Абадий ҳаёт берадиган булоқ суви
Мен берадиган сувдан ким ичса, абадий чанқамайди. Мен берадиган сувдан ичганнинг вужудида булоқ пайдо бўлиб, абадий ҳаёт сари жўшиб оқаверади. ЮҲАННО 4:14
«ҚЎҚҚИСДАН Ой четидан... кўк ва оқиш рангда жилоланаётган маржон пайдо бўлди. Бу кичкина мовий рангли маржон, секин-аста қора ва сирли денгиз қаъридан кўтарилиб, атрофга ажиб ва нафис бир нақш солаётгандек эди». Мана шундай шеърий услубда астронавт Эдгар Митчелл Ер шаримизнинг коинотдан кўринишини тасвирлаб берди.
Ҳаттоки астронавтни лол қолдирган гўзал сайёрамизнинг қимматбаҳо тошдай товланишига нима сабабчи бўлди? Ер юзининг тўртдан уч қисми сувдан иборатдир. Сув нафақат сайёрамизга чирой қўшади. Зеро ҳеч қандай тирик организм сувсиз ҳаёт кечира олмайди. Ҳатто инсон организмининг 65 фоизи сувни ташкил қилади. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»дан сувнинг хусусиятлари борасида қуйидагини ўқиймиз: «Организмдаги сув барча ўсимликлар, тирик организмлар ва микроорганизмларда моддалар алмашинуви учун зарур асосий восита».
Сув айланиши туфайли ердаги сув захираларини доим тўлдириб туришнинг ҳожати йўқ. Бир энциклопедияда шундай дейилган: «Биз ишлатадиган сувнинг ҳар бир томчиси охир-оқибат Дунё океанига қайтади. Бу ердаги сув қуёш нурлари туфайли буғланиб, кейин ёғин шаклида яна ер юзига тушади. Ушбу жараён узлуксиз такрорланади. Шу йўсин сув захиралари тугаб битмайди» («The World Book Encyclopedia»). Бундан 3 000 йил муқаддам Тавротда бу ҳақда қуйидагича айтилган эди: «Барча дарёлар денгизга оқар, денгиз эса ҳеч тўлмас, шунда ҳам ўз макони сари оқаверар дарёлар». Чиндан ҳам сувнинг табиатда айланиши — мўъжизадир (Воиз 1:7).
Сувнинг ҳаёт учун қанчалик муҳим ҳамда унинг захиралари тугаб битмас экан, Муқаддас Китобнинг асл нусхасида сув сўзи 700 мартадан кўпроқ қўлланилгани ҳам бежиз эмас. Худонинг Каломида сув кўпинча рамзий маънода ишлатилган, айниқса ҳаётни таъминлаш ва тозалаш хусусиятлари ҳақида гап кетганда (Ишаё 58:11; Юҳанно 4:14).
Аллоҳнинг Каломи поклашга қодир
Қадимда исроилликлар мунтазам чўмилиб, кийимларини ювишгани туфайли бошқалардан жисмоний тозалиги билан ажралиб туришган. Шунингдек, уйга кириб, овқатланишдан олдин оёқларини ювиш одат тусига кирган эди (Луқо 7:44). Устига-устак исроилликлар таҳорат қилишган. Муқаддас чодирда хизмат қилган руҳонийлар, мунтазам равишда ўзларини ва кийимларини ювишлари шарт эди (Чиқиш 30:18–21). Кейинчалик шоҳ Сулаймон Қуддусдаги маъбадга «бронзадан ясалган ҳовуз» қўйди. Бу ҳовуз 44 000 литрдан зиёд сувни сиғдирарди ва Тавротдаги тозаликка нисбатан қонун-қоидаларга риоя қилиш учун етарди (3 Шоҳлар 7:23). Сувдан бундай тарзда фойдаланиш, бугунги кунда яшайдиган Худонинг хизматчилари учун нимани англатади?
