Сохта диндан узоқлашинг!
«Худованд яна шундай деган: “Уларнинг орасидан чиқинглар, улардан айрилиб кетинглар, нопокка эса қўл тегизманглар”» (2 КОРИНФЛИКЛАРГА 6:17).
1. Кўп самимий инсонларнинг маънавий аҳволи қандай?
КЎП самимий инсонлар, Худо ҳақида ва инсониятнинг келажаги тўғрисида ҳақиқатни билишмайди. Ташвишлантираётган саволларига жавоб топа олмай, улар саросимада ва нотайин аҳволда яшаб келишмоқда. Миллионлаб одамлар Парвардигорни ранжитувчи хурофотлар, удумлар ва байрамларнинг қулига айланишган. Балки, қўшниларингиз ва қариндошларингиз орасида оташин дўзах, уч қиёфали худоларга ва ўлмас жон ёки руҳ каби сохта таълимотларга ишонадиганлар бордир.
2. Дин уламолари нима қилишди ва бу нимага олиб келди?
2 Бундай маънавий зулматнинг тарқалишига ким сабабчи бўлган? Ажабланарлиси шундаки, дин сабабчи бўлган. Кўпинча дин уламолари, Худонинг ниятларига зид бўлган ғояларни тарқатишади (Марк 7:7, 8). Натижада кўп инсонлар Ҳақ Худога топиняпмиз, деб адашиб, аслида Уни ранжитишяпти. Ушбу аянчли аҳволга айнан сохта дин жавобгардир.
3. Сохта диннинг асосий ташкилчиси ким ва у Муқаддас Китобда қандай тасвирланган?
3 Сохта дин орқасида кўзга кўринмас бир шахс турибди. У ҳақда ҳаворий Павлус: «Масиҳнинг улуғвор Хушхабарининг нурини одамлар кўрмасин деб, бу дунёнинг тангриси имонсизларнинг зеҳнларини кўр қилган»,— деб айтган (2 Коринфликларга 4:4). «Бу дунёнинг тангриси» Шайтон бўлиб, у сохта диннинг асосий ташкилчисидир. Ҳаворий Павлус: «Шайтоннинг ўзи ҳам нурли фариштанинг қиёфасини олади. Демак, шайтоннинг хизматкорлари аҳли салоҳ қиёфасини олсалар, ажабланмаслик керак»,— деб ёзган эди (2 Коринфликларга 11:14, 15). Шайтон ёлғонни ҳақиқат қилиб кўрсатиб, инсонлар ёлғонга ишонишларига сабабчи бўляпти.
4. Тавротда сохта пайғамбарлар ҳақида нима дейилган эди?
4 Шундай экан, Муқаддас Китобда сохта дин қораланиши ажабланарли эмас! Масалан, Тавротда сохта пайғамбарлар ҳақида жиддий огоҳлантириш ёзилган. Кимки ёлғон таълимотларни тарқатса ва сохта худоларга сиғинишга ундаса, ўлдирилиши керак бўлган. Исроил халқи бундай қабиҳликни ораларидан йўқ қилиши лозим эди (Амрлар 13:1-5). Ҳа, Яҳова Таоло сохта динни қабиҳлик деб билади (Ҳизқиё 13:3).
5. Қандай огоҳлантиришга қулоқ тутишимиз зарур?
5 Исо Масиҳ ва унинг ҳаворийлари ҳам сохта динни қоралашган. Исо шогирдларини: «Сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлинглар! Улар сизнинг олдингизга қўй кийимида келадилар, лекин ичларидан йиртқич бўрилардир»,— деб огоҳлантирган эди (Матто 7:15; Марк 13:22, 23). Ҳаворий Павлус ёзишича: «Ноҳақлик қилиб ҳақиқатни оёқ ости қилаётган барча бетавфиқ ва фосиқ инсонларга кўкдан Худонинг ғазаби тўкилишга тайёр» (Римликларга 1:18). Масиҳчилар ушбу огоҳлантиришга қулоқ тутиб, Худонинг Каломини «оёқ ости қилаётган» ёки сохта таълимотларни тарқатаётганлардан эҳтиёт бўлишлари зарур (1 Юҳанно 4:1).
«Буюк Бобилдан» чиқиб кетинг!
6. «Буюк Бобил» Муқаддас Китобда қандай тасвирланган?
6 Инжилнинг Ваҳий китобида сохта дин қандай тасвирланишини кўриб чиқамиз. Сохта дин у ерда, ер юзи шоҳлари ва халқи устидан ҳукмронлик қилаётган, маст фоҳиша аёл каби тасвирланган. Бу мажозий аёл ер юзи шоҳлари билан фаҳш қилиб, Худонинг хизматчилари қонидан маст бўлган (Ваҳий 17:1, 2, 6, 18). Унинг пешанасига, бузуқ ва жирканч хулқ-атворини ифодаловчи исми ёзиб қўйилган. Унинг исми: «Буюк Бобил — ер юзи фоҳишалари ва ҳаромликлари онасидир» (Ваҳий 17:5).
