Оби ҳаёт булоқларидан ичишга лойиқ топилганлар
Қўзи уларни боқади, оби ҳаёт булоқларига олиб боради. ВАҲ. 7:17
1. Аллоҳнинг Каломи мойланганлар гуруҳини нима деб атайди ва Исо уларга қандай масъулият юклади?
АЛЛОҲНИНГ КАЛОМИ, Исо Масиҳнинг ер юзидаги мол-мулки устидан назорат қилаётган мойланганлар гуруҳини «ишончли ва ақлли хизматкор» деб атайди. 1918- йилда Масиҳ ушбу хизматкорни текшириш учун келганида, уни садоқат ила «ризқ-рўзни ўз вақтида бериб турган» ҳолда топди. Шунда уларнинг хўжайини бўлмиш Исо, «бутун мол-мулки устидан уни [хизматкорни] назоратчи қилиб қўйди» (Матто 24:45–47 ўқиб беринг). Бинобарин хизматкор ўз самовий меросини олишидан аввал, Яҳова Таолонинг ер юзидаги садоқатли топинувчиларига хизмат қилишлари керак эди.
2. Исонинг мол-мулкига нима киради?
2 Хўжайин мол-мулкини ўз ихтиёри ила бошқаришга ҳақли. Исо Масиҳни ҳам Яҳова подшоҳ қилиб тайинлаганида, унга ер юзидаги Самовий Шоҳликка қарашли бутун мол-мулкни ҳам топширди. Бу мулкка шунингдек «улкан оломон» ҳам киради. Ҳаворий Юҳанно ваҳий кўриб, улар тўғрисида қуйидагини ёзганди: «Ҳар хил миллатдан, барча қабилалар, халқлар ва тиллардан бўлган, унинг ҳисобига етиб бўлмайдиган даражада улкан бир оломон Арши аъло олдида, Қўзининг ҳузурида турарди. Ҳаммаси оқ либос кийиб, қўлларида хурмо новдасини тутар эдилар» (Ваҳ. 7:9).
3, 4. «Улкан оломон» қандай шарафли истиқболга эга?
3 «Улкан оломонни» Исо Масиҳ шунингдек «бошқа қўйлар» деб атади (Юҳан. 10:16). Улар ер юзида абадий яшаш умидига эга. Ҳа, Исо бу кишиларни боқиб, «оби ҳаёт булоқларига олиб боришига», шунингдек «Худо уларнинг кўз ёшларини бутунлай артиб юборишига» аминлар. «Улкан оломон» бу умидни жуда қадрлагани учун «либосларини ювиб, Қўзининг қони билан оқартирганлар» (Ваҳ. 7:14, 17). Дарҳақиқат улар Исонинг фидо бўлган ҳаётини тан олиб, Худонинг нигоҳида либосларини оқартирдилар. Ушбу кишилар солиҳ деб эълон қилиниб, Иброҳим каби Худонинг дўстлари бўлишди.
4 Устига-устак ўсиб бораётган «улкан оломон», Худонинг нигоҳида солиҳ экан, бу ёвуз дунё йўқ қилинаётганида улар «буюк қайғудан» омон қолиш умидидадир (Ёқб. 2:23–26). Улар Тангри Яҳовага янада яқинлашиб, Ҳор-Магидўн жангидан гуруҳ сифатида тирик қолиш истиқболига эга (Ёқб. 4:8; Ваҳ. 7:15). Улар ўзбилармонликдан қочиб, Самовий Подшоҳ ва унинг ер юзидаги мойланган биродарларнинг раҳбарияти остида хизмат қилмоқдалар.
5. «Улкан оломон» Исонинг биродарларига ёрдам беришининг усулларидан бири қандай?
5 Мойланган масиҳчилар Шайтоннинг дунёсида роса қаршиликларга дуч келишмоқда. Бироқ улар «улкан оломоннинг» қўллаб-қувватлашига таянишлари мумкин. Гарчи мойланганлар сони борган сари камаётган бўлса-да, «улкан оломон» йилдан йилга юз минглаб кўпаяпти. Мойланганлар бутун дунё бўйлаб тахминан 100 000 имонлилар жамоатига шахсан ўзлари кўз-қулоқ бўла олмасликлари учун, «бошқа қўйлардан» бўлган етук биродарлар оқсоқол бўлиб тайинланиб, уларга ёрдам беришмоқда. Бу, «ишончли ва ақлли хизматкорга» топширилган миллионлаб имонлиларга ёрдам бериш, ва шу билан хизматкорни қўллаб-қувватлаш усулларидан бири холос.
