Еремиё
26 Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим+ ҳукмронлигининг бошида Яҳова қуйидаги сўзини аён қилди: 2 «Яҳова шундай демоқда: “Яҳова уйининг ҳовлисида туриб, Яҳованинг уйига топиниш учун Яҳудо шаҳарларидан келган бутун халқ ҳақида* сенга буюрганларимнинг ҳаммасини уларга етказ. Бирорта сўз ҳам қолиб кетмасин. 3 Балки улар қулоқ солиб, ҳар бири ёмон йўлидан қайтар. Шунда Мен ёвуз ишлари учун уларнинг бошига келтиришни истаган фалокатдан воз кечаман+. 4 Уларга айт: “Яҳова шундай демоқда: “Агар Менга қулоқ солмай, сизларга берган қонунимга амал қилмасангиз, 5 Мен олдингизга қайта-қайта юборган ва сизлар қулоқ солмаган хизматчиларим пайғамбарларнинг сўзларини тингламасангиз+, 6 Мен бу уйни Шилўнинг+ кўйига соламан. Ер юзи халқлари лаънат айтганда бу шаҳарни тилга олишади”»+.
7 Еремиё Яҳованинг уйида бу сўзларни айтаётганда уни руҳонийлар, пайғамбарлар ва бутун халқ эшитиб турди+. 8 Еремиё Яҳова унга айтишни буюрган сўзларни халққа гапириб бўлгач, руҳонийлар, пайғамбарлар ва бутун халқ уни ушлаб олиб шундай дейишди: «Сен ўласан! 9 Нега Яҳованинг номидан башорат қилиб: “Бу уй Шилўнинг кўйига тушади. Бу шаҳар ташландиқ бўлиб қолади, унда ҳеч ким яшамайди,”— деяпсан?» Шунда бутун халқ Яҳованинг уйида Еремиёни ўраб олди.
10 Яҳудо беклари бу сўзларни эшитганида, шоҳ саройидан Яҳованинг уйига келишди ва Яҳова уйининг янги дарвозаси олдида ўтиришди+. 11 Руҳонийлар билан пайғамбарлар бекларга ва бутун халққа: «Бу одам ўлимга лойиқ+, чунки ўз қулоқларингиз билан эшитганингиздай, у бу шаҳарга қарши башорат қиляпти»+,— дейишди.
12 Сўнг Еремиё ҳамма бекларга ва бутун халққа шундай деди: «Сизлар эшитган барча сўзларни — бу уй ва бу шаҳарга қарши башоратни айтишим учун мени Яҳова юборди+. 13 Энди йўлларингизни ўзгартириб, ишларингизни тузатинглар, Худойингиз Яҳовага қулоқ солинглар. Шунда Яҳова бошингизга келтиришини айтган фалокатдан воз кечади+. 14 Мен эса сизларнинг ихтиёрингиздаман. Менга нимани маъқул ва ўринли деб билсангиз, ўшани қилаверинглар. 15 Аммо билингларки, агар мени ўлдирсангиз, сизлар, бу шаҳар ва унинг аҳолиси бегуноҳ одам қонини тўкканликда айбдор бўласизлар. Чунки сизлар эшитган барча сўзларни айтишим учун, мени чиндан ҳам Яҳова юборди».
16 Беклар билан бутун халқ руҳонийлару пайғамбарларга: «Бу одам ўлимга лойиқ эмас, чунки у бизга Тангримиз Яҳова номидан гапирди»,— дейишди.
17 Қолаверса, юрт оқсоқолларидан айримлар ўринларидан туриб, йиғилган бутун халққа шундай дейишди: 18 «Мўрашатлик Михо+ Яҳудо шоҳи Ҳизқиё+ даврида башорат қилиб, бутун Яҳудо халқига шундай деган эди: “Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда:
“Сион даладай шудгор қилинади,
Қуддус харобага айланади+,
Худонинг уйи жойлашган тоғ қалин ўрмонзор қоплаган тепаликдай бўлади”+.
19 Яҳудо шоҳи Ҳизқиё ва бутун Яҳудо халқи уни ўлдирганмиди? У Яҳовадан қўрқиб, Яҳовадан марҳамат кўрсатишини сўрагани учун, Яҳова уларнинг бошига келтиришини айтган фалокатдан воз кечмаганмиди?+ Биз эса ўз бошимизга ўзимиз фалокат келтирай деяпмиз-ку!
20 Яҳованинг номидан башорат қилган яна бир киши — Хират-Ёримдан+ бўлган Шамаё ўғли Уриё ҳам бор эди. У ҳам бу шаҳар ва юртга қарши башорат қилиб, Еремиёникига ўхшаш сўзларни айтганди. 21 Шоҳ Ёҳайиқим+, унинг барча қудратли жангчилари ва барча беклар пайғамбарнинг сўзларини эшитишди. Шоҳ уни ўлдириш пайига тушди+. Бундан хабар топган Уриё қўрққанидан Мисрга қочиб кетди. 22 Сўнг шоҳ Ёҳайиқим Ахбор ўғли Элнатанни+ бошқа кишилар билан бирга Мисрга юборди. 23 Улар Уриёни Мисрдан олиб келиб, шоҳ Ёҳайиқимга топширишди. Шоҳ эса уни қилич билан ўлдириб+, жасадини халқ қабристонига ташлаб юборган эди».
24 Аммо Шофон+ ўғли Охихам+ Еремиёнинг ёнини олди. Шу сабабли, Еремиё ўлдирилиш учун халқнинг қўлига топширилмади+.