Севинч илоҳий фазилатдир
ТАБИИЙКИ, одамлар хурсанд бўлиб яшашни истайди. Аммо ушбу охирзамонда ҳар бир киши «ниҳоятда оғир» қийинчиликларга дуч келмоқда. (2 Тим. 3:1) Адолатсизлик, соғлиқ муаммолари, ишсизлик, тушкунлик ва бошқа ташвишлару қайғулар туфайли баъзилар аста-секин севинчини йўқотмоқда. Ҳатто Худонинг хизматчиси ҳам тушкунликка тушиб, қувончидан маҳрум бўлиши ҳеч гап эмас. Агар сиз билан ҳам шундай бўлган бўлса, қандай қилиб яна севина оласиз?
Ушбу саволга жавоб топишдан аввал аслида ҳақиқий севинч нима эканини ва бошқалар қийинчиликларга қарамай қай йўсин уни сақлаб қолишганини кўриб чиқайлик. Шунингдек, севиниб яшаш ва ҳатто қувончимизга қувонч қўшиш учун нима қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз.
СЕВИНЧ БУ НИМА?
Биз севинчни шунчаки шодлик ва хурсандчилик билан адаштирмаслигимиз лозим. Масалан, кўп ичиб олганидан кейин маст кишининг кайфияти чоғ бўлади. Аммо ўзига келгач, у кулмайди ва яна қайғу ҳамда ташвишга тўла ҳаётига қайтади. Унинг бир лаҳзалик хурсандчилиги ҳақиқий севинч эмасди. (Ҳик. 14:13)
Бундан фарқли ўлароқ, севинч қалбда чуқур илдиз отган фазилатдир. Бу фазилатга «бирон-бир яхши нарсага эга бўлиш ёки уни кутишда пайдо бўладиган туйғу», деб таъриф берилган. Севинч вазият ёмон ёки яхши бўлишидан қатъи назар, ўзгармайдиган хурсандчилик ва мамнунлик ҳолатидир. (1 Салон. 1:6) Тўғри, одамнинг нимадандир руҳи тушиши мумкин, лекин барибир қалбида севинчни ҳис этади. Масалан, ҳаворийлар Масиҳ ҳақида гапиргани учун саваланганди. Аммо улар «Исонинг исми учун ҳақоратга сазовор бўлдик, деб Олий Кенгашдан суюниб чиқиб кетишди». (Ҳавор. 5:41) Албатта, улар савалангани учун хурсанд бўлмаган, балки Худонинг хизматчилари сифатида Унга содиқ қолганидан ҳақиқий севинчни ҳис этган.
Биз бундай севинч билан туғилмаганмиз ва у ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Нега? Сабаби, ҳақиқий севинч муқаддас руҳ самарасидир. Худонинг муқаддас руҳи ёрдамида севинч фазилатини ўз ичига олувчи «янги ўзликка» бурканишимиз мумкин. (Эфес. 4:24; Галат. 5:22) Севинчни ривожлантирганда ташвишлар билан курашишимиз осонроқ бўлади.
ТАҚЛИД ҚИЛИШГА АРЗИГУЛИК МИСОЛЛАР
Худо ерни биз бугун тез-тез гувоҳи бўлаётган ёмон нарсалар эмас, балки яхши нарсалар учун яратган. Аммо одамларнинг ёвуз ишлари Яҳовани севинчидан маҳрум қилмади. Муқаддас Китобда: «Қудрат ва шодлик Унинг маконидадир»,— деб айтилган. (1 Сол. 16:27) Бундан ташқари, хизматчилари қилаётган яхши ишлар ҳам Яҳованинг қалбини қувонтиради. (Ҳик. 27:11)
Ишлар кутгандек бўлмаса, Яҳовага тақлид қилиб ҳаддан ортиқ ташвишланмаслигимиз керак. Севинчимизни йўқотишдан кўра, ҳозир эга бўлган яхши нарсаларга диққат қаратиб, келажакда ишлар янада яхшироқ бўлишига сабр-тоқат қилишимиз лозимa.