7, 8. Сохта дин қандай ўзини сотган ва бу қандай оқибатларга олиб келди?
7 Муқаддас Китобда Бобилнинг тасвирланиши, барча сохта динларнинг хусусиятларига мос келади. Гарчи минглаб динлар ягона ташкилот сифатида бирлашмаган бўлса-да, улар ўз мақсақдларию ишларида чамбарчас боғлиқдир. Ваҳий китобида тасвирланган фоҳиша аёл каби, сохта дин ҳукуматга катта таъсир ўтказмоқда. Ваъдасига вафо қилмаган аёл сингари, сохта дин ҳам гоҳ у, гоҳ бу сиёсий кучлар билан алоқа қилиб, ўзини сотмоқда. Исонинг шогирди Ёқуб: «Эй вафосизлар, дунё билан дўстлик Худога душманлик эканлигини билмайсизларми? Ким дунё билан дўст бўлишни истаса, Худога душман бўлади»,— деб ёзган эди (Ёқуб 4:4).
8 Сохта диннинг ҳукумат билан алоқаси, инсонларга жуда кўп азоб-уқубатлар келтирди. Африкадаги бир сиёсий шарҳловчининг таъкидлашича, «дин ва ҳукуматнинг ўзаро алоқаси оқибатида, дунё тарихи оммавий қатл қилиш мисолларига тўлиб тошган». Яқинда бир газетада: «Бугунги кундаги энг қонли ва қалтис низолар дин билан боғланган»,— деб ёзилган эди. Миллионлаб одамлар, дин қўллаб-қувватлаган низолар оқибатида ҳалок бўлишди. Буюк Бобил Худонинг хизматчиларини таъқиб қилиб ва ўлдириб, гўё уларнинг қонидан маст бўлди (Ваҳий 18:24).
9. Яҳованинг сохта динга бўлган нафрати, Ваҳий китобида қандай тасвирланган?
9 Яҳова сохта диндан нафратланиши, буюк Бобил билан нима содир бўлишидан аниқ кўринади. Ваҳий 17:16да: «Сен кўрган ҳайвондаги ўнта шох фоҳишадан нафратланадилар. Уни яланғочлаб, барбод қиладилар, гўштини бурдалаб ейдилар, ўзини эса ўтда ёндирадилар»,— деб айтилган. Биринчи навбатда, улкан ҳайвон уни барбод қилиб, гўштини ейди. Сўнг, ундан қолган-қутганлари ўтда ёндирилади. Шу сингари, яқинда дунёдаги ҳукуматлар сохта динни йўқ қилади. Бундай қилишни эса Худо уларнинг дилига солади (Ваҳий 17:17). Сохта дин империяси бўлмиш буюк Бобил йўқ қилинишга маҳкум этилган. «Энди у асло қад кўтармас» (Ваҳий 18:21).
10. Сохта динга нисбатан қандай муносабатда бўлишимиз керак?
10 Худонинг хизматчилари буюк Бобилга қандай муносабатда бўлишлари керак? Инжилда очиқ-ойдин қилиб: «Эй халқим, ундан чиқиб кетинг! Шерик бўлманг унинг гуноҳларига, дучор бўлманг-да балоларига!» — деб айтилган (Ваҳий 18:4). Ким сақланиб қолишни истаса, ҳали кеч бўлмасдан сохта диндан чиқиб кетиши лозим. Исо Масиҳ, охирзамонда кўп кишилар ўзларини художўй қилиб кўрсатишади, деб башорат қилган эди (Матто 24:3-5). У бундай кишиларга: «Мен сизларни ҳеч қачон таниган эмасман. Эй бадкирдорлар, Менинг олдимдан кетинглар!» — деб айтмоқда (Матто 7:23). Шоҳ қилиб тайинланган Исо Масиҳнинг, сохта дин билан ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Қандай узоқлашиш мумкин?
11. Сохта диндан қандай узоқлашишимиз мумкин?
11 Масиҳчилар сохта диндан узоқда юришади. Бу шуни англатадики, биз, Худо ва Муқаддас Китоб ҳақида ёлғонни тарқатувчи, радио ва ойнаи жаҳонда ҳавола этиладиган диний дастурлар ва диний адабиётлардан эҳтиёт бўламиз (Забур 118:37). Биз шунингдек, сохта дин билан боғлиқ бўлган ташкилот томонидан уюштирилган, жамоат тадбирларида ва ўйин-кулгиларда иштирок этмаймиз. Шу билан биргаликда, сохта динни ҳеч бир тарзда қўллаб-қувватламаймиз (1 Коринфликларга 10:21). Бундай чоралар бизни ҳимоялайди, зеро «ҳеч ким фалсафа ва қуруқ сафсаталар билан бизларни аврамасин. Бундай гаплар Масиҳга эмас, балки инсонларнинг анъанасига, дунёнинг хурофий унсурларига асосланади» (Колосаликларга 2:8).
