Худонинг бой эҳсонларини парвариш қиляпмизми?
Бир-бирингизни биродарларча, самимий муҳаббат билан севинглар. Бир-бирингизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилинглар. РИМ. 12:10
1. Худо бизни нимада ишонтиряпти?
БИЗ замона охирида яшаётганимиз туфайли турли қийинчиликларга дуч келяпмиз. Бироқ Тангримиз Яҳова, Каломи орқали албатта ёрдам беришига ишонтиряпти. Масалан, Муқаддас Китобда қуйидагилар ёзилган: «Барча йиқилаётганларга Худованд мадад берар, ҳар бир қадди букилганни У ростлар. У эзилган кўнгилларни даволаб, яраларига малҳам суртади» (Заб. 144:14; 146:3). Ҳа, Парвардигоримиз Яҳова қўрқмаслигимиз кераклигини айтмоқда. Чунки У, гўёки қўлимиздан етаклаётгандек ҳамиша ёрдам беради (Ишаё 41:13).
2. Яҳованинг ёрдам бериш усуллари қандай?
2 Хўш, Яҳова қайси маънода қўлимиздан етаклаяпти? Ва қандай қилиб «ҳар бир қадди букилганни У ростлаяпти»? Гап шундаки, Яҳова бизга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр. У муқаддас руҳи орқали Ўз хизматчиларига «олий қудрат» бахш этади (2 Кор. 4:7; Юҳан. 14:16, 17). Қолаверса, Муқаддас Китобдан ҳам тасалли оламиз (Иброн. 4:12). Яҳова яна қандай қилиб бизга далда беряпти? Ҳаворий Бутруснинг мактубидан жавоб топсак бўлади.
Аллоҳнинг инояти
3. а) Синовлар тўғрисида Бутрус нима деган? б) Бутруснинг биринчи мактубида яна нималар муҳокама қилинади?
3 Мойланган масиҳчиларнинг қувонишга асослари бор. Чунки уларни келажакда зўр мукофот кутяпти. Аммо Бутрус: «Турли васвасалар туфайли бироз қайғуришингизга тўғри келади»,— деб огоҳлантирган (1 Бутр. 1:1–6). Оятдаги «турли» сўзи, синовлар ҳар хил бўлишига ишора қиляпти. Бутруснинг мактубида шунингдек, улар бу синовларни албатта енга олишлари ҳамда Яҳова Ўз хизматчиларини асло тарк этмаслиги ҳақида ёзилган. Ушбу мактубининг иккинчи қисмида эса охирзамонга боғлиқ яна бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинади (1 Бутр. 4:7).
4. Бутруснинг биринчи мактубидаги маслаҳат нима учун бизга тасалли?
4 Бутрус шундай маслаҳат берган: «Худо сизларга ҳар турли қобилият берган. Ҳар бирингиз шу қобилиятингизни ишга солиб, бир-бирингизга хизмат қилинглар, Худонинг бой эҳсонларини парвариш қилувчилар каби кун кечиринглар» (1 Бутр. 4:10). Эътибор берган бўлсангиз, бу оятда ҳам «турли» сўзи қўлланиляпти. Яъни, синовлар хилма-хил бўлиши мумкин-у, аммо Яҳованинг инояти ҳам турличадир. Ахир, бу чинакам тасалли эмасми?! Чунки бошимизга қандай машаққат тушмасин, айнан керакли ёрдамни Яҳова ўз пайтида етказади. Қандай қилиб дерсиз? Худо Ўз иноятини хизматчилари орқали намоён этади.
«Бир-бирингизга хизмат қилинглар»
5. а) Ҳар биримиздан нима кутилади? б) Қандай саволлар юзага келиб чиқяпти?