Қийинчиликларга қарамай, севинчини сақлаб қолган кўплаб инсонларнинг мисолини Муқаддас Китобдан ўқишимиз мумкин. Мисол учун, Иброҳим ҳаётига хавф туғдирган вазиятларга ва бошқалар томонидан қийинчиликларга дуч келган. (Ибт. 12:10–20; 14:8–16; 16:4, 5; 20:1–18; 21:8, 9) Бундай босимларга қарамай, у қалбида севинчни йўқотмаган. Қанақасига? Иброҳим Масиҳий Шоҳлик бошқаруви остида янги дунёда яшаш умидини ёдида сақлаган. (Ибт. 22:15–18; Иброн. 11:10) Исо у ҳақида шундай деган: «Отангиз Иброҳим мен қилаётган ишларни кўришга умид боғлаб, жуда қувонганди». (Юҳан. 8:56) Биз ҳам келажакдаги севинч ҳақида фикр юритиб, Иброҳимга тақлид қилишимиз мумкин. (Рим. 8:21)
Иброҳим сингари, ҳаворий Павлус ва унинг ҳамкори Сила ҳам диққатини Худонинг ваъдаларига қаратишган. Улар кучли имонга эга эди ва салбий вазиятларга дуч келишса ҳам, хурсандчилигини йўқотишмаган. Масалан, уларни роса савалаб, қамоқхонага ташлашганидан кейин улар «ярим кечада ибодат қилиб, Аллоҳга ҳамду санолар куйлаб ўтиришган». (Ҳавор. 16:23–25) Қолаверса, Павлус ва Сила умидидан куч олиб, Исонинг исми учун азоб чекишганидан хурсанд эди. Биз ҳам уларга эргашган ҳолда Худога садоқат ила хизмат қилиш туфайли келадиган баракаларни ёдда тутишимиз мумкин. (Филип. 1:12–14)
Бугун ҳам қийинчиликлар қаршисида хурсандчиликни сақлаб қолаётган кўпгина қадрдон имондошларимиз бор. Масалан, 2013 йили Филиппин марказига ёпирилган шиддатли «Хайян» тайфуни 1 000 дан ошиқ Яҳова Шоҳидларининг уйини вайрон қилди. Таклобан шаҳрида уйини сув оқизиб кетган Жорж шундай деди: «Бўлиб ўтганларга қарамай, биродарларимиз хурсанд. Ҳис қилаётган қувончимни тасвирлашга тил ожиз». Ҳа, Яҳова биз учун нима қилгани борасида миннатдорчилик ила фикр юритсак, ҳар қандай қийинчиликка дуч келганда хурсанд бўлиб қола оламиз. Хўш, хурсанд бўлишимиз учун Яҳова нима қилди?
ХУРСАНД БЎЛИШ УЧУН САБАБЛАР
Худо билан шахсий муносабатларга эга эканимиз хурсанд бўлишимиз учун энг яхши сабабдир, шундай эмасми?! Бир ўйлаб кўринг: биз Сарвари Коинотни яқиндан биламиз. У Отамиз, Худойимиз ва Дўстимиздир. (Заб. 71:17, 18)
Шунингдек, биз ҳаёт туҳфасини ва роҳат кўриб яшаш қобилиятини қадрлаймиз. (Воиз 3:12, 13) Онгли мавжудотлар сифатида Яҳова бизни Ўзига жалб қилган. Шу сабабли, биз учун Унинг иродаси нимадан иборат эканини тушунамиз. (Колос. 1:9, 10) Шунинг учун ҳам, ҳаётимизда ҳақиқий маъно ва мақсад бор. Кўп инсонлар эса ҳаётнинг мазмуни нимада эканини тушунмайди. Павлус буни қуйидагича таъкидлаган: «“Аллоҳ Уни севганлар учун нималарни тайёрлаб қўйганини кўз ҳам кўрмаган, қулоқ ҳам эшитмаган ва одамнинг хаёлига ҳам келмаган”. Бизга эса Тангри буларни Ўз руҳи орқали очиб берди». (1 Кор. 2:9, 10) Яҳованинг иродаси ва мақсадини англаганимиздан наҳот севинчга тўлмасак?!
Яҳова хизматчилари учун яна нималар қилгани борасида ўйлаб кўринг. Гуноҳларимиз кечирилиши мумкинлигини билишдан бахтиёрмиз, шундай эмасми?! (1 Юҳан. 2:12) Худонинг марҳамати туфайли яқинда бўладиган янги дунёда яшаш умидига эгамиз. (Рим. 12:12) Ҳозирнинг ўзида Яҳова туфайли азиз имондошларимиз бор. (Заб. 133:1) Бундан ташқари, Муқаддас Китобдан шуни билиб оляпмизки, Яҳова Ўз халқини Шайтон ва унинг жинларидан ҳимоя қилади. (Заб. 91:11) Аллоҳнинг ушбу баракалари устида мулоҳаза юритсак, хурсандчилигимиз янада ошганини сезамиз. (Филип. 4:4)
ХУРСАНДЧИЛИГИМИЗНИ ҚАНДАЙ ОШИРСАК БЎЛАДИ?
