Ишаё
27 Ўша куни Яҳова ўткир, баҳайбат ва кучли қиличи+ билан
Тимсоҳни* — сирпанчиқ илонни,
Тимсоҳни — ўрмалаётган илонни жазолайди,
У денгиз махлуқини ўлдиради.
2 Ўша куни унга* шундай деб куйланг:
«Кўпикли шароб берган узумзор!+
3 Мен, Яҳова, уни ҳимоя қиламан+.
Доим уни суғораман+,
Ҳеч ким зиён етказмасин дея,
Туну кун уни қўриқлайман+.
4 Мен унга бошқа ғазабланмайман+.
Ким Менга қарши тиканлару бегона ўтлар билан чиқса,
Ҳаммасини топтаб ёндириб юбораман.
5 Яхшиси, улар қалъамни паноҳ деб билсин.
Мен билан тинчлик ўрнатсин,
Ҳа, Мен билан тинчлик ўрнатсин!»
6 Келажакда Ёқуб илдиз отади,
Исроил куртак отиб гуркирайди+,
Улар ер юзини мевалари билан тўлдиради+.
7 Унга шу қадар шафқатсиз зарба бериш керакми?
Нега уни шундай ўлимга дучор қилиш даркор?
8 Даҳшатли овоз ила у билан курашиб, уни қувасан.
Шарқ шамоли эсган куни уни шиддат ила учириб юборасан+.
9 Шу йўсин Ёқубнинг гуноҳлари ювилади+.
У гуноҳидан фориғ этилганда, мана булар унинг самараси бўлади:
Қурбонгоҳнинг ҳамма тошларини
Кукунга айлантирилган оҳактошдай қилади,
На муқаддас устун, на тутатқи қурбонгоҳи қолади+.
10 Мустаҳкам шаҳар бўм-бўш бўлади.
Яйловлар саҳро каби ташлаб кетилади+.
У ерда бузоқ ўтлаб юради, ўша ерда ётади,
Унинг новдаларини еб битиради+.
11 Унинг шохлари қуриб қолганда,
Аёллар келиб уларни синдиради-да,
Оловда ёқиб юборади.
Чунки бу халқ нодондир+.
Шунинг учун Яратувчиси унга шафқат қилмайди,
Унга шакл берган Зот илтифот кўрсатмайди+.
12 Дарахт ҳосили қоқилиб, ҳаммаси битта қолмай йиғилгандай, эй, Исроил халқи, Яҳова ҳам ўша куни сени Фурот дарёсининг жилғасидан то Миср водийсигача*+ бўлган ҳудуд бўйлаб йиғади+. 13 Ўша куни катта бурғу чалинади+. Оссурияда+ ўлим ёқасида турганлар билан Мисрда тарқалиб кетганлар+ келиб, Қуддусдаги муқаддас тоғда Яҳовага сажда қилишади+.