Исо Масиҳ имонлилар жамоатини муқаддас қилиб, уларни «сув билан ювди ва Ўз каломи орқали тозалади» деб ёзганди ҳаворий Павлус. Сув инсонни жисмонан тозаласа, Худонинг Каломи одамни ахлоқан ҳамда маънан поклай олишга қодир. Шундай қилиб Исонинг шогирдлари «муқаддас, бенуқсон» бўлишлари мумкин эди (Эфесликларга 5:25–27). Тангри Таолонинг марҳаматига эга бўлишни истовчилар, албатта ўзларини ахлоқан ва руҳан «беғубор ва бенуқсон одамлар бўлишга жон куйдиришлари» даркор (2 Бутрус 3:11, 14). Қандай қилиб Муқаддас Китоб бундайларга ёрдам бера олади?
Аллоҳнинг илтифотига сазовор бўлишга интилганлар Муқаддас Китобни ўрганиб, рамзий маънода сув ичишади. Ушбу билимлар уларнинг онги ва юрагига таъсир қилгач, Муқаддас Китобнинг қуйидаги раҳбарлигига риоя қилишга ундайди: «Худонинг яхши, манзур, комил иродасининг нима эканини фаҳмламоқ учун фикрингизни янгилаш орқали тубдан ўзгаринглар» (Римликларга 12:2).
Аллоҳнинг ниятини билиб олган инсон, ҳаёти ва фикрлаш тарзи Муқаддас Китоб меъёрларига тўлиқ мос келмаётганини тушуна бошлайди. Бундай кишилар олган билимларини ҳаётида татбиқ этишса, вақт ўтиб Худонинг Каломи сув каби «ювиб», ҳатто оғир гуноҳлардан уларни тозалайди (1 Коринфликларга 6:9–11).
Ҳаёт тарзини ўзгартирган Альфонсо исмли испаниялик бир ёш йигитнинг мисолини кўриб чиқайлик. У шундай деб бўлишяпти: «Мен 18 ёшимда бадбахт инсон эдим». У жиноий ишларга берилиб, банги бўлган. У қўшимча қилиб: «Ўзимга ва бошқаларга бўлган муносабат туфайли, ифлос одамдек ҳис қилардим»,— дея айтди.
Альфонсо давом эттириб бундай деди: «Бир ўқув юртда тенгдош бир қиз ташқи кўриниши ва хулқ-атвори билан бошқа талабалардан ажралиб турганига эътибор бердим. Унинг намунаси мени пок ҳаёт тарзини кечиришга ундади. Мен унинг маслаҳати билан Яҳова Шоҳидларининг жамоат учрашувларига бордим. Яна кўп ўтмай Муқаддас Китобни ўрганишга ва Худо билан дўст бўлишга интилдим. Бир йил ичида мен турмуш тарзимни тубдан ўзгартириб, Яҳовага ўз ҳаётимни бағишлаб, сувда имон келтирдим. Қўшниларимизнинг кўпчилиги бундай ўзгаришларни кўриб, гиёҳванд бўлиб қолган фарзандларига ёрдам беришимни мендан илтимос қилишди».
Абадий ҳаёт берадиган сув
Кунларнинг бирида сув олгани келган самариялик бир аёлга Ҳазрати Исо «ҳаётбахш» сув ҳақида айтиб берди. У: «Мен берадиган сувдан ким ичса, абадий чанқамайди. Мен берадиган сувдан ичганнинг вужудида булоқ пайдо бўлиб, абадий ҳаёт сари жўшиб оқаверади»,—деди (Юҳанно 4:10, 14). Исонинг сўзларидан кўриниб турганидек «ҳаётбахш» сувлари, Аллоҳ яшаш учун муҳайё қилган барча нарсаларни назарда тутади. Худонинг бундай инъомлари туфайли, одамлар абадий яшаш имкониятига эга. Бундай инъомлардан энг муҳими — Исо алайҳиссалом биз учун ўз ҳаётини фидо қилганидир. Бу борада Инжилда қуйидагини ўқиймиз: «Зеро Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин» (Юҳанно 3:16).
Юқорида айтиб ўтилган Альфонсо Тангри Таоло ато этган «ҳаётбахш» сувларни қадрлайди. Турмуш тарзини ўзгартирмай банги ва жиноятчи бўлган оға-иниларини эслаб, у шундай деди: «Менинг акам ва дўстларим кунини кўриб бўлишган. Муқаддас Китоб билимлари мени бундай оқибатлардан халос қилди. Мен фақат Яҳованинг маънавий ёрдами туфайлигина ҳозиргача тирикман». Альфонсо Худо ваъда қилган янги дунёда роҳатланиб яшашни сабрсизлик билан кутмоқда (2 Бутрус 3:13).
