Шоҳлар тўртинчи китоб
4 Бир куни пайғамбарлар ўғилларидан*+ бирининг хотини йиғлаб Элишайга деди: «Хизматкорингиз, менинг эрим, қазо қилди. Ўзингизга маълумки, хизматкорингиз Яҳовадан қўрқадиган киши эди+. Энди бўлса бизга қарз берган одам келиб, болаларимни қул қилиб олиб кетмоқчи». 2 Элишай унга: «Сизга қандай ёрдам берсам экан?! Айтинг-чи, уйингизда нима бор?» — деб сўради. Аёл жавобан: «Чўрингизда бир кўза ёғдан бошқа ҳеч нарса йўқ»+,— деди. 3 Элишай унга: «Ташқарига чиқиб, ҳамма қўшниларингиздан бўш идишлар сўраб олинг. Иложи борича кўпроқ олиб келинг. 4 Кейин ўғилларингиз билан уйга кириб, ортингиздан эшикни ёпинг-да, ёғни ўша идишларга қуйиб, тўлганларини четга олиб қўяверинг»,— деб айтди. 5 Сўнг аёл уйига қайтди.
У ўғиллари билан уйга кириб, орқасидан эшикни ёпди. Ўғиллари унга идишларни бериб туришди, у эса тўлдираверди+. 6 Идишлар тўлгач, у ўғилларидан бирига: «Яна идиш бер»,— деди+. У бўлса: «Бошқа идиш қолмади»,— деб айтди. Бундан кейин ёғ ҳам оқмай қолди+. 7 Аёл ҳақ Худонинг одами олдига бориб, барини айтиб берди. Шунда у: «Боринг-да, ёғни сотиб, қарзингизни тўланг. Ортиб қолганига ўғилларингиз билан кун кечирасиз»,— деди.
8 Кунларнинг бирида Элишай Шунамга+ борди. Ўша ерда обрўли бир аёл яшарди. У қўярда-қўймай Элишайни меҳмонга чақирди+. У ҳар сафар ўша ердан ўтганда, бу аёлникига меҳмонга кирадиган бўлди. 9 Аёл эрига: «Бизникига келиб турадиган киши Аллоҳнинг муқаддас одами эканини биламан. 10 Келинг, томга кичкинагина болохона+ қуриб, ичига тўшак, стол, курси ва чироқпоя қўяйлик. У киши бизникига келганда, шу хонада қолсин»+,— деб айтди.
11 Бир куни Элишай ўша ерга меҳмонга борди ва болохонага кўтарилиб, тўшагига чўзилди. 12 Сўнгра у хизматкори Гахазига+: «Шунамлик+ аёлни чақириб кел»,— деди. Хизматкори аёлни чақирди ва у келди. 13 Элишай Гахазига: «Аёлдан бундай деб сўра: “Бизни деб роса овора бўлдингиз+. Сиз учун нима қилсам бўлади?+ Балки бирон ишингиз юзасидан шоҳ+ ёки лашкарбоши билан гаплашиш керакдир?”» — деди. Лекин аёл: «Ҳеч қандай ташвишим йўқ. Халқим орасида тинч яшаб юрибман»,— дея жавоб берди. 14 Элишай Гахазидан: «Унда бу аёл учун қандай яхшилик қилса бўларкан?» — деб сўради. У бўлса: «Унинг ўғли йўқ+, эри эса қариб қолган»,— деди. 15 Элишай дарҳол: «Уни чақир»,— деди. Гахази аёлни чақирди ва аёл эшик олдига келиб турди. 16 Элишай унга: «Келаси йил шу пайтда ўғилли бўласиз»+,— деб айтди. Аёл бўлса: «Тақсирим, сиз ҳақ Худонинг одамисиз-ку! Мени беҳудага умидвор қилманг»,— деди.
17 Бироқ аёл ҳомиладор бўлиб, Элишай айтгандай, келаси йили шу пайтда ўғил кўрди. 18 Бола улғайгач, бир куни ўроқчилар билан юрган отасининг олдига борди. 19 Бир вақт бола: «Вой бошим! Вой, бошим оғрияпти!» — дея бошлади. Шунда отаси ёрдамчисига: «Тезда болани онасининг олдига олиб бор»,— деди. 20 У болани онасига олиб борди. Бола туш пайтигача онасининг тиззасида ўтириб, ўлиб қолди+. 21 Аёл болани олиб, ҳақ Тангрининг одами+ ётадиган тўшакка ётқизди-да, ортидан эшикни ёпиб кетди. 22 У эрини чақириб: «Илтимос, мен ҳақ Худонинг одами ёнига тезда бориб келишим учун, битта хизматкор билан эшак беринг»,— деб айтди. 23 Аммо эри: «Нега бугун унинг ёнига бормоқчисан? Ахир янги ой+ ҳам чиқмаган, Шаббат куни ҳам эмас-ку»,— деди. Лекин аёл: «Хавотирланманг, ҳаммаси жойида»,— деб айтди. 24 Аёл эшакни эгарлаб, хизматкорига: «Тезроқ ҳайда. Ўзим айтмагунимча тўхтама»,— деб буюрди.
