ТЎРТИНЧИ БОБ
Исо Масиҳ тўғрисида ҳақиқат
1, 2. а) Агар бирорта машҳур одамнинг исмини билсангиз, уни яхши биламан деб айта оласизми? Тушунтиринг. б) Исо Масиҳ тўғрисида қандай ўзгача фикрлар мавжуд?
ДУНЁДА жуда кўп таниқли одамлар бор. Эҳтимол, сиз бирорта машҳур инсоннинг исмини биларсиз. Аммо исмини билганингиз билан унинг ҳаёти ҳамда у қандай инсон экани борасида ҳамма нарсани биламан деб айта олмайсиз.
2 Исо Масиҳ тахминан 2 000 йил муқаддам яшаганига қарамай, сиз ҳам у ҳақда эшитган бўлсангиз керак. Аммо аслида у қандай инсон бўлгани кўпларга номаълум. Баъзилар уни яхши инсон қаторида билса, бошқалар у пайғамбар бўлган деб айтади. Яна айримлар у Худо деб таъкидлайди. Сиз-чи, нима деб ўйлайсиз? (12- иловага қаранг.)
3. Нега Тангри Яҳова ҳамда Исо Масиҳни таниб-билишингиз муҳим?
3 Исо тўғрисида ҳақиқатни билишингиз муҳим. Нега дейсизми? Чунки Муқаддас Китобда: «Абадий ҳаётга эга бўлиш учун, Сени — танҳо ҳақ Худони ва Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билиш керак»,— деб ёзилган. (Юҳанно 17:3) Ҳа, Парвардигор Яҳова ҳамда Исо тўғрисида ҳақиқатни билиб олсангиз, ер юзидаги жаннатда абадий яшай оласиз. (Юҳанно 14:6) Боз устига, Исо ҳақидаги билим ҳозирнинг ўзида кўп фойда келтиради. Чунки у қандай яшаш ва ўзгалар билан муносабат қилиш борасида аъло ўрнак қолдирган. (Юҳанно 13:34, 35) Мазкур китобнинг биринчи бобида Худо тўғрисида ҳақиқатни билиб олган эдик. Энди эса Муқаддас Китобда Исо ҳақида нима дейилганини билиб оламиз.
«БИЗ МАСИҲНИ ТОПДИК!»
4 «Масиҳ» сўзи нимани англатади?
4 Исонинг туғилишидан анча аввал Яҳова Муқаддас Китобда ер юзига Масиҳни юбориши ҳақида ваъда қилган эди. «Масиҳ» сўзи «мойланган», яъни Худонинг махсус вазифасини бажариш учун танланган шахсни англатади. Тангри Таоло Исони Унинг муҳим топшириғини бажариш учун танлаб, унга ўзгача мавқе берди. Масиҳ Худонинг барча ваъдаларини амалга оширади. Аммо Исо туғилишидан олдин кўпларни: «Масиҳ ким бўлар экан?» — деган савол қизиқтирган эди.
5. Исонинг шогирдлари нимага амин эди?
5 Исонинг шогирдлари у ваъда қилинган Масиҳ эканидан шубҳаланмаган. (Юҳанно 1:41) Улардан бири Симун Бутрус Исога очиқчасига: «Сиз — Масиҳсиз»,— деб айтган. (Матто 16:16) Исонинг Масиҳ эканига биз қандай ишонч ҳосил қилишимиз мумкин?
6. Самимий инсонлар Масиҳ кимлигини билиб олиши учун Яҳова нима қилди?
6 Исо туғилишидан анча олдин, Худонинг пайғамбарлари Масиҳга оид кўп башоратларни тафсилотларигача ёзиб қолдирган. Бу туфайли эса одамлар Масиҳ ким эканини аниқлай олишарди. Қандай қилиб дейсизми? Дейлик, сиз ҳеч кўрмаган одамни гавжум бекатда кутиб олишингиз керак. Агар сизга бу одамнинг ташқи кўринишини таърифлаб беришса, уни таниб олишингиз осон бўлади, тўғрими?! Шунга ўхшаб, Яҳова Ўз пайғамбарлари орқали Масиҳ нима қилиши ва у билан нима содир бўлиши борасида батафсил айтиб берган. Ушбу башоратларнинг бари амалга ошгани самимий кишиларга Масиҳ кимлигини билиб олишга ёрдам беряпти.
7. Қайси иккита башорат Исо ваъда қилинган Масиҳ эканини исботлайди?
