Охират тўғрисида ҳақиқат
«Жинлар... барча жаҳон шоҳларини тўплаш учун чиқишмоқда... Улар шоҳларни ибронийча Армагеддон деб аталмиш жойга тўпладилар» (ВАҲИЙ 16:14, 16).
АРМАГЕДДОН ёки бошқа таржимага кўра Ҳор-Магидўн — бу муайян бир жойнинг номидир. Лекин бундай жойнинг ўзи ҳеч қачон мавжуд бўлмагандир ҳам.
Хўш, «Армагеддон» сўзи аслида нима дегани? Нега уни кўпинча бирон-бир ҳодиса, мисол учун уруш билан боғлашади?
Армагеддон деб аталмиш жойга тўпландилар
Ибронийча «Армагеддон» сўзи, том маънода «Махидў тоғи» дегани. Аслида бундай номли тоғ мавжуд бўлмаган, аммо Махидў деган жой бор эди. У қадимги Исроил халқи яшаган ҳудуднинг шимоли-ғарбида, ҳарбий аҳамиятга эга бўлган йўллар чорраҳасида жойлашган эди. Мазкур жой яқинида кўпгина муҳим жанглар бўлиб ўтган. Шунинг учун Махидў номини уруш билан боғлашадиa.
Бироқ Махидў номининг асл маъноси, у ерда қандай жанглар содир бўлгани билан эмас, балки улар нега юз бергани билан боғлиқдир. Махидў деган жой, Тангри Яҳова Исроил халқига ваъда қилиб берган юртда жойлашган эди (Чиқиш 33:1; Ёшуа 12:7, 21). Худо уларни душманлар қўлидан халос қиламан, деб ваъда бериб, Ўз сўзида турган (Қонунлар 6:18, 19). Масалан, Махидў яқинида Тангри Яҳова исроилликларни лашкарбоши Сисаро раҳбарлигидаги Канъон шоҳи Ёбиннинг қўшинидан мўъжизавий тарзда ҳимоя қилган (Ҳакамлар 4:14–16).
Бундан чиқди, «Ҳор-Магидўн» ёки «Армагеддон» сўзи чуқур рамзий маънога эга экан. Бу сўз иккита улкан кучнинг тўқнашувига ишора қилади.
Инжилнинг Ваҳий китобидаги башоратга кўра, яқин келажакда Шайтон ва жинлар инсоний ҳукмдорларни, Аллоҳнинг халқини гумдон қилиш учун қўшинларни тўплашга ундашади. Ҳужум пайтида, Тангри босқинчиларни йўқ қилиши натижасида миллионлаб одамлар ҳалок бўлади (Ваҳий 19:11–18).
Муқаддас Китобда «раҳмдил, жаҳли тез чиқмайдиган, содиқ севгиси мўл», деб аталган Аллоҳ нима сабабдан шунча кўп одамни ҳалок қилар экан? (Нахимиё 9:17). Буни тушуниш учун учта саволга жавоб топишимиз лозим: 1) Жангни ким бошлайди? 2) Нега бу жангда Худо иштирок этади? 3) Ер ва унда яшовчилар учун бу тўқнашувнинг оқибати қанақа бўлади?
1. ЖАНГНИ КИМ БОШЛАЙДИ?
Армагеддон жанги Аллоҳ томонидан босқинчилик ҳаракати бўлмайди. Аксинча, Худованд тақводор кишиларни ғанимлар қўлидан халос этади. Босқинчилар — бу, «барча жаҳон шоҳлари», яъни дунё раҳбарлари бўлади. Нега улар Худонинг халқига ҳужум қилишади? Чунки Шайтон, худди қўғирчоқбоз каби, ҳукумат ва ҳарбий муассасаларни, Тангри Яҳовага топинаётган кишиларга қарши бошлаб боради (Ваҳий 16:13, 14; 19:17, 18).
