Шоҳлар биринчи китоб
25 Орадан вақт ўтиб, Шомуил+ вафот этди. Бутун Исроил халқи йиғилиб, Шомуил учун мотам тутди ва уни Рамага, уйига яқин жойга дафн этишди+. Бундан сўнг, Довуд Порон чўлига кетди.
2 Мойунда+ бир киши яшарди. Унинг чорваси Кармилда*+ эди. У жудаям бадавлат бўлиб, 3 000 та қўй ва 1 000 та эчкиси бор эди. У Кармилда қўйларининг жунини қирқаётган эди. 3 Бу кишининг исми Навол+, хотинининг исми эса Обигайл+ эди. Обигайл жуда оқила ва гўзал аёл эди. Унинг эри эса Холиб+ авлодидан бўлиб, қўпол ва ёвуз киши эди+. 4 Довуд саҳрода юрганида, Навол қўйларининг жунини қирқаётганини эшитиб қолди. 5 Довуд Наволнинг олдига ўнта одамини юбориб, уларга шундай деди: «Кармилга йўл олиб, Наволнинг олдига боринглар ва менинг номимдан ундан ҳол-аҳвол сўранглар. 6 Кейин унга қуйидагиларни айтинглар: “Сизга узоқ умр ва саломатлик* тилайман! Хонадон аҳлингиз ва бутун оилангиз ҳам эсон-омон бўлсин. 7 Мен қўйларингизнинг жунини қирқаётганингизни эшитиб қолдим. Чўпонларингиз Кармилда, ёнимизда бўлишганда биз уларга ёмонлик қилмадик+, уларнинг ҳеч нарсаси йўқолмади. 8 Хизматкорларингиздан сўрасангиз, улар сизга айтиб беришади. Олдингизга қувончли кунда келган эканмиз, одамларимга илтифот кўрсатишингизни сўрайман. Илтимос, хизматкорларингизга ва ўғлингиз Довудга қўлингизда боридан бирон нарса берсангиз”+».
9 Довуднинг одамлари Наволнинг олдига бориб, Довуднинг ҳамма сўзларини унга етказишди. Улар гапини тугатгач, 10 Навол уларга шундай жавоб берди: «Эссай ўғли Довуд ким бўлибдики, мен унга қулоқ солишим керак? Ҳозир хўжайинларидан қочган қуллар кўпайиб кетган+. 11 Нон билан сувимни, жун қирқувчилар учун сўйилган молнинг гўштини олиб, қаердан келгани номаълум кишиларга беришим керакми?!»
12 Шундай қилиб, Довуднинг одамлари қайтиб кетишди ва Довудга унинг барча сўзларини етказишди. 13 Довуд шу заҳотиёқ одамларига: «Ҳар бирингиз қиличингизни белингизга боғланглар!»+ — деди. Одамлари ҳам, Довуднинг ўзи ҳам қиличини белига боғлади. Кейин Довуд 400 та одами билан йўлга чиқди, 200 та одами эса юклар олдида қолди.
14 Бу орада хизматкорлардан бири Наволнинг хотини Обигайлга шундай хабар етказди: «Довуд саҳродан хабарчилар жўнатиб, хўжайинимизга соғлик тилаган эди. Аммо хўжайинимиз уларни ҳақоратлаб, бақириб бердилар+. 15 Улар бизга яхши муносабатда бўлиб, ҳеч қандай ёмонлик қилишмаган эди. Далада уларнинг ёнида юрганимизда, ҳеч нарсамиз ҳам йўқолмаган эди+. 16 Уларнинг ёнида сурувга чўпонлик қилиб юрганимизда, улар туну кун худди девор каби бизни ҳимоя қилишган эди. 17 Энди нима қилишни ўзингиз ҳал қилинг. Чунки хўжайинимиз ва бутун хонадони бошига кулфат тушиши мумкин+. Хўжайинимиз қўпол* киши+, унга ҳеч кимнинг гапи ўтмайди».
18 Шунда Обигайл+ дарҳол 200 та нон, шароб тўлдирилган иккита катта кўза, бешта қўйнинг пиширилган гўштини, беш сеха* қовурилган дон, 100 та майиз кулча ва 200 та анжир кулчаларни олиб эшакларга ортди+. 19 Кейин хизматкорларига: «Сизлар олдинда юринглар, мен орқангиздан эргашиб бораман»,— деди. Эри Наволга эса ҳеч нима демади.
20 Обигайл эшакка миниб, тоғнинг пана томонидан тушаётганда, Довуд билан унинг одамларига дуч келди. Улар у томонга келишаётган эди. 21 Довуд шундай деб ўйлаб келаётган эди: «Мен унга тегишли нарсаларни саҳрода бекорга қўриқлаган эканман. Ўшанда унинг ҳеч нарсаси йўқолмаган эди+. У бўлса, яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтарди+. 22 Агар эртага эрталабгача унга тегишли эркакларнинг бирортасини тирик қолдирсам, Худо Довуднинг душманларидан* ўч олсин».
