БИРИНЧИ БОБ
Худо тўғрисида ҳақиқат
1, 2. Кўпинча одамларда қандай саволлар пайдо бўлади?
БОЛАЛАР одатда кўп савол беришади. Эҳтимол, сиз тушунтириб беришга ҳаракат қиларсиз, аммо улар «Нега?» — дея яна савол беришади. Саволига жавоб берсангиз ҳам, кетидан: «Нимага?» — деган бошқа саволни беришади.
2 Ёшимиз нечада бўлишидан қатъи назар, ҳаммамизда саволлар туғилади. Масалан, бизда шундай саволлар пайдо бўлиши мумкин: «Нима еймиз? Нима киямиз? Нима сотиб оламиз?» Ёки ҳаёт ва келажагимиз борасида муҳим саволлар туғилар. Аммо саволларимизга қониқарли жавоб тополмагач, уларга жавоб изламай қўйишимиз мумкин.
3. Нима учун аксар инсонлар муҳим саволларга жавоб топиш имконсиз деб ўйлашади?
3 Бу каби муҳим саволларга жавоб топишнинг имкони борми? Аксар инсонлар: «Ёлғиз Худо бу саволларнинг жавобини билади, биз ким бўлибмизки Унинг ишига аралашсак?!» — дейишади. Бошқалар эса: «Бу саволларнинг жавобини фақат диний устозлар ёки илоҳиётшунослар билади»,— деб ўйлашади. Яна бировлар жавобни билмаслигини тан олишга уялишади. Сиз нима деб ўйлайсиз?
4, 5. Қандай муҳим саволларга жавоб топишни истайсиз? Нима учун жавоб топишдан тўхтамаслигингиз керак?
4 Балки сиз ҳам: «Ҳаётнинг мазмуни нимада? Ўлимдан кейин нима бўлади? Худо аслида қанақа?» — деган муҳим саволларга жавоб топишни хоҳлаётгандирсиз. Исо пайғамбар шундай деган: «Сўраб туринглар ва сизларга берилади, излаб туринглар ва топасизлар, тақиллатиб туринглар ва сизларга эшик очилади». (Матто 7:7) Қониқарли жавоб топмагунча излашдан тўхтаманг.
5 Агар «излаб турсангиз», Аллоҳнинг Каломидан албатта жавобини топасиз. (Ҳикматлар 2:1–5) Бу жавобларни тушуниш унчалик қийин эмас. Билиб олганларингиз ҳозирнинг ўзида бахтли ҳаёт кечиришга ёрдам беради ва келажакка нисбатан ажойиб умид бахш этади. Келинг, авваламбор кўпларни ташвишга солаётган бир масалани кўриб чиқайлик.
ХУДОВАНД РАҲМОНУ МЕҲРИБОНДИР
6. Нимага баъзилар Худонинг бизга раҳми келмайди, деб ўйлайди?
6 Кўпчилик Худо инсонларга ғамхўрлик қилмайди, деб ўйлайди. Баъзилар эътироз билдириб: «Агар Худо раҳмдил бўлганида, ҳаёт умуман бошқача бўлмасмиди?» — деб таъкидлашади. Ҳа, атрофимизга нигоҳ ташласак уруш, нафрат ва кулфатларни кўрамиз. Одамлар касал бўлади, азоб-уқубат чекиб охири ўлади. Баъзилар ҳайрон қолиб: «Агар Худонинг бизга раҳми келса, нега азоб-уқубатларга чек қўймаяпти?» — дейишади.
7. а) Бирорта фожиа юз берса, дин раҳбарлари нима деб айтишади? б) Нега Худо ёмон ишларга сабабчи эмас дея оламиз?
7 Баъзида дин раҳбарлари одамлар Худони раҳмсиз деб билишларига сабабчи бўлишади. Бирорта фожиа юз берса, улар бу Аллоҳнинг иродаси ёки У юборган синов эканини таъкидлашади. Бундай сўзлар билан улар Худони айблашади. Аммо Муқаддас Китобда Худо асло ёмонлик қилмаслиги ҳақида айтилган. Ёқуб 1:13 да Худо ҳеч кимни ёмонлик билан синамаслиги ҳақида шундай ёзилган: «Синовга дучор бўлганда ҳеч ким: “Мени Худо синаяпти”,— деб айтмасин. Чунки Аллоҳни ҳеч ким ёмонлик билан синай олмайди, Унинг Ўзи ҳам ҳеч кимни ёмонлик билан синамайди». Демак, Худо содир бўлаётган ёмон ишларга йўл қўйса-да, У асло уларнинг сабабчиси эмас. (Аюб 34:10, 12 ни ўқинг.) Буни тушуниш учун, келинг, бир мисолни кўриб чиқайлик.
