«Масиҳда пинҳон» бўлган хазиналарни изланг
Ҳикмат ва илму маърифатнинг ҳамма хазиналари Масиҳда пинҳондир. КОЛОС. 2:3
1, 2. а) 1922- йилда нима топилган ва у қаерда сақланяпти? б) Аллоҳнинг Каломи бизни нимага чорлаяпти?
ОДАТДА бирон-бир хазина топилса, бу оламшумул янгиликка айланади. Мисол учун, 1922- йилда британиялик археолог Говард Картер томонидан қизиқ бир қазилма топилганди. У, фиръавн Тутамхамоннинг мақбараси бўлиб, у ерда 5 000 га яқин буюм бор эди.
2 Шу ва бошқа кўплаб топилмалар, бугунги кунда музейларда сақланиб келяпти. Улар тарихий жиҳатдан муҳим ўринни эгалласа-да, ҳаётда унча аҳамиятли эмасдир. Аллоҳнинг Каломи эса, ҳаётимизга таъсир қиладиган чинакам хазинани излашга бизни чорлаяпти. Бу, том маънодаги хазинадан аълороқ бўлиб, унга барчамиз эриша оламиз (Ҳикматлар 2:1–6 ўқиб беринг).
3. Яҳова излашга чорлаётган хазина қайси маънода бебаҳодир?
3 Ҳозир эса, Яҳова бизни нақадар қимматбаҳо хазинани излашга чорлаётганини кўриб чиқамиз. Бундай хазиналардан бири, Яҳовадан қўрқишдир. Бу, бизни ёвуз дунёнинг кўп хавф-хатарларидан ҳимоя қилади (Заб. 18:10). Шунингдек, Худо тўғрисидаги билимимизни орттирсак, У билан бўлган дўстона муносабатимиз янада ривожланади. Қолаверса, Аллоҳ бизга ато этаётган ақл-идрок, билим ва донолик, кўпгина муаммоларни ҳал қилишга ёрдамлашади (Ҳик. 9:10, 11). Ушбу бебаҳо хазинани қандай топиш мумкин?
Маънавий хазинани қидиринг
4. Маънавий хазиналарни қидиришимизга нима кўмаклашади?
4 Одатда, тадқиқотчилар хазиналарни турли ерлардан излашади. Улардан фарқли равишда, маънавий хазиналар қаерда жойлашганини биз яхши биламиз. Муқаддас Китоб харита каби, Аллоҳ ният қилган хазиналарни топишимиз учун ўзгача қўлланмадир. Бу борада, ҳаворий Павлус мана нима ёзган: «Ҳикмат ва илму маърифатнинг ҳамма хазиналари Масиҳда пинҳондир» (Колос. 2:3). Ушбу сўзларга биноан, ўзимизга қуйидаги саволларни беришимиз мумкин: «Нима учун шу сингари хазиналарни излашимиз муҳим? Қанақасига улар Масиҳда пинҳондир? Қандай қилиб уларни қидиришимиз мумкин?» Ушбу саволларга жавоб олиш учун, Павлуснинг сўзларини кўриб чиқайлик.
5. Нима учун Павлус маънавий хазиналар ҳақида ёзган?
5 Ҳаворий Павлус ўша сўзларни Колосадаги имондошларига ёзган эди. Қолаверса: «Дадил бўлинг, муҳаббат руҳида бирлашинг»,— дея уларга айтарди (Колосаликларга 2:1, 2 ўқиб беринг). Нима учун бу айни муддао эди? Эҳтимол, ўша биродарларнинг Юнон фалсафасини тарғиб қилишлари ёки Таврот бўйича яшашга бошқаларни ундашлари мумкинлигидан Павлус безовталангандир. Шунинг учун ҳам уларни қатъиян огоҳлантириб шундай деганди: «Эҳтиёт бўлинглар, ҳеч ким фалсафа ва қуруқ сафсаталар билан сизларни аврамасин. Бундай гаплар Масиҳга эмас, балки инсонларнинг анъанасига, дунёнинг хурофий унсурларига асосланади» (Колос. 2:8).
6. Павлуснинг маслаҳатини нима учун муҳим деса бўлади?