Барча учун таклиф
Муқаддас Китобнинг охирги саҳифаларида «Худонинг ва Қўзининг тахтидан чиқиб... оқаётган биллурдай тиниқ оби ҳаёт дарёси» ҳақида ўқиймиз (Ваҳий 22:1). Ушбу дарё худди Одам Ато ва Момо Ҳаво каби мукаммал бўлишга ёрдам берадиган Худо инъомларининг тимсолидир.
Дарё ҳақидаги ваҳийда қуйидаги таклиф янграйди: «Чанқаган келсин, хоҳлаган ҳаёт сувидан текин баҳра олсин» (Ваҳий 22:17). Бугунги кунда ушбу таклиф бутун дунё бўйлаб баралла эълон қилинмоқда. Ҳар йили Яҳованинг Шоҳидлари 235 та мамлакат ва ҳудудларда одамларга Муқаддас Китобдан ҳаётбахш билимларни олишга кўмаклашмоқдалар. Бу фаолиятга миллиарддан зиёд соатларини сарфлашяпти.
Сиз ҳаётбахш сувни ичишни истайсизми? Унда биллурдай тиниқ оби ҳаёт сувларини, яъни Яҳованинг инъомлари ҳақида билиб олиб, сўнг эса билимларингизни ҳаётда татбиқ этинг. Шундай йўл тутиб сиз ҳам «келажакда ҳақиқий ва мангу ҳаётга эришмоқ учун, ўзларига соғлом таянч бўладиган маънавий хазина тўплаганлар» қаторида бўласиз (1 Тимўтийга 6:19).
[16- саҳифадаги матн парчаси]
Сув одамни жисмонан тозаласа, Муқаддас Китоб ҳақиқати инсонни маънан ва ахлоқан поклашга қодир
[17- саҳифадаги рамка ва расм]
ҚАДИМДАГИ СУВ ЗАХИРАЛАРИ
Ўтмишда одамлар ичишга яроқли сув манбаини топиш учун, тер тўкиб меҳнат қилишларига тўғри келарди. Иброҳим Халилуллоҳ ва Исҳоқ уй аҳли ва чорваларини сув билан таъминлаш мақсадида Бэршэва шаҳри яқинида чуқур қудуқ қазишган эди (Ибтидо 21:30, 31; 26:18).
Иссиқ ёз кунлари саёз қудуқлар тез қуриб қолишарди. Чуқур қазилган қудуқларда эса ҳамиша сув бўлган (Ҳикматлар 20:5). Лахиш шаҳрида чуқурлиги 44 метрли қудуқ ҳалигача мавжуд. Гивон шаҳридаги бошқа қудуқнинг чуқурлиги 25 метрдан ва диаметри 11 метрдан зиёд. Ушбу қудуқни қазиш учун қарийб 3 000 тонна тошлоқ ерни ковлаб олиш талаб этилган. Ёқубнинг қудуғидан сув олишга келган самариялик аёл Исога: «Қудуқ... чуқур»,— деб айтган. Ушбу қудуқдаги сув ер юзасидан тахминан 23 метр чуқурликда эди (Юҳанно 4:11).
Яқин Шарқ мамлакатларида сув манбаининг яна бир тури сардобалар бўлган. Октябрдан апрелгача бундай сардобалар ёмғир сувлари билан тўлдирилган. Ушбу ҳовузларга сувларни йўналтириш учун тоғларнинг ёнбағридан сойлар қазилган. Исроилликлар ҳам сув ғамлаш мақсадида катта ҳажмли сардобалар қуришган (2 Солномалар 26:10).
Сардобалар ва қудуқлардан сув олиш учун кўп меҳнат талаб қилинган. Масалан Ривқо ҳамда Ятронинг қизлари ҳар куни хонадондагилари ва чорвалари учун сув олгани келиб, жуда муҳим ишни бажаришган (Ибтидо 24:15–20; Чиқиш 2:16).
[17- саҳифадаги расм]
Альфонсо хушхабарни ваъз қилмоқда