25 Шу тариқа, аёл Кармил тоғидаги ҳақ Тангрининг одами ёнига кетди. Ҳақ Тангрининг одами уни узоқдан кўриши биланоқ, хизматкори Гахазига: «Қара, шунамлик аёл келяпти! 26 Югур, уни кутиб олиб, сўраб билгин-чи: ўзи яхшимикан, эри, боласи эсон-омонмикан»,— деб айтди. Гахази у айтгандай қилди ва аёл унга жавобан: «Ҳаммаси яхши»,— деди. 27 У тоққа, ҳақ Худонинг одами ёнига етиб келгач, унинг оёқларини маҳкам қучоқлаб олди+. Гахази эса келиб, аёлни итариб юбормоқчи бўлганида, ҳақ Худонинг одами: «Унга тегма! Чунки унинг жони азоб чекяпти. Қизиқ, нега Яҳова буни мендан яшириб айтмади экан-а?!» — деди. 28 Аёл унга: «Тақсирим, сиздан ўғил сўраганмидим? Сизга: “Мени беҳудага умидвор қилманг”+,— демаганмидим?» — деб айтди.
29 У ўша заҳоти Гахазига: «Кийиминг этагини белингга қистир-да+, менинг таёғимни олиб йўлга чиқ. Йўлда кимнидир учратсанг, у билан сўрашма. Кимдир сен билан сўрашса ҳам, алик олма. Боргин-да, таёғимни боланинг юзига қўй»,— деди. 30 Бироқ боланинг онаси: «Барҳаёт Худо Яҳова ва сиз ҳаққи қасам ичиб айтаманки, сизсиз кетмайман»+,— деб айтди. Шунда Элишай ўрнидан туриб, йўлга чиқди. 31 Гахази улардан олдин етиб бориб, таёқни боланинг юзига қўйди, аммо на бир садо, на бир жавоб бўлди+. Гахази Элишайга пешвоз чиқиб: «Бола уйғонмади»,— деди.
32 Элишай уйга кирганда, бола унинг тўшагида ўлиб ётган эди+. 33 Кейин у хонага кириб, ортидан эшикни ёпди-да, Яҳовага ибодат қилди+. 34 Элишай боланинг устига чўзилди-да, оғзини унинг оғзига, кўзини кўзига, кафтини кафтига қўйиб, шу ҳолатда турди ва боланинг бадани исий бошлади+. 35 Сўнгра уйнинг ичида у ёқдан бу ёққа юриб, тўшакда ётган боланинг устига яна чўзилди. Шу пайт бола етти марта аксирди-да, кўзларини очди+. 36 Элишай Гахазига: «Шунамлик аёлни чақир»,— деди. У аёлни чақириб келди ва Элишай аёлга: «Ўғлингизни олинг»+,— деб айтди. 37 Аёл хонага кирди ва унинг оёқларига йиқилиб таъзим қилди-да, ўғлини олиб чиқиб кетди.
38 Элишай Гилгалга қайтганида, у ерда очарчилик ҳукм сурарди+. Пайғамбарлар ўғиллари+ унинг олдида ўтирганда, у хизматкорига+: «Катта қозонни қўйиб, пайғамбарлар ўғилларига шўрва пишир»,— деб айтди. 39 Кишилардан бири далага гулхайри тергани чиқиб, ёввойи бир ўсимликка кўзи тушди ва ундаги ёввойи тарвузчаларни узиб этагига солиб келди-да, бу нималигини билмай уларни тўғраб қозонга солди. 40 Овқат қуйиб берилди. Аммо улар овқатни оғизларига олишлари биланоқ: «Эй, ҳақ Худонинг одами, қозондаги овқат заҳар экан-ку!» — дея бақириб юборишди ва овқатни ейишмади. 41 Шунда Элишай: «Менга оз-моз ун келтиринглар»,— деди. У унни олиб, қозонга ташлади-да: «Овқатни одамларга қуйиб беринглар»,— деб буюрди. Энди қозондаги овқат ейишли бўлди+.
42 Баал-Шолишодан+ бир киши келиб, ҳақ Худонинг одамига арпанинг биринчи ҳосилидан пиширилган 20 та нон+ ва бир халта янги дон олиб келди+. Элишай: «Буни одамларга бер, ейишсин»,— деди. 43 Хизматкори бўлса: «Буни 100 кишига қандай етказаман?»+ — деб сўради. Элишай унга: «Буни одамларга бер, ейишсин, зеро Яҳова шундай демоқда: “Улар еб тўяди, ортиб ҳам қолади”»+,— деб жавоб қайтарди. 44 Шунда хизматкор уларни одамлар олдига қўйди. Яҳованинг сўзига биноан, улар еб тўйишди, ортиб ҳам қолди+.