Бугунги кунда айрим мамлакатларда сўз ва дин эркинлигига катта эътибор қаратиляпти. Шу боис, ҳукуматлар қайсидир диннинг фаолиятини чеклаб ёки умуман тақиқлаб қўйиши мумкин эмасдай туюлади. Бироқ, бундай ҳолатлар ХХ асрда юз берган, ҳозир ҳам содир бўляптиb. Шуни айтиш керакки, ўтмишда қилинган динга қарши ҳужумлар билан Армагеддондан олдинги ҳужум ўртасида камида иккита фарқ бор. Биринчидан, бу ҳужум дунё миқёсида бўлади. Иккинчидан эса, Тангри Яҳованинг Ўз халқини ҳимоя қилиш йўлидаги ҳаракатлари ўтмишда қилган барча ҳаракатларидан анча ажралиб туради (Еремиё 25:32, 33). Муқаддас Китобда бу тўқнашув «Қодир Аллоҳнинг улуғ кунида юз берадиган жанг» сифатида тасвирланган.
2. НЕГА БУ ЖАНГДА ХУДО ИШТИРОК ЭТАДИ?
Тангри Яҳова Ўз хизматчиларига тинчликпарвар бўлиб, душманларини севишни амр этади (Михо 4:1–3; Матто 5:43, 44; 26:52). Шу боис улар ўзларини шиддатли ҳужумдан ҳимоя қилиш учун қўлларига қурол олишмайди. Агар Аллоҳ Ўз халқини муҳофаза қилмаса, улар қирилиб кетади. Бу эса Худованд Яҳованинг номига, яъни шаънига доғ тушириши мумкин. Борди-ю, босқинчилар Аллоҳнинг халқини йўқ қилишга муваффақ бўлишса, унда Тангри Яҳова севмайдиган, адолатсиз ва кучсиз экан, деган хулоса келиб чиқади. Ахир бундай бўлиши мумкин эмас-ку! (Забур 36:28, 29).
Аллоҳ кимнингдир ҳалок бўлишини хоҳламайди, шунинг учун У нима қилмоқчи эканлигини олдиндан айтиб, огоҳлантиради (2 Бутрус 3:9). Муқаддас Китобда, Худонинг ўтмишда Ўз хизматчиларини душманлар ҳужумидан қандай ҳимоя қилгани ҳақида ҳикоялар ёзилган (4 Шоҳлар 19:35). Шунингдек унда, Шайтон ва унинг малайлари келажакда Тангрининг халқига ҳужум қилишганда Худованд Яҳова Ўз азизларини ҳимоя қилиши ҳам қаламга олинган. Эгамиз Яҳова Ўз Каломида фосиқларни қириб ташлашини азалдан башорат қилган (Ҳикматлар 2:21, 22; 2 Салоникаликларга 1:6–9). Ўшанда Худонинг халқига душманлик қилганлар, Қодир Аллоҳнинг Ўзига қарши чиқишганини англаб етишади (Ҳизқиё 38:21–23).
3. ТЎҚНАШУВ ОҚИБАТИ ҚАНАҚА БЎЛАДИ?
Армагеддон жанги миллионлаб инсонларга нажот келтиради. Ундан сўнг ер юзида тинчлик ҳукм сура бошлайди (Ваҳий 21:3, 4).
Инжилнинг охирги китоби бўлмиш Ваҳийда, мазкур жангдан омон қоладиган «улкан оломон» ҳақида баён этилган (Ваҳий 7:9, 14). Худонинг раҳбарлиги остида улар, Тангри Яҳова азалдан ният қилганидек, ер юзида жаннатдай гўзал шароитларни барпо қилишади.
Лекин Аллоҳнинг халқига қачон ҳужум қилинишини билиш мумкинми?
[Изоҳлар]
a Муайян жойнинг номи уруш билан боғланадиган бошқа ҳолатлар ҳам бор. Мисол учун, атом бомбаси билан вайрон қилинган Япониянинг Хиросима шаҳри, ядровий уруш таҳдидининг тимсоли бўлиб қолган.
b Холокост, яъни оммавий қирғин — ҳукумат бирон-бир диний ёки этник гуруҳни қириб ташламоқчи бўлганининг яққол мисолидир. Совет Иттифоқи даврида ҳам имонли кишилар шиддат билан таъқиб қилинган. Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган «Қўриқчи минораси» журналининг (рус) 2011- йил 1- май сонидаги «Тинчликпарвар инсонлар яхши номларини ҳимоя қилишяпти» деган мақолага қаранг.
[6- саҳифадаги расм]
Ўтмишда Тангри Яҳова Ўз халқини ҳимоя қилган
[7- саҳифадаги расм]
Армагеддон жангида Худованд Яҳова Ўз халқини яна ҳимоя қилади