Биринчи асрдаги ва бугунги кундаги Худо руҳининг бошқаруви
Барини ўша руҳ... тақдим этади. 1 КОР. 12:11
1. Бу мақолада нимани кўриб чиқамиз?
ҲОСИЛ БАЙРАМИ. Ўша куни қандай ҳаяжонли воқеа юз берган эди-я! (Ҳавор. 2:1–4). Биринчи асрда муқаддас руҳнинг ёғдирилиши Худонинг Ўз халқи билан муносабатига кескин ўзгариш киритди. Ўтган мақолада, Худо руҳи орқали садоқатли хизматчиларига қийин вазифаларни бажаришга қандай ёрдам берганини кўриб чиққан эдик. Аммо қадимги имонли кишилар билан биринчи асрдаги хизматчиларни муқаддас руҳ бошқаргани орасида қандай фарқ бор? Бугунги кунда масиҳийлар Худонинг руҳи бошқарувидан қандай фойда олишяпти? Ҳозир буни кўриб чиқамиз.
«Мен Яҳованинг бандасиман!»
2. Худонинг руҳи тўғрисида Марям нимани биларди?
2 Қуддусдаги болохонада ўтирганларга муқаддас руҳ ёғдирилганда, ўша ерда Марям ҳам бор эди (Ҳавор. 1:13, 14). Бироқ 30 йилдан кўп вақт олдин Марям Яҳованинг ажойиб ишлар қилганини кўрган. Гарчи ўзи қиз бўлса-да, у Яҳованинг руҳи таъсирида ҳомиладор бўлиб қолган эди. Айнан ўшанда Яҳова Ўғлини осмондан ерга юборган (Мат. 1:20).
3, 4. Марям Яҳованинг иродасига қандай муносабат билдирди ва биз унга қандай тақлид қила оламиз?
3 Яҳова нима учун Марямни танлади? Сабаби, фаришта Марямга Худонинг Ўғлини дунёга келтириши кераклигини айтганида, у шундай жавоб қайтарди: «Мен Яҳованинг бандасиман! Илоё айтганингиз келсин» (Луқо 1:38). Марямнинг гапларидан у қандай инсон эканлиги аён бўлди. У Аллоҳнинг ўзига нисбатан иродасини бажаришга тайёрлиги кўриниб турарди. Марям одамлар унинг ҳомиладорлиги ҳақида нима деб ўйлашади ёки қаллиғи унга уйланишдан воз кечса, нима қиламан деб фариштадан сўрамади. Мен Яҳованинг бандасиман деб, Марям Яҳовага бутунлай ишонганини намоён этди.
4 Баъзида Худога хизмат қилишда бажараётган вазифаларингиз эплай олишингиз учун кўплик қилаётганини ҳис қиласизми? Ҳар биримиз ўзимизга шундай савол берсак яхши бўларди: Вазифаларимни Яҳованинг иродасига мувофиқ тарзда, тўлиқ бажаришга ҳаракат қиляпманми? Бу ишни фақат Яҳова хоҳлагани учун бажаряпманми? Худонинг иродасини ҳар нарсадан устун қўйиб, Унга бутунлай ишониб, қулоқ солганларга У муқаддас руҳини беришига амин бўлинг (Ҳавор. 5:32).
Муқаддас руҳ Бутрусга ёрдам берган
5. Милодий 33- йили Ҳосил байрамидан олдин ҳаворий Бутрус муқаддас руҳнинг кучини қай йўсин кўрган?
5 Милодий 33- йили Ҳосил байрамидан олдин, ҳаворий Бутрус ҳам Марямга ўхшаб, муқаддас руҳнинг кучини кўрган ва сезган. Ҳазрати Исо унга ва бошқа ҳаворийларга жинларни қувиб чиқариш қудратини берган (Марк 3:14–16). Муқаддас Китобда бу тўғрисида кўп айтилмаган бўлса-да, Бутрус бундай қудратдан фойдаланганини кўряпмиз. Исо унга Жалила денгизи устида юришни таклиф қилганида, Бутрус муқаддас руҳ ёрдамида бунинг уддасидан чиққан (Матто 14:25–29 ни ўқинг). Бутрус бундай қудратли ишлар қилишга қобилиятли бўлгани аниқ, чунки у муқаддас руҳнинг ёрдамига таянган. Кўп ўтмай ўша руҳ Бутрусга ва қолган шогирдларга бошқа кўп ишлар қилиш қудратини ато этган.
6. Милодий 33- йили Ҳосил байрамидан сўнг Бутрус Аллоҳнинг руҳи ёрдамида нималарни қила олган?