6. «Бошқа қўйлар» мойланганларга мадад бериши ҳақда нима деб башорат қилинганди?
6 Ишаё пайғамбар «бошқа қўйлар» ўз ихтиёри билан мойланганларга мадад беришини башорат қилганди. Пайғамбарнинг айтишича бошқа халқлар Исроилга эргашиб, Ҳақ Худога хизмат қилишни бошлашади (Ишаё 45:14). Бунга ўхшаб ер юзида яшаш умидига эга бўлганлар, мойланганларга ва унинг Етакчи кенгашига эргашиб, уларнинг раҳбарлигига бўйсунишмоқда. Ҳа, «бошқа қўйлар», Исо мойланганларга топширган ваъзгўйлик иши олға сурилишига кўмаклашиб, ихтиёрий равишда ва чин кўнгилдан, ўз кучию маблағларини бунга сарфлашмоқда (Ҳавор. 1:8; Ваҳ. 12:17).
7. «Улкан оломон» гуруҳи ҳозирдан нимани ўрганмоқдалар?
7 Мойланган биродарларга ёрдам бераётиб, «улкан оломон» гуруҳи Ҳор-Магидўн жангидан кейин, ер юзида яшайдиган янги жамият бўлишга ўрганмоқда. Ушбу янги жамият мустаҳкам бўлиши учун, Хўжайини бўлмиш Исо Масиҳнинг раҳбариятига ихтиёрий бўйсунишлари талаб қилиняпти. Улардан ҳар бири Подшоҳи Исо Масиҳнинг орқасидан эргашаётганини исботлаши даркор. Ҳозирдан имонинию садоқатини намоён қилиб, улар янги дунёда ҳам Подшоҳнинг амрларига итоат қилишга тайёр эканини кўрсатишади.
«Улкан оломон» ўз имонини исботламоқда
8, 9. «Улкан оломон» ўз имонини қандай қилиб исботламоқда?
8 Мойланган биродарларини қўллаб-қувватлаётган «бошқа қўйларда» имонини тасдиқлашнинг турлича усуллари бор. Биринчидан, улар Худонинг Шоҳлиги ҳақда хушхабарни ваъз қилиб ёрдам беришмоқда (Мат. 24:14; 28:19, 20). Иккинчидан, улар Етакчи кенгашнинг йўл-йўриғига чин кўнгилдан итоат қилишмоқда (Иброн. 13:17; Закр. 8:23).
9 Учинчидан, «улкан оломон» Тангри Яҳованинг қонун-қоидаларига мувофиқ яшаб, мойланганларни қўллашмоқда. Улар «муҳаббат, севинч, хотиржамлик, сабр-тоқат, лутфкорлик, хайрихоҳлик, садоқат, мулойимлик ва ибо» каби фазилатларни ривожлантиришга интилишади (Галат. 5:22, 23). Тўғри, «башарий табиатнинг ишларига» ботиб кетган бугунги дунёда, бундай фазилатлар камдан кам учрайди. Аммо «улкан оломон» гуруҳи «фаҳшбозлик, ҳаром-ҳаришлик, фисқ-фужур, бутпарастлик, жодугарлик, душманлик, жанжалкашлик, рашк-ғазаб, манманлик, ихтилофчилик, бидъатчилик, ҳасад, қотиллик, ичкиликбозлик, айш-ишрат ва шуларга ўхшаган ишлар» билан булғанмасликка қарорлари қатъий (Галат. 5:19–21).
10. «Улкан оломон» нимани асло хоҳлашмайди?
10 Барчамиз номукаммал экан, яхши фазилатларни ривожлантириш, «башарий табиатнинг ишларидан» қочиш ва Шайтоннинг дунёсига қарши туриш гоҳо қийин кечади. Аммо бунга қарамай заифликларимиз ва баъзан қилган хатоларимиз, бизни руҳан тушкунликка олиб келиб, Яҳова Таолога бўлган имон ва севгимизга салбий таъсир қилишини асло хоҳламаймиз. Зеро Яҳова айтган ваъдасига содиқ қолиб, «буюк қайғу» пайтида бизни сақлаб қолишига ишончимиз комил.
