Сувга чўмиш нима дегани?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Сувга чўмиш — сув ичига тўлиқ кириб чиқиш деганиa. Муқаддас Китобда одамлар қандай сувга чўмгани кўп марта тилга олинган. (Ҳаворийлар 2:41) Улар орасида Исо ҳам бўлган ва у Иордан дарёсида сувга чўмиб чиққан. (Матто 3:13, 16) Йиллар ўтгач эса ҳабашистонлик амалдор кетаётган йўл бўйидаги сув бор жойда сувга чўмган. (Ҳаворийлар 8:36–40)
Исо ҳамма шогирдлари сувга чўмиши кераклигини айтган. (Матто 28:19, 20) Ҳаворий Бутрус ҳам буни аниқ қилиб таъкидлаган. (1 Бутрус 3:21)
Ушбу мақолада:
Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан сувга чўмдириш қандай маънога эга?
Муқаддас Китобда сувга чўмишдан ташқари бошқа чўмдирилишлар ҳақида айтилганми?
Сувга чўмиш нимани англатади?
Одам сувга чўмиш орқали бошқаларга гуноҳларида тавба қилганини ва Худога Унинг иродасини бажаришни ваъда қилганини кўрсатади. Бунга у ҳаётининг ҳар соҳасида Аллоҳга ҳамда Исо Масиҳга итоатли бўлиши киради. Сувга чўмган киши абадий ҳаётга етаклайдиган йўлдан юришни бошлайди.
Сувга чўмиш инсоннинг ҳаётида юз берадиган ўзгаришнинг ажойиб рамзидир. Қайси маънода? Муқаддас Китобда сувга чўмиш дафн этилиш билан таққосланган. (Римликларга 6:4; Колосаликларга 2:12) Сувга чўмиб киши худди ҳаётдан кўз юмиб, олдинги ҳаёт тарзини ортда қолдирганини намоён этади. Сувдан чиққандан кейин эса у ўзини Худога бағишлаган масиҳий сифатида янги ҳаёт бошлаганини кўрсатади.
Чақалоқларни чўқинтириш борасида Каломда нима дейилган?
Муқаддас Китобда чақалоқларни чўқинтириш борасида ёзилмаганb. У ерда уларни сувга чўмдириш кераклиги ҳам айтилмаган.
Чақалоқни чўқинтириш Муқаддас Китобга зид. У ерда ёзилганидай, сувга чўмишни истаган киши муайян талабларга мос келиши керак. Масалан, у Каломдаги ҳеч бўлмаса, асосий таълимотларни тушуниши ва улар бўйича яшаши лозим. Қолаверса, гуноҳларида тавба қилиши ва ибодат қилиб ҳаётини Аллоҳга бағишлаши даркор. (Ҳаворийлар 2:38, 41; 8:12) Чақалоқлар эса бу қадамларни қўя олмайди.
Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан сувга чўмдириш қандай маънога эга?
Исо издошларига қуйидагича амр этган: «Шогирд тайёрланглар. Уларни Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан сувга чўмдиринглар. Мен сизларга амр этган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар». (Матто 28:19, 20) «Номи билан» ибораси сувга чўмаётган киши Отамизнинг ва Ўғлининг ҳокимиятию ўрнини ҳамда муқаддас руҳнинг аҳамиятини тан олиши кераклигини билдиради. Ҳаворий Бутрус туғма чўлоқ кишига шундай деган: «Носиралик Исо Масиҳ номидан сизга айтаман, ўрнингиздан туриб юринг!» (Ҳаворийлар 3:6) Бутрус нима демоқчи бўлгани аниқ-равшан — у Исо Масиҳнинг ҳокимиятини тан олган ва бу мўъжиза ортида ким туришини бошқаларга кўрсатган.