12. Инсон сохта диндан қандай ажралиб чиқиши мумкин?
12 Агар Яҳованинг Шоҳиди бўлмоқчи бўлган инсон, айни пайтда сохта диндан ажралиб чиқмаган бўлса-чи? Эҳтимол, баъзи ҳолларда бундай динни тарк этиши учун ариза ёзиши талаб қилинар. Қандай бўлмасин одам, сохта диндан бутунлай ажралиб чиқиш учун, қатъий ўзгаришлар қабул қилмоғи лозим. Яҳованинг Шоҳиди бўлмоқчи бўлган инсоннинг ишлари, у сохта диндан ажралиб чиққанлигини атрофдагиларга аниқ кўрсатиши керак.
13. Сохта диндан узоқлашишга нисбатан, Муқаддас Китоб қандай маслаҳат бермоқда?
13 Ҳаворий Павлус бундай деб ёзган эди: «Имонсизлар билан нораво шериклик қилманглар. Солиҳлик билан қонунсизлик орасида қандай алоқа бор? Ёки нур билан қоронғилик орасида қандай умумийлик бўлиши мумкин? Масиҳ билан алайҳиллаъна орасида қандай келишув бўла олади? Ёки имонли билан имонсиз орасида қандай шериклик бўлиши мумкин? Худо маъбади билан бутлар орасида қандай мувофиқлик бор? [...] Бинобарин, Худованд яна шундай деган: „Уларнинг орасидан чиқинглар, улардан айрилиб кетинглар, нопокка эса қўл тегизманглар“» (2 Коринфликларга 6:14-17). Агар сохта диндан узоқлашсак, ушбу сўзларга қулоқ солган бўламиз. Павлуснинг сўзлари, биз сохта диннинг аъзоларидан ҳам узоқлашишимиз кераклигини англатадими?
«Оқилона йўл тутинглар»
14. Сохта диндаги одамлар билан ҳеч қандай алоқа қилмаслигимиз керакми? Тушунтириб беринг.
14 Масиҳчилар, сохта диндаги одамлар билан ҳеч қандай алоқа қилмасликлари лозимми? Имондошимиз бўлмаган одамлардан ўзимизни четлатишимиз керакми? Йўқ. Муҳим амрлардан иккинчиси: «Ўзгани ўзинг каби севгин»,— деган сўзлардан иборат (Матто 22:39). Худо Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни етказиб, ўзгаларга ўз севгимизни намоён этамиз. Шунингдек, улар билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, сохта диндан узоқлашиш кераклигини тушунтирганимизда, уларга меҳр-муҳаббат кўрсатган бўламиз.
15. «Бу дунёники эмас»лик нимани англатади?
15 Гарчи биз, Исонинг издошлари сифатида, ўзгаларга ваъз қилсак-да, биз «бу дунёники эмасмиз» (Юҳанно 15:19). Бу ердаги «дунё» ибораси, Худодан узоқлашган инсониятга тегишлидир (Эфесликларга 4:17-19; 1 Юҳанно 5:19). Бу дунёники эмаслигимиз шу маънодаки, биз Худони ранжитадиган хулқ-атвор, нутқ ва муносабатдан қочамиз (1 Юҳанно 2:15-17). Боз устига, «ёмон одамлар тўдаси яхши ахлоқни бузиши» ҳақидаги меъёрга биноан, биз, Худонинг қонунлари бўйича яшамайдиган одамлар билан яқин алоқада бўлмаймиз (1 Коринфликларга 15:33). Бу дунёники бўлмаслик, «бу дунёнинг нопокликларидан ўзимизни тоза сақлашимизни» англатади (Ёқуб 1:27). Бинобарин, бу дунёдан бўлмаслик, бошқа одамлар билан умуман алоқа қилишдан қочишимиз кераклигини билдирмайди (Юҳанно 17:15, 16; 1 Коринфликларга 5:9, 10).
16, 17. Муқаддас Китоб таълимотларидан бехабар бўлган инсонлар билан масиҳчилар қандай муносабатда бўлишлари керак?