11. Шайтон имонимизни сусайтириш учун қандай усуллардан фойдаланади?
11 Дарвоқе, душманимиз Шайтон қўл қовуштириб ўтирмаслигини ёдда тутиб, бедор туришимиз шарт (1 Бутрус 5:8 ўқиб беринг). У муртадлару бошқа одамлардан фойдаланиб таълимотларимиз ёлғон эканлигига бизни ишонтирмоқчи. Аммо бу ишлари кўпинча пучга чиқади. Шунингдек қувғинлар вақтинча воизлик хизматини секинлаштириши мумкин-у, аммо аксарият пайтлари қувғинларга дуч келаётганларнинг имони янада мустаҳкамланади. Айнан шу учун Шайтон, унинг назарида гўё имонимизни сусайтириши мумкин бўлган ўзгача усуллардан ҳам фойдаланмоқда. У бизни тушкунликка солишни истайди. Биринчи асрдаги масиҳчилар бу ҳақда қуйидагича огоҳлантирилган: «Исо гуноҳкорлар томонидан қаттиқ қаршиликка учраб, сабр-тоқат қилди. Сизлар шу ҳақда фикр қилинг, токи тинкангиз қуриб, руҳингиз тушиб кетмасин» (Иброн. 12:3).
12. Руҳий тушкунликда бўлганларга нима ёрдам бера олади?
12 Сиз ҳам гоҳ-гоҳ сусайиб, руҳан эзилаётганингизни ҳис қилганмисиз? Агар бундай бўлса, Шайтон ҳиссиётларингиздан фойдаланиб, Яҳовага хизмат қилишингизни тўхтатиб қўйишига йўл қўйманг. Муқаддас Китобни чуқур ўрганиш, самимий ибодатлар, йиғилишларга мунтазам қатнаш ва имондошлар билан мулоқот қилиш имонингизни мустаҳкамлаб, «руҳингиз тушиб кетмаслигига» кўмаклашади. Аллоҳ Яҳова, Унга сиғинаётгаларга куч-қувват бахш этишга ваъда бермоқда, Унинг ваъдаларига эса юз фоиз ишонсак бўлади (Ишаё 40:30, 31). Доимо Худонинг Шоҳлиги пайидан бўлинг. Кераксиз нарсаларга чалғимасдан, ўзгаларга ёрдам беришга эътиборингизни қаратинг. Дарҳақиқат, шундай йўл тутиб руҳий тушкунликдан халос бўласиз (Галат. 6:1, 2).
Янги дунё
13. Ҳор-Магидўндан омон қолганларни қандай иш кутмоқда?
13 Ҳор-Магидўндан сўнг миллионлаб тирилган одамларга Тангри Яҳованинг йўл-йўриқларини ўргатиш керак бўлади (Ҳавор. 24:15). Уларга Исонинг фидо бўлган ҳаёти қандай маънога эга эканини ва бундан қандай фойда олиш мумкинлигини тушунтириш лозим бўлади. Тирилганлар сохта таълимотларни рад этиб, олдинги турмуш тарзидан воз кечишларига тўғри келади. Боз устига улар, Худонинг хизматчиларини ажратиб турадиган янги табиатни ўзлаштиришлари даркор (Эфес. 4:22–24; Колос. 3:9, 10). Хуллас, ўша пайтда «бошқа қўйлар» ҳисобидан бўлганларнинг иши жуда кўп бўлади. Янги дунёда таъқиб ва сиқувлардан холи хизмат қилиш, нақадар қувончли бўлишини бир тасаввур қилинг-а!
14, 15. «Буюк қайғудан» омон қолганлар ва янги дунёда тирилганлар қайси мавзуларни баҳам кўришади?
14 Худога садоқатли хизмат қилган, аммо Исо ер юзига келишидан олдин вафот этганлар анча нарсаларни билиб олишади. Улар сабрсизлик ила кутган, аммо ҳеч кўрмаган Масиҳ тўғрисида қўшимча маълумотга эга бўлишади. Олдинги ҳаётлари давомида улар, Яҳовадан таълим олишга тайёр эканларини исботлашганди. Шунинг учун бу одамларга қўшимча таълим бериш, масалан Дониёр пайғамбарга, у ёзиб ўзи охиригача англамаган башоратлари қандай амалга ошганини тушунтириш қанчалар шарафлидир! (Дон. 12:8, 9).