Биз янада кўпроқ севина оламизми? Исо қуйидагича айтган: «Сизлар менда бор бўлган қувончни тўлалигича ҳис этинг деб, буларни сизларга айтяпман». (Юҳан. 15:11) Бу сўзлардан биз хурсандчилигимизни оширишимиз мумкинлиги кўриняптими? Хурсандчиликни оширишни оловни алангалатиб туриш билан солиштирса бўлади. Олов ўчмаслиги учун унга ўтин ташлаб туриш керак. Шунга ўхшаб, қувончингизни ошириш учун маънан озиқланишингиз зарур. Унутмангки, севинч муқаддас руҳ самарасидир! Шундай экан, Яҳовадан доим муқаддас руҳ сўраб ва Унинг Каломи устида ибодат ила мулоҳаза юритиб хурсандчилигингизни оширишингиз мумкин. (Заб. 1:1, 2; Луқо 11:13)
Бунинг устига, Яҳовани мамнун этадиган ишлар билан банд бўлиб янада кўпроқ севина оласиз. (Заб. 35:27; 112:1) Нега деганда, биз Аллоҳдан қўрқиш, Унинг амрларига риоя қилиш учун яратилганмиз ва бу «инсоннинг бурчидир». (Воиз 12:13) Бошқача қилиб айтганда, биз Худонинг иродасини бажариш учун яратилганмиз. Шу сабабли, Яҳовага хизмат қилганимизда завқ-шавққа тўлишимиз табиийb.
СЕВИНЧНИНГ ИЖОБИЙ ТАЪСИРИ
Илоҳий севинчни ривожлантирганимиз сайин ичимизда ўзимизни қандай ҳис қилаётганимиздан кўпроқ фойдани сезамиз. Масалан, қандай муаммо бўлишидан қатъи назар, осмондаги Отамизга қувонч ила хизмат қилганимизда, Уни яна ҳам мамнун этамиз. (Қонун. 16:15; 1 Салон. 5:16–18) Қолаверса, ҳақиқий қувончга эга бўлганимиз туфайли пулпарастликдан қочиб, Худонинг Шоҳлиги учун кўпроқ фидойилик кўрсатиш йўлларини излаймиз. (Мат. 13:44) Бунинг натижасида олган баракаларимиз туфайли янада қувончга тўлиб, ўзимизни яхшироқ ҳис этамиз ва бошқаларга ҳам хурсандчилик улашамиз. (Ҳавор. 20:35; Филип. 1:3–5)
«Агар ҳозир ҳаётингиздан хурсанд ва мамнун бўлсангиз, келажакда соғлом бўлишингиз эҳтимолдан йироқ эмас». Қўшма Штатлардаги Небраска Университети тадқиқотчиси соғлиққа оид бир неча изланишларни кузатгач, мазкур сўзларни айтди. Ушбу сўзлар Муқаддас Китобдаги қуйидаги оятга уйғундир: «Шод юрак шифобахш малҳамдайдир». (Ҳик. 17:22) Ҳа, хурсандчилигингиз ошгани сайин жисмоний соғлиғингиз ҳам яхшиланиши турган гап.
Ибодатда муқаддас руҳ сўраб, тадқиқ ўтказиб ва Муқаддас Китоб борасида фикр юритиб, қийинчиликларда ҳам ҳақиқий ва абадий қувончи сақлаб қола оламиз. Бундан ташқари, баракаларимиз устида мулоҳаза юритиб, бошқаларнинг имонига тақлид қилиб ва Худонинг иродасини бажариш пайида бўлиб қувончимизга қувонч қўша оламиз. Шунда, Забур 64:10 даги сўзлар чин эканига амин бўламиз: «Одил инсон Яҳова туфайли шод бўлиб, Унда паноҳ топади».
a Сабр-тоқат фазилати «муқаддас руҳ самараси» туркумидаги кейинги мақолаларда кўриб чиқилади.
b Хурсандчилигингизни янада ошириш учун «Қувончни оширишнинг бошқа йўллари» номли рамкага қаранг.