6 Милодий 33- йили Ҳосил байрамида Бутрус ва бошқаларга Қуддусга келган мусофирлар билан алоқа қилиш учун мўъжизавий тарзда ўзга тилларда гапириш қобилияти берилган. Бундан кейин Бутрус барча йиғилганлар олдида сўзга чиққан (Ҳавор. 2:14–36). Ҳа, бир вақтлар ҳиссиётларга ва қўрқувга берилган ўша киши энди таҳдид ва қувғинларга қарамай жасоратга тўлиб, кенг шоҳидлик берган (Ҳавор. 4:18–20, 31). Аллоҳ унга ваҳий орқали билим ато этган (Ҳавор. 5:8, 9). Худо унга ҳатто ўликларни тирилтириш қудратини берган (Ҳавор. 9:40).
7. Бутрус муқаддас руҳга чўмдирилганидан сўнг Исонинг қайси таълимотларини аниқ тушунган?
7 Ҳосил байрамидан олдин ҳам Бутрус Исо ўргатган ҳақиқатларнинг кўпини тушунган (Мат. 16:16, 17; Юҳан. 6:68). Исонинг таълимотларидан айримларини эса у Ҳосил байрамидан кейин англаб етган. Масалан, Бутрус Масиҳнинг уч кундан сўнг руҳ бўлиб тирилишини фаҳмлай олмасди; Бутрус, Шоҳлик осмонда бўлишини ҳам тушунмасди (Юҳан. 20:6–10; Ҳавор. 1:6). Инсонларнинг руҳий мавжудотга айланиши ва самовий Шоҳликда бошқариши ҳам Бутрусга тушунарсиз эди. Ўзи муқаддас руҳга чўмдирилганидан ва осмонда яшаш умидига эга бўлганидан кейингина у Исонинг таълимотларини аниқ англаб етган.
8. Ҳам мойланганлар, ҳам «бошқа қўйлар» қандай билимга эга?
8 Муқаддас руҳ ёғдирилганидан кейин Исонинг шогирдлари илгари тушуна олмаган нарсаларни англаш қобилиятига эга бўлишган. Шунингдек, муқаддас руҳ Инжилни баён этган кишиларни Яҳованинг ажойиб ниятларини тушунтириб беришга илҳомлантирган (Эфес. 3:8–11, 18). Бугунги кунда мойланганлар ҳам, «бошқа қўйлар» ҳам биргаликда ўша-ўша ҳақиқатларни ўрганиб, тушуна олишади (Юҳан. 10:16). Сиз муқаддас руҳ ёрдамида Худонинг Каломидан билим олиб, уни тушуна олаётганингиз учун миннатдормисиз?
Павлус «муқаддас руҳга тўлди»
9. Муқаддас руҳ Павлусга қандай ишлар қилиш қобилиятини ато этган?
9 Милодий 33- йили Ҳосил байрамидан сўнг, тахминан бир йил ўтиб, яна бир киши Худонинг руҳига эга бўлган. Бу киши кейинчалик Павлус деб танилган Шоул эди. Муқаддас руҳ унга ҳатто бизларга фойдаси тегадиган ишларни қилиш қобилиятини ато этган. Мисол учун, Худонинг руҳи ҳаворий Павлусни Муқаддас Ёзувларнинг 14 та китобини ёзишга илҳомлантирган. Шунингдек, Бутрус билан бўлгани каби, Аллоҳнинг руҳи Павлусга осмонда ўлмас ва чиримас ҳаётга эга бўлиш умидини англаб, бу ҳақда аниқ баён этиш қобилиятини берган. Муқаддас руҳ ёрдамида Павлус жинларни қувиб чиқарган, касалларни соғайтирган ва ҳатто ўликларни тирилтирган! Бироқ, муқаддас руҳ унга янада муҳимроқ ишлар қилиш қудратини ато этган. Аллоҳнинг ҳозирги хизматчилари ҳам бундай муҳим ишлар қилишга қодир, фақат бу қудратни улар мўъжизавий тарзда олишмайди.
10. Қандай қилиб муқаддас руҳ Павлусга бемалол оғзини оча олиш қобилиятини берган?
10 Павлус «муқаддас руҳга тўлиб», ҳақ топинишнинг душмани бўлган бир одамга қарши жасорат билан гапирган. Кипр оролида юз берган бу воқеа вилоят ҳокимига қандай таъсир этганини тасаввур қилинг-а! «Яҳова ҳақида билган нарсалардан қойил қолган» ўша вилоят ҳокими, натижада ҳақиқатни қабул қилган (Ҳавор. 13:8–12). Аниқки, Павлус ҳақиқатни гапиришда Аллоҳнинг муқаддас руҳи қанчалик муҳим аҳамият касб этишини билган (Мат. 10:20). Кейинчалик у Эфесдаги жамоатдан, «бемалол оғзимни оча олиш қобилияти менга берилсин», деб ибодат қилишларини сўраган (Эфес. 6:18–20).