5 Бутрус имонлилар жамоатига: «Аввало бир-бирингизни ихлос билан севинглар»,— дея ёзган. Давом этиб шундай деди: «Худо сизларга ҳар турли қобилият берган. Ҳар бирингиз шу қобилиятингизни ишга солиб, бир-бирингизга хизмат қилинглар» (1 Бутр. 4:8, 10). Демак, ҳар биримиз имондошларимизга далда беришимиз муҳим. Яҳова қадрли бўлган нарсани бизга ишониб топширган ва уни ўзгалар билан баҳам кўришимиз керак. Хўш, бизга нима ишониб топширилган экан? Аллоҳимиз ҳар биримизга турли қобилият ато этган. «Бир-биримизга хизмат қилишда» уларни қандай қўллашимиз мумкин?
6. Масиҳчиларга ишониб топширилган айрим ҳадяларни санаб ўтинг.
6 Аллоҳ Каломида шундай айтилган: «Ҳар бир неъмат, ҳар бир мукаммал ҳадя юқоридан» (Ёқб. 1:17). Чиндан ҳам барча ҳадяларни Яҳованинг иноятидек қабул қилсак яхши бўлади. Булардан бири муқаддас руҳ бўлиб, унинг ёрдамида севги, хайрихоҳлик ҳамда мулойимлик каби фазилатларни ривожлантира оламиз. Бу хислатлар эса имондошларимизга самимий муносабат ила ёрдам беришга бизни ундайди. Боз устига муқаддас руҳ орқали ҳақиқий донолик ва билимга эга бўламиз (1 Кор. 2:10–16; Галат. 5:22, 23). Хуллас, Яҳованинг ҳадяси бўлган куч, қобилият ва истеъдодимизни Уни улуғлаш учун ишлатайлик! Қисқаси, қобилияту фазилатларимизни шундай қўллашимиз керакки, токи имондошларимизга ҳам Парвардигоримизнинг инояти тарқалсин.
Қобилиятларни ишга солиш усуллари
7. а) Бутрус яна нимани таъкидлаган? б) Ўзимизга қанақа саволлар беришимиз керак ва нега?
7 Бутрус: «Худо сизларга ҳар турли қобилият берган... шу қобилиятингизни ишга солиб, бир-бирингизга хизмат қилинглар»,— деб бекор айтмаган. Зеро қобилияту фазилатларимиз ҳар хил бўлибгина қолмай, уларни намоён этиш усуллари ҳам турличадир. Бундан ташқари, уларни тобора ривожлантиришимиз даркор. Шу боис ўзимизни қуйидаги сўроқлар асосида текшириб кўрайлик: «Имондошларимга далда бериш учун Аллоҳ ато этган ҳадялардан фойдаланяпманми?» (1 Тимўтийга 5:9, 10 солиштиринг). «Ёки қобилиятларимни бойиш ва обрў орттириш, яъни ўз манфаатимни кўзлаб ишга соляпманми?» (1 Кор. 4:7). Агар биринчи саволга “ҳа” дея жавоб бера олсак, демак Яҳовани қувонтиряпмиз (Ҳик. 19:17; Ибронийларга 13:16 ўқиб беринг).
8, 9. а) Масиҳчиларнинг бир-бирига хизмат қилиш усулларини келтиринг. б) Жамоатингизда қанақа ўзаро ёрдамни кўряпсиз?
8 Биринчи асрдаги масиҳчиларнинг ўзаро ёрдами турлича бўлгани ҳақида Худонинг Каломида баён этилган (Римликларга 15:25, 26; 2 Тимўтийга 1:16–18 ўқиб беринг). Шу сингари, бугунги масиҳчилар ҳам чин юракдан ушбу амрга итоат қилмоқдалар. Келинг, бундай усуллардан айримларига диққат қаратайлик.