6 Бугунги кунда, Шайтон ва унинг дунёси бизга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқчи. Турли фалсафа, Худонинг борлигини инкор этувчи ғоялар ҳамда эволюция назарияси одамзоднинг фикрлаш тарзию хатти-ҳаракатини шакллантириб боряпти. Кўп байрамлар эса сохта дин билан чамбарчас боғлиқдир. Аксарият теледастур, фильм, мусиқа ва бошқа кўнгилхушликлар шаҳвоний истакларни қўзғатишга қаратилган. Бундан ташқари, Интернет ҳам ёшу қарига салбий таъсир ўтказмай қолмаяпти. Ҳа, бу дунёнинг руҳи ҳақиқий ҳаётга бўлган умидимизни ҳамда Яҳованинг йўл-йўриқларига муносабатимизни сусайтириши ҳам ҳеч гап эмас (1 Тимўтийга 6:17–19 ўқиб беринг). Хуллас, Шайтоннинг ҳийлаларига тушиб қолмасликни истасак, Павлуснинг маслаҳатига қулоқ солишимиз керак.
7. Колосаликлар қайси иккита нарсага эътиборини қаратишлари керак эди?
7 Павлуснинг колосаликларга берган маслаҳатига қайтадиган бўлсак, иккита муҳим нарсага яъни, далда ва ўзаро меҳр-муҳаббат топишга эътибор қаратишимиз мумкин. Аввалига, у фаҳм-идрокни эслатиб ўтган. Уларнинг имони мустаҳкам пойдеворга эга бўлиши учун, Муқаддас Ёзувларни тўғри тушунаётганларига ишонч ҳосил қилишлари керак эди (Иброн. 11:1). Шунингдек, Павлус уларни Худонинг муқаддас сирини билишга чорлаганди. Демак, улар Муқаддас Китобнинг асосий таълимотлари билан кифояланмай, маънан ўсишда давом этишлари лозим эди (Иброн. 5:13, 14). Ушбу маслаҳат бизга ҳам тегишлидир. Хўш, бунақа аниқ билимга қандай қилиб эришсак бўлади? Бу борада Павлус шундай деган: «Ҳикмат ва илму маърифатнинг ҳамма хазиналари Масиҳда пинҳондир».
«Масиҳда пинҳон» бўлган хазиналар
8. «Масиҳда пинҳон» бўлган хазинани топиш учун нима талаб этилади?
8 «Масиҳда пинҳон» бўлган хазинага эришиш учун, диққатимизни Исога қаратишимиз даркор. Унинг ўзи шундай деганди: «Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отанинг олдига боролмайди» (Юҳан. 14:6). Ҳа, Аллоҳ тўғрисида билим олиш учун Масиҳнинг йўл-йўриғига амал қилишимиз керак.
9. Аллоҳга яқинлашишимизда Исонинг ўрни қандай?
9 Эътибор берган бўлсангиз, Исо фақатгина «йўл» эмас, балки «ҳақиқат ва ҳаётдир». Бу дегани, Буюк Устозим Исо орқали Аллоҳга яқинлаша оламиз ҳамда Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни яхшироқ тушуниб, абадий ҳаётга эга бўламиз. Чиндан ҳам Исода пинҳон бўлган бебаҳо хазиналарни излаб топишимиз учун, Худонинг Каломини синчковлик ила ўқишимиз даркор. Сизнингча, келажагимиз ва Аллоҳ билан бўлган муносабатимизга, ушбу хазиналарнинг қандай алоқаси бор?
10. Колосаликларга 1:19 ва 2:9 дан Исо тўғрисида нимани билиб оляпмиз?
10 «Худонинг бутун борлиғи тўла-тўкис Масиҳ вужудида мавжуддир» (Колос. 1:19; 2:9). Гап шундаки, Исо асрлар мобайнида самовий Отасига кўмаклашгани туфайли, Унинг фазилатларию иродасини ҳаммадан ҳам яхшироқ билади. Кейинчалик Исо ер юзида хизмат қилганида, Отасидан олган билимларини бошқаларга ҳам етказиб, Унинг хислатларини акс эттирган. Ана шунинг учун Исо: «Мени кўрган Отамни кўрган бўлади»,— деб айтган (Юҳан. 14:9). Демак, Эгамиз Яҳовани яхшироқ таниб-билишни хоҳласак, Исо Масиҳ тўғрисидаги билимларимизни оширишимиз лозим.
