Йигирма биринчи боб
Яҳованинг нияти ажойиб тарзда бажарилмоқда
1, 2. а) Идрокли мавжудотларга нисбатан Яҳованинг нияти нимадан иборат? б) Яҳованинг бирлашган оиласига кимлар кирган?
ЯҲОВАНИНГ нияти, барча идрокли мавжудотлар танҳо Ҳақ Худога бирликда топиниб, Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига эга бўлишидан иборатдир. Адолатпарвар инсонлар ҳам шуни чин дилдан истайдилар.
2 Яҳова борлиқни яратишни бошлаши биланоқ, бу улуғ ниятини амалга ошира бошлаган. Унинг илк ижоди — Унинг Ўғли «Худо улуғворлигининг инъикоси, Худо борлиғининг аниқ сурати» бўлган (Ибронийларга 1:1-3). Бу Ўғил ўз турида ягонадир, зеро у бевосита Худо томонидан яратилган. Кейинчалик айнан шу Ўғил орқали фаришталар, сўнг эса инсонлар яратилган (Аюб 38:7; Луқо 3:38). Уларнинг барчаси битта оилани ташкил этарди. Яҳова ҳаммаси учун Худо, Сарвари Олам ва меҳрибон Ота бўлган.
3. а) Аждодларимиздан нимани мерос қилиб олганмиз? б) Одам Атонинг авлодларига нисбатан Яҳова қандай чора кўрган?
3 Гуноҳ қилганлари учун ўлимга ҳукм этилган аждодларимизни, Худо Жаннатдан ҳайдаб чиқариб рад этган. Улар Худонинг бирлашган оиласининг аъзолари бўлмай қолишган (Ибтидо 3:22-24; Амрлар 32:4, 5). Биз уларнинг авлодлари бўлганимиз учун гуноҳкор бўлиб туғиляпмиз. Лекин Яҳова Одам Ато ва Момо Ҳавонинг авлодларидан айримлари адолатпарвар бўлишларини билар эди. Шу сабабдан, улар «Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига» эга бўлишлари учун чора кўрди (Римликларга 8:20, 21).
Худо мурувватидан маҳрум бўлган халқ
4. Қадимги Исроил халқига Яҳова қанақа имконият берган?
4 Одам Атодан кейин 2 500 йил ўтгач, Яҳова баъзи инсонларга Ўзи билан яқин муносабатда бўлиш имкониятини берган. Худо қадимги Исроил халқини танлаб, унга Ўз қонунини ҳавола этган (Ибтидо 12:1, 2). У янги ташкил этилган халққа Ўз ниятларида алоҳида ўрин ажратиб берган (Амрлар 14:1, 2; Ишаё 43:1). Бироқ исроилликлар гуноҳкор эди, яъни улар Одам Ато ва Момо Ҳаводан фарқли равишда, улуғвор эркинликка эга эмас эдилар.
5. Исроилликлар Худо билан бўлган муносабатларини қандай қилиб йўқотишган?
5 Шунга қарамай, исроилликлар Худонинг мурувватига эга бўлишган. Улардан, Яҳовани ўз оталаридай ҳурмат қилиш ва Унинг иродасига мувофиқ йўл тутиш талаб қилинарди. Бунинг муҳимлигини Исо ҳам таъкидлаган (Матто 5:43-48). Лекин Исроил халқи ўз вазифаларини бажармаган. Гарчи яҳудийлар «битта Отамиз бор, У Худодир» деб таъкидлашса ҳам, Исо уларнинг ишлари ва муносабатлари бундан далолат бермаётганини айтган (Юҳанно 8:41, 44, 47). Милодий 33 йили илоҳий Қонун Худо томонидан ман этилди, ва Исроил халқининг Яҳова билан муносабатлари узилди. Наҳотки энди инсонлар ҳеч қачон Худонинг мурувватига эриша олмаса?
«Осмондагиларнинг» йиғиб олиниши
6. Эфесликларга 1:9, 10га биноан Худонинг мақсади нимадан иборат?
6 Ҳаворий Павлус, баъзи одамлар Худо билан ўзгача муносабатда бўлишларини таъкидлаган. Масалан, Яҳова, Унга ишонч ҳосил қилганларни Ўз самовий оиласи таркибига киритиш учун кўрган чоралари ҳақида ҳаворий Павлус шундай деган: «Худо... Ўзининг сирли режасини аён қилди. Худо бу режани Ўзи белгилаган вақтда амалга оширади ва еру осмондаги бор мавжудотларни Масиҳ бошчилигида бирлаштиради» (Эфесликларга 1:9, 10). Худонинг мақсадини бажаришда бош вазифа Исо Масиҳга ажратилган. У орқали одамлар Худонинг марҳаматига етишади. Фақат айрим инсонлар осмонда яшаш истиқболига эга. Лекин инсонларнинг аксарияти ер юзида абадий яшайди.