7 Бу башоратлардан иккитасини олайлик. Биринчиси, Исо туғилишидан 700 йил аввал, Михо пайғамбар Масиҳ Байтлаҳм номли шаҳарчада туғилиши ҳақида башорат қилган эди. (Михо 5:2) Исо айнан шу жойда туғилди! (Матто 2:1, 3–9) Иккинчиси, Дониёр пайғамбар милодий 29- йили Масиҳ кимлиги маълум бўлиши ҳақида башорат қилган эди. (Дониёр 9:25) Мана шу иккита башоратнинг ўзи Исо ваъда қилинган Масиҳ эканини яққол тасдиқлаб турибди. (13- иловага қаранг.)
8, 9. Исо сувга чўмганида у Масиҳ экани қандай маълум бўлди?
8 Яҳова Исонинг Масиҳ эканини яққол кўрсатди. Исонинг даврида Яҳё исмли пайғамбар яшарди. Одамлар гуноҳларидан тавба қилгани рамзи сифатида Яҳёнинг олдига сувга чўмиш учун келишарди. Яҳова Яҳёга Масиҳ ким эканини кўрсатиш учун белги беришини ваъда қилди. Милодий 29- йили Исо Иордан дарёсида сувга чўмиш учун Яҳёнинг олдига борганида Яҳё ўша белгини кўрди. Бироқ Исо гуноҳларидан тавба қилиш мақсадида сувга чўммаган эди. Аксинча, Исо бу ҳаракати билан ўзини Худонинг иродасини бажариш учун бағишлаганини кўрсатмоқчи эди. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ниҳоят Исо сувга чўмиб чиқди. Буни қарангки, осмон очилиб кетди ва Яҳё Худонинг муқаддас руҳи каптар шаклида Исонинг устига тушаётганини кўрди. Осмондан эса: “Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман”,— деган садо келди». (Матто 3:16, 17) Яҳё бу белгини кўриб, Худонинг сўзларини эшитганидан сўнг, Исонинг Масиҳ эканини тушунди. (Юҳанно 1:32–34) Ўша куни Яҳова Исонинг устига муқаддас руҳини ёғдирди ва у Масиҳ бўлди. Худо Етакчи ва Шоҳ қилиб танлаган шахс айнан Исо эди. (Ишаё 55:4)
9 Муқаддас Китоб башоратлари, Яҳованинг Ўзи айтган сўзлари ҳамда Исо сувга чўмганида берган белгиси Исонинг Масиҳ эканини тасдиқлайди. Аммо у қаердан келган ва қандай инсон бўлган? Келинг, Муқаддас Китобда бу борада нима дейилганини кўриб чиқайлик.
ИСО ҚАЕРДАН КЕЛГАН?
10. Муқаддас Китобга кўра, Исо ер юзига келишидан олдин қаерда яшаган?
10 Муқаддас Китобга кўра, Исо ер юзига келишидан анча илгари осмонда яшаган. Михо пайғамбар Масиҳнинг «келиб чиқиши қадим замонлардан» экани ҳақида айтган эди. (Михо 5:2) Исонинг ўзи инсон қиёфасида туғилишидан олдин осмонда яшагани ҳақида бир неча маротаба айтган эди. (Юҳанно 3:13; 6:38, 62; 17:4, 5 ни ўқинг.) Ер юзига келишидан аввал, у Яҳова билан яқин муносабатда бўлган.
11. Нега Исо Яҳованинг назарида жуда қадрли?
11 Яҳова учун Исо жуда қадрли шахс ҳисобланади. Нима учун дейсизми? Чунки Яҳова уни барча нарса ва мавжудотлардан олдин яратган эди. Шу сабабли, Исо «барча мавжудотлар ичида тўнғич» деб айтилган. (Колосаликларга 1:15) Яҳова Исони бевосита Ўзи яратгани учун ҳам Унинг назарида қадрли. Шу боис, Исо «ягона Ўғил»a деб аталган. (Юҳанно 3:16) Шунингдек, қолган барча нарсаларни яратишда Исо Яҳованинг ягона ёрдамчиси бўлган. (Колосаликларга 1:16). Қолаверса, Исо «Калом» деб номланган. Чунки Яҳова Исо орқали фаришталар ва инсонларга Ўз хабарини ҳамда йўл-йўриқларини етказган. (Юҳанно 1:14)
12. Исо ва Худо алоҳида шахс эканини қаердан биламиз?