9 Йиғилишларга тайёргарлик кўришга биродарлар кўп вақт сарфлашади. Кейин эса шу билимларини жамоат учрашувида донолик ила баҳам кўриб, тингловчиларга далда беришади (1 Тим. 5:17). Самимийлик ва ҳамдардлик билан танилган биродару опа-сингилларимизни айтмайсизми! (Рим. 12:15). Сиқилиб юрганларникига тез-тез бориб, бирга ибодат қиладиганлар ҳам бор (1 Салон. 5:14). Баъзилар эса, имондошларининг руҳини кўтариш ниятида меҳр ила уларга хат ёзишади. Шунингдек, йиғилишга келишга қийналадиганларга ёрдам берадиганлар ҳам кам эмас. Табиий офат дастидан талафот кўрган имондошларининг уйларини тиклашда, минглаб Яҳованинг Шоҳидлари иштирок этишяпти. Чиндан ҳам ғамхўр биродару опа-сингилларимизнинг амалий ёрдами «Худонинг бой эҳсонларидир» (1 Бутрус 4:11 ўқиб беринг).
Нима муҳимроқ?
10. а) Худога бўлган хизматнинг қайси икки жиҳатини Павлус таъкидлаган? б) Павлусдан қандай ўрнак олишимиз мумкин?
10 Шуни айтиш жоизки, Аллоҳ Ўз хизматчиларига ҳам ҳадяларни, ҳам хушхабарни ваъз қилишни топширган. Масалан, ҳаворий Павлус хизматининг ушбу икки жиҳати ҳақида айтиб, Худонинг иноятини уларга ҳам етказиши кераклигини Эфес жамоатига ёзган. Зеро бу уларнинг манфаатига хизмат қиларди (Эфес. 3:2). Боз устига у, хушхабарни ваъз қилиш учун Худо номукаммал кишиларни лойиқ кўрганини таъкидлаган (1 Салон. 2:4). Бизга шундай масъулиятли вазифа ишониб топширилган экан, Павлуснинг ўрнагига тақлид қилиб, ғайратимизни сусайтирмайлик (Ҳавор. 20:20, 21; 1 Кор. 11:1). Ҳа, хушхабарни эълон этиб, одамларнинг қутулишига ёрдам берамиз, аммо Худодан олган ҳадяларни имондошларимиз билан баҳам кўришни унутмайлик (Римликларга 1:11, 12; 10:13–15 ўқиб беринг).
11. Ваъз қилишга ва имондошларимизни қўллаб-қувватлашга муносабатимиз қанақа бўлиши керак?
11 Хўш, масиҳчиларнинг хизматида нимани муҳимроқ деса бўлади? Буни худди қушнинг икки қанотига ўхшатиш мумкин. Ахир учиш учун қушга бир қанот етарли эмас-ку! Бинобарин, масиҳчилар Бутрус ва Павлус тан олганидек, хизматнинг иккала жиҳатини ҳам бирдек кўришади. Чунончи ваъз қилиш топшириғи билан имондошларимизни қўллаб-қувватлаш ўзаро боғлиқдир. Уларнинг қандай ўхшашлиги бор?
12. Қандай шарафли ишлар бизга топширилган?
12 Ҳаёт бахш этадиган хабар одамларнинг қалбига етиши учун барча қобилиятларимизни ишга солишга уринмоқдамиз. Нега деганда, улар ҳам Исонинг издоши бўлишларини истаймиз. Шу билан биргаликда биродару опа-сингилларимизга сўз ва ишларимиз билан далда бериш учун олган қобилияту ҳадяларни аямаймиз (Ҳик. 3:27; 12:25). Натижада, улар ҳақиқат йўлида собит қолишади. Дарҳақиқат, имондошларимизни қўллаб-қувватлашни ҳам, ваъз қилишни ҳам катта шараф деб билайлик! (Галат. 6:10).
«Бир-бирингизни... севинглар»
13. Бир-биримизга хизмат қилмаслик нимага олиб келади?
13 Инжилда қуйидаги маслаҳатни ўқиймиз: «Бир-бирингизни биродарларча, самимий муҳаббат билан севинглар. Бир-бирингизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилинглар» (Рим. 12:10). Ҳа, самимий севги бизни ҳамиша имондошларимизга ёрдам беришга ундайди. Шуни унутмайликки, Шайтоннинг нияти иноқлигимизни бузиб, орамизга совуқчилик туширишдир (Колос. 3:14). Бу эса воизликда ғайратимизни сусайтириши ҳам ҳеч гап эмас. Модомики, битта қанот шикастланса ҳам қуш уча олмаслигини Шайтон яхши билади.
