Ҳизқиё
12 Яҳова менга яна сўзини аён қилди: 2 «Инсон ўғли, сен исёнкор халқ орасида яшаяпсан. Уларнинг кўзлари бор-у, лекин кўрмайди. Уларнинг қулоқлари бор-у, аммо эшитмайди+. Чунки улар исёнкор халқдир+. 3 Сенга келсак, эй инсон ўғли, сургунга кетаётгандек тугунингни ҳозирлаб қўй. Кундуз куни одамлар сени кўриб турганида, сургунга кетаётгандек йўлга чиқ. Улар кузатиб турганида уйингдан бошқа жойга сургунга кетаётгандек чиқиб кет. Улар исёнкор халқ бўлса ҳам, балки бунга эътибор беришар. 4 Кундуз куни улар сени кўриб турганида, сургунга кетаётгандек тугунингни чиқариб қўй. Сўнг кечқурун уларнинг кўз ўнгида сургунга олиб кетилаётган кишидек чиқиб кет+.
5 Уларнинг кўз ўнгида деворни тешиб, тугунингни шу тешикдан олиб чиқ+. 6 Қоронғида улар сени кузатиб турганида, тугунингни елкангга ортиб ташқарига олиб чиқ. Ерни кўра олмайдиган қилиб юзингни ёпиб ол. Чунки Мен сени Исроил хонадони учун тимсол қиламан»+.
7 Мен худди айтилгандек қилдим. Сургунга кетаётгандек кундузи тугунимни чиқариб қўйдим. Кеч тушганда қўлларим билан деворни тешдим ва қоронғида уларнинг кўз ўнгида тугунимни елкамга ортиб ташқарига олиб чиқдим.
8 Эрталаб Яҳова менга яна сўзини аён қилди: 9 «Эй инсон ўғли, исёнкор Исроил халқи сендан: “Нима қиляпсан?” — деб сўрадими? 10 Уларга шундай дегин: “Олий Ҳукмдор Яҳова бундай демоқда: “Бу хабар Қуддус йўлбошчисига+ ҳамда шаҳардаги бутун Исроил халқига тааллуқли”.
11 Сен улар учун тимсол эканингни айт+. Сен нимаики қилган бўлсанг, бу нарсалар уларнинг бошига тушади. Улар сургун қилинади, асирликка тушади+. 12 Уларнинг орасидаги йўлбошчи тугунини елкасига ортиб, қоронғида чиқиб кетади. У деворни тешиб, тугунини ташқарига олиб чиқади+. Юзини ёпиб олганидан ерни кўра олмайди. 13 Мен унинг устига тўр ташлайман ва у тўримга тушади+. Сўнг Мен уни Бобилга, халдейлар юртига олиб бораман, аммо у Бобилни кўра олмайди. Ўша ерда унинг ажали етади+. 14 Унинг ёнидаги ҳамма одамларни — ёрдамчилари ва лашкарини ҳар томонга тарқатиб юбораман+. Мен уларнинг ортидан қувиш учун қилич яланғочлайман+. 15 Уларни халқлар орасига, юртлар бўйлаб тарқатиб юборганимда, Мен Яҳова эканимни билиб олишади. 16 Бироқ улардан озчиликни қилич, очарчилик ва ўлатдан сақлаб қоламан, токи улар ўзлари сургун қилинган халқлар орасида қилган барча қабиҳ ишлари ҳақида айтиб беришсин. Шунда улар Мен Яҳова эканимни билиб олишади».
17 Яҳова менга яна сўзини аён қилди: 18 «Эй инсон ўғли, сен нонингни қалтираб егин, сувингни саросима ва хавотир билан ичгин+. 19 Юртдаги одамларга айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова Исроил юртидаги Қуддус аҳолиси ҳақида бундай демоқда: “Улар хавотир ичида нонини ейишади, қўрқув ичида сувини ичишади, чунки унда яшовчи барчанинг зўравонлиги дастидан+ юрт бутунлай вайрон бўлади+. 20 Гавжум шаҳарлар кимсасиз қолади, ер ташландиқ аҳволга келади+. Шунда Мен Яҳова эканимни билиб олишади”»+.
21 Яҳова менга яна сўзини аён қилди: 22 «Эй инсон ўғли, Исроилда: “Кунлар ўтар, ваҳийлар йўққа чиқар”,— деган мақолни айтиб юрганингиз нимаси?+ 23 Уларга айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Исроилда бу мақол тилга олинмаслиги учун уни йўқ қилиб юбораман”. Уларга айтиб қўй: “Ўша кунлар яқин+, ваҳийлар амалга ошади”. 24 Чунки бундан буён Исроил халқи орасида ҳеч қандай сохта ваҳий ва ёлғон башорат бўлмайди+. 25 “Мен, Яҳова гапираман. Оғзимдан чиққан ҳар қандай сўз кечикмасдан амалга ошади+. Эй исёнкор халқ, сизнинг кунингизда+ айтган сўзларимни амалга ошираман”,— деб айтмоқда Олий Ҳукмдор Яҳова”».
26 Яҳова менга яна сўзини аён қилди: 27 «Эй инсон ўғли, Исроил халқи мана бундай деяпти: “У кўраётган ваҳий амалга ошишига ҳали анча вақт бор, у узоқ келажак ҳақида башорат қиляпти”+. 28 Уларга айтиб қўй: “Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Айтган бирорта сўзим кечикмайди, ҳаммаси амалга ошади”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова”».