8, 9. Нима учун муаммоларимизда Худони айблаш адолатдан бўлмасди? Мисол келтиринг.
8 Тасаввур қилинг, вояга етган ўғил ота-онаси билан битта уйда яшайди. Отаси ўғлини қаттиқ яхши кўради, унга тўғри қарорлар чиқаришни ўргатади. Бир куни бу ўғил отасига қарши чиқиб, уйдан кетади. Отаси унга тўсқинлик қилмайди. Ўғли ёмон йўлга кириб кетиб, кўп муаммолар орттириб олади. Ўғли шундай аҳволга тушгани учун отани айблаган бўлармидингиз? Албатта, йўқ! (Луқо 15:11–13) Шунга ўхшаб, одамлар Худога қарши чиқиб, ёмон йўлни танласа, Худо уларга тўсқинлик қилмайди. Шундай экан, ёмон воқеалар содир бўлганида, Худо уларнинг сабабчиси эмаслигини ёдда тутишимиз керак. Бунда Худони айблаш адолатдан бўлмасди.
9 Фожиалар юз беришига йўл қўйиш учун Худода асосли сабаб бор. Бу сабаб тўғрисида Муқаддас Китобда нима дейилгани ҳақида 11- бобдан билиб оласиз. Аммо шунга амин бўлингки, Худо бизни яхши кўради, муаммоларимизда Унинг айби йўқ. Аксинча, ёлғиз У муаммоларимизни ҳал қила олади. (Ишаё 33:2)
10. Худо ёмон одамлар етказган барча зарарни йўқ қилишига нега ишонишимиз мумкин?
10 Худо муқаддасдир. (Ишаё 6:3) Бу дегани, Унинг барча ишлари тоза, пок ва яхшидир. Шундай экан, Унга бутунлай ишонишимиз мумкин. Инсонлар ҳақида эса бундай дея олмаймиз. Сабаби одам зоти гоҳида адашади. Ҳатто ҳалол сиёсатчилар ҳам ёмон одамлар келтираётган барча зарарни бартараф эта олишмайди. Бироқ Аллоҳ ҳамма нарсага қодир. Ёмон одамлар етказган зарарни йўқ қилишга Худонинг ҳам хоҳиши, ҳам қудрати бор. Худо ёвузликка батамом чек қўяди! (Забур 37:9–11 ни ўқинг.)
АЗОБ ЧЕККАНИМИЗДА ХУДО НИМАЛАРНИ ҲИС ҚИЛАДИ?
11. Сиз азоб чекканингизда Худо нималарни ҳис қилади?
11 Хўш, дунёда содир бўлаётган қайғули воқеаларни ҳамда ҳаётингиздаги қийинчиликларни кўрганида, Худо нималарни ҳис қилади? Муқаддас Китобда айтилишича, Аллоҳ «адолатни севади». (Забур 37:28) Демак, содир бўлаётган яхши ва ёмон ишларга Тангри бефарқ эмас. Одамлар азоб чекаётганини кўриш Унга оғриқ келтиради. Муқаддас Китобда қадимги дунё ёвузликка тўлиб-тошганида Худонинг «қалби эзилиб кетгани» ҳақида ёзилган. (Ибтидо 6:5, 6) Аллоҳ ўзгармаган. (Малаки 3:6) Муқаддас Китобда Худо сизга ғамхўрлик қилиши тўғрисида айтилган. (1 Бутрус 5:7 ни ўқинг.)
12, 13. а) Нега биз инсонларни севиб, уларга ғамхўрлик қиламиз ва дунёдаги азоб-уқубатларни кўрганимизда нимани ҳис қиламиз? б) Худо барча азоб-уқубат ва адолатсизликка чек қўйишига нима учун амин бўлишимиз мумкин?
12 Муқаддас Китобда, шунингдек, Худо бизни Ўзига монанд қилиб яратгани ҳақида ёзилган. (Ибтидо 1:26) Парвардигорнинг ажойиб фазилатлари борлиги сабабли, бизнинг ҳам ажойиб фазилатларимиз бор. Масалан, айбсиз одамлар азоб чекса раҳмингиз келмайдими? Агар уларга раҳмингиз келса, унда Аллоҳнинг янада кўпроқ раҳми келмайдими?! Буни қаердан биламиз?