15 Шубҳасизки тирилганларга нафақат таълим берамиз, балки уларга берадиган саволларимиз ҳам анчагина бўлса керак?! Улар бизга Муқаддас Китобда шунчаки эслатиб ўтилган воқеаларни батафсил гапириб беришади. Масалан Яҳё пайғамбардан Исо қилган ишларини янада чуқурроқ билиб олиш, нақадар ҳаяжонли бўлишини фақат ўйлаб кўринг-а?! Чиндан ҳам, улардан ўрганиб олганимиз, Муқаддас Китобга бўлган миннатдорчилигимизни янада оширади. Худонинг ушбу вафодор хизматчилари, шунингдек охирзамон пайтида оламдан ўтган имондошларимиз «аълороқ тирилишга» сазовор бўладилар. Зеро улар Яҳовага бўлган хизматини Шайтон бошқарган ёвуз дунёсидаёқ бошлашганди. Энди эса янги дунёда тирилиб, умуман бошқача шароитларда севимли Худосига хизматини давом эттиришдан қанчалар шодланишади! (Иброн. 11:35; 1 Юҳан. 5:19).
16. Башоратга кўра ҳукм куни қандай содир этилади?
16 Ҳукм куни пайтида янги китоблар очилади. Таврот, Забур ва Инжил билан биргаликда бу китоблар ҳукм қилинишга асос бўлиб, абадий ҳаётга ким муносиб эканини кўрсатишади (Ваҳий 20:12, 13 ўқиб беринг). Ҳукм куни якунида ҳар бир одам ҳукмдорлик масаласида шахсий қарор чиқариш остонасида туради. Одам ё Худо Шоҳлигининг тарафдори, ёки Самовий Шоҳликка қарши турадиганлар орасида бўлишни танлаши даркор (Ваҳ. 7:17; Ишаё 65:20). Ҳа, ўшанда ҳар бир кимсага гуноҳдан ва бу дунёнинг таъсиридан холи равишда, танлов қилиш имконияти берилади. Яҳова чиқарган адолатли қарорини ҳеч ким шубҳа остига қўя олмайди. Зотан фақат ўзгаришни истамайдиган ёвузларгина йўқ қилинади (Ваҳ. 20:14, 15).
17, 18. Мойланганлар ва «бошқа қўйлар» учун ҳукм куни қандай қувончли дамлар билан боғлиқ?
17 Мойланганлар Самовий Шоҳликка лойиқ деб топилиб, ҳукм кунида ўз ҳиссаларини қўшишига жуда интилишмоқда. Бу улар учун каттадан-катта шараф! Келажак вазифаларини обдан мулоҳаза қилиб, мойланганлар Бутруснинг қуйидаги маслаҳатига амал қилишга чорланмоқда: «Худо сизларни танлаганини ва даъват этганини билиб, бунга муносиб бўлмоқ учун яна астойдил ҳаракат қилинглар. Бу йўлни тутсангиз, ҳеч вақт қоқинмайсизлар. Шундай қилиб, Раббимиз ва Халоскоримиз Исо Масиҳнинг абадий Шоҳлигига кириш йўли сизларга кенг очилади» (2 Бутр. 1:10, 11).
18 «Бошқа қўйлар» мойланган биродарлари билан бирга қувониб, уларни қўллаб-қувватлашга қарорлари қатъийдир. Худонинг дўстлари сингари, «улкан оломон» сидқидилдан хизмат қилишга тайёрлар. Ҳукм куни пайтида Исо уларни «оби ҳаёт булоқларига олиб борганида», Худонинг қарорларини қўллашганидан беҳад хурсанд бўладилар. Ва ниҳоят, улар Худованд Яҳовага то абад хизмат қилишга лойиқ деб топиладилар! (Рим. 8:20, 21; Ваҳ. 21:1–7).
Эслай оласизми?
• Исонинг мол-мулкига нима киради?
• Қандай қилиб «улкан оломон» гуруҳи мойланган масиҳчиларни қўллаб- қувватлашмоқда?
• «Улкан оломон» қандай шарафли истиқболга эга?
• Ҳукм кунини қанақа тасаввур қиласиз?
[25- саҳифадаги расм]
«Улкан оломон» «либосларини ювиб, Қўзининг қони билан оқартирганлар»
[27- саҳифадаги расм]
Тирилганлар билан қайси мавзуларни баҳам кўришни истар эдингиз?