12 Баъзилар Исони Худо деб ўйлайди. Бироқ бу фикр Муқаддас Китобга зиддир. Мазкур китобга кўра, Исони Худо яратган. Демак, Исонинг ибтидоси бўлган. Лекин бутун борлиқнинг Яратувчиси Яҳованинг ибтидоси бўлмаган. (Забур 90:2) Исо Худойи Таолога тенг бўлишни ҳатто хаёлига келтирмаган. Муқаддас Китобда Яҳова Исодан улуғ экани ҳақида аниқ қилиб ёзилган. (Юҳанно 14:28 ни ўқинг; 1 Коринфликларга 11:3) Ёлғиз Яҳова «Қодир Тангридир». (Ибтидо 17:1) У коинотдаги энг буюк ва қудратли шахсдир. (14- иловага қаранг.)
13. Нима учун Муқаддас Китобда Исо ҳақида «кўринмас Аллоҳни ўзида акс этади» деб айтилган?
13 Осмон ва ерни яратишдан анча олдин, Яҳова ўғли Исо билан бирга миллиардлаб йиллар давомида яқиндан ҳамкорлик қилган. Бу туфайли улар бир-бирига қаттиқ боғланиб қолгани шубҳасиз! (Юҳанно 3:35; 14:31) Исо Отасининг фазилатларига мукаммал тарзда тақлид қилгани учун Муқаддас Китобда у ҳақида «кўринмас Аллоҳни ўзида акс этади» деб айтилган. (Колосаликларга 1:15)
14. Қандай қилиб Яҳованинг ардоқли ўғли Исо инсон қиёфасида туғилди?
14 Яҳованинг ардоқли ўғли Исо осмонни тарк этиб, ер юзида инсон қиёфасида туғилишга тайёр бўлган. Бунинг қандай иложи бор? Яҳова мўъжизавий тарзда осмондаги Исонинг ҳаётини бокира Марямнинг бачадонига кўчирди. Шу йўсин, Марям эркак кишининг иштирокисиз ҳомиладор бўлди. Шундай қилиб, Марям мукаммал ўғил кўриб, исмини Исо қўйди. (Луқо 1:30–35)
ИСО ҚАНДАЙ ИНСОН БЎЛГАН?
15. Яҳова билан янада яқинроқ танишишингизга нима ёрдам беради?
15 Муқаддас Китобнинг Матто, Марк, Луқо ҳамда Юҳанно китобларини ўқиб, Исонинг шахсияти, унинг ҳаёти ҳамда фазилатлари ҳақида кўп нарсани билиб олишингиз мумкин. Бу тўртта китоб Инжил деб аталади. Исо самовий Отасига ўхшагани учун у ҳақда ўқиганларингиз Тангри Яҳова билан янада яқинроқ танишишингизга ёрдам беради. Исо бежизга: «Мени кўрган, Отамни ҳам кўрган бўлади»,— деб айтмаган. (Юҳанно 14:9)
16. Исо нима ҳақда таълим берган? Исо кимнинг номидан таълим берган?
16 Аксар инсонлар Исога «Устоз» дея мурожаат қиларди. (Юҳанно 1:38; 13:13) Унинг таълимотлари ичида энг муҳими «Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни эълон этиш» бўлган. Бу қандай Шоҳлик эди? Бу Худонинг самовий ҳукумати бўлиб, бутун ер юзи устидан бошқаради. Унинг бошқаруви остида Худога итоаткор барча инсонларга баракалар ёғдирилади. (Матто 4:23) Исо нимаики ўргатмасин, Яҳованинг номидан ўргатган. У шундай деган: «Менинг таълимотим меники эмас, мени Юборганникидир». (Юҳанно 7:16) Яҳова Унинг Шоҳлиги бутун ер юзини бошқариши ҳақидаги хушхабарни инсонлар эшитишини хоҳлаган. Исо ҳам буни яхши билган.
17. Исо қаерда таълим берган? Нима учун Исо бошқаларга таълим бериш учун вақт ва кучини аямаган?
17 Исо қаерда таълим берган? Одамлар бор бўлган ҳамма жойда. У шаҳарларда, қишлоқларда, бозор майдонларида, маъбад ва ибодатхоналарда ҳамда одамларнинг уйларида таълим бериб юрган. У одамлар унинг ёнига келишини кутиб ўтирмаган. Аксинча, ўзи уларнинг олдига борган. (Марк 6:56; Луқо 19:5, 6) Исо вақт ва кучини аямай одамларга таълим берган. Чунки Исо бу Худонинг иродаси эканини тушунган ва доим Унга бўйсунган. (Юҳанно 8:28, 29) Одамларга раҳми келгани учун ҳам Исо уларга ваъз қилган. (Матто 9:35, 36 ни ўқинг.) У дин раҳбарлари халққа Худо ҳамда Унинг Шоҳлиги тўғрисида ҳақиқатни ўргатмаётганини кўрган. Шу сабабли, у имкон қадар кўпроқ инсонлар хушхабарни эшитишини истаган.
