Юҳанно олган ваҳий
19 Бундан сўнг осмонда тумонат одамларникига ўхшаш баланд овозларни эшитдим. Улар қуйидагича айтишарди: «Яҳга ҳамдлар бўлсин!*+ Нажот, улуғворлик ва қудрат Унга тегишли. 2 Зеро Унинг ҳукми тўғри ва адолатлидир+. У, ер юзини ўз зиноси* билан бузган буюк фоҳишанинг устидан чиқарган ҳукмни ижро этиб, қулларининг қони учун ундан ўч олди»+. 3 Кейин улар шу заҳоти иккинчи марта яна шундай дейишди: «Яҳга ҳамдлар бўлсин!+ Бобилдан чиқаётган тутун абадулабад бурқирайди»+.
4 Шунда 24 та оқсоқол+ ва тўрт жонзот+ юзтубан тиз чўкиб, тахтда ўтирган Худога сажда қилишди-да, шундай дейишди: «Омин! Яҳга ҳамдлар бўлсин!»+
5 Тахтдан эса шундай садо келди: «Аллоҳимизга ҳамдлар айтинг, барча Унинг қуллари+, Ундан қўрқадиган кичигу улуғлар!»+
6 Кейин эса буюк оломоннинг, кўп сувларнинг ҳамда кучли момақалдироқнинг овозига ўхшаш товушларни эшитдим. Улар: «Яҳга ҳамдлар бўлсин!+ Зеро Қодир Тангримиз Яҳова*+ Шоҳ бўлиб ҳукмронлик қилишни бошлади+. 7 Шод-хуррам бўлиб, Уни шарафланг, чунки Қўзининг никоҳ соати келди ва унинг келини ўзини ҳозирлади. 8 Келинга порлоқ, тоза ва яхши зиғирдан кийим берилди. Яхши зиғир муқаддас кишиларнинг тўғри ишларидир»+.
9 Сўнг фаришта менга деди: «Ёзиб қўй: “Қўзининг никоҳ оқшомига+ таклиф этилганлар бахтлидир”». У яна менга айтди: «Бу, Аллоҳнинг ҳақ сўзларидир». 10 Шунда сажда қилиш учун унинг оёқларига йиқилдим. Аммо фаришта менга деди: «Эҳтиёт бўл, бундай қилма!+ Мен Исо ҳақида шаҳодат бериш ишини бажараётган биродарларингга+ ва сенга ўхшаган бир қулман. Худога сажда қил+, чунки Исо тўғрисидаги шаҳодат башоратларнинг мағзидир»+.
11 Кейин очилган осмонни ва оқ отни кўрдим+. Устида ўтирган чавандознинг номи Содиқ+ ва Ҳақ+ эди. У адолат ила ҳукм этиб, жанг қилмоқда+. 12 Унинг кўзлари оташ алангасидай бўлиб+, бошида кўп тожлари бор эди. Шунингдек, унда ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган бир исм ёзилганди. 13 Чавандоз қон доғлари бор* устки кийим кийган бўлиб, «Худонинг Каломи»+ деган исм билан аталарди. 14 Орқасидан эса оппоқ, тоза ва яхши зиғир матосидан кийим кийган, оқ отларда ўтирган самовий қўшин келаётган эди. 15 Оғзидан халқларни нобуд қилиш учун узун ўткир қилич чиқиб турарди+. У темир таёқ билан халқларга чўпонлик қилиб+, Қодир Тангрининг қаҳр-ғазабини ифодалайдиган узумсиққичда узум топтайди+. 16 Унинг устки кийимида, белида «Шоҳаншоҳ ва Олий Ҳазрат»+ деган исм ёзилган эди.
17 Шунингдек қуёшнинг ўртасида турган фариштани кўрдим. У баланд овозда осмон остида учиб юрган қушларга деди: «Келинглар, Худонинг буюк базмига йиғилинглар+. 18 Шоҳлар, саркардалар, кучлилар+, оту отлиқлар+, ҳамма эркину қуллар, кичигу улуғлар танасини енглар!»
19 Кейин йиртқич ҳайвон ва ер юзи подшоҳлари ўз қўшинлари билан чавандоз ва унинг қўшинига қарши жанг қилишга тўпланганини кўрдим+. 20 Йиртқич ҳайвон ва унинг олдида аломатлар кўрсатган сохта пайғамбар+ қўлга туширилди. Йиртқич ҳайвоннинг тамғасини қабул қилиб+, унинг тасвирига сажда қилаётганларни+ йўлдан оздирган сохта пайғамбар ана шу эди. Иккови ҳам олтингугурт билан ёнаётган оташли кўлга тириклайин ташланди+. 21 Қолганлар эса чавандознинг оғзидан чиқиб турган узун қилич билан ўлдирилган эди+. Барча қушлар уларнинг танасини еб тўйди+.