«Ота» — бу Тангри Яҳоваc. У Яратувчимиз, ҳаёт Манбаи ва Қодир Тангри бўлиб, чексиз ҳокимиятга эга. (Ибтидо 17:1; Ваҳий 4:11)
«Ўғил» — бу Исо Масиҳ. У биз учун ҳаётини берган. (Римликларга 6:23) Худонинг инсонларга нисбатан ниятидаги Исонинг муҳим ўрнини тушуниб, буни тан олсаккина нажот топишимиз мумкин. (Юҳанно 14:6; 20:31; Ҳаворийлар 4:8–12)
«Муқаддас руҳ» — бу Аллоҳнинг фаол қудрати, яъни ҳаракатдаги кучидирd. Худо унинг кўмагида барча нарсани яратиб, жонзотларга ҳаёт бахш этган, пайғамбарлару бошқаларга ҳар хил хабарларни етказган ва одамлар Унинг иродасини бажариши учун уларга куч ато этган. (Ибтидо 1:2; Аюб 33:4; Римликларга 15:18, 19) Бундан ташқари, Худо муқаддас руҳи ёрдамида Каломини ёзган кишиларга Ўз фикрларини етказган. (2 Бутрус 1:21)
Қайта сувга чўмиш гуноҳми?
Ҳозирги кунда одамлар учун динини ўзгартириш оддий бўлиб қолган. Бироқ киши бирорта черковда чўқинтирилган бўлса-чи? У қайта сувга чўмиб, гуноҳга қўл урган бўладими? Баъзилар ҳа дейиши мумкин ва исбот сифатида эҳтимол, Эфесликларга 4:5 ни келтиришар. У ерда: «Битта Ҳазрат, битта имон, битта сувга чўмиш»,— деб ёзилган. Лекин бу сўзлар инсон қайта сувга чўмиши мумкин эмаслигини англатмайди. Нега?
Матн таркиби. Эфесликларга 4:5 нинг матн таркибига кўра, ҳаворий Павлус ҳақиқий масиҳийлар бир хил эътиқод ва имон билан бирлашган бўлишини таъкидлаган. (Эфесликларга 4:5, 1–3, 16) Улар фақат ўша-ўша Ҳазратни, яъни Исо Масиҳни тан олишса, ўша-ўша имонга эга бўлишса ёки Муқаддас Китобдаги таълимотларни бир хил тушунишса ва сувга чўмиш учун мўлжалланган талабларга амал қилишса бундай бирликнинг иложи бор.
Бир сафар ҳаворий Павлус сувга чўмган айрим кишиларни яна сувга чўмишга ундаган. Чунки улар биринчи сафар масиҳийларнинг таълимотларини тўлиқ тушунмай туриб сувга чўмишган эди. (Ҳаворийлар 19:1–5)
Худо маъқуллайдиган сувга чўмиш. Худога маъқул тарзда сувга чўмиш учун киши Муқаддас Китобдаги аниқ билимга эга бўлиши зарур. (1 Тимўтийга 2:3, 4) Агар инсон Муқаддас Ёзувларга зид бўлган таълимотлар асосида сувга чўмса, Худо буни тан олмайди. (Юҳанно 4:23, 24) Эҳтимол, бундай киши яхши ният ила сувга чўмгандир, аммо «аниқ билимга мувофиқ» йўл тутмаётган бўлиши мумкин. (Римликларга 10:2) Бундай вазиятда у Каломдаги ҳақиқатларни ўрганиши, билиб олганларига амал қилиши, ҳаётини Аллоҳга бағишлаши ва яна сувга чўмиши лозим. Бу ҳолда унинг қайта сувга чўмгани гуноҳ деб ҳисобланмайди. Дарҳақиқат, у бундай қилиб тўғри йўл тутган бўлади.
Муқаддас Китобда сувга чўмишдан ташқари бошқа чўмдирилишлар ҳақида айтилганми?
Масиҳнинг издошлари сувга чўмиши Муқаддас Китобда тилга олинган сувга чўмишнинг ягона тури эмас. Баъзи мисолларга эътибор қаратайлик.
Яҳёнинг сувга чўмдирганиe. Яҳё яҳудий ҳамда яҳудий динига кирган одамларни улар чиндан ҳам гуноҳларида тавба қилганини кўрсатиш учун сувга чўмдирган. Улар Худо Мусо орқали исроилликларга берган Қонунга зид йўл тутиб гуноҳ қилишган. Бундай сувга чўмиш инсонларга Масиҳни, яъни носиралик Исони тан олишга кўмаклашган. (Луқо 1:13–17; 3:2, 3; Ҳаворийлар 19:4)
Исонинг сувга чўмгани. Унинг Яҳё орқали сувга чўмдирилиши ўзгача эди. Исо мукаммал эди ва гуноҳкор бўлмаган. (1 Бутрус 2:21, 22) Шунинг учун унинг сувга чўмгани тавба қилишнинг рамзи бўлмаган ёки у «Худодан пок виждон» сўрамаган. (1 Бутрус 3:21) Исо сувга чўмиб, у башорат қилинган Масиҳ эканини ва Худонинг иродасини бажаришга ўзини тақдим этаётганини кўрсатган. Бу шунингдек, у биз учун ҳаётини беришини ҳам англатган. (Ибронийларга 10:7–10)
Муқаддас руҳга чўмиш. Яҳё ҳам, Исо Масиҳ ҳам муқаддас руҳга чўмиш тўғрисида айтишган. (Матто 3:11; Луқо 3:16; Ҳаворийлар 1:1–5) Бу муқаддас руҳ номи билан сувга чўмишдан фарқ қилади. (Матто 28:19) Қизиқ, қанақасига?
