Левилар
21 Яҳова Мусога шундай деди: «Руҳонийларга, Ҳоруннинг ўғилларига қуйидагиларни айт: “Ҳеч бир руҳоний халқи орасидан вафот этган киши учун ўзини булғамасин+. 2 Аммо энг яқин қариндоши, яъни онаси, отаси, ўғли, қизи, акаси ёки укаси, 3 битта уйда яшайдиган* бокира опаси ёки синглиси қазо қилса, аза тутиши мумкин. 4 У, халқи орасидан бирор кишига турмушга чиққан аёл учун ўзини булғаб, нопок бўлмаслиги даркор. 5 Руҳонийлар бошларини кал қилишмасин+, соқолларининг учини қирқишмасин* ёки баданларини кесишмасин+. 6 Улар ўз Тангриси олдида муқаддас бўлиб+, Унинг исмига доғ туширишмасин+. Чунки улар Яҳовага куйдириладиган назрларни, Худога таом* тақдим этишади. Шу боис, улар муқаддас бўлишлари лозим+. 7 Фоҳишага+, номусига тегилган ёки эри билан ажрашган аёлга+ уйланишмасин. Сабаби, руҳоний ўз Худоси учун муқаддасдир. 8 Сизлар, эй Исроил ўғиллари, руҳонийни муқаддас деб билишингиз керак+, чунки у Тангрингизнинг таомини тақдим этади. У сизлар учун муқаддас бўлсин, боиси Мен, сизларни муқаддас қилган Яҳова, муқаддасман+.
9 Борди-ю, руҳонийнинг қизи фоҳишалик қилиб ўзини булғаса, отасини уятга қолдиради. Уни ўлдириб, жасадини оловда куйдириб юбориш керак+.
10 Биродарлари орасида бошига муқаддас мой қуйилиб+, руҳонийлик кийимини+ кийиш вазифасига тайинланган олий руҳоний сочларини тўзитиб юрмасин, кийимларини ҳам йиртмасин+. 11 У ҳеч бир ўлган кишига* яқинлашмасин+. Ҳатто отаси ёки онаси учун ўзини булғамасин. 12 У муқаддас маскандан нари кетмасин ва Аллоҳнинг муқаддас масканини булғамасин+, чунки унинг бошида бағишланганлик белгиси, Тангрисининг муқаддас мойи бор+. Мен Яҳоваман.
13 У бокира қизга уйлансин+. 14 Бевага, ажрашган ёки номусига тегилган аёлга ёки фоҳишага уйланмасин. Аксинча, ўз халқининг орасидан бокира қизга уйлансин. 15 Халқининг орасида зурриётини* булғамасин+, чунки Мен уни муқаддас қилган Яҳоваман”».
16 Яҳова Мусога гапиришда давом этиб, деди: 17 «Ҳорунга бундай деб айт: “Нуқсони бор ҳеч бир зурриётинг, авлодлари оша, Худосига таом тақдим этиш учун муқаддас жойга яқинлашмасин. 18 Муқаддас жойга танасида нуқсони борлар, яъни кўр, чўлоқ, бадбашара*, қўл ёки оёқларидан бири ҳаддан ортиқ узун, 19 оёғи ёки қўли синган, 20 букур, пакана*, кўзида хасталиги бўлган, тошмаси бор, қирма темиратки тошган ёки мояги эзилган киши яқинлашмасин+. 21 Руҳоний Ҳоруннинг зурриётидан танасида нуқсони бўлган ҳеч бир киши, Яҳовага оловда куйдириладиган назрларни тақдим этиш учун қурбонгоҳга яқинлашмасин. Сабаби, унинг нуқсони бор бўлиб, у Худосига таом тортиқ этиш учун қурбонгоҳга яқинлаша олмайди. 22 У Тангрисининг таомларидан — ғоят муқаддас ва муқаддас нарсалардан+ тановул қилиши мумкин+. 23 Бироқ танасида нуқсони бўлгани боис, пардага+ ва қурбонгоҳга+ яқинлашиб, муқаддас масканимни+ булғамасин. Чунки Мен уларни муқаддас қилган Яҳоваман”+».
24 Мусо буларнинг ҳаммасини Ҳорунга, унинг ўғилларига ва бутун Исроил халқига айтди.