11. Худонинг руҳи Павлусни қандай етаклаб борган?
11 Муқаддас руҳ Павлусга гапиришга кўмаклашган, баъзида эса унга муайян ҳудудларда гапиришни тақиқлаган. Худонинг руҳи Павлусни ваъзгўйлик сафарларига етаклаб борган (Ҳавор. 13:2; Ҳаворийлар 16:6–10 ни ўқинг). Тангри Яҳова ҳозир ҳам ваъзгўйлик ишини Ўз руҳи ила бошқаряпти. Павлус сингари, Яҳованинг барча итоаткор хизматчилари ҳақиқатни жасорат ва ғайрат ила эълон этишга ҳаракат қилишяпти. Павлуснинг замонида Яҳова Ўзининг руҳидан ўзгача тарзда фойдаланган бўлса-да, ҳозирги вақтда ҳам У муқаддас руҳи орқали муносиб бўлганларни ҳақиқатга «жалб қиляпти» (Юҳан. 6:44).
«Турли фаолиятлар»
12–14. Худонинг руҳи Унинг ҳар бир хизматчисида бир хил фаолият кўрсатадими? Тушунтириб беринг.
12 Биринчи асрдаги мойланганлар жамоатини Яҳова қандай мубораклагани тўғрисидаги баёнот бизларни жуда руҳлантиради, шундай эмасми? Ўша масиҳийларга муқаддас руҳ ўзгача инъомлар, яъни қобилиятлар ато этган. Павлус Коринфдаги жамоатга бу инъомлар ҳақида қуйидагича ёзган: «Инъомлар турлича бўлса-да, муқаддас руҳ ўша-ўшадир. Хизмат турлари ҳам кўп, аммо Ҳазратимиз ўша-ўшадир. Турли фаолиятлар бор, бироқ уларни барча одамлар орқали амалга ошираётган Аллоҳ ўша-ўшадир» (1 Кор. 12:4–6, 11). Демак, муқаддас руҳ муайян мақсадда Худонинг ҳар хил хизматчиларида турлича фаолият кўрсатиши мумкин. Шубҳасизки, муқаддас руҳ Масиҳнинг «кичик подасини» ҳам, «бошқа қўйларини» ҳам етаклаб боряпти (Луқо 12:32; Юҳан. 10:16). Лекин у жамоатнинг ҳар бир аъзосида доим ҳам бир хил фаолият кўрсатмайди.
13 Мисол учун, оқсоқоллар муқаддас руҳ томонидан тайинланишади (Ҳавор. 20:28). Бироқ ҳамма мойланганлар ҳам жамоатда бошчилик қилишмайди. Бундан хулоса шуки, Худонинг руҳи жамоат аъзоларида турлича фаолият кўрсатади.
14 Мойланганларни, улар «ўғилликка қабул қилинганига» ишонтирган ўша руҳ орқали Яҳова Исони осмондаги ҳаёт учун тирилтирган (Римликларга 8:11, 15 ни ўқинг). Ўша-ўша руҳ орқали Яҳова бутун оламни яратган (Ибт. 1:1–3). Худди ўша руҳ орқали Яҳова Базалилни муқаддас чодирда махсус ишларни бажаришга қобилиятли қилган. Айнан ўша руҳ Шимшўнга ҳеч кимнинг қўлидан келмайдиган қудратли ишлар қилишга куч берган. Яна ўша руҳ ёрдамида Бутрус сув устида юра олган. Аллоҳнинг руҳи билан бошқарилиш ва Унинг руҳи билан мойланиш бир хил маънога эга эмас. Кимни руҳ билан мойлашни Худонинг Ўзи танлайди.
15. Муқаддас руҳ билан мойланиш абадий давом этадими? Тушунтириб беринг.
15 Худонинг муқаддас руҳи Унинг садоқатли хизматчиларида ҳар доим турлича фаолият кўрсатиб келган. Худо одамларни муқаддас руҳи билан мойлашни бошлашидан мингларча йил олдин у фаолият кўрсатган эди. Милодий 33- йили Ҳосил байрамида бошланган муқаддас руҳ билан мойланиш абадий давом этмайди. Гарчи муқаддас руҳ билан мойланиш ўз поёнига етса ҳам, бу руҳ Худонинг хизматчиларини бошқаришда давом этиб, Унинг иродасини бажаришга ёрдам беради.
