Юҳанно баён этган хушхабар
21 Бундан кейин Тиверия денгизи* олдида Исо яна бир бор шогирдларига кўринди. Унинг кўриниши эса шундай бўлди: 2 Симун Бутрус, Эгиз лақабли Тўма+, Жалиланинг Канах шаҳридан бўлган Натанил+, Забадий ўғиллари+ ва яна иккита шогирд бирга эдилар. 3 Симун Бутрус уларга: «Мен балиқ овлашга кетдим»,— деди. Улар эса унга: «Биз ҳам сен билан борамиз»,— дейишди. Сўнг улар бориб қайиққа ўтиришди, лекин ўша кеча ҳеч нарса овлай олишмади+.
4 Тонг ёришгач, Исо қирғоқда турарди. Аммо шогирдлари у Исо эканини фаҳмлашмади+. 5 Шунда Исо улардан сўради: «Болалар, сизларда ейишга бирон нарса борми?» Улар жавобан Исога: «Йўқ!» — дейишди. 6 У шогирдларига: «Тўрни қайиқнинг ўнг томонига ташланглар ва тутасизлар»,— деди. Шунда улар тўрни ташлашди-ю, балиқ кўплигидан тортиб олишолмади+. 7 Исонинг севимли шогирди+ Бутрусга қарата: «Бу Ҳазратимиз-ку!» — деди. Симун Бутрус бу Ҳазрат эканини эшитибоқ, ярим-яланғоч бўлгани учун устки кийимини эгнига ташлади-да*, денгизга сакради. 8 Бошқа шогирдлар эса балиқ тўла тўрни судраб, кичик қайиқда келдилар. Чунки улар қирғоқдан тахминан тўқсон метр* нарида эдилар.
9 Қирғоққа чиққанларида, улар ёниб турган чўғни ва қовурилаётган балиқни кўришди. У ерда нон ҳам бор эди. 10 Исо уларга шундай деди: «Ҳозиргина тутиб келган балиқлардан бир нечта олиб келинг». 11 Шунда Симун Бутрус қайиқ олдига бориб, тўрни қирғоққа чиқарди. Тўрда 153 та катта балиқ бор эди. Балиқларнинг кўплигига қарамасдан, тўр узилиб кетмади. 12 Исо шогирдларини чақириб: «Келинглар, нонушта қилиб олинглар»,— деди. Улардан бирортаси ҳам: «Сиз кимсиз?» — дейишга журъат эта олмади, сабаби у Ҳазрат эканини билишарди. 13 Исо яқинроқ келиб, нонни олди ва уларга берди. Балиқни ҳам шундай бўлиб берди. 14 Шу йўсин, Исо тирилганидан кейин учинчи марта+ шогирдларига кўринди.
15 Нонушта қилиб бўлишгач, Исо Симун Бутрусдан: «Юҳанно ўғли Симун, булардан кўра мени кўпроқ яхши кўрасизми*?» — деб сўради. «Ҳа, Ҳазрат! Мен сизни қанчалик яхши кўришимни* ўзингиз биласиз-ку»,— деди Бутрус. Исо унга: «Қўзиларимни ўтлатинг»+,— деб айтди. 16 У тағин Бутрусдан сўради: «Юҳанно ўғли Симун, мени яхши кўрасизми*?» Бутрус унга: «Ҳа, Ҳазрат! Мен сизни қанчалик яхши кўришимни* ўзингиз биласиз-ку!» — деб айтди. Исо унга: «Қўзиларимга+ чўпонлик қилинг»,— деди. 17 Исо учинчи марта Бутрусга савол берди: «Юҳанно ўғли Симун, мени яхши кўрасизми?» Учинчи марта: «Мени яхши кўрасизми*?» — деб сўраганидан Бутрус хафа бўлиб, деди: «Ҳазрат, сизга барча нарса аён ва сизни қанчалик яхши кўришимни ҳам биласиз». Исо унга деди: «Қўзиларимни+ ўтлатинг. 18 Ишонаверинг, ёш бўлганингизда ўзингиз кийиниб, хоҳлаган жойингизга борар эдингиз. Қариганингизда эса қўлларингизни узатасиз ва бошқа кимса сизни кийинтириб, истамаган жойингизга олиб боради». 19 Исо бу сўзларни Бутруснинг қай йўсин ўлиб, Аллоҳни улуғлашига ишора қилиб айтди. Кейин Исо унга: «Сиз орқамдан юраверинг»+,— деб айтди.
20 Бутрус ўгирилганда, Исонинг севимли шогирди+ орқасидан келаётганини кўрди. Бу, кечки зиёфатда Исонинг кўксига яқинроқ энгашиб: «Ҳазрат, сизга ким хиёнат қилади?» — деб сўраган шогирди эди. 21 Бутрус уни кўриб Исога айтди: «Ҳазрат, у-чи, у нима қилади?» 22 Исо унга жавобан деди: «Агар мен келгунимча унинг қолишини истасам, сизга нима? Сиз орқамдан юраверинг». 23 Шундай қилиб биродарлар орасида бу шогирд ўлмайди, деган гап тарқалиб кетди. Аммо Исо унинг ўлиши тўғрисида гапирмаган, балки: «Агар мен келгунимча унинг қолишини истасам, сизга нима?» — деб айтганди.
24 Ўша шогирд+ бунинг ҳаммасига шоҳид бўлган ва буларни ёзган. Унинг шоҳидлиги ҳақиқат эканини биламиз.
25 Очиғини айтганда, Исонинг қилган ишлари жуда кўп. Агар улар ҳақда батафсил ёзилса эди, ўйлайманки, ёзилган ўрама битиклар дунёга сиғмай кетарди+.