16 Муқаддас Китоб таълимотларидан бехабар бўлган инсонлар билан эса қандай муносабатда бўлишимиз керак? Ҳаворий Павлус Колоса жамоатига бундай деб ёзган эди: «Фурсатни ғанимат билинглар, сафингизда бўлмаганлар билан оқилона йўл тутинглар. Ҳар бир одамга қандай жавоб бериш лозимлигини билинглар, сўзингиз ҳамиша файзли ва мазали бўлсин» (Колосаликларга 4:5, 6). Ҳаворий Бутрус ҳам: «Раббингиз Масиҳга юракларингиздан муқаддас жой беринглар. Дилингиздаги умид ҳақида сиздан ҳар бир сўраган кишига жавоб беришга доимо тайёр бўлинглар»,— деб ёзган (1 Бутрус 3:15). Павлус масиҳчиларга: «Ҳеч кимни ёмонламасинлар. Урушқоқ бўлмай, барча инсонларга ювошлик ва мулойимлик билан муомала қилсинлар»,— деб маслаҳат берган (Титусга 3:2).
17 Биз Яҳованинг Шоҳидлари, бошқаларга нисбатан қўпол ёки мағрур муносабатда бўлмасликка ҳаракат қиламиз. Биз бошқа диндаги одамларга қарата камситадиган сўзларни ишлатмаймиз албатта. Аксинча, ҳатто қўшнимиз, ҳамкоримиз ёки ваъзгўйликда учратган одам бизга ёмон муомалада бўлса ҳам, хушмуомалали бўламиз (Колосаликларга 4:6; 2 Тимўтийга 2:24).
«Соғлом таълимотдан намуна олинг»
18. Сохта динга қайтаётганлар, қандай маънан аянчли ҳолга тушишмоқда?
18 Афсуски, айримлар ҳақиқатни била туриб, яна сохта динга қайтишди! Муқаддас Китобда бундай қилмишнинг оқибатлари ифодаланган: «Улар Раббимиз ва Халоскоримиз Исо Масиҳни билиб олиб, дунёнинг қабоҳатларидан қочиб қутулган эдилар. Агар бундан кейин улар яна шундай ишларга аралашиб, мағлуб бўлсалар, унда сўнгги аҳволлари аввалги аҳволларидан баттар бўлади. [...] Мана бу ишончли мақол уларга айнан тўғри келади: „Ит ўзининг қусганига қайтар“, шунингдек: „Ювилган тўнғиз балчиқда ағнагани қайтар“» (2 Бутрус 2:20-22).
19. Нима учун маънавий соғлигимизни хавф остига солувчи ҳар қандай нарсадан эҳтиёт бўлишимиз зарур?
19 Маънавий соғлигимизни хавф остига солувчи ҳар қандай нарсадан эҳтиёт бўлишимиз зарур! Ҳаворий Павлус: «Худо Руҳи яққол айтяптики, охирги замонларда баъзи одамлар имондан қайтадилар. Улар йўлдан оздирувчи руҳларга, жин таълимотига қулоқ соладилар»,— деб огоҳлантирган (1 Тимўтийга 4:1). Биз «охирги замонларда» яшаяпмиз. Кимки сохта диндан узоқлашмаса, «турли таълимотларнинг шамоли билан учиб, тебраниб юрадиган гўдаклардай бўлади. Мана, имонда гўдаклигича қолган кишилар қув одамларнинг ҳийласи ва тарқатаётган сохта таълимотларининг қурбони бўлиб, йўлдан озиб кетадилар» (Эфесликларга 4:13, 14).
20. Сохта диннинг зарарли таъсиридан қандай ҳимояланишимиз мумкин?
20 Сохта диннинг зарарли таъсиридан қандай ҳимояланишимиз мумкин? Яҳова Худо ҳавола этаётган барча нарсадан фойдаланинг. Бизда Худонинг Каломи бўлмиш, Муқаддас Китоб бор (2 Тимўтийга 3:16, 17). Шунингдек Яҳова «ишончли ва ақлли хизматкор» орқали маънавий озуқани мўл-кўл қилиб берган (Матто 24:45). Ҳақиқатда ўсиб улғайган сайин, «камолотга етганларга» хос бўлган «қаттиқ озиқ»қа иштаҳамизни очишимиз ва маънан озиқланиш учун йиғилишларга келишга истак уйғотишимиз наҳотки керак бўлмаса? (Ибронийларга 5:13, 14; Забур 26:8). Келинг, бундан буён ҳам «эшитган соғлом таълимотдан намуна олиш» учун, Яҳованинг тадбирларидан тўла фойда олишга интилайлик (2 Тимўтийга 1:13). Шунда биз сохта диндан узоқлаша оламиз.
Нимани билиб олдингиз?
• «Буюк Бобил» ўзи нима?
• Сохта диндан узоқлашиш учун, нима қилишимиз зарур?
• Маънавий соғлигимизни хавф остига солувчи қандай нарсалардан эҳтиёт бўлишимиз керак?
w06-UZ 03/15b
24—30 апрел Қўшиқлар: 207, 80.