7. «Осмондагилар» кимлар?
7 Аввало, милодий 33 йилнинг Ҳосил байрами кунидан бошлаб, «осмондагиларнинг», яъни Исо Масиҳ билан бирга самовий Шоҳликни мерос қилиб оладиган инсонларнинг йиғиб олинишига эътибор қаратилди. Исо Масиҳнинг қурбонлигига эътиқод қилганлари учун, Худо уларни оқлади (Римликларга 5:1, 2). Кейинчалик уларнинг қаторига яҳудийлар ҳамда ғайрияҳудийлар кириб, жами бўлиб 144 000 кишини ташкил этди (Галатияликларга 3:26-29; Ваҳий 14:1). Ҳозир улардан қолган қисмигина ер юзида яшаб келмоқда.
«Ердагиларнинг» йиғиб олиниши
8. «Ердагилар» кимлар, ва уларнинг Худо билан муносабати қандай?
8 «Ердагиларнинг» йиғиб олиниши ҳам Худонинг мақсадига киради. Ҳозирги пайтда ер юзида абадий яшаш истиқболига эга бўлган миллионлаб инсонлар йиғилмоқда. Улар Шоҳлик ворисларининг ер юзида қолган қисми билан бирга Яҳованинг исмини улуғлаб, Унга топинишмоқда (Ишаё 2:2, 3; Зафаниё 3:9). Улар ҳам Яҳовага Отамиз деб мурожаат қилишмоқда, чунки У ҳаёт манбаи эканлигини тан олишган. Улар Исонинг тўккан қонига имонлари туфайли, Худонинг марҳаматига сазовор бўлишмоқда (Ваҳий 7:9, 14). Аммо улар номукаммаллигича қолишмоқда, шу сабабдан фақат келажакда Худо уларни Ўз фарзандларим деб, тан олади.
9. Римликларга 8:21 оятида инсонларга қандай ваъда берилган?
9 Ерда яшашга умидвор бўлганлар, инсоният «фано қуллигидан озод этилишини» кутишмоқда (Римликларга 8:21). Бу озодлик, Исо Масиҳ ўз самовий қўшини билан Ҳор-Магидўн жангида буюк қайғуга чек қўйганидан сўнг бошланади. Шайтоннинг ёвуз дунёси йўқ қилинади, ундан кейингина Исо Масиҳнинг Минг йиллик шоҳлиги бошланиб, кўплаб қут-баракалар келтиради (Ваҳий 19:17-21; 20:6).
10. Яҳованинг хизматчилари қайси қўшиқни куйлашади?
10 Яҳованинг ер юзидаги хизматчилари, Унинг осмондаги хизматчилари куйлаётган ушбу қўшиққа жўр бўлишса, нақадар қувончли бўлади: «Ё Раббий, Тангри Таоло, ҳар нарсага қодир Сарвари коинот! Сенинг ишларинг буюк ва ажойибдир. Эй элу халқлар Подшоҳи! Сенинг йўлларинг тўғри ва ҳақдир. Эй Худованди Карим! Ким чўчимас экан Сендан? Ким улуғламас экан исмингни? Зеро ёлғиз Ўзинг муқаддассан. Жамики эллар ҳузурингга келиб, Сенга бош эгиб сажда қилгайлар. Барчага аён бўлди одил ҳукмларинг» (Ваҳий 15:3, 4). Ҳа, Яҳованинг барча хизматчилари танҳо Ҳақ Худога топинишда бирлашишади. Ҳатто ўлганлар тирилиб, Раббимиз Яҳовани якдилликда улуғлаш имкониятига эга бўлишади (Ҳаворийлар 24:15).
Олдинда улуғвор эркинлик
11. Буюк қайғудан омон қолганлар қандай эркинликка эга бўлади?
11 Буюк қайғунинг якуни бўлмиш Ҳор-Магидўн жангидан сўнг ер ёвузликдан тозаланиб, «бу дунёнинг тангриси» Иблис Шайтон бартараф қилинади. Яҳовага топинувчилар Шайтоннинг ёмон таъсирига қарши бошқа курашмайдилар (2-Коринфликларга 4:4; Ваҳий 20:1, 2). Сохта дин ортиқ Яҳовага туҳмат қила олмайди ва инсоният жамиятига ажратувчи таъсирини етказмайди. Худонинг хизматчилари ҳукумат томонидан адолатсизликка ва сиқувга дуч келмайди. Қандай ажойиб эркинлик бўлади!
