Қўзининг изидан юрганлар
Булар Қўзи қаёққа кетса, Унинг орқасидан кетган кишилардир. ВАҲ. 14:4
1. Исонинг содиқ шогирдлари, у билан юришни қанчалик қадрига етишди?
ИСО МАСИҲ деярли икки ярим йил хизмат қилганидан сўнг, «Кафарнаҳумдаги яҳудийлар ибодатхонасида таълим берарди». У ўргатган таълимотга ҳайрон қолиб, «Унинг кўп шогирдлари Исодан юз ўгириб, У билан бошқа юрмайдиган бўлдилар». Шунда Исо ўн икки шогирди ҳам кетишармикин деб айтганда, Симун Бутрус қуйидагича жавоб берди: «Бизлар кимга борайлик? Сенда абадий ҳаётнинг сўзлари бор. Бизлар ишондик ва билдик, Сен Худонинг Азизи — Масиҳсан» (Юҳан. 6:48, 59, 60, 66–69). Ушбу содиқ хизматчилар Исони тарк этишдан бош тортишди. Улар муқаддас руҳ билан мойлангач ҳам, унинг йўл-йўриқларига итоатли эдилар (Ҳавор. 16:7–10).
2. а) «Ишончли ва ақлли хизматкор» ёки «ақлли уй бошқарувчи» ким? б) Қайси маънода мойланганлар «Қўзи қаёққа кетса, Унинг орқасидан кетишмоқда»?
2 Бугунги мойланган масиҳчилар ҳақида нима дейиш мумкин? «Охирзамон яқинлашганини кўрсатадиган белги» тўғрисидаги башоратда, Исо ер юзидаги мойланган масиҳчиларни «ишончли ва ақлли хизматкор» ёки «ақлли уй бошқарувчи», дея атаган (Мат. 24:3, 45; Луқо 12:42). Гуруҳ сифатида улар узоқ вақт мобайнида «Қўзи қаёққа кетса, Унинг орқасидан кетишмоқда» (Ваҳий 14:4, 5 ўқиб беринг). Ушбу мойланганлар «буюк Бобил», яъни сохта дин империясининг жирканч ишларию урф-одатларига аралашмай, рамзий маънода бокираликни сақлаб келмоқдалар (Ваҳ. 17:5). «Уларнинг тилида ёлғон-макр йўқ» ва Шайтон дунёсида улар «бенуқсон» бўлиб қолишмоқда (Юҳан. 15:19). Ҳозир ер юзида бўлган мойланганлар келажакда самога кўтарилиб, Қўзининг кетидан боришади (Юҳан. 13:36).
3. Нимага ақлли ва ишончли хизматкорга ишониш арзийди?
3 Исо Масиҳ ишончли ва ақлли хизматкорни, «қул-чўриларга», яъни мойланганларнинг барчасига «ризқ-рўзни ўз вақтида бериб туриш» учун тайинлаган. У шунингдек, «ўзининг бутун мол-мулки устидан уни назоратчи қилиб қўйди» (Мат. 24:45–47). Ушбу «мол-мулк», «бошқа қўйлар»нинг «улкан оломон»ини ҳам ўз ичига олади (Ваҳ. 7:9; Юҳан. 10:16). Исо тайинлаган бу хизматкорга ҳар бир масиҳчи ва «бошқа қўйлар» ишонишлари арзийди! Бунинг жудаям кўп сабаблари мавжуд. Мана улардан энг асосийлари: 1) Тангри Яҳова хизматкорга ишонади; 2) Исо Масиҳ ҳам унга ишонч боғлайди. Энди эса Худованд Яҳова ҳамда Исо Масиҳ нега ақлли ва ишончли хизматкорга шунчалар таянишганининг исботларини кўриб чиқамиз.
Тангри Яҳова хизматкорга ишонади
4. Нега ишончли ва ақлли хизматкор етказаётган йўл-йўриққа бўйсунамиз?
4 Қизиқ, нима учун айнан ишончли ва ақлли хизматкор кечиктирмай, сифатли маънавий озуқани етказяпти деса бўлади? Сабаби Яҳованинг Ўзи шундай таъкидлаган: «Мен сенга ақл ўргатарман, юрар йўлингни кўрсатарман. Кўзим сенинг устингда бўлиб, сенга раҳнамолик қиларман» (Заб. 31:8). Ҳа, Яҳова Таоло хизматкорга раҳбарлик тақдим этаётгани аниқ. Шунинг учун, бу хизматкор етказаётган Муқаддас Китобга асосланган йўл-йўриққа иккиланмай бўйсунишимиз мумкин.
5. Хизматкор барча ишни муқаддас руҳ ёрдамида қилаётганини қаердан биламиз?