23 Обигайл Довудни кўриши биланоқ, эшакдан тушди-да, Довуднинг олдида тиз чўкиб, ергача эгилиб таъзим қилди. 24 Кейин унинг оёқларига йиқилиб, деди: «Тақсирим, айб менинг бўйнимда бўлсин. Илтимос, чўрингизнинг гапиришига ижозат беринг. Чўрингизнинг сўзларига қулоқ солинг. 25 Ёлвораман, тақсирим! Ярамас Наволга+ эътибор бермасинлар. Чунки унинг ўзи исмига муносиб. Унинг исми Навол*, ўзи ҳам ақлсиз. Мен чўрингиз, тақсирим юборган одамларни кўрмадим. 26 Энди бўлса, тақсирим, барҳаёт Худо Яҳова ва сиз ҳаққи қасам ичиб айтаманки, ўз қўлингиз билан қон тўкиб+, қасос олишдан* Яҳова сизни сақлаб қолди+. Душманларингиз ва тақсиримга зарар етказмоқчи бўлганлар Наволга ўхшаб қолсин. 27 Тақсирим, чўрингиз олиб келган мана бу ҳадяларни+ қабул қилинг. Уларни ортингиздан эргашган одамларингизга олиб келдим+. 28 Илтимос, чўрингизнинг гуноҳини кечиринг. Яҳова тақсиримнинг хонадонини албатта мустаҳкам қилади+. Чунки тақсирим Яҳова учун жанг қиляптилар+. Бутун умрингиз давомида сиздан ҳеч қандай ёмонлик топилмасин+. 29 Бирортаси сизни таъқиб қилиб, жонингизни* олмоқчи бўлса, Тангрингиз Яҳова тақсиримнинг жонини ўраб, ҳаёт тўрвасида сақласин. Душманларингизнинг жонини* эса палахмондан отилган тош каби улоқтириб юборсин. 30 Яҳова тақсиримга ваъда берган барча яхшиликларни рўёбга чиқариб, сизни Исроил устидан бош этиб тайинлаганда+, 31 бесабаб қон тўкиб, ўз қўлингиз билан қасос олмаганингиз учун виждонингиз ҳам қийнамайди, юрагингизда ўкинч ҳам бўлмайди+. Яҳова тақсиримга барака ёғдирганида, чўрингизни ёдга олинг».
32 Шунда Довуд Обигайлга қуйидагича деди: «Бугун сени олдимга юборган Исроилнинг Тангриси Яҳовага шарафлар бўлсин! 33 Фаросатли эканинг учун Худо сенга барака берсин! Бугун мени қон тўкишдан+ ва ўз қўлларим билан қасос олишдан тўхтатиб қолганинг учун, сенга Ўз баракасини ёғдирсин! 34 Агар дарҳол менга пешвоз чиқмаганингда+, сенга зарар етказишдан мени сақлаб қолган+ Исроилнинг Худоси Яҳова ҳаққи қасам ичиб айтаманки, тонг отгунга қадар Наволга тегишли бирорта ҳам эркакни омон қолдирмаган бўлардим»+. 35 Шу билан Довуд, Обигайл олиб келган нарсаларни қабул қилиб, унга: «Уйингга эсон-омон боравер. Мен сенинг гапларингга қулоқ солдим ва илтимосингни бажо келтираман»,— деб айтди.
36 Сўнг Обигайл Наволнинг олдига қайтиб келди. У шоҳона зиёфат уюштирган эди. Навол кўтаринки кайфиятда, жуда маст эди. Обигайл тонг отгунча унга лом-мим демади. 37 Эрталаб Наволнинг кайфи тарқагач, Обигайл унга ҳаммасини айтиб берди. Шунда унинг юраги тўхтаб қолаёзди ва у фалаж бўлиб тошдай қотиб қолди. 38 Ўн кунлардан кейин Яҳова Наволни ўлимга дучор қилди ва у ўлди.
39 Довуд Наволнинг ўлганини эшитиб: «Навол ҳақорат қилганида+ мени ҳимоялаган+ ва хизматкорини ёмон иш қилишдан асраб қолган+ Яҳовага шон-шарафлар бўлсин! Яҳова Наволнинг ёмонлигини ўзининг бошига солди!» — деди. Сўнг Обигайлга одам юбориб, уни хотинликка олмоқчи эканини айтди. 40 Довуднинг хизматкорлари Кармилга, Обигайлнинг олдига бориб, унга: «Довуд сизга уйланмоқчи. Шунга бизни олдингизга юборди»,— деб айтишди. 41 Обигайл ўша заҳотиёқ ўрнидан турди ва ергача эгилиб таъзим қилди-да: «Мен тақсирим хизматкорларининг оёғини ювадиган+ чўри бўлишга ҳам тайёрман»,— деди. 42 Сўнг дарҳол ўрнидан туриб, эшагига минди ва унинг бешта чўриси орқасидан эргашди. Обигайл+ Довуд юборган одамлар билан кетди ва унинг хотини бўлди.
43 Довуд йизриллик+ Охинавамга+ ҳам уйланган эди. Шундай қилиб, иккови ҳам унинг хотини бўлди+.
44 Шоул бўлса қизи Михални+, Довуднинг хотинини галимлик Лайишнинг ўғли Палтига+ бериб юборган эди.