18. Шахсан сизга Исонинг қайси фазилатлари кўпроқ ёқди?
18 Исо одамларни яхши кўрарди ва улар учун қайғурарди. У меҳрибон ва мулоқотга очиқ инсон бўлган. Ҳатто болалар у билан вақт ўтказишни ёқтирарди. (Марк 10:13–16) Исо юзхотирчилик қилмасди. У порахўрлик ва адолатсизликдан нафратланарди. (Матто 21:12, 13) Исонинг даврида аёлларни кўп ҳуқуқлардан маҳрум этишарди ва уларни камситишарди. Аммо Исо аёлларга доим ҳурмат ила муомала қиларди. (Юҳанно 4:9, 27) Исо чинакамига камтарин инсон бўлган. Мисол учун, Исо ҳатто бир сафар шогирдларининг оёғини ювган. Бу ишни одатда қуллар қиларди. (Юҳанно 13:2–5, 12–17)
19. Исо одамларнинг эҳтиёжларини яхши тушунганини ҳамда ёрдам қўлини чўзишга тайёр эканини қайси мисоллардан кўрса бўлади?
19 Исо одамларнинг эҳтиёжларини яхши тушунгани учун уларга ёрдам бергиси келарди. У одамларга мўъжизавий тарзда шифо бергани бунинг яққол исботидир. (Матто 14:14) Масалан, мохов киши Исонинг олдига келиб: «Сиз мени пок қила оласиз, фақат истасангиз бас»,— дея ёлворган. Исо бу кишининг дарду азобини кўриб раҳми келган ва унга ёрдам беришни истаган. Исо бу кишига қўлини теккизиб: «Албатта истайман! Пок бўлинг»,— деган. Шунда мохов киши дардидан фориғ бўлган! (Марк 1:40–42) Бу киши қанчалик бахтиёр бўлганини бир тасаввур қилинг!
ИСО ҲАМИША АЛЛОҲГА САДОҚАТЛИ БЎЛГАН
20, 21. Худога итоаткор бўлишда Исо қандай ўрнак кўрсатди?
20 Аллоҳга садоқатли қолишда Исо аъло ўрнак қолдирган. Нимаики юз бермасин ва душманлар уни не кўйга солмасин, у Худога садоқатли қолган. Масалан, Шайтон васвасага солганда Исо гуноҳ қилмаган. (Матто 4:1–11) Оила аъзоларидан баъзилари унинг Масиҳ эканига ишонмай: «У ақлдан озибди»,— деб айтишган. Бироқ Исо Худонинг ишини бажаришда давом этган. (Марк 3:21) Душманлари шафқатсизлик қилган бўлишса-да, Исо Аллоҳга садоқатли қолган ва улардан қасд олишни хаёлига келтирмаган. (1 Бутрус 2:21–23)
21 Ўлими жуда шафқатсиз ва азобли бўлса-да, Исо Аллоҳ Яҳовага садоқатли қолган. (Филиппиликларга 2:8 ни ўқинг.) Ўлими арафасида унинг бошидан нималар ўтганини бир тасаввур қилинг: Исони ҳибсга олишди, сохта гувоҳлар уни Худога қарши чиққанликда айблашди, порахўр ҳакамлар уни ҳукм қилишди, халқ уни масхара қилди, аскарлар уни калтаклаб, азоб устунига михлашди. Нафаси узилаётганда Исо: «Амалга ошди!» — дея хитоб қилди. (Юҳанно 19:30) Ўлимидан уч кун ўтгач, Яҳова уни тирилтирди ва унга руҳий тана берди. (1 Бутрус 3:18) Бир неча ҳафта ўтгач эса, Исо осмонга қайтиб, «Аллоҳнинг ўнг томонига ўтирди» ва Худо уни Шоҳ сифатида тайинлашини кутди. (Ибронийларга 10:12, 13)
22. Исо самовий Отасига садоқатли қолгани туфайли барчамиз қандай шарафга муяссар бўлдик?
22 Исо самовий Отасига садоқатли қолгани туфайли барчамиз Яҳова ваъда қилганидай ер юзидаги жаннатда абадий яшаш имконига эга бўламиз. Кейинги бобда қандай қилиб Исонинг ўлими биз учун абадий ҳаётга йўл очиб берганини муҳокама қиламиз.