5 Боз устига, Яҳова муқаддас руҳ орқали хизматкорга баракалар ёғдирмоқда. Гарчи Унинг руҳи кўзга кўринмаса-да, у одамларга қандай таъсир қилаётгани очиқ-ойдин. Яҳова, Исо ва Шоҳлик тўғрисидаги ҳақиқатни жаҳон бўйлаб эълон этишда ишончли ва ақлли хизматкор қандай самараларга эришганини бир ўйлаб кўринг. Яҳованинг Шоҳидлари 230 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудларда Шоҳлик тўғрисидаги хушхабарни ғайрат ила ваъз этишмоқда. Мана нима сабабли Яҳова бу хизматкорни қўллаб-қувватлаётганида аминмиз! (Ҳаворийлар 1:8 ўқиб беринг). Бутун ер юзидаги масиҳчиларга ризқ-рўзни ўз вақтида етказиш мақсадида ушбу хизматкор муҳим қарорлар чиқаради. Барчамизнинг фойдамиз учун бўлиши учун улар муҳаббат, мулойимлик ҳамда бошқа кўпдан-кўп фазилатларни намоён этишади (Галат. 5:22, 23).
6, 7. Яҳова ақлли хизматкорга қанчалик ишоняпти?
6 Яҳова ақлли хизматкорга қанчалик ишонч ҳосил қилаётганини билиш учун Унинг мойланганларга берган ваъдасига диққат қаратайлик. Инжилда шундай ёзилган: «Ҳа карнай чалинади ва шу онда марҳумлар яна ҳеч ўлмайдиган бўлиб тириладилар. Шунда биз, ҳаёт бўлганлар ҳам ўзгариб кетамиз. Бу ўткинчи баданимиз чиримайдиган, бу ўладиган вужудимиз ўлмайдиган вужудга бурканиши керак» (1 Кор. 15:52, 53). Ҳаётдан кўз юмган Аллоҳнинг содиқ мойланган хизматчиларига шунчаки мангу ҳаёт эмас, боқийлик ато этилади. Ваҳий 4:4 да эса улар бошларида олтин тож кийиб, тахтларда ўтиришгандек тасвирланган. Хуллас, мойланган масиҳчилар Исонинг ворисдошлари бўлиш шарафига эгадирлар. Бироқ бу, ҳали ҳаммаси эмас.
7 Қолаверса, Ваҳий 19:7, 8 да қуйидагиларни ўқиймиз: «Қўзининг никоҳ соати етди, Унинг келини ўзини ҳозирлади». Кийиниш учун келинга пок, оппоқ шойи берилди. Шойи — азиз-муқаддасларнинг солиҳлигидир». Яҳова Таоло ўғли учун мойланган масиҳчиларни «келин» сифатида танлаган. Улар учун нақадар ажойиб инъомлар, яъни боқийлик, Шоҳликда ҳукм суриш ва «Қўзининг никоҳ соати» тайёрланган! Шубҳасизки Яҳова, «Қўзи қаёққа кетса, Унинг орқасидан кетган кишиларга» жудаям ишонмоқда.
Масиҳ хизматкорга тўла-тўкис ишонади
8. Исо мойланган издошларига тўла-тўкис ишонаётганини қандай кўрсатган?
8 Исо мойланган масиҳчиларга тўла-тўкис ишонаётганини қаердан биламиз? Буни унинг берган ваъдасидан кўриш мумкин. «Синов чоғларимда Мен билан бирга дош берганлар сизлар бўлдингиз. Шу сабабдан, Отам Менга васият қилгани каби, Мен ҳам сизга Шоҳликни васият қиламан. Сиз Менинг Шоҳлигим дастурхонида ўтириб еб-ичасизлар, тахтларга ўтириб, Исроилнинг ўн икки қабиласи устидан ҳукмронлик қиласизлар» (Луқо 22:28–30). Ўшанда Исонинг 11 шогирдига берган ваъдаси, 144 000 мойланган масиҳчиларга ҳам тегишлидир (Луқо 12:32; Ваҳ. 5:9, 10; 14:1). Сизнингча, мабодо Масиҳ шогирдларидан шубҳаланганида, улар билан Шоҳликни баҳам кўрган бўлармиди?
9. «Бутун мол-мулкка» нималар киради?
9 Устига-устак Исо Масиҳ ишончли ва ақлли хизматкорни «ўзининг бутун мол-мулки устидан назоратчи қилиб қўйди» (Мат. 24:47). Ушбу мол-мулкка Яҳова Шоҳидларининг Халқаро идора марказию бўлимлари ҳамда Йиғилиш ва Анжуман Заллари киради. Шунингдек бу, Шоҳлик ҳақидаги воизлик ва шогирд орттириш фаолиятини ўз ичига олади. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, бирон киши ишонмаган одамига қимматбаҳо буюмини сақлашга бериб қўярмиди?