13 Муқаддас Китобда: «Аллоҳнинг Ўзи севгидир»,— деб ёзилган. (1 Юҳанно 4:8) Худо барча нарсани севги ила қилади. Шунинг учун, биз ҳам севгини намоён қилишимиз мумкин. Бир ўйлаб кўринг: қўлингиздан азоблару адолатсизликка чек қўйиш келганида, шундай қилмасмидингиз? Албатта қилар эдингиз! Чунки сиз инсонларни яхши кўрасиз. Унда Худо ҳақида нима деса бўлади? Худонинг қўлида қудрат бор. У бизни яхши кўргани учун барча азоб-уқубат ва адолатсизликка чек қўяди. Бу китобнинг бошида айтиб ўтилган Худонинг барча ваъдалари амалга ошишига амин бўлишингиз мумкин! Аммо бу ваъдаларга бўлган ишончингиз ортиши учун Худо ҳақида кўпроқ билим олишингиз муҳим.
ХУДО УНИ ТАНИБ-БИЛИШИНГИЗНИ ХОҲЛАЙДИ
14. Худонинг исми нима ва нега Унинг исмини айтиб чақиришимиз керак?
14 Агар кимдир билан дўстлашмоқчи бўлсангиз, биринчи навбатда нимани айтасиз? Албатта исмингизни. Бироқ Худонинг исми борми? Аксар инсонлар Худонинг тўқсон тўққизта исми бор дейишади. Бошқалар эса Унинг исми «Аллоҳ» ёки «Худованд» деб айтишади, аммо бу Унинг шахсий исми эмас. Бу худди «шоҳ» ёки «президент» каби унвонлар, холос. Худо Унинг исми «Яҳова» эканини ошкор этмоқда. Забур 83:18 да: «Халқлар исминг Яҳова эканини, замин узра ёлғиз Сен Аллоҳ Таоло эканингни билиб олсин»,— деб айтилган. Муқаддас Китоб ёзувчилари Худонинг исмини минглаб маротаба қўллашган. Яҳова сиз ҳам Унинг исмини билишингизни ва Уни айтиб чақиришингизни хоҳлайди. У сиз билан дўстлашишни истаётгани учун сизга Ўз исмини айтмоқда.
15. «Яҳова» деган исм нимани англатади?
15 Худонинг исми чуқур маънога эга. «Яҳова» деган исм Худо барча ваъдалари ва мақсадларини амалга оширишини англатади. Ҳеч нарса Унга тўсқинлик қила олмайди. Ёлғиз Яҳова бу исмга лойиқa.
16, 17. а) «Қодир Тангри», б) «абадият Шоҳи», в) «Яратувчи» деган унвон нимани англатади?
16 Ваҳий 15:3 да шундай сўзларни ўқиймиз: «Қодир Тангри Яҳова, ишларинг буюк ва ажойибдир. Эй абадият Шоҳи, йўлларинг адолатли ва тўғридир». «Қодир Тангри» деган унвон нимани англатади? Бу унвон коинотда ҳеч ким куч-қудратда Яҳовага тенг кела олмаслигини билдиради. «Абадият Шоҳи» деган унвон эса У доим бор бўлганига ишора қилади. Забур 90:2 да У азалдан тоабад Худо экани тушунтирилган. Бу фикр кишини лол қолдиради!
17 Шунингдек, Яҳова танҳо Яратувчидир. Ваҳий 4:11 да шундай дейилган: «Эй Аллоҳимиз Яҳова, Сен шон-шараф ва куч-қудратни эгаллашга лойиқсан, чунки Сен бутун борлиқни яратдинг ва ҳамма нарса Сенинг ироданг ила яратилган ва мавжуддир». Хаёлингизга келган бутун борлиқ — самодаги кўзга кўринмайдиган фаришталару тунда порлайдиган юлдузлар, дарахтда ўсаётган мевалару дарёда сузиб юрган балиқлар — уларнинг барчасини яратган Яҳовадир!
ЯҲОВАНИНГ ДЎСТИ БЎЛА ОЛАСИЗМИ?
18. Нима учун баъзи инсонлар Худонинг дўсти бўлишнинг иложи йўқ деб ўйлашади? Муқаддас Китобда бу ҳақда нима дейилган?
