Юҳанно баён этган хушхабар
9 Исо кетаётиб туғма кўр кишини кўриб қолди. 2 Шогирдлари ундан сўрашди: «Устоз+, кимнинг гуноҳи туфайли бу одам кўр бўлиб туғилган: ўзинингми ёки ота-онасинингми?» 3 Исо жавоб бериб деди: «На унинг ўзи, на ота-онаси айбдор, балки Худонинг қудрати унда намоён бўлиши учун бундай бўлган+. 4 Ҳануз кундуз экан, биз мени Юборганнинг ишини бажаришимиз лозим+. Зеро тун келмоқда, ўшанда бирор киши ҳам ишлай олмайди. 5 Мен дунёда эканман, мен дунёнинг нуриман»+. 6 Буларни айтгач, Исо ерга тупурди-да, тупугидан лой қилди. Сўнг лойни кишининг кўзига суртиб+, 7 шундай деди: «Бориб Силоам ҳовузида кўзларингизни ювинг». (Силоам «Юборилган» деганидир). У киши бориб ювинди ва кўзлари очилиб қайтди+.
8 Ўша кишининг қўшнилари ва илгари унинг тиланчилик қилиб ўтирганини кўрган одамлар: «Бу ўша, садақа сўраб ўтирган одам эмасми?» — дейишарди. 9 Айримлар: «Бу ўша»,— дейишса, бошқалар: «Йўғ-э, унга ўхшайди, холос»,— деб айтишарди. У киши эса: «Мен ўшаман»,— дерди. 10 Шунда улар сўрашди: «Қандай қилиб кўзларинг очилди?» 11 «Исо деган киши тупугини тупроқ билан аралаштириб, кўзларимга суртди ва менга: “Боринг, Силоам ҳовузида кўзларингизни ювинг”+,— деди. Мен бориб ювиндим ва мана кўрадиган бўлдим»,— деб жавоб қайтарди. 12 Кейин ундан: «Ўша одам қаерда?» — деб сўрашди. У эса: «Билмайман»,— деб жавоб берди.
13 Сўнгра кўр бўлган ўша кишини фарзийларнинг олдига келтиришди. 14 Исо тупугини тупроқ билан аралаштириб, кишининг кўзларига суртган+ кун Шаббат эди+. 15 Энди фарзийлар ҳам унинг қандай қилиб кўра бошлаганини билиш учун уни сўроққа тутишди. Киши эса: «У тупугини тупроқ билан аралаштириб, кўзларимга лой суртди. Мен бориб кўзларимни ювдим-да, кўра бошладим»,— деди. 16 Фарзийлардан баъзилари: «У Аллоҳдан келган инсон эмас, чунки у Шаббат кунига риоя қилмаяпти»+,— дейишди. Яна бошқалари: «Гуноҳкор инсон бундай мўъжизаларни қандай ярата олади?»+ — дейишди. Шу туфайли ораларида бўлиниш юзага келди+. 17 Шунда улар кўзи ожиз бўлган кишидан яна сўрашди: «Кўзларингни очган ўша одам ҳақида сен нима дейсан?» У киши эса: «У пайғамбар»,— деди.
18 Бироқ яҳудийлар кўзлари очилган бу кишининг ота-онасини чақиртирмагунча, у кўзи ожиз бўлиб, энди эса кўра бошлаганига ишонмаётган эдилар. 19 Улар унинг ота-онасидан сўрашди: «Туғма кўр ўғлингиз шуми? Унда қандай қилиб у кўряпти?» 20 Улар жавоб беришди: «Бу бизнинг ўғлимиз ва у туғма кўр эканини биламиз. 21 Аммо у қандай қилиб кўраётгани ва кўзларини ким очганини билмаймиз. Ўзидан сўранглар. У балоғатга етган, ўзи учун жавоб бера олади-ку». 22 Ота-онаси яҳудийлардан қўрқишгани учун+ бундай дейишди. Чунки улар Исони Масиҳ деб тан олган ҳар кимсани ибодатхонадан* ҳайдашга тил бириктиришган эди+. 23 Ана шу сабабдан ота-онаси: «Ўзидан сўранглар. У балоғатга етган»,— дейишди.
24 Сўнг улар кўр бўлган кишини яна чақириб, унга: «Ҳақиқатни гапириб Худони улуғла. Биз у одамнинг гуноҳкор эканини биламиз»,— дейишди. 25 «Гуноҳкорми ёки йўқми, мен буни билмайман. Фақат шуни биламанки, мен кўр эдим, энди эса кўзларим кўряпти»,— деб жавоб берди у киши. 26 Улар эса: «У сенга нима қилди? Қандай қилиб кўзларингни очди?» — деб сўрашди. 27 У киши жавобан шундай деди: «Мен сизларга айтиб берган эдим-ку, сизлар эса тингламадингизлар. Нега яна бу ҳақда эшитмоқчисизлар? Ёки сизлар ҳам унинг шогирдлари бўлишни истаяпсизларми?» 28 Бу сўзлари учун уни жеркиб беришди: «Сен унинг шогирдисан, биз эса Мусонинг шогирдларимиз. 29 Худо Мусо билан гаплашганини биламиз, у одамнинг қаерданлиги эса бизга номаълум». 30 Бунга жавобан у киши деди: «Ана шуниси ажабланарли-да, у кўзларимни очди-ю, сизлар эса унинг қаерданлигини ҳам билмайсизлар. 31 Аллоҳ гуноҳкорларни тингламаслиги бизга аён+, лекин Худодан қўрқиб, Унинг иродасини бажарган ҳар кимни У тинглайди+. 32 Биров туғма кўр кишининг кўзларини очгани ҳақида ҳеч эшитмаганмиз. 33 Агар у Аллоҳдан келган киши бўлмаганида эди, ҳеч нарса қилолмасди»+. 34 Шунда улар: «Сен гуноҳ ичида туғилган бўла туриб, бизга ақл ўргатасанми?!» — дейишди-да, уни ҳайдаб юборишди+.
35 Ўша кишини ҳайдаб юборишганини Исо эшитди ва уни топиб деди: «Сиз Инсон Ўғлига ишонасизми?» 36 У эса сўради: «Тақсир, у ким ўзи, мен унга ишонсам?» 37 Исо унга: «Сиз уни кўргансиз. Ҳозир ҳам у сиз билан гаплашиб турибди»,— деди. 38 Шунда у: «Ҳазрат, унга ишонаман»,— деди-да, Исога тиз чўкиб таъзим қилди. 39 Исо бўлса шундай деди: «Мен бу дунёга ҳукм қилиш учун келдим, токи кўзи ожизлар кўрсин+, кўрадиганлар эса кўр бўлсин»+. 40 Унинг олдида турган фарзийлар бу сўзларни эшитиб, унга: «Нима, биз кўрмизми?» — дейишди. 41 Исо уларга деди: «Агар кўр бўлганингизда эди, гуноҳсиз бўлардингиз. Аммо сизлар: “Биз кўряпмиз”,— деганингиз учун гуноҳингиз бўйнингизда қолади»+.