Чиқиш
10 Сўнг Яҳова Мусога шундай деди: «Фиръавн ҳузурига бор, чунки кароматларимни унинг олдида намоён этиш ниятида+ Мен фиръавн ва хизматкорларининг юраги тошлигича қолишига йўл қўйдим+. 2 Буни Мен Мисрни қандай жазолаганимни ва улар орасида қандай мўъжизалар кўрсатганимни ўғилларинг ва невараларингга айтиб бера олишинг учун қилдим+. Шу йўсин, Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар».
3 Мусо билан Ҳорун фиръавн олдига бориб, унга қуйидагиларни айтишди: «Ибронийларнинг Тангриси Яҳова шундай деяпти: “Қачонгача Менга қаршилик қиласан?+ Менга хизмат қилиши учун халқимни қўйиб юбор. 4 Агар халқимни қўйиб юборишдан бош тортаверсанг, Мен эртага юртингга чигирткаларни юбораман. 5 Чигирткалар бутун ер юзини қоплайди ва ерни кўриш имкони бўлмай қолади. Улар дўлдан омон қолган барча нарсани, далангизда ўсаётган барча дарахтларни еб битиради+. 6 Сенинг уйларинг, барча хизматкорларинг уйлари ҳамда Мисрдаги жамики уйлар чигирткага тўлиб кетади. Бунчалик кўп чигирткаларни ота-боболаринг умрида ҳам кўрмаган”»+. Шуларни айтгач, Мусо фиръавн ҳузуридан қайтиб чиқди.
7 Шундан кейин фиръавннинг хизматкорлари унга: «Бу киши қачонгача бизга таҳдид қилади*? Тангриси Яҳовага хизмат қилиши учун халқни қўйиб юборинг. Миср вайрон бўлаётганини ҳали ҳам тушунмаяпсизми?» — деб айтишди. 8 Шунда Мусо билан Ҳорунни орқага қайтаришди ва фиръавн уларга: «Боринглар, Худойингиз Яҳовага хизмат қилинглар»,— деди-да: «Фақат кимлар боради?» — дея сўради. 9 Мусо унга жавобан: «Ёшу қари, ўғил-қизларимиз ҳамда қўю қорамолларимиз билан кетамиз+, чунки биз Яҳовага аталган байрамни нишонлаймиз»+,— деди. 10 Фиръавн уларга шундай деди: «Мабодо сизларни бола-чақангиз билан қўйиб юборсам, Яҳова сизлар билан экани рост бўлиб чиқади+, шундайми?! Ниятингиз ёмон эканлиги аниқ. 11 Йўқ! Фақат эркаклар бориб Яҳовага хизмат қилиши мумкин, ахир сизлар шуни талаб қилаётган эдингиз-ку». Бундан сўнг уларни фиръавн ҳузуридан ҳайдаб чиқаришди.
12 Яҳова Мусога: «Миср юрти узра қўлингни узатсанг, чигирткалар ёпирилиб келиб, юртдаги ҳамма ўсимликларни ҳамда дўлдан омон қолган барча нарсаларни еб битиради»,— деб айтди. 13 Мусо таёғини Миср юрти узра узатиши биланоқ, Яҳова юртга шарқ томондан шамол эстирди. Шамол бир кечаю кундуз эсиб, эрталаб шарқ томондан чигирткаларни ҳайдаб келди. 14 Чигирткалар ёпирилиб, бутун Миср юртини қоплаб олди+. Бу жуда даҳшатли эди+. Бундан олдин ҳали ҳеч қачон шунчалик кўп чигирткалар бўлмаган эди, бундан кейин ҳам бўлмайди. 15 Чигирткалар бутун юртни қоплаб олганидан, юрт қоронғи бўлиб қолди*. Улар юртдаги барча ўсимликларнию дўлдан омон қолган дарахтлардаги барча меваларни еб битиришди. Бутун Миср юртидаги дарахтларда битта ҳам яшил барг, далаларда битта ҳам ўсимлик қолмади.
16 Шунда фиръавн Мусо билан Ҳорунни тезда чақиртириб, уларга деди: «Мен Тангрингиз Яҳовага ва сизларга қарши гуноҳ қилдим. 17 Илтимос, яна бир бор гуноҳимни афв этинглар. Худойингиз Яҳовага ёлворинглар, мени бу даҳшатли офатдан халос этсин». 18 Мусо фиръавн ҳузуридан чиқиб, Яҳовага ёлворди+. 19 Яҳова шамолнинг йўналишини ўзгартириб, ғарб томондан кучли шамол эстирди. Шамол чигирткаларни учириб, Қизил денгизга олиб бориб ташлади. Бутун Миср юртида битта ҳам чигиртка қолмади. 20 Бироқ Яҳова фиръавннинг юраги тошлигича қолишига йўл қўйди+ ва фиръавн Исроил халқини қўйиб юбормади.
21 Сўнг Яҳова Мусога: «Миср юртини қоронғилик, қуюқ қоронғилик қоплаши учун қўлингни осмонга кўтар»,— деди. 22 Мусо ўша заҳотиёқ қўлини осмонга кўтарди ва бутун Миср юрти уч кун зулматда қолди+. 23 Одамлар бир-бирини кўра олмади ва уч кун мобайнида ҳеч ким ҳеч қаерга бора олмади. Лекин Исроил халқи яшайдиган жойлар ёруғ эди+. 24 Бундан кейин фиръавн Мусони чақиртириб, унга: «Боринглар, Яҳовага хизмат қилинглар+. Фақат қўю қорамолларингиз шу ерда қолади. Бола-чақангиз ҳам сизлар билан кетиши мумкин»,— деб айтди. 25 Аммо Мусо шундай деди: «Бизга қурбонликларни ва куйдириладиган қурбонликларни ҳам беришингиз керак. Биз уларни Худойимиз Яҳовага тақдим этамиз+. 26 Чорвамизни ҳам ўзимиз билан олиб кетамиз. Бирорта жониворни ҳам қолдириб кетмаймиз, чунки улар Тангримиз Яҳовага топинишимиз учун керак бўлади. Сабаби, ўша ерга етиб бормагунимизча, Худойимиз Яҳовага топинганда нимани тақдим этишимизни билмаймиз». 27 Бироқ Яҳова фиръавннинг юраги тошлигича қолишига йўл қўйди ва фиръавн уларни қўйиб юборишга рози бўлмади+. 28 Фиръавн Мусога: «Кўзимдан йўқол! Ҳузуримга киришга бошқа уринма, чунки олдимга келган куниёқ ўласан»,— деди. 29 Мусо унга: «Майли, сиз айтгандек бўла қолсин. Сизнинг олдингизга бошқа келиб юрмайман»,— деб айтди.