10. Исо мойланган масиҳчиларни қўллаб-қувватлаётгани нимадан кўриняпти?
10 Тирилган Исо осмонга кўтарилишидан аввал, шогирдларига зоҳир бўлиб, уларни қуйидагиларга ишонтирди: «Мен ҳар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан» (Мат. 28:20). Хўш, у ваъдасини амалга оширдими? Албатта, нега деганда 15 йил олдин бутун дунё бўйлаб Яҳова Шоҳидларининг жамоатлари 70 000 та эди. Ҳозир эса бу, 40 фоиздан ҳам кўпроқ бўлиб, уларнинг сони 100 000 дан ортиқдир. Шогирдларнинг сони қай даражада ўсди? Айтиб ўтилган вақт мобайнида, уларнинг сони 4,5 миллионга кўпайди, яъни кунига 800 дан зиёд киши сувга чўмган. Дарҳақиқат, мойланган масиҳчилар олиб бораётган воизлик ва шогирд орттириш фаолиятига Исо раҳбарлик бериб тургани, ушбу ажойиб самаралардан яққол кўриниб турибди.
Хизматкор ишончли ва ақллидир
11, 12. Хизматкор ишончли ва ақлли эканини қандай исботлади?
11 Аллоҳ Яҳова ҳамда Ҳазрати Исо ишончли ва ақлли хизматкорга ишонишаётган экан, биз ҳам ундан шубҳаланмаслигимиз даркор. Қолаверса, бу хизматкор ўзига топширилган вазифани садоқат ила бажариб ишончни оқлади. Масалан, «Қўриқчи минораси» журнали 130 йилдан бери чоп этилмоқда. Боз устига далда берадиган жамоат учрашувлари ва анжуманлар мунтазам равишда ўтказилмоқда.
12 Ишончли хизматкорнинг ақллилиги шундаки, Худонинг раҳбарлиги аниқ бўлганда, уни етказишга кечикмайди, шу ўринда ўзбилармонлик қилиб Яҳовадан ўзишга ҳам уринмайди. Сохта дин пешволарини олайлик, улар дунёдаги адолатсизлигу тамагирликка кўз юмишади ёки ҳатто жирканч ишларни маъқуллайдилар. Ишончли ва ақлли хизматкор эса Шайтоннинг тузоқларидан огоҳлантиришда тинмаяпти. Бундай ўз вақтидаги доно маслаҳатларнинг манбаи, Яҳова ҳамда Исо Масиҳдир. Шу сабабли, бу хизматкорнинг йўл-йўриқлари тўғри эканига ҳечам шубҳаланмасак бўлади. Бироқ қандай қилиб?
Қўзининг кетидан юрган мойланганларга эргашайлик
13. Тавротга кўра хизматкордан шубҳамиз йўқлигини қандай кўрсата оламиз?
13 Тавротда ёзилишича, ўн киши яҳудийнинг этагига ёпишиб у билан бирга боришни сўрайди (Закариё 8:23 ўқиб беринг)a. Оятдаги яҳудий кимни англатади? Инжилга биноан, бу «Худонинг Исроили», яъни мойланган масиҳчилардир (Галат. 6:16). «Турли халқлар ва тиллардан бўлган ўн киши» эса улкан оломонни ифодалайди. Мойланганлар Масиҳнинг кетидан юрганлари каби, улкан оломон ҳам ишончли ва ақлли хизматкорга итоатлидир. Бошқа қўйлар хизматкорга ҳамроҳ бўлганларидан ҳечам ор қилмасликлари керак (Иброн. 3:1). Зотан Исонинг ўзи ҳам мойланганларни «биродарларим», деб аташдан уялмайди (Иброн. 2:11).
14. Исонинг мойланган биродарларини қай тарзда қўллаб-қувватласа бўлади?
14 Агар мойланганларни қўллаб-қувватласак, Ҳазрати Исонинг ўзига яхшилик қилгандек бўламиз (Матто 25:40 ўқиб беринг). Бироқ, ер юзида яшашга умидворлар уни қандай қилиб қўллаб-қувватлаши мумкин? Бунинг асосий усули, Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз этишдир (Мат. 24:14; Юҳан. 14:12). Охирги пайт ердаги мойланган масиҳчиларнинг сони камайиб борса-да, бошқа қўйларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Ва ушбу ваъзгўйлар имкон қадар тўла вақтли хизматда иштирок этсалар, шогирд орттириш ишида анчагина ҳисса қўшган ҳисобланадилар (Мат. 28:19, 20). Айтгандек, воизлик фаолиятини моддий томондан ҳам қувватлаш ўринли муҳим аҳамиятга эга.
15. Хизматкор етказаётган маънавий ризқ-рўз ва чиқараётган қарорларига муносабатимиз қандай?