11. Исо Масиҳ ва Муқаддас Китобдаги башоратлар ўртасида қандай боғлиқлик бор?
11 «Исо тўғрисидаги гувоҳлик башоратларнинг мағзидир» (Ваҳ. 19:10, ЯДТ). Ҳа, Муқаддас Китобдаги анча-мунча башоратлар Исо ҳақидадир. Масалан, Ибтидо 3:15 да ёзилган Яҳованинг илк башоратидан тортиб, то Ваҳий китобидаги рўёларнинг мағзини чақиш учун, самовий Шоҳликда айнан Исо муҳим ўринни эгаллаганига амин бўлиш лозим. Лекин Тавротдаги кўп башоратлар, Исо ваъда қилинган Зот эканини тан олмаганларни эсанкиратиб қўярди. Шунинг учун ҳам бундай одамлар Исони оддий одамдан ортиқ кўрмай, у ҳақда ёзилган Муқаддас Ёзувлардаги башоратларнинг қадрига етишмайди. Худонинг халқи эса, Исо тўғрисида билим орттиргани боис, Тавротдаги башоратларнинг мағзини тушуниб келяпти (2 Кор. 1:20).
12, 13. а) Қайси маънода Исо оламнинг нури? б) Маънавий зулматдан озод бўлганлар қандай масъулиятни ҳис этишади?
12 «Мен оламнинг нуриман» (Юҳанно 8:12; 9:5 ўқиб беринг). Қадимда, Ишаё пайғамбар келажакда нур пайдо бўлишини башорат қилганди (Ишаё 9:2). Вақт ўтгач, ушбу каромат Исода амалга ошган. Бу эса, унинг қуйидаги сўзларидан кўриняпти: «Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлаб қолди» (Мат. 4:16, 17). Натижада, Масиҳнинг хизмати туфайли инсонлар маънан бойиб, сохта дин таълимотларининг таъсиридан озод бўлишарди. Шунинг учун ҳам у шундай деган: «Менга ишонган ҳар бир киши зулматда қолмасин, деб Мен дунёга нур бўлиб келганман» (Юҳан. 1:3–5; 12:46).
13 Кўп йиллардан сўнг, ҳаворий Павлус имондошларига қуйидагиларни гапирган: «Бир вақтлар зулмат эдингизлар, энди эса Раббимизга тегиб, нур бўлдингизлар. Аҳли нур бўлиб яшанглар» (Эфес. 5:8). Дарҳақиқат, масиҳчилар маънавий зулматдан озод этилиб, аҳли нур бўлишди. Исо Масиҳ Тоғдаги ваъзида мана шуларни айтган: «Сизнинг нурингиз ҳам инсонлар олдида шундай порласинки, улар яхши ишларингизни кўриб, осмондаги Отангизни улуғласинлар» (Мат. 5:16). Маънавий хазиналарни топганингиз учун миннатдорлик ила уларни ўзгалар билан баҳам кўряпсизми?
14, 15. а) Илгари ҳайвонларни қурбон қилиш қанақа аҳамиятга эга эди? б) Нима учун Исони қурбонликлар ичида тенгсиз деса бўлади?
14 Исо «Худонинг қурбонлик Қўзисидир» (Юҳан. 1:29, 36). Шуни айтиш жоизки, гуноҳларнинг кечирилиши ва Аллоҳга яқинлашиш учун қадимда қўй муҳим аҳамиятга эга бўлган. Масалан, Иброҳим ўз ўғли Исҳоқни қурбонликка келтирмоқчи бўлганида, Худо унинг олдига қўчқор юборади (Ибт. 22:12, 13). Шунингдек, исроилликлар ҳам Миср қуллигидан озод бўлишганида, Фисиҳ қурбонлиги сифатида қўзини сўйишарди (Чиқ. 12:1–13). Хуллас, илгари турли ҳайвонларни, жумладан, қўй ва эчкиларни қурбонликка келтиришарди (Чиқ. 29:38–42; Лев. 5:6, 7).
