Салоникаликларга йўлланган иккинчи мактуб
3 Хулласи калом биродарлар, биз учун ибодат қилинглар+, токи сизларда ҳам бўлганидек, Яҳованинг* каломи биз орқали тез тарқалиб+, улуғлансин. 2 Шунингдек, хавфли ва ярамас одамлардан халос бўлишимиз учун+ ибодат қилинглар, зеро ҳаммада ҳам имон йўқ+. 3 Аммо Ҳазратимиз ишончли ва у сизларни мустаҳкамлаб, Шайтондан* ҳимоялайди. 4 Устига-устак, сизларга берган йўл-йўриқларимизга риоя қилаётганингизга ва келажакда ҳам риоя қилишингизга Ҳазратимизнинг издошлари сифатида ишончимиз комил. 5 Ҳазратимиз бундан буён ҳам юракларингизни тўғри йўналтирсин, яъни сизлар Худони севиб+, Масиҳ ҳаққи сабр-бардошни+ намоён этинглар.
6 Биродарлар, Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг номи билан сизларга буюрамиз: тартибни бузаётган+ ҳамда сизлар* биздан олган нарсаларга*+ амал қилмаётган ҳар бир биродардан узоқлашинглар. 7 Бизга қандай тақлид қилишингиз кераклигини ўзларингиз ҳам биласизлар+. Боиси, биз сизларда тартибни бузаётганлар каби йўл тутмаганмиз. 8 Ҳеч кимнинг нонини текин емаганмиз+. Кўп сарф-харажат қилиб, сизлардан бирон кишига оғирлигимиз тушмаслиги учун туну кун тер тўкиб меҳнат қилганмиз+. 9 Буни бирон нарса олишга ҳаққимиз йўқлиги учун эмас+, балки бизга эргашинглар, дея ўзимизни сизларга ўрнак қилиб кўрсатишни истаганмиз+. 10 Сизлар билан бўлганимизда, шундай буйруқ ҳам берган эдик: «Ишламаган — тишламасин»+. 11 Биз бўлса, орангиздан баъзилар умуман ишламай, тартибни бузиб+, нуқул бошқаларнинг ишига аралашаётганини+ эшитяпмиз. 12 Бундайларга Ҳазрати Исо Масиҳ номидан шундай деб буюриб, панд-насиҳат беряпмиз: улар тинч ишлаб, пешона тери билан топган нонни есинлар+.
13 Сиз эса биродарлар, яхшилик қилишдан чарчаманглар. 14 Борди-ю, бирор киши бу мактубда ёзган сўзларимизга риоя қилмаса, уни кўз остига олиб қўйиб, у билан муносабатни узинглар+, токи у уялсин. 15 Бироқ уни душман деб ҳисобламанглар, аксинча, унга биродардек насиҳат қилинглар+.
16 Тинчлик ато этаётган Ҳазратимиз сизларга ҳар нарсада доимо тинчлик берсин+. Илоё, Ҳазратимиз сизлар билан бирга бўлсин.
17 Мен Павлус, бу саломимни ўз қўлим билан ёзяпман+. Менинг ёзиш услубим шунақа, буни ҳар бир хатим тасдиқлайди.
18 Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг инояти ҳаммангизга ёр бўлсин.