14. Бир-биримизга хизмат қилишдан қандай фойда кўрамиз? Мисол келтиринг.
14 Биттаси бировга яхшилик қилса, бундан иккаласи ҳам Худонинг иноятини кўради (Ҳик. 11:25). Мисол тариқасида Иллинойс штатида (АҚШ) яшовчи Райан ва Ронини олайлик. Бир куни, «Катрина» бўрони туфайли юзлаб Яҳова Шоҳидларининг уйлари яксон бўлганини улар билиб қолишди. Биродарларга ёрдам берамиз, деб бу эру хотин ишдан бўшаб, ўз уйларини ташлаб кетишди. Шундан сўнг, 1 400 километр нарида жойлашган Луизианага бориш учун эскироқ юк машинасини сотиб олиб, уни тузатишди. Улар вақт, куч ва маблағларини аямай, у ерда бир йилдан ортиқ биродарларга ёрдам беришда жон куйдиришди. 29 ёшли Райан шундай бўлишди: «Бундай ишда қатнашиб, Худо билан муносабатим янада мустаҳкамланди. Қолаверса, Яҳова Ўз халқини тарк этмай, ғамхўрлик қилишини яққол кўрдим. Ёши катта биродарлардан эса имондошларга чинакам ёрдам қанақа бўлишини ўргандим. Ҳа, Яҳованинг ташкилотида ёшлар учун анчагина иш бор экан». 25 га тўлган рафиқаси Рони эса бундай деди: «Ўзгаларга ёрдамим теккани учун, Отажоним Яҳовадан жудаям миннатдорман. Умримда ҳали бундай бахтни ҳис қилмаганман. Бу ишда орттирган тажрибам келажакда ҳам асқатишига аминман».
15. Худонинг бой эҳсонларини парвариш қилишга қандай сабаблар бор?
15 Ваъз қилиш ва имондошларга далда бериш амрига бўйсуниб, ҳаммамиз фойда кўряпмиз. Негаки, ёрдам олган маънан мустаҳкамланади, ёрдам кўрсатган эса беришнинг бахтиёрлигини ҳис этади (Ҳавор. 20:35). Масиҳчилар севги ила ўзаро ғамхўрлик қилишса, жамоатдаги муносабатлар янада илиқлашади. Бундан ташқари, мана шу айтилганларнинг барини амалда қўллаб, биз Худонинг ҳақ хизматчилари эканимизни исботлаймиз. Бу борада Исо зўр маслаҳат берган: «Агар орангизда муҳаббат ҳукмрон бўлса, сизлар Менинг шогирдларим эканингизни ҳамма шундан билиб олади» (Юҳан. 13:35). Бироқ энг асосийси — бундай ҳаракатлар билан Яҳова Таолони олқишлаган бўламиз. Зеро ушбу ишларимиз орқали тасаллига муҳтож бўлганларни қўллаб-қувватлай оламиз. Бу эса Эгамизнинг хоҳиш иродасидир. Кўриб чиққанимиздек, «Худонинг бой эҳсонларини парвариш қилишга» кўп сабабларимиз бор. Келинг, қобилиятларимиздан ҳамиша оқилона фойдаланайлик! (Ибронийларга 6:10 ўқиб беринг).
Ёдингиздами?
• Яҳова Ўз хизматчиларини қай йўсин қўллаб-қувватлайди?
• Бизга нима ишониб топширилган?
• Имондошларга қандай хизмат қилишимиз мумкин?
• Бир-биримизга хизмат қилишни давом эттиришга нима ундайди?
[13- саҳифадаги расмлар]
«Ҳадялардан» қандай фойдаланяпмиз?
[15- саҳифадаги расмлар]
Хушхабарни баҳам кўрамиз ва имондошларга ёрдамлашамиз
[16- саҳифадаги расм]
Ёрдам кўрсатишда жон куйдирганларга балли деймиз!