1А РАМКАСИ
Топиниш бу нима?
Топиниш сўзига «худога ҳурмат ва севги кўрсатиш» деб таъриф берилиши мумкин. Муқаддас Китобнинг асл матнидан «топиниш» деб ўгирилган сўзлар киши мавжудотларга чуқур ҳурмат кўрсатишини ёки итоат этишини англатиши мумкин. (Мат. 28:9) Шунингдек, мазкур сўзлар Худо ёки илоҳга атаб диний амаллар бажаришни англатади. (Юҳан. 4:23, 24) Сўзлар қандай тушунилиши кераклиги матн таркибига қараб аниқланади.
Фақатгина Яҳова, яъни Яратувчи ва Оламнинг Ҳукмдори мутлақ садоқатимизга лойиқ. (Ваҳ. 4:10, 11) Яҳованинг ҳукмдорлигига ҳурмат кўрсатиб ва исмини улуғлаб Унга топинамиз. (Заб. 86:9; Мат. 6:9, 10) Бу иккита мавзу — Яҳованинг ҳукмдорлиги ва Унинг исми — Ҳизқиё китобида муҳим ўрин эгаллаган. Биргина Ҳизқиё китобининг ўзида «Олий Ҳукмдор Яҳова» ибораси 213 марта ва «Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар» деган ибора турли шаклда 60 мартадан зиёд учрайди. (Ҳиз. 2:4; 6:7)
Аммо топинишимиз шунчаки ҳис-туйғу эмас; самимий топиниш амалда кўринади. (Ёқб. 2:26) Ўзимизни Яҳовага бағишлаганда, ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида Унга Ҳукмдоримиз сифатида итоат этишга ва исмига чуқур ҳурмат кўрсатишга ваъда берамиз. Исо учинчи васвасага жавоб берганда, топинишни «муқаддас хизмат» билан боғлаганини эсланг. (Мат. 4:10) Яҳованинг топинувчилари сифатида Унга сидқидилдан хизмат қилишни истаймизa. (Қонун. 10:12) Топинишимиз билан тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган ва фидойиликни талаб қиладиган ишларни қилганимизда, Худойимизга муқаддас хизматни адо этган бўламиз. Бу қандай ишлар?
Муқаддас хизматни кўпгина йўллар орқали адо этса бўлади ва уларнинг бари Яҳова учун қадрлидир. Масалан, бошқаларга шоҳидлик бериб, жамоат учрашувларида қатнашиб, йиғилиш ўтадиган жойларга ғамхўрлик қилиб ва уларни қуришда қатнашиб муқаддас хизматда иштирок эта оламиз. Қолаверса, оилавий топинишда қатнашиб, табиий офатдан зарар кўрган имондошларимизни қўллаб-қувватлаб, анжуманларда ихтиёрий хизматчи сифатида ёрдам бериб ёки Байтилда хизмат қилиб муқаддас хизматни адо этган бўламиз. (Иброн. 13:16; Ёқб. 1:27) Пок топиниш онгимизу қалбимизда биринчи ўринда турса, «туну кун муқаддас хизматни адо этамиз». Тангримиз Яҳовага топинишдан хурсандмиз! (Ваҳ. 7:15)
a Топиниш маъносини етказадиган ибронийча сўзлардан бири, шунингдек, «хизмат қилиш» деганини ҳам англатади. Шундай қилиб, топиниш хизматни ҳам ўз ичига олади.