15 Ишончли ва ақлли хизматкор Муқаддас Китобга асосланиб етказаётган маънавий ризқ-рўзга муносабатимиз қандай? Ушбу адабиёт ва жамоат учрашувлари орқали берилган раҳбарликни қувонч ила қабул қилиб амалда қўллаяпмизми? Мойланганлар чиқарган қарорларга қандай қараймиз? Уларнинг йўл-йўриқларига итоатли бўлиб, Яҳова ўрнатган тартибга ишонаётганимизни намоён қиламиз (Ёқб. 3:17).
16. Нега Худонинг халқи Масиҳнинг биродарларига итоатли бўлиши зарур?
16 Исонинг ўзи шундай деган: «Менинг қўйларим товушимга қулоқ солади. Мен уларни танийман, улар эса Менга эргашиб юришади» (Юҳан. 10:27). Айнан мойланган масиҳчилар бунга бўйсунишмоқда. Қизиқ уларга эргашганлар тўғрисида ҳам шундай деса бўлармикан? Ҳа, бундай масиҳчилар Ҳазрати Исога ва унинг биродарларига итоатлидирлар. Ахир, мойланган масиҳчилар Худонинг халқи маънан гуллаб-яшнаши учун ғамхўрлик қилишмоқда. Масиҳ биродарларининг овозини қандай эшитишимиз мумкин?
17. Хизматкорга бўйсуниш дегани нима?
17 Гап шундаки, бугунги кунда ишончли ва ақлли хизматкор Етакчи кенгаш сифатида танилган. У ўз навбатида жаҳон бўйлаб Шоҳлик ҳақидаги ваъзгўйлик фаолиятини бошқариб келишмоқда. Етакчи кенгаш аъзолари тажрибали мойланган оқсоқоллардан иборатдир. Орамизда айнан уларга раҳбарлик қилиш вазифаси топширилган (Иброн. 13:7). Бутун ер юзидаги 100 000 дан зиёд жамоатдаги 7 000 000 дан ортиқ ваъзгўйларга ғамхўрлик қилишда «Раббимиз йўлида» жон куйдиришмоқда (1 Кор. 15:58). Ушбу хизматкорга бўсунишимиз билан Етакчи кенгашга ҳам ишонишимизни кўрсатган бўламиз.
Хизматкорга бўйсуниб, қут-баракаларга эришамиз
18, 19. а) Ишончли хизматкорга итоатли бўлганларга қандай мубораклар ато этилади? б) Ҳаётимизда нималарга диққатли бўлишимиз муҳим?
18 Ишончли ва ақлли хизматкорга бу вазифа берилгандан буён, у кўпларни «ҳақ йўлга солиб» келмоқда (Дон. 12:3). Ёвуз дунё йўқ бўлганда, бундай кишилар омон қолишлари мумкин. Аллоҳ назарида солиҳ бўлиш қанчалар яхши!
19 Келажакда [144 000 дан иборат] «табаррук шаҳар — Қуддус... куёв олдига безаниб чиқаётган келин каби осмондан, Худо ҳузуридан тушади». Ишончли хизматкорга итоатли бўлганларга қандай мубораклар ато этилади? Муқаддас Китобда бу ҳақда шундай ёзилган: «Худонинг Ўзи улар ичра маскан қилгай. Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир ёшни артиб олур. Энди ўлим сира бўлмас. Ҳузун ҳам, фарёд ҳам, оғриқ ҳам бўлмас. Зеро аввалгилар ўтиб кетди» (Ваҳ. 21:2–4). Шундай экан келинг, Масиҳ ва унинг мойланган биродарлари бераётган раҳбарликка диққатли бўлиб ҳаёт кечирайлик!
[Изоҳ]
a Закариё 8:23, ЯДТ: «Ўша кунларда турли халқлар ва тиллардан бўлган ўн киши бир яҳудийнинг этагига ёпишиб: “Биз сизлар билан бирга борамиз, чунки Худо сизлар билан эканлигини эшитдик”,— дейдилар».
Нимани билиб олдингиз?
• Яҳова ишончли ва ақлли хизматкорга ишонаётгани нимадан билиняпти?
• Исо Масиҳ хизматкорга ишонч ҳосил қилиши нимадан аён бўляпти?
• Нима учун ақлли хизматкор бизнинг ишончимизга сазовор?
• Ишончли хизматкорга таянаётганимиз нимадан кўринади?
[25- саҳифадаги расм]
«Келин» сифатида Тангри Яҳова кимни танлаган?
[26- саҳифадаги расмлар]
Исо Масиҳ «мол-мулкини» ишончли ва ақлли хизматкорга ишониб топширган
[27- саҳифадаги расм]
Ваъзгўйлик фаолиятида қатнашиб, мойланган масиҳчиларни қўллаб-қувватлаймиз