16. Муқаддас руҳ ёрдамида Аллоҳнинг хизматчилари ҳозир қандай ишлар бажаришяпти?
16 Муқаддас руҳ ёрдамида Яҳованинг хизматчилари ҳозир қандай ишлар бажаришяпти? Жавобини Ваҳий 22:17 да ўқиймиз: «Муқаддас руҳ ва келин: “Кел!” — демоқдалар. Буни эшитаётган ҳам: “Кел!” — десин. Ҳар бир чанқаган келсин ва ҳар бир истаган ҳаёт сувини текинга олсин». Муқаддас руҳ кўмаги билан масиҳийлар бугун «ҳар бир истаганга» ҳаёт сувини таклиф этишяпти. Бу иш мойланган масиҳийлар бошчилигида амалга ошириляпти. Аммо «бошқа қўйлар» ҳам бу фаолиятда қатнашишяпти. Ушбу иккала гуруҳ муқаддас руҳ бошқаруви остида ҳамкорлик қиляпти. Улар «Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан сувга чўмиб», ўзларини Тангри Яҳовага бағишлашганини кўрсатишган (Мат. 28:19). Уларнинг барчаси ҳаётларида муқаддас руҳнинг самарасини намоён этишяпти (Галат. 5:22, 23). Муқаддас руҳ ёрдамида улар Худога маъқул тарзда, ҳалол яшаш учун жон куйдиришяпти (2 Кор. 7:1; Ваҳ. 7:9, 14).
Худодан муқаддас руҳни сўраб туринг
17. Бизда Тангрининг руҳи борлигини қандай исботлаб беришимиз мумкин?
17 Аллоҳ сизга осмонда абадий яшаш умидини ато қилганми ёки ер юзидами, бенуқсонликни сақлаб, мукофотга эга бўлишингиз учун Яҳова сизга «инсонларникидан устун турган куч» бера олади (2 Кор. 4:7). Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни ваъз қилишда давом этаётганингиз учун одамлар устингиздан кулиши мумкин. Лекин унутманг, «агар сизларни Масиҳ номи учун ҳақоратлаётган бўлишса, бахтлисизлар! Сабаби, устингизда улуғворлик руҳи, Тангрининг руҳи борлигидан далолатдир» (1 Бутр. 4:14).
18, 19. Яҳова сизга муқаддас руҳи орқали қандай ёрдам беради ва сиз нима қилиб туришингиз керак?
18 Муқаддас руҳ, уни астойдил сўраганларнинг барчасига бериладиган Аллоҳнинг инъомидир. У Худога хизмат қилиш учун керак бўладиган қобилиятларингизни ҳам, истагингизни ҳам ошириши мумкин. Инжилда айтилишича, «Тангри Ўзига маъқул келадиган тарзда йўл тутиб, Унга ёқадиган ишларни қилиш истагингизни кучайтиради». Муқаддас руҳнинг ёрдами билан «ҳаёт каломини маҳкам тутишга» ҳаракат қилсангиз, «қўрқув ва титроқ билан ўз нажотингизга эриша» оласиз (Филип. 2:12, 13, 16).
19 Шундай экан, Аллоҳнинг руҳига буткул таяниб, сизга берилган ҳар бир топшириқни бажаришга жон куйдиринг ва Тангри Яҳовадан ёрдам сўранг (Ёқб. 1:5). У сизга Каломини тушунишга, ҳаётдаги қийинчиликларни енгишга ва хушхабарни ваъз этишга ёрдам беради. Ҳазрати Исо айтганидек, «сўраб туринглар ва сизларга берилади, излаб туринглар ва топасизлар, тақиллатиб туринглар ва сизларга эшик очилади» (Луқо 11:9, 13). Бунга, муқаддас руҳни сўраб туриш ҳам киради. Хуллас, муқаддас руҳ ила бошқарилган қадимги ва ҳозирги имонли кишиларга ўхшай, деб Яҳовага илтижо қилиб туринг.
Марҳамат, жавоб беринг
• Қайси жиҳатдан биз Марямга тақлид қилиб, баракаларга эга бўлишимиз мумкин?
• Худонинг руҳи Павлусни қандай етаклаб борган?
• Бугунги кунда Муқаддас руҳ Аллоҳнинг хизматчиларини қандай бошқаряпти?
[24- саҳифадаги расм]
Муқаддас руҳ ёрдамида Павлус жинларни енга олган
[26- саҳифадаги расм]
Бугунги кунда муқаддас руҳ масиҳийларни, уларнинг умиди қандай бўлишидан қатъи назар, бошқаряпти