15 Шундай бўлса-да, бу қурбонликларнинг ҳеч бири одамзодни гуноҳ ва ўлимдан буткул халос қила олмасди (Иброн. 10:1–4). Исо эса «дунёнинг гуноҳини Ўзига олувчи Худонинг қурбонлик Қўзисидир». Бундан маълум бўляптики, Исо Масиҳ ҳар қандай хазинадан ҳам афзалроқдир. Шунинг учун ҳам, тўлов қурбонлиги ҳақидаги мавзуни синчковлик билан тадқиқ қилиш мақсадга мувофиқ. Шу тариқа, «кичик пода» аъзолари Масиҳ билан биргаликда осмонда, «бошқа қўйлар» қаторига кирганлар эса, ер юзидаги жаннатда абадий яшаш имконига эга бўлишади. Мана буни чинакам қут-барака деса бўлади! (Луқо 12:32; Юҳан. 6:40, 47; 10:16).
16, 17. «Имонимизнинг Илғори ҳамда уни камолга Етказувчи» айнан Исо эканини тушуниш нега шунчалик муҳим?
16 Исо «имонимизнинг Илғори ҳамда уни камолга Етказувчидир» (Ибронийларга 12:1, 2 ўқиб беринг). Ибронийларга китобининг 11- бобида, Нуҳ, Иброҳим, Соро ва Раҳоба ҳақида ёзилган. Сўнг, ҳаворий Павлус масиҳчиларни қуйидагиларга чорлаган: «Имонимизнинг Илғори ҳамда уни камолга Етказувчи Исога кўз тикайлик».
17 Юқорида номлари тилга олинган садоқатли кишилар, Худонинг мақсади Исо орқали амалга ошишидан бехабар эдилар. Шунинг учун ҳам, уларнинг имони мукаммал даражада бўлмаган. Ҳатто Исо ҳақида башоратлар ёзган кишилар ҳам, кўпинча уларнинг маъносини ўзлари билмасди (1 Бутр. 1:10–12). Шундай экан, фақатгина Масиҳ орқали тўла-тўкис имонга эга бўлиш мумкин. «Имонимизнинг Илғори ҳамда уни камолга Етказувчи» айнан Исо эканини билиш жуда муҳимдир!
Излашда давом этинг
18, 19. а) Инжилда Исо ҳақида яна нима дейилган? б) Нима учун Исода пинҳон бўлган хазиналарни излашда давом этишимиз керак?
18 Хулласи калом, Худонинг одамзодга нисбатан ниятида Исо қандай ўрин эгаллашини кўриб чиқдик. Шуни айтиб ўтиш керакки, Масиҳда яна бошқа қимматли хазиналар пинҳондир. Уларни излаб топиш, мамнуният ҳамда қут-баракалар бахш этади. Мисол учун, ҳаворий Бутрус Исони «Ҳаёт Соҳиби» ва «Тонг юлдузи», деб айтган (Ҳавор. 3:15; 5:31; 2 Бутр. 1:19). Бунинг устига, у «Омин» деган унвонга ҳам эгадир (Ваҳ. 3:14). Хўш, ушбу унвонларнинг маъносини биласизми? Исонинг ўзи: «Излаб туринг, топасизлар»,— деган (Мат. 7:7).
19 Чиндан ҳам, Исода маънавий хазиналар яшириндир. Уларни фақатгина самимий кишилар топиб, абадий ҳаётга эриша олишади. Илойим, «Масиҳда пинҳон» бўлган хазиналарни излашда давом этайлик, ўшанда чексиз баракаларга эга бўламиз!
Ёдингиздами?
• Масиҳчилар қандай хазинанинг пайидалар?
• Павлуснинг колосаликларга йўллаган маслаҳати, нега бизга ҳам тегишли?
• «Масиҳда пинҳон» бўлган хазиналардан айримларини айтиб беринг.
[5- саҳифадаги расм]
Муқаддас Китоб, «Масиҳда пинҳон» бўлган хазиналарни излаб топишимизга кўмаклашадиган харитадир