12. Барча инсонлар гуноҳ ва унинг оқибатларидан қандай озод бўлади?
12 «Дунёнинг гуноҳини Ўзига олувчи Худонинг қурбонлик Қўзиси» бўлмиш Исо Масиҳ ўз қурбонлиги асосида инсониятнинг гуноҳини ювади (Юҳанно 1:29). Исо ер юзида бўлган пайтида кимнингдир гуноҳини кечирса, буни тасдиқлаш учун у одамни соғайтирарди (Матто 9:1-7; 15:30, 31). Шу сингари самовий Шоҳ Исо Масиҳ кўрларни, карларни, соқовларни, майибларни, руҳий касалларни ва бошқа хасталикларни соғайтиради (Ваҳий 21:3, 4). Ҳамма итоаткор инсонлар «гуноҳ қонунидан» озод бўлганида, уларнинг фикрлари билан ишлари нафақат ўзларига, балки Худога ҳам хуш ёқади (Римликларга 7:21-23). Худо дастлаб инсонларни «ўз суратига кўра» мукаммал қилиб яратган эди, Исо Масиҳнинг Минг йиллик шоҳлиги ниҳоясида улар яна худди ўша ҳолатга қайтишади (Ибтидо 1:26).
13. Минг йиллик бошқаруви сўнгида Масиҳ нима қилади, ва бунинг натижаси қандай бўлади?
13 Исо Масиҳ одамзодни мукаммалликка олиб келганида, ҳокимиятни яна Худога қайтариб беради: «Масиҳ ҳар қандай бошқарма, ҳокимият ва қудратни тугатиб, салтанатни Ота — Худога топширгандан кейингина охират бўлади. Худо бутун душманларни Масиҳнинг оёғига йиқитмагунига қадар, Масиҳ ҳокимлик қилиши керак» (1-Коринфликларга 15:24, 25). Минг йил бошқаруви даврида Шоҳлик ўз вазифасини тўлиқ бажаради ва шундай қилиб, Яҳова билан одамзод орасида бу кўмакчи ҳукуматга эҳтиёж қолмайди. Гуноҳ ва ўлим бартараф этилиши сабабли, энди Қутқарувчининг кераги бўлмайди. Муқаддас Китобда: «Ўғил ҳам Ўзига ҳамма нарсани тобе қилдирган Отага тобе бўлади, токи Худо ҳамманинг ҳаммаси бўлсин»,— дейилган (1-Коринфликларга 15:28).
14. Камолотга эришган инсонлар қандай синалади, ва нима мақсадда?
14 Бундан сўнг, камолотга эришган инсонларга, танҳо Ҳақ Худога абадий хизмат қилиш истакларини тасдиқлаш учун имконият берилади. Шу сабабдан Яҳова, камолотга эришган инсонларни, Ўз фарзандлари сифатида қабул қилишдан олдин, охирги марта синаб кўради. Шайтон ва унинг жинлари тубсизлик қаъридан қўйиб юборилади. Яҳовани чин дилдан севганларга бу зарар етказмайди. Бироқ, Яҳовага итоат қилишни хоҳламай, исён қилганлар Шайтон билан унинг жинларига қўшилиб то абад йўқ қилинади (Ваҳий 20:7-10).
15. Яҳованинг барча идрокли мавжудотлари орасида қандай шароит тикланади?
15 Шундан кейин Яҳова, охирги синов даврида Худонинг ҳукмдорлигини ёқлаган барча мукаммал инсонларни ўз фарзандлари сифатида қабул қилади. Ўша пайтдан бошлаб, улар Яҳованинг ягона оиласи бўлиб, Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигидан тўлиқ фойдаланадилар. Еру осмондаги барча идрокли мавжудотлар танҳо Ҳақ Худога топинишда бирлашадилар. Яҳованинг нияти ажойиб тарзда амалга ошади! Чексиз келажакка эга бўлган бу ягона оиланинг аъзоси бўлишни истармидингиз? Агар шундай бўлса, қуйидаги оятни қалбингизга жо қилинг: «Дунё ҳам, унинг нафси ҳам ўтиб кетади. Лекин Худонинг иродасини бажо келтирган киши абадий яшайди» (1-Юҳанно 2:17).
Такрорлаш учун саволлар
• Жаннатда исён кўтарилишидан аввал, Яҳова билан унинг топинувчилари ўртасидаги муносабатлар қанақа бўлган?
• Худонинг хизматчиларига қандай масъулият юкланган?
• Яна кимлар Худонинг фарзандлари бўлади, ва бу Яҳованинг нияти билан қандай боғланган?
[190- саҳифадаги расм]
Итоаткор инсонлар жаннатмакон ерда яшайдилар.