Муқаддас руҳга чўмадиган шогирдларнинг сони чекланган. Улар муқаддас руҳ билан мойланади, чунки улар Исо Масиҳ билан осмонда шоҳлар ҳамда руҳонийлар сифатида ер юзи устидан ҳукм суришади. (1 Бутрус 1:3, 4; Ваҳий 5:9, 10)f Уларнинг бошқаруви остида ер юзидаги жаннатда абадий яшашга умид қилаётган Исонинг миллионлаб издошлари бўлади. (Матто 5:5; Луқо 23:43)
Исо Масиҳга ва унинг ўлимига чўмдирилиш. Муқаддас руҳга чўмдирилган кишилар Исо Масиҳга ҳам чўмдирилади. (Римликларга 6:3) Бу орқали улар Исонинг мойланган издошларига айланиб, у билан бирга осмонда бошқаради. Исо Масиҳга чўмдирилиб, улар «Масиҳнинг танаси», яъни унинг жамоатининг аъзолари бўлишади. Қолаверса, улар унга жамоат Боши сифатида бўйсунишади. (1 Коринфликларга 12:12, 13, 27; Колосаликларга 1:18)
Шунингдек, мойланган масиҳийлар «унинг ўлимига чўмдирил»ади. (Римликларга 6:3, 4) Улар Исога тақлид қилиб, фидойи ҳаёт тарзини кечиришади ва ер юзидаги абадий яшаш имкониятини рад этишади. Исонинг ўлимига чўмдирилиши улар ҳаётдан кўз юмиб, осмонда яшаш учун тирилганда якун топади. (Римликларга 6:5; 1 Коринфликларга 15:42–44)
Оловга чўмдирилиш. Яҳё тингловчиларига шундай деган: «[Исо] сизларни муқаддас руҳ ва оловга чўмдиради. Унинг қўлида совурадиган кураги бор. У хирмонини бутунлай тозалаб, буғдойини омборга йиғади, сомонини эса сўнмас ўтда ёндиради». (Матто 3:11, 12) Кўриниб турганидай, оловга ва муқаддас руҳга чўмиш орасида фарқ бор. Хўш, Яҳё нима демоқчи бўлган?
У тилга олган буғдой Исога қулоқ солиб, унга итоат қилаётган инсонларни билдиради. Уларнинг муқаддас руҳга чўмиш имконияти бор. Сомон эса Исога қулоқ солмайдиган кишиларни англатади. Уларни оловга чўмдирилиш кутяпти, яъни улар абадий йўқ қилинади. (Матто 3:7–12; Луқо 3:16, 17)
a Юнончадан «сувга чўмиш» деб таржима қилинган ибора сувга тўлиқ кириб чиқишни англатади. («Vine’s Complete Expository Dictionary of Old and New Testament Words»)
b «Чўқинтириш» сўзи остида айрим черковларда ўтказиладиган маросим назарда тутилади. Бу маросим пайтида чақалоқларнинг бошига сув сачратилади ёки қуйилади ва уларга исм берилади.
c Яҳова Худонинг исми. (Забур 83:18) «Яҳова ким?» номли мақолага қаранг.
d «Муқаддас руҳ нима?» номли мақолага қаранг.
e «Яҳё пайғамбар ким бўлган?» номли мақолага қаранг.
f «Осмонга кимлар кетади?» номли мақолага қаранг.
g Муқаддас Китобда покланишнинг турли усулларини тасвирлаш учун «сувга чўмиш» ибораси ҳам қўлланилган. (Ибронийларга 9:10, изоҳ) Шубҳасизки, бу Исонинг ҳамда издошларининг сувга чўмгани билан бутунлайин фарқ қилади.