувчи белги бўлган. (Ибт. 18:1–8; 1 Тим. 3:2; 3 Юҳан. 5)
Ҳаворий Юҳанно Гайга у имондошларига кўрсатган меҳмондўстлиги учун миннатдорчилик билдирган. Қизиқ, у буни қаердан билган? Гап шундаки, масиҳийлар Юҳанно яшайдиган жойга ҳамда жамоатларга мунтазам сафар қилишган ва, афтидан, Юҳаннога нималарга дуч келишганини айтиб беришган. Эҳтимол, айнан шу йўл орқали Юҳанно ушбу жамоатлар ҳақида маълумотга эга бўлган.
Сафарга чиққан масиҳийлар, албаттаки, имондошлариникида қолишни хоҳлашган. Ўша пайтлари меҳмонхоналар номига доғ тушганди, улар ёмон хизмат кўрсатарди ва ахлоқсизликка тўлиб-тошганди. Шунинг учун, доно саёҳатчилар имкон борича дўстлариникида қолишарди. Сафарда бўлган масиҳийлар ҳам уларни меҳмон қилган масиҳийларникида тўхташарди.
«УШБУ БИРОДАРЛАР... АЛЛОҲНИНГ НОМИ ҲАҚҚИ САФАРГА ЧИҚИШГАН»
Юҳанно Гайни яна меҳмондўстлик кўрсатишга ундаб, ундан «уларни [сафарда бўлганларни] Худога маъқул тарзда йўлга жўнатишини» сўрайди. Бу вазиятда меҳмонларни йўлга жўнатиш уларнинг кейинги сафари учун эҳтиёжларини қондириш ва манзилларига етиб келмагунларича, уларни керакли барча нарса билан таъминлаш кераклигини англатарди. Афтидан, Гай олдинги меҳмонларига бундай қилганга ўхшайди, чунки бу кишилар уларга кўрсатилган севги ва имон ҳақида Юҳаннога хабар беришганди. (3 Юҳан. 3, 6)
Меҳмон сифатида тўла вақтли махсус ваъзгўйлар, Юҳаннонинг элчилари ёки кўчма нозирлар келиши мумкин эди. Ҳар бир вазиятда улар хушхабарни тарқатиш мақсадида саёҳат қилишган. Юҳанно улар ҳақида шундай деган: «Ушбу биродарлар... Аллоҳнинг номи ҳаққи сафарга чиқишган». (3 Юҳан. 7) Демак, ушбу биродарлар масиҳийлар жамоатининг бир қисми бўлишган ва уларни қучоқ очиб кутиб олишларига сазовор эдилар. Бу ҳақда ҳаворий Юҳанно қуйидаги сўзларни ёзганди: «Бундай кишиларга меҳмондўстлик кўрсатишга бурчлимиз, чунки улар ҳақиқат йўлидаги ҳамкорларимиздир». (3 Юҳан. 8)
СИНОВЛИ ВАЗИЯТДА ЁРДАМ БЕРИШ
Юҳанно Гайга ёзишидан мақсад шунчаки унга миннатдорчилик билдириш эмасди. Юҳанно унга жиддий бир муаммони ҳал қилишга ёрдам бермоқчи эди. Гап шундаки, айрим сабабларга кўра, масиҳийлар жамоатининг аъзоси бўлган Диотреф сафарда юрган масиҳийларга меҳмондўстлик кўрсатмоқчи эмасди ва ҳатто бошқаларни ҳам бундай қилишдан тўхтатишга уринганди. (3 Юҳан. 9, 10)
Ҳеч шубҳасизки, садоқатли масиҳийлар, имкон бўлган тақдирда ҳам, Диотреф билан бирга туришни хоҳлашмасди. Чунки Диотреф жамоатда ўзини катта тутишни яхши кўрарди, Юҳаннодан ҳеч нарсани ҳурмат билан қабул қилмасди, у ва бошқалар ҳақида ёмон гап тарқатиб юрарди. Диотрефни сохта ўқитувчи деб атаб бўлмаса ҳам, у Юҳаннонинг раҳбарлигига қарши чиққанди. Диотрефнинг шуҳрат қозониш истаги ва масиҳийларга хос бўлмаган муносабати унинг садоқатини шубҳа остига қўйганди. Диотреф билан бўлган воқеа қандай қилиб шуҳратпараст ва такаббур кимсалар жамоатга низоларни келтириб чиқарадиган таъсирни олиб киришлари мумкинлигини кўрсатяпти. Шунинг учун, Юҳанно Гайга ва, умуман олганда, ҳар биримизга: «Ёмонликка эмас, балки яхшиликка тақлид қилгин»,— деб айтган. (3 Юҳан. 11)
ЯХШИЛИК ҚИЛИШГА АЖОЙИБ САБАБ
Диотрефдан фарқли ўлароқ, Димитрий исмли масиҳийни Юҳанно ўрнакли киши сифатида тилга оляпти. Масалан, Юҳанно у ҳақда қуйидагича ёзганди: «Димитрий... борасида ҳамма яхши гувоҳлик бермоқда. Биз ҳам бунинг шоҳидимиз ва ҳақ эканимизга ўзинг аминсан». (3 Юҳан. 12) Димитрий Гайнинг кўмагига муҳтож бўлган бўлиши мумкин ва Юҳаннога йўлланган учинчи мактуб ҳаворий номидан ёзилган тавсиянома каби хизмат қилгани эҳтимолдан йироқ эмас. Балки, Димитрийнинг ўзи бу мактубни Гайга етказиб бериб, Юҳанно ёзган нарсаларни ҳаворийнинг элчиси ёки, эҳтимол, кўчма нозир сифатида батафсил тушунтириб бергандир.
