19А РАМКАСИ
Яҳовадан баракалар келтирувчи дарёлар
Келинг, Муқаддас Китобда Яҳовадан келадиган баракаларни тасвирлаш учун «дарё» ва «сув» сўзлари қўлланилган айрим баёнотларни кўриб чиқайлик. Уларни бир йўла кўриб чиқиб, Яҳова бизга қай йўсин баракалар бериши ҳақида далдали нарсаларни билиб оламиз. Бу нималар экан?
ЙЎЭЛ 3:18. Мазкур башоратда маъбаддан оқиб чиқаётган булоқ ҳақида айтилган. Булоқ «Шитим водийсини» суғориш учун оқиб чиқаётган эди. Йўэл ҳам, Ҳизқиё ҳам унумсиз ерларни жонлантирган дарёни кўрган эди. Иккала башоратда ҳам дарё Яҳованинг уйи ёки маъбадидан оқиб чиқаётган эди.
ЗАКАРИЁ 14:8. Закариё пайғамбар Қуддус шаҳридан «ҳаёт суви» оқиб чиқаётганини кўрган. Сувнинг ярми шарқдаги денгизга, яъни Ўлик денгизга, қолган ярми эса ғарбдаги денгизга, яъни Ўрта денгизга қуйилаётганди. Қуддус «улуғ Шоҳнинг шаҳри», яъни Худованд Яҳованинг шаҳри бўлган. (Матто 5:35) Закариё бу шаҳар ҳақида эслатиб ўтгани Яҳова яқинда бутун ер юзи устидан бошқаришини ёдимизга солади. Бизга анчадан бери маълумки, башоратда айтилган сувлар Яҳова жаннатда садоқатли кишиларнинг иккита гуруҳига барака беришини англатади. Бу буюк мусибатдан омон қоладиганлар ва ундан кейин тириладиганлар.
ВАҲИЙ 22:1, 2. Ҳаворий Юҳанно Ҳизқиё кўрган дарёга кўп жиҳатдан ўхшаш рамзий дарёни кўрган. Бироқ улар ўртасида кичик фарқ бор. Юҳанно кўрган дарё маъбаддан эмас, Яҳованинг тахтидан оқиб чиқаётган эди. Шундай экан, Закариёнинг ваҳийси каби бу ваҳийда ҳам минг йиллик илоҳий бошқарув келтирадиган баракаларга урғу берилаётганга ўхшайди.
Бундай фарққа қарамай, Яҳованинг бошқаруви келтирадиган баракалар ҳам, Ҳизқиёнинг ваҳийсида дарё сифатида тасвирланган баракалар ҳам Яҳовадан келиб чиқади ва барча садоқатли кишилар устига ёғдирилади.
ЗАБУР 46:4. Мазкур биргина оят иккала жиҳатни ҳам, яъни топиниш ва бошқарувни ўз ичига олганига диққат қаратинг. Бу ерда дарё Шоҳлик ва бошқарувни англатувчи «Аллоҳнинг шаҳри» ҳамда пок топинишни англатувчи «Худойи Таолонинг муқаддас чодирига» қувонч бахш этиши ҳақида айтилганини кўряпмиз.
Умумий қилиб олганда бу баёнотлар Яҳова садоқатли инсониятга икки жиҳатдан барака беришига бизни ишонтирмоқда. Биринчидан Унинг бошқаруви, иккинчидан, пок топиниш учун уюштирган тадбири бизга абадий фойда келтиради. Келинг, ҳозирданоқ Аллоҳ Яҳова ҳамда Ўғли тақдим этаётган «ҳаётбахш сувни» ичиш, яъни улар абадий яшашимиз учун севги ила тақдим этаётган барча нарсани қабул қилиш қароримиз қатъий бўлсин. (Ерм. 2:13; Юҳан. 4:10)