18 Баъзилар Тангри Яҳованинг ҳайратомуз фазилатлари тўғрисида ўқиганида, шундай хаёлга боришади: «Аллоҳ шунчалик қудратли, муқаддас ва жуда олисда бўлса, мендай осий бир банда ҳақида ўйлармиди?!» Лекин Худо бундай ўйлашимизни истайдими? Йўқ, албатта! Яҳова биз билан дўст бўлишни истайди. Муқаддас Китобда Худо «ҳар биримизга яқин» экани ҳақида ёзилган. (Ҳаворийлар 17:27) Худо ваъда беряптики, агар сиз Унга яқинлашсангиз, У ҳам сизга яқинлашади. (Ёқуб 4:8)
19. а) Қандай қилиб Худонинг дўсти бўлишингиз мумкин? б) Яҳованинг қайси фазилати сизга айниқса ёқди?
19 Қандай қилиб Худонинг дўсти бўлишингиз мумкин? Исо пайғамбар шундай деган: «Абадий ҳаётга эга бўлиш учун, Сени — танҳо ҳақ Худони... таниб-билиш керак». (Юҳанно 17:3) Муқаддас Китобдан билим олишни давом эттиринг, шунда Яҳовани яхшироқ таниб-биласиз ва абадий ҳаётга эга бўласиз. Билиб олганимиздай, «Худо севгидир». (1 Юҳанно 4:16) Шунингдек, Унинг бошқа ажойиб фазилатлари бор. Муқаддас Китобда Яҳова «шафқатли ва раҳмдил, сабр-тоқатли, меҳр-садоқат ва ҳақиқатга бой Худо» экани ҳақида ёзилган. (Чиқиш 34:6) Яҳова «меҳрибон ва кечиримли». (Забур 86:5) У сабр-тоқатли ва садоқатли. (2 Бутрус 3:9; Ваҳий 15:4) Муқаддас Китобдан Яҳова ҳақида ўқиганингиз сайин, Унинг гўзал фазилатлари тўғрисида кўпроқ билиб оласиз.
20–22. а) Худони кўрмасангиз, Унга қандай яқинлаша оласиз? б) Баъзилар Муқаддас Китоб тадқиқини тўхтатишингизни хоҳласа, нима қилишингиз керак?
20 Худони кўрмасангиз, Унга қандай яқинлаша оласиз? (Юҳанно 1:18; 4:24; 1 Тимўтийга 1:17) Муқаддас Китобдан Яҳова ҳақида ўқиганингиз сайин, Унинг шахсиятини яхшироқ тушуниб борасиз. (Забур 27:4; Римликларга 1:20) Яҳова ҳақида қанчалик кўп ўргансангиз, Унга бўлган севгингиз шунчалик ошади ва Унга янада яқинлашасиз.
21 Худо бизга нафақат ҳаёт берган, балки ҳар бир меҳрибон ота каби ҳаётдан завқ олишимизни хоҳлайди. (Забур 36:9) Шу сабабли, Муқаддас Китоб Яҳовани самовий Ота деб билишимиз кераклигини ўргатяпти. (Матто 6:9) Ҳа, Муқаддас Китоб Яҳованинг дўсти бўла олишимизни ўргатмоқда. (Ёқуб 2:23) Бир тасаввур қилинг: коинотнинг Яратувчиси Яҳова сиз билан дўстлашишни истаяпти!
22 Баъзилар яхши ниятлар ила Муқаддас Китоб тадқиқини тўхтатишингизни хоҳлаши мумкин. Эҳтимол, улар динингизни ўзгартирасиз деб қўрқар. Аммо ҳеч ким Яҳованинг дўсти бўлишингизга тўсқинлик қилишига йўл қўйманг. Чунки У дунёдаги энг яхши Дўст.
23, 24. а) Нима учун савол беришдан уялмаслигимиз керак? б) Кейинги бобда нима тўғрисида билиб оламиз?
23 Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётганингизда, баъзи нарсаларни тушунмаслигингиз мумкин. Савол беришдан ёки ёрдам сўрашдан уялманг. Исо пайғамбар болалар каби камтарин бўлишга ундаган. Чунки болалар жуда кўп савол беришади. (Матто 18:2–4) Худо эса саволларимизга жавоб бермоқчи. Шундай экан, Муқаддас Китобни синчковлик билан тадқиқ қилиб, билиб олган нарсаларингиз ҳақиқат эканига амин бўлинг. (Ҳаворийлар 17:11 ни ўқинг.)
24 Яҳова Таоло тўғрисида билим олишнинг энг яхши йўли — Муқаддас Китобни ўрганиш. Кейинги бобда бу китоб бошқа барча китоблардан нимаси билан фарқ қилиши тўғрисида билиб оламиз.
a Худо исмининг маъноси ва талаффузи тўғрисида кўпроқ маълумот олишни истасангиз, 1- иловага қаранг.