Гай ўзиям меҳмондўстликни намоён этган бўлса, унда нега Юҳанно уни бундай қилишда давом этишга ундаяпти? Балки, Юҳанно Гайга далда бериш кераклигини пайқагандир? Ё бўлмаса у, Диотреф меҳмондўст масиҳийларни жамоатдан ҳайдашга уринаётгани учун, Гай қўрқиб қолиши мумкинлигидан хавотирланганми? Қандай бўлмасин, ҳаворий Гайни қуйидаги сўзлар билан ишонтирган: «Яхшилик қилувчи Худодандир». (3 Юҳан. 11) Ҳа, бу — яхшилик қилиш ва бундай қилишда давом этиш учун ажойиб сабабдир!
Хўш, Юҳаннонинг мактуби Гайни меҳмондўстлик кўрсатишни канда қилмасликка чорлаганми? Бу мактуб бошқаларни «яхшиликка тақлид қилишга» ундаши учун Муқаддас Китобнинг таркибига киритилганидан ҳаворий ўз мақсадига эришган, деган хулосага келсак бўлади.
ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИДАН САБОҚЛАР
Афсуски, қадимда яшаган азиз биродаримиз Гай ҳақида бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ. Лекин унинг ҳаётига қисқа бир назар ташлаб, ундан бир нечта сабоқ олишимиз мумкин.
Биринчидан, маълум даражада кўпчилигимиз ҳақиқатни бизга аён қилиш учун сафарда юришга тайёр бўлган садоқатли кишилар олдида қарздормиз. Албатта, бугунги кунда масиҳийлар жамоатининг ҳамма аъзолари ҳам хушхабарни ёйиш учун узоқ жойларга сафарга чиқишмайди. Аммо биз, Гайга ўхшаб, сафарда юрганларни, чунончи, туман нозири ва унинг рафиқасини қандайдир йўл билан қўллаб-қувватлаб, уларга далда беришимиз мумкин. Ёки Шоҳлик ваъзгўйларига эҳтиёж катта бўлган ҳудудда хизмат қилиш мақсадида мамлакатимизнинг чекка жойларига ё ҳатто чет элга кўчиб ўтган биродару опа-сингилларимизга амалий ёрдам кўрсата олармиз. Хулласи калом, келинг, «меҳмондўст бўлишда» давом этайлик! (Рим. 12:13; 1 Тим. 5:9, 10)
Иккинчидан, ҳозирги кунда баъзан жамоатда ўрнатилган бошчиликка қаршилик кўрсатилса, ҳайрон қолмаслигимиз керак. Ахир ҳаворий Юҳаннонинг ва Павлуснинг раҳбарлигига ҳам қарши чиқишганди. (2 Кор. 10:7–12; 12:11–13) Унда агар жамоатнинг қайсидир аъзолари томонидан шунга ўхшаш қийинчиликларга дуч келсак, бунга қандай муносабатда бўлишимиз даркор? Павлус Тимўтийга шундай маслаҳат берганди: «Раббимизнинг қули эса жанжалкаш бўлмасин. Аксинча, ҳамма билан мулойим, таълим беришга қобилиятли, қийинчиликни бошдан кечираётганда, ўзини тута оладиган бўлсин. Исёнкорларни мулойимлик билан йўлга солсин». Ҳатто бизни иғво қилишганда ҳам, мулойим руҳни сақлаб қолсак, айрим танқидчиларни аста-секин ўз муносабатини ўзгартиришга ундаган бўламиз. Яҳова эса, ўз навбатида, «уларнинг тавба қилишларига ва ҳақиқат тўғрисида аниқ билимга эга бўлишларига имкон бериши» мумкин. (2 Тим. 2:24, 25)
Учинчидан, қаршиликларга қарамай, Яҳовага садоқат ила хизмат қилаётган масиҳийларга Худога содиқ қолишаётгани учун миннатдорчилик билдириб, уларни астойдил мақтаб туришимиз муҳим. Аниқ-равшанки, ҳаворий Юҳанно Гайга далда берган ва уни тўғри ишлар қилаётганига ишонтирган. Шу сингари, бугунги кунда ҳам биродару опа-сингиллар «чарчамаслиги» учун оқсоқоллар уларга далда бериб, Юҳаннонинг ўрнагига эргашишлари лозим. (Ишаё 40:31; 1 Салон. 5:11)
Ҳаворий Юҳаннонинг Гайга ёзган мактуби юнонча матнда атиги 219 та сўздан иборат бўлиб, Аллоҳнинг Каломидаги энг қисқа китоб ҳисобланади. Аммо шунга қарамай, бу мактуб ҳозирги масиҳийлар учун, ростдан ҳам, бебаҳо қадр-қимматга эгадир.